Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида талаба бўлиб юрган пайтимиз. Кўпқаватли бинода бир қўшнимиз бор эди. У аёл боши билан рўзғор тебратгани учунми, инжиқроқ, феълли эди. Деярли ҳамма қўшнилар билан урушган, ҳа деса, жанжаллашиб кетар эди. Бизга нисбатан ҳам ғайрлиги сезилиб турарди. Устимиздан унга-бунга шикоят ҳам қилибди.
Сабабини билмасдим, балки оиламиз диндор бўлгани учундир ёки келди-кеттимиз ёқмас, деб қўярдим. Биздан фақат яхшилик кўриб, нарсаларимиздан фойдаланса ҳам, раҳмат дегиси келмасди. Аксинча, биз тарафга ҳам бир-икки тош отиб кўрди, лекин ҳеч қандай жанжал чиқмади. Салом берсам, аликни тўлиқ олгиси келмасди, «ва лайкум», деб қўярди аранг. Гоҳида мошинамиз ҳам уларга “ортиқчалик” қиларди. Хуллас, ажойиб қўшни эди.
Бир куни ташвиш билан чиқиб қолди. Бироз ҳомуш, шашти паст, фаромуш ҳолатда. «Ҳа, тинчликми, қўшни?» дедим. У: «Бир илтимос билан чиққандим. Бир неча кундан бери уйимизда ҳаловат йўқ, ухлолмай босинқираб чиқяпмиз. Кўзимга бир нималар кўриниб кетяпти. Ўзим ҳам, фарзандларим ҳам безовта. Шунга бир ўқиб қўйсангиз», деди. Мен: «Хўп, эртага институтдан қайтгач чиқарман», дедим.
Эртасига уй эшигидан чиқиб, ўн қадам билан қўшнининг уйига кириб бордим. Орамизда бир йўлак бор эди, холос. Айрим руқия оятлар билан Ёсин сурасини ўқиб, дам солиб, дуо қилиб чиқдим. Эртаси ўтиб, индинига қўшним яна чақириб қолди. Чиқсам, жуда хуш кайфиятда, меҳр билан табассум қилиб турибди. Тўғриси, бир неча йилдан бери бир ерда яшаб, у аёлда бу суратни биринчи бор кўришим эди. «Кечаги куни ўқиганингиз жуда фойда берди, яна вақтингиз бўладими?» деб қолди. Мен: «Ҳа, эртага чиқаман, иншооллоҳ», дедим. Эртасига ўқиб, дуо қилгач, қўшни бирдан ёрилиб қолди: «Сиз чиқиб кетгандан кейин уйимизда қандайдир барака сезилди. Ором олиб ухлаяпмиз, безовталиклар анча кетди. Қизиғи, ишларим ҳам юришиб кетди. Қачондан бери битмаётган бир ишим бор эди, кеча бирдан битиб қолди. Бир идорага бир ойдан бери қатнаб юраман битта справкани деб, кеча боргандим, бир паста уни ҳам ёзиб беришди. Қайтаётиб, китоб растасидан китоблар сотиб олдим, аммо сиз тавсия қилганингиз тугаб қолган экан, топиб бериша олмади.
Хуллас, ҳаммамиз хурсандмиз, хонадонимизда нур таралгандек ҳис қиляпмиз. Бунчалик илмли, дамингиз ўткирлигини билмаган эканман (бу аёлнинг гапи, менда бундай даъво йўқ). Тўғриси, гоҳида Қуръон ўқиган овозларинг эшитилса, олдин жуда ғашим келарди. Энди роса хуш ёқяпти. Кўпроқ ўқийверинглар, бизга ҳам файз бўлар экан». Қўшнимнинг бу гапларидан жуда ҳам хурсанд бўлиб кетдим ва шундай дедим: «Кеннойи (Тошкентда бегона аёлларга шундай деб мурожаат қилишади), бу фазилат меники эмас, Қуръонга тегишли. Мен уйингизда Қуръон ўқидим, холос. Қуръон шунақа барака бўлади. Кўряпсизми, 10-15 дақиқа Қуръон ўқисам, қанчалар фойда кўрдингиз, ишларингиз юришиб кетди. Биз, алҳамдулиллаҳ, уйда ҳам, йўлда ҳам Қуръон ўқиб юрамиз, энди ўзингиз билаверинг… Уйдагилар ҳам ҳар куни тиловат қилади. Шунинг учун Аллоҳ ризқимизга, ишларимизга барака беради. Буни билмаган айрим кишилар нега буларниннг рўзғори бут, талаба бўла туриб машина минади, деб диққат бўлаверади (озгина пичинг қилдим).
Қуръони Карим Аллоҳнинг каломи, нур, барака манбаи-да. Қуръон ўқилса, шайтонлар қочади. Мана, ўзингиз кўриб турибсиз. Авваллари Қуръон ўқиганимизни эшитганда сиқилишингиз ҳам шайтондан эди. Бизнинг ўқишимиз ўзгармаган, аммо сизнинг қалбингиз ўзгаргани учун бугун Қуръон сизга ёқяпти». Шундан кейин қўшни билан яна ҳам қадрдон бўлиб қолдик. Биз кўчиб кетгандан кейин ҳам қўшним мени қидириб топди. Телефонда: «Сизга ихлос қилганман, маросим қиладигандим, ўтказиб берсангиз», деб илтимос қилди. Бориб, маросимларида қатнашдим. Йиғиндан кейин мезбон ташаккур айтиш учун мени чорлаб қолди. Қарасам, анча ўзгарибди, олдинги ғализликлар йўқ, мулойимлашиб, ахлоқи гўзаллашган, анчагина ширинсухан бўлиб қолган, юзида ҳам иймон нури сизиб турибди. Бу ҳолатни кўриб, Қуръоннинг ҳидояти, шарофати қанчалар буюклигига яна бир бор амин бўлдим.
Ҳа, Қуръон аввало инсоннинг қалбига нур бўлади. Қуръон ўз ўқувчисининг юзига нур бахш этади. Қуръон хонадонга нур келтиради, маҳалла, шаҳару қишлоқларга нур келтиради, эл-юртга нур келтиради. Қуръон билан бутун мамлакат мунаввар бўлади, бутун оламга зиё таралади. Қуръон ҳамма ишларга хайр-барака элтади, барча соҳаларга барака келтиради, осудалик бахш этади. Аллоҳ асрасин, Унинг каломига нисбатан беодоблик қилиш, ғайрлик қилиш яхшиликалардан маҳрум бўлишга, ёмон оқибатларга олиб келади. Бунга тарих ҳам, бугунимиз ҳам гувоҳ.
Мазкур ҳақиқатни биз жорий йилнинг мисолида ҳам кузатишимиз мумкин. Президентимиз ташаббуси билан ўтказилган Қуръон мусобақалари туфайли юртимизга, қалбларимизга қанчалар нур, зиё тўкилганини, менимча, ҳар қандай қалби очиқ одам бутун вужуди билан ҳис этди. Ўлкамиз бўйлаб осудалик, сакинат, файз-барака, меҳр-муҳаббат ёғилганини ҳамма туйди. Шундай эмасми? Бу воқелик далил талаб қилмайдиган даражада равшан ҳолатдир. Қайси вилоятда мусобақа ўтказилса, ортидан қачондан бери интизор бўлиб кутилаётган қор-ёмғирлар ёғди, яна бошқа яхшиликлар барқ урди. Аллоҳим бундай эзгу, файзу футуҳли онларни юртимизда ҳамиша бардавом айласин! Қуръони Карим шарофати ила ватанамиз обод бўлиб, дину дунё ишларимиз бароридан келаверсин!
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба: Azon.uz