Ёшлигимда “Сабр таги сариқ олтин” деган мақолни эшитсам, ҳақиқий олтинлар кўз ўнгимига келар, инсон бойиб кетади деб ўйлардим. Кейинчалик, бир воқеъани эшитганимдан сўнг ҳақиқатда ҳам сабр ила одамзот бойиб кетишига ишонч ҳосил қилдим.
Қадимда жуда тақводор ва ибодатли олим киши яшаган экан. У умрини илм олиш, китоб ёзиш билан ўтказар, илмдан вақти қолса таом ер, бўлмаса шуни ҳам ортга сурар экан. Бир дақиқасини ҳам зое қилишдан қўрқар экан. Нафсига баъзан мунтазам ёзиш оғир келар, шунда бесабрлик билан ўрнимдан туриб кетмай дея кийимининг этакларини ўтирган жойига мих билан маҳкамлаб қўяр экан. Кечалари ҳамманинг чироғи ўчса ҳам, шу олим зотнинг уйидан шам ёғдулари ўчмас, қаламнинг “тиқир-тиқири” тунги сукунатни бузиб турар экан. Мана шундай бедор тунларнинг бирида олимнинг қаттиқ қорни очибди. Ей деса бирор егулик йўқ, ташқарига чиқай деса, тун пардалари атофга ёйилан, ҳамма ширин уйқуда. У бир неча кундан бери туз тотмаган бўлса ҳам шу ҳолига шукр қилибди ва Аллоҳнинг илм билан неъматлантиргани учун ҳамд айтибди:
“Роббим, Ўзинг Буюк ва карами кенг Зотсан. Ҳар ишни тадбирини қилгувчи Сенсан. Бутун тирик жон борки, унинг ризқи сенинг зиммангда бўлмаса. Раззоқ ва Буюк фазл Эгасисан. Менинг ишим чиройли сабр қилиш халос. Кейин яна қўлларига қаламини олибди. Орадан бироз вақт ўтар ўтмас, хонасининг бир бурчагидан сичқон чиқиб, емиш ғамида юқ-буёққа югурибди. Очлик устун келибми, сичқонча олимга анча яқин келиб қолибди. Олимнинг бироз қизиққонлиги келиб, ёнида сувдан бўшаган косани унинг устига тўнкариб, ўз ишига машғул бўлибди. Ҳеч қанча ўтмасдан бошқа бир сичқон падо бўлибди, тўнкарилган косанинг олдидан кетмас, гир-гир айланаверармиш.Кичик сичқоннинг жасоратидан ҳайратланган олим нима бўлар экан дея, косани кўтармабди. Шу пайт у кўздан ғойиб бўлибди-да, бўйидан бироз кичик бўлган тилло тангани тортиб келиб унинг олдига ташлабди. Худди, тиллони олгин-у, косани кўтар деётгандай бўлар экан. Коса кўтарилмагач, сичқонча инига яна кириб, ўзи билан бирга танга олиб чиқаверибди. Мана пуллар тугади, бошқа тилло йўқ дегандай, охири бўшаган ҳамённи тортиб, коса ёнига қўйибди. Энди олим чидолмабди, косани дархол олибди. Тутқунликдан қутилган маҳбусдай сичқон тезда шеригининг ёнига отилибди-да, югурганч кўздан ғойиб бўлибди. Бу ҳолатдан кўнгил тўлиб, кўзлар намланибди. Олим соқолларинида хўл қилган намли кўзларини артар экан, чуқур ҳаёллар гирдобида қолибди. Бу не ишки, унда Аллоҳ мўжизаси намоён бўлди. Наҳотки биргина митти жонзот ўз жуфтига шу даражада вафодор бўлса? Хавфдан қўрқмаса? Кўзларни намлантиргани фақат бугина эмас, сабр ва Аллоҳга таваккулнинг, илмга бўлган ҳарисликнинг мукофоти-тилло тангаларни кўринг! Аллоҳ ҳузуридан келган неъматни кўринг! Ҳақиқатда ҳам сабр таги сариқ олтиндир…
Оламлар Роббиси Аллоҳ таоло бандаларни сабр чақириб шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Бақара, 153)
“Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон, мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад!)” (Бақара, 155)
Сабр энг гўзал фазилат бўлиб, у Аллоҳнинг пайғамбарлари, авлиёлари ахлоқларидан биридир. Шу боис, ҳар бир мўмин-мусулмон киши сабр қилишга одатланиши керак. Ҳикматларда “Авлиёлик сабрдир, сабр нафсга жабрдир”, дейилади. Яна айтиладики, “Модомики, ер остида қабр азоби ҳақ экан, ер устида ўша азобнинг муқобили сифатида сабр азоби ҳам мавжуд. бандага ё униси, ё бунисидир.”
Аллоҳнинг суюкли ва чин мўмин бандаларидан бири бўлишимиз учун ҳар қандай ҳолатда ҳам сабр қиладиган бандалардан айлашини Роббул Аламийн сўраб қоламиз!
Тошкент Ислом институти битирувчиси
Саидакбарова Нилуфар