islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

БОЛАНГИЗНИ СЕРИАЛЛАРГА БОЙ БЕРМАНГ!

Телеэкранларимизда мунтазам айлантирилаётган, маиший мавзудаги турк сериалларининг ғўр ёшлар онгига сингдираётган «хулосалари»:

1. Агар ўзинг истамаган одам билан турмуш қурсанг, унга хиёнат қилишга ҳақлисан.

2. Севгилинг бошқасига турмушга чиқиб кетган бўлса, уларнинг оиласини бузишга ҳаққинг бор.

3. Ёшларнинг севгилиси бўлиши шарт. Ҳатто коллеж ёки лицей ёшида бўлса ҳам, севишиш ва ишқий муносабатларга киришиш мумкин.

4. Зўравонларнинг, жанжалкашларнинг, дўстларини чув туширадиганларнинг, ўз мақсади йўлида одам ўлдиришдан ҳам тоймайдиганларнинг, бировнинг хасмига кўз олайтирадиганларнинг ҳаётда ҳамиша ошиғи олчи (ва улар сериалларда ҳамиша қимматбаҳо кийимлар кийиб, ажабтовур автомобиллар ҳайдайдиган, кошоналарда яшайдиган, келишган, хушрўй одамлар тарзида гавдалантирилади).

5. Болалар ҳамиша ҳақдирлар ва уларга ота-она билан ҳар қандай масалада бемалол тортишиш, жанжаллашиш, яқинларига аччиқ қилиб уйдан чиқиб кетиш мумкин.

6. Синглисининг ёки қайинсинглисининг эри – почча билан севишиш, ҳатто ундан никоҳсиз бола туғиш мумкин.

7. Ўз қайноғасини севиб қолган аёлларни ҳам тушуниш керак.

8. Қизларнингбир нечта йигит билан навбатма-навбат «севишишлари» ва… ҳомиладор бўлиб, фарзанд кўргач, боланинг ҳақиқий отасини аниқлаштириш учун елиб-югуришлари табиий ҳол ва улар «жабрдийда».

9. Келинлар қайнонани ҳурмат қилмасликка ва ҳеч бир масалада у билан ҳисоблашмасликка ҳақлидирлар.

10. Бировларнинг оила ишларига бемалол аралашиш ва уларнинг шахсий муаммоларини омма муҳокамасига олиб чиқиш мумкин.

11. Ҳатто бир тийин пул топмайдиган, ҳаёт ва рўзғор ҳақида ҳеч нима тушунмайдиган ўсмир ёшида бўлсанг ҳам, севган қизинг ёки йигитинг билан қочиб кетиб, яширинча турмуш қуришинг; яқинларингнинг юзига бемалол оёқ босишинг мумкин.

12. Агар турмуш ўртоғингга кўнгилсиз бўлсанг, эски хушторларинг билан кўнгилхушлик қилишга ҳақлисан (бунга монеълик қиладиган одамлар сериалларда ғирт жоҳил – салбий образлар тарзида гавдалантирилади).

Бу рўйхатни ҳали яна анча давом эттириш мумкин.

Муҳтарам ота-оналар! Агар фарзандингиз айни хулосаларга келишини ва аслида ғараз мақсадларда ишланган сериаллар таъсирида ўз ҳаётини ўзи барбод этишини истамасангиз, уларнинг телеэкранлар орқали нималарни берилиб кўраётганига эътиборсиз бўлманг. Фаразандингиз тарбиясини дилбузарга топширманг.

Манбаа: www.mspressa.uz

93740cookie-checkБОЛАНГИЗНИ СЕРИАЛЛАРГА БОЙ БЕРМАНГ!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: