islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Каъбанинг ичида туғилган саҳоба

Ҳаким ибн Хизом ибн Хувайлид ибн Асад ибн Абдул-Узза ибн Қусой ибн Килоб. Хадижа онамизнинг жияни. Хадижа онамиз унинг аммаси эди. Фил йилидан 3 йил олдин дунёга келди.

Каъба – Байтуллоҳнинг ичида туғилган. Онаси бир қанча дугоналари билан Каъбанинг ичига  қандайдир бир байрам куни кирганда тўсатдан тўлғоқ тутади ва ўша ерда дунёга келади. 120 йил умр кўрган.

Имом Бухорий Ҳаким ибн Ҳизом 60 йил жоҳилятда, 60 йил Исломда ҳаёт кечирган ягона саҳоба эди, деган маълумотни келтирган. Лекин баъзи тарихчиларга кўра, у кишининг Исломдаги ҳаёти 60 йилга бормаган.

Ҳишом, Холид, Хизом, Абдуллоҳ, Яҳё, Умму Сумайя, Умму Амр ва Умму Ҳишом номли фарзандлари бўлган.

Ўз даврида Қурайш қавмининг кўзга кўринган олий мартабали шахсларидан бири.

Ҳаж мавсумида ҳажга боришга имкони йўқ фақирларга моддий ёрдам қилиб, ҳажга жўнатиш билан шуғулланарди.

Саҳовати атрофга ёйилган. Ундан улов сўраб келган мусофирларнинг бирортаси қуруқ қайтмаган.

Макка фатҳ этилган куни Исломга кирди. Исломи гўзал бўлди. Динга жуда катта фойдаси тегди.

Макка фатҳидан бир кун олдин, оқшом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Маккада тўрт нафар одам бор. Уларни ширкка асло лойиқ деб билмайман ва Исломга киришларини жуда-жуда истайман, улар Аттоб ибн Усайд, Жубайр ибн Мутъим, Ҳаким ибн Ҳизом ва Суҳайл ибн Амр”—деганлар. Аллоҳнинг фазли билан ўшаларнинг тўрттови ҳам мусулмон бўлди.

Расулуллоҳ фатҳ куни: “Иймон калимасини айтганлар, Каъба атрофида қуролини тушриб ўтирганлар, ўз уйида эшикни беркитиб, кўчага чиқмай ўтирганлар, Абу Суфённинг уйига яширинганлар, Ҳаким ибн Ҳизомнинг уйига яширинганларга омонлик бор!”—деб жар солдирганлар.

Исломдан аввал Расулуллоҳнинг энг яқин дўстларидан бири бўлган. Жоҳилият давримда мен учун энг суюкли инсон Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эди, деб ўзи айтган.

Ҳунайн ва Тоиф ғазотларида қатнашган.

Қасам ичганда “Мени Бадр куни тирик қолдирган Раббим номи ила” деб қасам ичиш одати бор эди.

Уҳуд жанггидан кейин “Қайтиб Муҳаммадга қарши қилинган ишларда Қурайшга ён босмайман. Маккадан ҳам чиқмайман”—деб ўзига ўзи сўз берган ва сўзининг устидан чиққан.

Тижоратчилик қилган. Асосан Шом ва Яман ўлкаларига борар эди.

Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни Укоз бозоридан 600 дирҳамга сотиб олиб Хадижа онамизга ҳадя қилган. Хадижа онамиз эса Расулуллоҳга совға қилган. жанобимиз Зайдни озод қилиб ўзларига тутинган ўғил қилиб олганлар.

Тижорат иши билан Дамашққача келган.

“Ал-Муаллафату қулубуҳум”дан бири бўлган. Ҳунайн ғазоти ўлжаларидан сўраган. Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 100 туя берган.

Расулуллоҳ унга ўшанда “Олувчи қўл берувчи қўлдан яхшироқдир!”—деб айтган. У шундан кейин асло ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасликка қасам ичган ва қасамида содиқ қолган.

Расулуллоҳдан кейин халифалар даврида ҳам байт ул-молдан унга ажратилган улушларни асло олмаган.

Исломга киргач доим йиғлаб юрарди. Ўғли йиғиси сабабини сўраганда шундай жавоб берган: Исломга кирдим, аммо жуда кеч қолдим. Умримнинг гуллаган даври жоҳилятда ўтиб кетди. Дунёларни сарф қилсам ҳам у дамлар энди қайтиб келмайди. Қўлдан бой бердим. Мен йиғламай ким йиғласин ?! Жоҳилят давримда ҳам Исломга киримоқчи бўлардим. Аммо “қавмимдан фалончи-фалончилар ҳали Исломга кирмадику!”, деб тўхталиб қолардим. Мени ота боболарим ва қавмимнинг катталарига таассубона эргашувим тамом қилган. Мен йиғламай яна ким йиғласин?! – деб жавоб берган.

Исломга киргач, мушрикликда ўтган даврига қаттиқ надомат қилган ва жоҳилят даврида Исломга қарши қанча маблағ сарф қилган бўлса, унга каффорат тарзида Ислом равнақи учун ҳам худди ўшанча, балки кўпроқ хайрия йўлида харажат қилган.

Жоҳилят даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонларга қарши уюштириладиган фитналар режаси тузиладиган ҳовли (Дорун-надва) Ҳаким ибн Ҳизомга тегишли бўлган. Исломга киргач ўша машъум тарихни унутиш мақсадида шу ҳовлини юз минг дирҳамга сотиб, Аллоҳ йўлида сарф қилиб юборган.

Ҳовли тарихий ҳовли эди. Уни сотиб яхши қилмадинг, деганларга “Тарихни ўчириб ташладим. Ҳаммаси тамом. Менда фақат тақво қолди. Унинг ўрнига жаннатдан ҳовли оламан”—деб жавоб берган.

Биринчи ҳаж қилишида 100та туя устига кийим-кечак юклаб Маккада ҳаммасини туялари билан Аллоҳ йўлида ҳожиларга тарқатиб юборган.

Иккинчи ҳаж қилишида Арафот тоғига юз нафар қул олиб келиб озод қилган. Уларнинг бўйнида “Аллоҳ йўлида озод қилинди”—деб ёзилган кумуш тақинчоқлари ҳам бор эди.

Учинчи ҳаж қилишида Минода мингта қўй сўйдирган ва гўштини фақирларга тарқатган.

Ундан ўзининг икки саҳоба ўғли Ҳишом ва Хизом, шунингдек, Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Навфал, Саъид ибн Мусаййиб, Урва, Муса ибн Талҳа, Юсуф ибн Моҳак ва бшқалар ҳадис ривоят қилишган.

Унга иснод қилингавн ривоятлар қирқтага етган. Икки саҳиҳ тўпламга муттафақун алайҳ даражасида ундан ривоят қилинган тўртта ҳадис киритилган.

Имом Заҳабийнинг “Сияру аълом ан-нубало” ва Раъфат Бошонинг “Сувар мин ҳаётис-саҳоба” асарлари асосида
Андижон шаҳар “Бува таваккул” жоме масжид имом-хатиби
Нодирбек Кенжаев

Манба

66740cookie-checkКаъбанинг ичида туғилган саҳоба
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: