“Ижтимоий фанлар” кафедраси 2001 йил сентябрдан ўз фаолиятини бошлаган. Ўтган давр мобайнида кафедра ўндан ортиқ ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича таълимни ташкил этиш ва илмий-тадқиқот ишларини бажариши билан институтда ўз ўрнини эгаллаб келмоқда. География фанлари номзоди, доцент С.Сайдкаримов, тарих фанлари номзоди З.Тожиев каби профессор-ўқитувчилар ва соҳа мутахассислари илмий-педагогик фаолият юритиб келганлар. Кафедранинг фаолиятини янада ошириш мақсадида кўп йиллик илмий педагогик тажрибага эга бўлган ўқитувчилар билан бир қаторда ёш ва изланувчан мутахассислар ҳам таклиф қилинди.
Кафедранинг асосий мақсад ва вазифаларига:
– Диний ҳамда дунёвий фанларни уйғунликда ўргатиш, илмий – назарий ёндашиш тамойилларига асосланиб, ҳар томонлама етук кадрларни тайёрлаш;
– ижтимоий-гуманитар фанларнинг жамиятда тутган ўрни, уларнинг мазмун моҳиятини талабаларга етказиш;
– инсоният тафаккури ва шарқ маънавий хазинасини ноёб асарлар билан тўлдиришга салмоқли ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой мероси билан талабаларни таништириш, бу соҳада тадқиқот ва илмий ишлар олиб боришга кўмаклашиш киради.
Кафедра фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ўқув-услубий ишларидир. Ҳозирги кунда институтнинг барча йўналишларида ижтимоий фанлар ўқитиб келинмоқда. Жумладан, кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан Ўзбекистон тарихи, ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, фалсафа асослари, этика, эстетика, мантиқ, маънавият асослари, маданиятшунослик, иқтисодиёт назарияси, социология, педагогика, психология, миллий ғоя: асосий тушунча ва тамойиллар, Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти, жисмоний маданият ва спорт, олий математика асослари, информатика ва ахборот технологиялари, ҳозирги замон табиий фанлар концепцияси, экология, диншунослик асослари, замонавий диншунослик (исломшунослик), марказий Осиё динлари тарихи ва илмий тадқиқот олиб бориш методикаси каби фанлардан таҳсил берилмоқда.
Кафедра фаолиятининг яна бир асосий йўналиши илмий-тадқиқот ишлари ҳисобланади. Кафедранинг илмий салоҳияти катта бўлиб, ҳозирда 1 фан доктори, профессор, 6 нафар фан номзоди, шулардан 4 нафари доцент ва 4 нафар катта ўқитувчи фаол тадқиқот билан шуғулланмоқда. Кафедра илмий йўналиши ижтимоий фанларнинг қатор долзарб масалаларини қамраб олган. Хусусан, маданиятшунослик, иқтисодиёт назарияси, диншунослик асослари, социология, фалсафа асосларига доир муаммолар номзодлик ва докторлик диссертациялари даражасида тадқиқ этиб келинмоқда.
Профессор-ўқитувчилар республика миқёсидаги ва халқаро анжуманларда мунтазам равишда ўз маърузалари билан иштирок этиб келмоқдалар.
Буларнинг барчаси, пировардида, кафедра илмий-педагогик салоҳиятининг ўсаётганидан, қолаверса институтда ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитиш самарасининг ўзига хос равишда ортаётганидан далолат беради. Бу эса, ўз навбатида мамлакатимизда ижтимоий фанларни ривожлантириш, замонавий мутахассислар тайёрлашда қўлга киритилаётган ютуқларимиздан ҳар томонлама фойдаланиш вазифасини бажаришга хизмат қилади.
Ислом институтига қандай абитурентлар қабул қилинади?
Ассалому алайкум. http://islaminstitut.uz/?page_id=958 шу линкда сиз сўраган саволнинг жавоби мавжуд.