islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Илм одоб билан ҳосил бўлади

Аллома Абу Умар Термизийнинг “Таълимул мутаъаллим” асари тасаввуф қарашлари билан аҳамиятли саналади. Тасаввуфнинг асосларидан бири бу одоб-ахлоқ масалаларидир. Зеро, одоб ахлоқ комил инсон тарбияси негизидир.

Одоб бу – гўзал хулқ, нафси зоҳир ва нафси ботинни тарбия қилишдир. Сўфийларнинг англашларига биноан одоб тўртга бўлинади:

  1. Шариат одоби. Бу – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариати ва суннатига амал қилиш.
  2. Тариқат одоби. Бу – бир тариқатга боғланиб, одоб ва арконини ўрганиб, шу бўйича ҳаракат қилиш.
  3. Маърифат одоби. Бу – нафси амморани мағлуб қилиб, илми илоҳийни ўзлаштириш.
  4. Ҳақиқат одоби. Бу – Аллоҳдан бошқасидан юз буриб, фақат Унинг важҳи учун ҳаракат қилиш.

Шу билан бирга илм маърифатнинг асли эканлигини унутмаслик керак. Шунинг учун илм талаб қилувчига ҳам одоб нормалари мавжуд ва улар талабада илм ҳосил бўлишига замин яратади

Илм талаб қилувчининг одобларини қуйидагича санаш мумкин:

  1. Илм талаб қилувчи нафс поклигини ахлоқий разолат ва ёмон сифатлардан юқори қўймоғи лозим. Зотан, илм қалбнинг ибодатидир.
  2. Илм талаб қилувчи ўзини чалғитувчи нарсалардан алоқани кесмоғи лозим. Чунки фикр бўлинса, ҳақиқатларни идрок қилишдан ожиз бўлиб қолади. Салафи солиҳлар илмни бошқа барча нарсадан юқори қўйишар эди. Баъзилари илмда кўзлаган мақсадга эришмай туриб, бошқа нарсаларга қўл урмас эди.
  3. Илм талаб қилувчи худди бемор ўзини табибга топширгани каби тамомила устози ихтиёрига топширмоғи, унга тавозуъ кўрсатмоғи ва хизматида қоим бўлмоғи керак.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан дарс олар эди. Зайд ибн Собит хонадан чиқиб, отларига минмоқчи бўлганида, Ибн Аббос отнинг жиловидан ушлаб турарди. Зайд бундан қайтарди.

Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Уламоларимизни шундай ҳурмат қилишга буюрилганмиз[1]», деди.

  1. Илм талаб қилувчи такаббур бўлса, жоҳиллик қилган бўлади. Чунки ҳикмат мўминнинг излаб юрган нарсасидир. Уни қаердан топса, олади. У муаллимининг фикрига эргашсин. Чунки устозининг хатоси унинг тўғри топганидан кўра фойдалидир.

Бундан ташқари Али розияллоҳу анҳу толиби илмларга шогирд устозига нисбатан қўйидаги одоб нормаларини сақлашни тавсия қилганлар:

  1. Унга кўп савол бермаслик.
  2. Жавобни қаттиқ талаб қилиб уни чарчатмаслик.
  3. У хоҳламаса, маҳкам ёпишиб олмаслигинг.
  4. Агар танбаллик қилса, кийимидан тутмаслигинг.
  5. Устозга қўл билан ишора қилмаслик.
  6. Унга кўз қисиб ҳам ишора қилмаслик.
  7. Одамлар билан мажлис қуриб ўтиргандан сўрамаслигинг.
  8. Унинг адашишининг пайидан бўлмаслик.
  9. Агар адашса, қайтишини кутишинг ва тавбасини қабул этишинг.
  10. Фалончи сиз айтганнинг хилофини айтди, демаслик. 11. Унинг сирини фош қилмаслик.
  11. Унинг ҳузурида ҳеч кимни ғийбат қилмаслик.
  12. Унинг ҳозирлигида ҳам, ғойиблигида ҳам муҳофаза қилиш.
  13. Одамларга умумий салом бериб, унга алоҳида табрик айтмоқ.
  14. Унинг рўбарўсида ўтирмоқ.
  15. Унинг ҳожати бўлса, бошқалардан кўра олдин хизматини қилмоқ.
  16. Олим суҳбатининг узунлигини малол олмаслик.
  17. У бир хурмога ўхшайди. Сен ундан ўзингга қачон манфаат тушишига интизор бўлиб турмоғинг керак.
  18. Албатта, олим Аллоҳнинг йўлида рўза тутган мужоҳид кабидир. Қачон бир олим вафот этса, Исломда бир тешик пайдо бўлур ва у қиёматгача тўсилмас. Толиби илмни осмоннинг муқарраб фаришталаридан етмиштаси кузатиб юрур.

Хулоса шуки, илм талаб қилувчи ҳар бир нарсадан энг яхшисини олмоғи лозим. Чунки ҳамма илмларни олишга умр етмайди. У энг шарафли илмга асосий қувватини сарф қилиши керак. Ўша илм охиратга боғлиқ илмдир.

4-курс талабаси
Нуриддинов Аълохон

[1] Муҳаммад ибн Умар Термизий. Китаб ал-илми вал-мутаъаллими. Абдулмутталиб ва Али Абдулбасит таҳқиқи. – Қоҳира: Мактабатул Хонажий, 2001. – С. 31.

89100cookie-checkИлм одоб билан ҳосил бўлади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: