islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Пайғамбаримизнинг адаши бўлганми?

Пайғамбаримиз туғилишларидан салгина олдин баъзи ҳижозлик[1] араблар тижорат сафарларида аҳли китобларнинг холис олимларидан ҳамда ўша пайтда жинлари орқали осмондаги фаришталардан хабар ўғирлайдиган айрим коҳинлардан “Муҳаммад исмли охирзамон пайғамбарининг Ҳижоз ўлкасидан чиқиш вақти яқинлашди”, деган хабарларни эшитадилар ва ўша пайтда туғилган ўғил болаларга, ажабмас мана шу фарзандимиз пайғамбар бўлса, деган умид билан “Муҳаммад” исмини қўядилар.

Бу ҳақда Абду Раҳмон Суҳайлий[2], Ибн Қутайба[3] ва Ибн Халиккон[4]лар ўша пайтда Муҳаммад исмли одамларни: “Учта бўлган”, дейишган.

Қози Иёз “Аш-шифо” (1/287), Ибн Касир “Ас-сийратун набавия” (1/299), “Ал-бидоя ван ниҳоя” (2/259), Имом Саолибий “Ат-тафсир” (4/297), Исмоил Ҳаққий Ҳанафий “Руҳул баён” (9/404) ва Муҳйиддин Дарвеш “Эъробул Қуръон ва баёнуҳу” (9/197)да: “Олтита бўлган”, дейишган.

Бироқ Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул Борий” (6/556)да: “Уларни учта ёки олтита бўлган деб чеклаш тўғри эмас. Мен бу ҳақдаги барча маълумотларни жамлаганимда, уларнинг сони йигирматага етди. Ўша маълумотларни умумлаштирганимда эса, ўн беш ёки ўн олтита қолди”, дея таъкидлаган.

Дарвоқе, ўша “Муҳаммад”ларнинг пайғамбарликни даъво қилиб чиқишларига Аллоҳ таоло Ўзининг буюк ҳикмати ила йўл бермаган. Чунки “Аллоҳ пайғамбарлик вазифасини қаерга қўйишни (яъни, кимга беришни) яхшироқ Билувчидир”[5].

[1] Ҳижоз – шимолдан жанубга қараб Табук, Мадина, Жидда, Макка ва Тоиф каби катта шаҳарлар жойлашган ҳудуд.

[2] “Ар-равзул унф фи шарҳис сийратин набавия ли Ибн Ҳишом” (2/95).

[3] “Ал-маъориф” (1/556).

[4] Камол Думайрий, “Ҳаётул ҳаявон ал-кубро” (1/9).

[5] Анъом сураси 124-оят.

“Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси катта ўқитувчиси

Абдул Азим Зиёуддин

50160cookie-checkПайғамбаримизнинг адаши бўлганми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: