islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Тавозуъ гўзал хулқнинг белгисидир

Муқаддас дини исломимизнинг бори гўзал хулқдир. Ислом дини ҳусни хулқлиликни энг юқори ўринга қўяди. Инсон хоҳ олим бўлсин, хоҳ обид бўлсин хулқи гўзал бўлмаса унинг қиймати йўқдир. Бунга динимизда кўплаб ҳадиси шарифлар, ояти карималарни мисол қилиб келтириш мумкин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Учта хислат бор. Кимда ўша учта хислатдан биттаси бўлмаса ҳам қилган амали ҳисобга ўтмайди. Бу – Аллоҳга бўлган тақво у шундай тақвоки, уни гуноҳдан сақлайди, ахмоқни жиловлайдиган ҳалимлик, одамлар орасида хушхулқлик”. Табароний ривояти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда ўзининг ёмон хулқи билан жаҳаннамнинг энг тубига қулайди”.

“Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким ўз динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар. Улар мўминларга хокисор, кофирларга эса қаттиққўл кишилардир” (Моида сураси, 54-оят).

Гўзал ахлоқ, илм ва адаб ўрганмоқ, яхши инсонлар билан дўстлашмоқлик ила ҳосил қилинур. Динимиз мўъминларга гўзал хулқни эгаллашни ва ёмон хулқлардан четлашишни буюради. Шунингдек, Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқлари бу борада энг юксак намунадир. Зеро, Аллоҳ таоло ўз ҳабибини мадҳ этиб, шундай марҳамат қилади:

“Албатта сиз улуғ Хулқ устидадирсиз” (Қалам, 4-оят).

Яхши инсон, гўзал хулққа эга бўлган инсондир. Ҳусни хулқли кишилар яхши ишларни қилишга ошиқадилар. Уламолар гўзал ахлоқ доирасига кирувчи кўплаб хусусиятларга таъриф берганлар. Улардан энг аввалги поғонасида ўрин эгаллагани албатта тавозуъ эканлигига ҳеч шубҳа йўқдир. Инчунун, тавозуъ ҳар нарсанинг калитидир. Тавозуъ луғавий жиҳатдан камтарлик ва хокисорлик демакдир. Имом Суҳравардийнинг машҳур асари “Авориф ал-маъориф” да тавозуъ ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ва машойихларнинг қимматли фикрлари келтирилади. Унда айтилишича, инсон тавозуъдан ҳам гўзалроқ либос киймагандир. Тавозуъ ва ҳикмат хазинасига ноил бўлган киши ҳар кимга чиройли суратда муомала қилади. Шунингдек, ҳар кимса ҳам унга юқори даражада ҳурмат кўрсатади. Тавозуъдан насибадор бўлган кимса қалб роҳатини топади. Бунга эса фақат илм соҳибларигина эга чиқишлари мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавозуълари шундай эдики хоҳ ҳур бўлсин, хоҳ қул ҳар кимнинг даъватига ижобат қилардилар, бир қултум сут ё қуённинг бир оёғи бўлса ҳам ҳадияни қабул қилардилар. Уларни тановул қилмоқдан орланмас, ҳадияга ҳадия билан жавоб берар ва ҳаттоки жория ёки мискиннинг ҳам даъватидан бош тортмас эдилар. Зеро, Аллоҳ таоло ўз каломида ҳабибига қарата шундай марҳамат қилади:

Аллоҳ таоло: “Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни уларга хуш хулқ билан камтарона муносабатда бўлинг)” (Шуаро сураси, 215-оят).

Абу Зуроъа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай хабар қилдилар: “Тавозуънинг илк шарти сен унга йўлиққан кимсага салом бермоғинг, сенга салом берганга жавоб қайтармоғинг, мажлисда энг қуйи қисмига ўтирмоққа рози бўлмоғинг ва мақталиб, яхшиликларинг эслатилмоғини ёмон кўрмоғингдир.

Жунайддандан тавозуъ ҳақида сўрадилар. Шундай жавоб бердилар: “Хокисор бўлмоқ ва инсонларга юмшоқ муомалада бўлмоқ“.

Фузайл ибн Иёз дедилар: “Аллоҳга нисбатан хузуъ ила бўйин эгмоқ, айтилганларга қулоқ солиб, қабул этмоқдир. Яна шундай дедиларки: “Нафсида бир қиймат кўрган кимсанинг тавозуъдан насиби йўқдир”.

Ҳасан Басрий ҳазратлари, бошқаларни кўрганда ўзидан афзал деб биладиган инсон зоҳид инсон эканлигини айтганлар.

Ваҳб ибн Мунаббиҳ дедилар: Самовий китобларда шундай келгандир: “Мен Одамнинг сулбидан унинг зурриётини чиқардим ва улар ичида энг мутавозеъи ўлароқ Мусони кўрдим, шунинг учун уни ўзимга Калимуллоҳ қилиб танладим”.

Шундай бир сўз бордир: “Нафсининг яширин айбларини билган кимса устунлик ва шарафга тамаъ қилмай тавозуъ йўлини тутгай. Уни айбларини юзига солганга душманлик қилмас, мақталган пайтда эса Аллоҳга шукр қилади”.

Абу Ҳафс дедилар: Қалбини тавозуъга тўла бўлишини хоҳлаган кимса солиҳларнинг суҳбатида давом этсин ва уларга ҳурмат кўрсатишда нуқсонга йўл қўймасин. Киши солиҳларнинг ниҳоятда тавозуъли эканликларидан фойдаланиб уларга катталик, яъни кибр қилиши керак эмас.

Луқмон: “Ҳар нарсанинг улови бордир, амалнинг улови тавозуъдир”, дедилар.

Нурий дедилар: “Беш кимса дунёда махлуқотнинг энг шарафлиларидандир: Зоҳид олим, сўфий фақиҳ, мутавозеъ бой, шукр қилгувчи фақир, суннатга амал қилгувчи сайид”.

Юсуф ибн Асботдан тавозуънинг чегараси ҳақида сўраганларида шундай жавоб бердилар: “Ташқарига чиққанингда кўрган ҳар бир кимсани ўзингдан устун ва яхши деб билмоғинг”.

Зуннун айтдилар: “Тавозуънинг уч аломати бордир. Айбларини билгани учун нафсини хор кўрмоқ, тавҳидга бўлган ҳурмати юзасидан инсонларга ҳурмат кўрсатмоқ, ким томондан бўлса ҳам ҳақни ва насиҳатни қабул қилмоқ.

Абу Язиддан сўрадилар: “Инсон қачон тавозуъли бўлади?” шундай жавоб берди: “Нафсининг ёмонлигини ва айбини билиб, ўзида юксаклик ва маънавий ҳол кўрмай, ўзини инсонлардан ёмонроқ деб билган пайтда”.

Ҳақиқий тавозуъ, кибр ва хорлик ўртасида мўътадилликни ушлаган ҳолда хокисор бўлмоқдир. Кибр инсонни ўз даражасидан ҳам юқорироқ кўрсатиб гердаймоғи, хорлик эса ўзига нисбатан бировларда таҳқир ва ачиниш ҳиссини уйғотадиган даражада ўз ҳақларини зое қилишидир.

Ҳазрат Жалолиддин Румий шундай дейдилар: “Шафқат ва марҳаматда қуёш каби бўл. Ўзгаларнинг айбларини беркитмоқда тун каби бўл. Саховатда ва жўмардликда сув каби бўл. Ҳиддат ва асабиятда ўлик каби бўл. Тавозуъ ва йўқликда тупроқ каби бўл. Бўлганинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл”.

Имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Мукошафатул-қулуб” асарида тавозуъ ҳақида шундай келтирилади:

Баъзилар дейдиларки:

—Бизга келган хабарларга кўра, Расул алайҳиссалом шундай деб буюрганлар:

—Аллоҳ бандасини ҳидоятга етказганда, кўринишини гўзаллаштириб, унинг мақсуди бўлмаган даражага юксалтирганда ва шунинг билан бирга унга тавозуъ ҳам берган пайтда, билингки, бу ҳол Аллоҳнинг лутфидир.

Яна Пайғамбаримиз солло буюрадилар:

— Тўрт нарса борки, Аллоҳ уларни фақат севган бандаларига беради:

1. Ўринсиз ва ёмон сўз гапирмаслик. Бу биринчи ибодатдир.

2. Аллоҳга таваккул.

3. Тавозуъ

4. Ёмонликлардан қўлини тортиш.

50000cookie-checkТавозуъ гўзал хулқнинг белгисидир
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!