Болаларимизга етказадиган энг катта зараримиз нима, биласизми? Уларга гапиришни тақиқлаш. Кўпчилик ота-оналар болаларининг кўп гапириши, кўп савол беришини «вайсақилик» дея тушуниб, бу одатга бетоқатлик қиладилар.
Тан олишга мажбурмиз – бу «вайсақилик»ни ўзимиз пайдо қилдик. Агар бола «мияни қоқиб, қўлга бергудек» кўп гапираётган бўлса, бунинг сабаби оддий: унинг гапларини ҳеч ким етарли даражада тингламаяпти. Бола шўрлик бор-йўғи ўзини тинглашларини истаяпти, холос.
Агар бола доимий равишда катталарнинг ишига аралашаётган бўлса, демак, у ўзига эътибор қаратишларини хоҳлайди. Демак, у билан етарли даражада мулоқот қилинмаяпти. Кун бўйи уйда – бола билан бирга эканимиз – у билан мулоқотга етарли вақт ажратаётганимизни билдирмайди. Бир кунда ҳеч бўлмаганда ярим соатгина бола билан бирга унинг расмли эртак китобларини варақлаб, ҳеч бўлмаганда биттагина эртакнинг моҳиятини тушунтириб берганимизда эди, боланинг мулоқотга бўлган эҳтиёжи қондириларди ва бу эътиборимиз билан боланинг хулқ-атворида пайдо бўла бошлаган вайсақиликнинг одатга айланиб кетишига монелик қилган бўлардик.
Кун бўйи ишлаб чарчагач, бажарилмай қолиб кетган ишларимиз ҳақида қайғурамиз-у, бутун кун давомида кичкинтойимиз билан ярим соатгина мириқиб гаплашмаганимиз ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
* * *
Бугун боғчада рўй берган қизиқ воқеани ота-оналарига айтиб бериш илинжидаги болакайлар бири олиб, бири қўйиб бидирлай бошлайдилар. Аммо ишдан чарчаб келиб, «энди оёғини узатган» ота ва севимли сериалини ўтказиб юборишни истамайдиган она томонидан совуққина ёки «бирпас жим турларинг» қабилидаги танбеҳлар билан қарши олинадилар. Болакайларнинг дами ичига тушиб кетади. Айни шу ўринда тарбиянинг қайсидир қисмига дарз кетганини кўпчилик ота-оналар англамайдилар.
* * *
Ҳар қандай мавжудот ўзаро мулоқотга эҳтиёж сезади. Бу эҳтиёж кичкина болаларда айниқса кучли бўлади. Кўп мулоқот қиладиган болалар йиғлоқи бўлишмайди, гапиришни тезроқ ва яхшироқ ўрганишади. Мулоқот ҳақида кўп гапириш мумкин, чунки у тарбиянинг барча жиҳатларига алоқадор. Лекин бугун биз асосий шартлар ҳақидагина гаплашамиз.
ОДАТДАГИ АҲМОҚНИСОЛАР ВА СУҲБАТДАГИ «ХАВФ»
Аксарият ўсмирларнинг ота-оналари қиладиган ҳасрат:
— Гап гапирсанг, тўнғиллаб беради. Қовоғини солиб юради. Одамга ўхшаб гаплашмайди…
Бу ҳасратга ҳамиша бир хил (сийқаси чиққан) жавоб тайёр:
— Тушуниш керак, улар ҳозир шунақа ёшда. Ўтиш даврида шундай бўлади…
Психологлар ва педагоглар айни шу муаммо бўйича фикр билдириб, бундай муаммоларнинг келиб чиқишига ўсмирлар ва катталар ўртасидаги мулоқотнинг етарли даражада эмаслиги сабаб бўлади, дейдилар. Мен бундай ҳолларда нима қилиш кераклиги ҳақида тўғри йўналиш бера оладиган бирорта қўлланмани излаб тополмадим. Ташхис тўғри қўйилган, лекин муаммони ҳал қилишнинг самарали йўлини топиш ота-оналарнинг ўзига ҳавола қилинган. Менимча, бу муаммоларнинг сабабини илгарироқдан – ота-онанинг ёш болаларини тингламаслик одатидан ахтармоқ керак.
Болалар ота ёки онасига ўзларини безовта қилаётган ҳолатлар, масалан, ўз қўрқувлари ҳақида гапириб бераётганларида, беихтиёр шу ёмон нарсалардан қутулишни ўйлайдилар.
* * *
Кичкинтой қоронғуда ухлашдан қўрқади. Онаси уни ўз билганича тинчлантирмоқчи бўлади:
— Жинни-пиннимасмисан?! Одам ўз уйидаям қўрқадими? Тезда ётиб ухла, қўрқадиган ҳеч бало йўқ бу ерда!..
Бу «таскинлар» билан болакай ботир бўлиб қолмайди. Онасини яна жеркиб ташлашларидан безиллаб, дардини ичига ютади. Ҳатто катта бўлганида ҳам қоронғуликдан қўрқаверади. Чунки онаси унга:
— Қўрққанингда, ёнингда мен борлигимни эслагин, болам. Сени тушунаман. Истасанг, чироқни ёқиб ухла. Мен ҳамиша ёнингдаман! – демади.
* * *
Тушунган бўлсангиз керак, боланинг гапларини етарлича тингламай, унинг ўзига хос ташвишларини англамай, у шўрликни ўзимиздан анча нарига итариб юбораётганимизни сезмай ҳам қоламиз.
Ўсмирлик даврида «тўнғиллаб», ичимдагини топ, деб юрганлар бола чоғида оналарига ўзларининг ҳар қандай қилғиликлари ҳақида ҳам очиқ гапиришган эди. Аммо оналари уларни англаб, дилдан гаплашишмаган, тўғри маслаҳат беришнинг ўрнига, койишган. Шунинг учун ҳам бола зарарли одатларни ўсмирлик даврига қадар «ташиб келди».
* * *
Болакай ўртоқлари билан ўйнаётиб, кутилмаганда онасининг олдига югуриб келади-да:
— Ойижон, мен анави қизни урдим, — дейди. Агар она доно бўлса, тахминан шундай жавоб қилади:
— Буни менга айтганинг ва айбингни тан олаётганинг учун сенга раҳмат. Билиб турибман, бу қилмишинг учун пушаймон бўляпсан. Энди боргин-да, у қизчадан кечирим сўра ва қайта бундай ёмон иш қилмаслигингни айт. Мен сенинг жуда яхши бола эканингга ва бошқа бунақа қилмаслигингга ишонаман, ўғлим…
Тамом-вассалом! Агар она одатдаги аҳмоқниса бўлса, дарҳол жаврашни бошлайди:
— Нега қиз болани урдинг? Жуда бебош бўлиб кетяпсан. Отангга айтиб, адабингни бердирмасамми! Ҳеч қачон қизларни урма, тушундингми?!
* * *
Болакай ҳаммасини тушунди. Йўқ, қизларни урмаслик кераклигини эмас, у буни шундоқ ҳам биларди. Бола агар бирор ёмон иш қилиб қўйса, буни онасига айтмаслиги кераклигини, акс ҳолда онаси уни қаттиқ жазолаши мумкинлигини тушунди!.. Шу тариқа, кичик ёшиданоқ бола онаси билан суҳбатдаги «хавф»ни ҳис қила боради ва қилмишлари ҳақида ҳеч кимга гапирмасликка одатланади.
Ҳар гал уйга кираётганингизда ёнингизга югуриб келадиган итингизни тепиб ўтаверсангиз, у қадам товушларингизни эшитиши биланоқ яшириниб олишни ўрганади. Агар тўғри сўзи учун болани жазоласангиз, у мулоқотдан қочадиган бўлади. Болалар табиатан самимий, софдил бўладилар, ҳеч кимга ёмонлик қилишни истамайдилар. Биз катталардан фарқли ўлароқ, улар бирор айб иш қилиб қўйгач, дарҳол айбларини ювишни исташади. Бола сизга шилинган тиззасини кўрсатгани сингари, қалб «жароҳатлари»ни ҳам очиб кўрсатади. Муаммосини бартараф этишда ёрдам беришингизни истайди. Сиз унинг шилинган тиззасига болға билан туширмайсиз-ку, тўғрими?
НАСИҲАТ ЭМАС, ҲАМДАРД КЕРАК!
Шу ўринда, «ўтиш даври»даги ўсмирлар мавзусининг ечимини топгандайман. Уларнинг аксарияти ўз ота-онаси билан кўп гаплашишни исташмайди. Ҳатто баъзи ота-оналар фарзандларининг қаерларда бўлаётгани, кимлар билан дўстлашаётгани, нималар билан машғуллигини ҳам тузукроқ билмайдилар. Сиз бу ўсмирларнинг такасалтанглик, бепарволик, бефаросатлик, ахлоққа зид ҳаракатлар ҳақида ота-оналарининг фикрини билишмайди, деб ўйлайсизми? Жуда яхши билишади. Улар, шунингдек, тарбиявий-ахлоқий масалалар бўйича педагоглардан тортиб диний арбобларнинг нуқтаи назари қандай эканлигигача билишади. Улар «яхши бўлиш» мавзусида шунчалик кўп ваъз-насиҳат эшитишганки, энди шунга ўхшаш яна битта насиҳатга муҳтожликлари қолмаган. Улар ўзларини тушунадиган бир ҳамдардга муҳтож. Улар катта-кичик хатоларини тузатиш учун ҳали кеч эмаслигини билишни исташади. Ота-оналари бу айб ва хатолар ҳақидаги гапларни қарғиш ва пўписалар билан қарши олишларини ва албатта жазолашларини билганлари учун ҳам уларга «ёрилишмайди».
Шунақа вазиятга тушмаслик учун, бу ўсмирлар ҳали кичкина бола чоғида қандайдир зарарли ҳаракат қилиб қўйганда, вазиятни қандай тўғрилаш мумкинлигини кўрсатиш, айбини ювишга ўргатиш керак эди…
* * *
Уй деворларини рангли қаламлар билан бўяб-бежайдиган кичкина болалар бўларди. Бу қилиқлари учун оналари уларни койир, ҳатто тарсаки ҳам туширар, лекин девордан бўёқ қалам билан чизилган ажи-бужи суратлар аримасди. Тоқати тоқ бўлган она бир куни болаларига ҳеч кутилмаган гапни айтди:
— Майли, чизаверинглар. Фақат кейин уларни ювиб ташлайсиз!
Бу жуда қийин иш эди ва болакайларга ҳеч ким ёрдамлашмади. Улар бўёқларни кетказиш учун обдон қийналишганидан кейин, мазкур «санъат» билан қайта шуғулланмасликка қарор қилишди…
Қизча қанддондаги шакарни бехосдан ағдариб юборди. Онаси уни койимади. Фақат:
— Энди буни ўзинг тозала! – деди. Қизалоқ тўкилган шакарни чиқинди челакка кафтида ташиб, анча овора бўлди, лекин уддалади.
— Жуда яхши, баракалла! — деди она. Қизча ўзининг бу тасодифий «гуноҳ»ини ювганидан хурсанд бўлди.
* * *
Яхши бўлишга интилаётган бола – ёмон иш тутаётган ва бундан пушаймон бўлмаётган катта кишидан кўра ақллироқдир.
Манбаа:http://mspressa.uz