Сизда ором қайда, Сизда тин қайда. Сиз тўйиб ухлаган битта тун қайда. Эл-юрт оромини асраган зотлар, Роббимиз асрасин сизни ҳар жойда!.. Мамлакатимизда ҳар йили 14 январ, Ватан ҳимоячилари кунини миллий байрам сифатида катта тантана билан нишонлаш ўзига хос анъанага айланган. Бу бежиз эмас, албатта. Сиз-у бизнинг бугунгидек тинч, хотиржам ҳаётимиз Қуролли кучларимиз томонидан ишончли тарзда ҳимоя килинмокдаки, мана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган, тараққиётимиз барқарорлигига камарбаста бўлаётган ўғлонларимизни ҳар қанча ҳақларига дуо қилсак эъзозласак, кўкларга кўтарсак арзийди. Жорий йилнинг 10-январь куни Тошкент ислом институти талаба қизлари иштирокида, 14 – январь “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан “Ватан ҳимоячилари аёллар ардоғида” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Олмазор тумани, ИИОФМБ 6-ИИБ, хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подполковник С.Ш.Мелиева ва Ҳазрати имом маҳалласи хотин-қизлар билан ишлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис З.Ю. Турсуновалар иштирок этди. Тадбирда С.Мелиева йиғилганларни байрам билан табриклар экан, қуйидагиларни айтиб ўтди: “14-январь – Ўзбекистонда Ватан ҳимочилари куни сифатида байрам қилинади. Ушбу кунда ор-номуси, оиласи, Ватан ҳимоячилари бўлган барча йигитлар, эркаклар муборакбод этилади. Энг илиқ сўзлар, қутловлар ушбу кунда Ватан ҳимоячилари кунини мутахассислик байрами сифатида нишонлайдиган ҳарбий хизматчилар шаънига айтилади. Ва талаба қизларга оила мустаҳкамлиги энг буюк масъулият эканлигини ва ҳақиқий фидоий, ватанпарвар авлодни камолга етказиш учун оилада соғлом муҳитни яратиш жамиятимиздаги хотин-қизларни бурчи эканлигини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг Ҳазрати имом маҳалласи хотин-қизлар билан ишлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис З.Ю. Турсунова сўз олиб талаба қизларимизга давлатимиз томонидан билдирилган юксак ишончни келажакда дунё тан олган алломаларимизни тарбиялаш билан оқлаб, хотин-қизлар орасида диний-маънавий муҳитни яхшилашда астойдил хизмат қилишлари лозимлигини таъкидлади. Суҳбат талаба қизларнинг: “Ватанпарвар деганда нимани тушунасиз?”, “Ҳақиқий эркаклар қандай оилада етишади?”, “Нима учун айримлар хизмат қилишдан қочади?” каби саволларига жавоб олиш билан ўз ниҳоясига етди. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 885
Жонажон юртимиз Аллоҳ назар қилган юрт, бу миллат қанча – қанча олиму уламоларни, неча – неча жасорат соҳибларини ва буюк подшоҳу султонларни тарбия қилган миллатдир. Шундай экан бу халқ, бу миллат буюк аждодлар йўлидан юрса, ҳеч қачон ёвга ем, душманга таслим бўлмайди. Чунки аждодларимиз қолдирган бебаҳо маънавий меросимизни ихлос билан ўрганиб, ўргатадиган, халқимиз қалбида ватанга муҳаббат, миллатга садоқат ва динга ихлос туйғусини жо қиладиган улуғ устозлар юртимизда ҳар замон топилади. Бугунги кунга қадар Имом Бухорий, имом Термизий, ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва Абу Али ибн Сино каби зиё соҳибларининг бизга қолдирган маънавий мерослари халқимизнинг саодатли йўлини қандай ёритиб келган бўлса, ўшалардан нур – зиё олган Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари каби замондош уламоларимиз ҳам, худди шу саодат йўлида собит қадамлик билан олға бормоқда. Мана шундай зиёлийларимиз бор экан, бу парлоқ йўл то қиёматгача мана шунда ёруғ қолажак. Куни кеча муҳтарам юртбошимиз томонидан муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратларининг “Эл – юрт ҳурмати” мукофоти билан тақдирланиши воқеаси гўё асрлар давомида унитилган – уламоларни эъзозлаш – анъанасини яна ҳаётга қайтаргандек бўлди. Биз ислом тарихидан ўқиган эдик. Аббосийлар подшоси Хорун Ар-Рашид ўз замонасидаги олиму уламоларга шу қадар катта ҳурмат кўрсатган. Ҳанафия мазҳабининг энг забардаст олими Имом Абу Юсуф ҳазратларига “Қозию қузот” унвонини берган. Ҳатто олимни қаттиқ ҳурмат қилганидан, ўзларининг тахтига табаррукан ўтирғизган. Шунинг учун ҳам олимлар эъзозланган даврни Имом Суютий рахматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тарихул Хулафо” деган асарларида: “Хорун Ар-Рашид замони яхшиликлар даври бўлиб, бу давр 365 кун орасида, ҳусну жамолда тўй ва байрамлар кабидир” деганлар. Турли ижтимоий тармоқларда, Уламолар ҳар хил баҳоналар билан турли бузғунчи оқимлар ва жоҳиллар томонидан таҳқриланиб, обрўсизлантириш жараёни кетаётган бир пайтда, муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан берилган мукофот, юртбошимизнинг диний уламоларига бўлган юксак ҳурматининг нишонаси бўлса, яна бошқа томондан юртимизда ва хорижда туриб, уламоларни таҳқирлаётган илмсиз жоҳилларга қақшатгич зарба бўлди. Бу мукофот ўз вақтида, муносиб номзодга берилди. Чунки ер юзида ягона Ислом олами уюшмаси таъсис мажлиси ва бутунжаҳон ислом уламолар кенгаши аъзоси бўлган киши бундай мукофотга албатта лойиқ ҳисобланади. Қолаверса иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш йўлидан дадил одимлаб бораётган Ватанимиз, диний соҳада ҳам муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратларининг бошчилигида жадал суратда одимлаб бормоқда. Келинг узоқ ўтмишимизга эмас, яқин ўтган уч йил ичида қилинган диний ислоҳатларга эътибор қаратайлик. Шу уч йил ичида юртимизда кўпгина савобли ишлар амалга оширилди. Бунга мисол қилиб, Имом Бухорий халқаро илмий – тадқиқот марказининг ташкил этилиши, Мусулмонлар диний идораси қошида “Вақф” хайрия жамоат фондининг иш бошлаганлигини, Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг очилишини, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва Бухорода тасаввуф мактаби, Самарқандда калом илми мактаби, ҳамда Марғилонда фиқҳ мактабларининг очилишини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Шу билан биргаликда ўтган 2019 йили Самарқандда ҳадис илми олий мактабининг иш бошлаши, ҳамда куни кеча муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари билан ташкил этилган Сурхондарё вилоятида Имом Термизий халқаро илмий – тадқиқот марказининг очилиши сўзимизни исботлаб турибди. Ҳали биз юртимизда янгидан очилаётган ва бутунлай янги, замонавий услубда қайта қурилаётган масжидлар сони кўплиги боис ададини келтириб ўтирмадик. Бу ислоҳатлар бизнинг жонажон Олий маъҳадимизни ҳам четлаб ўтмади. 2019 – 2020 ўқув йили учун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида модуль тизими асосида алоҳида сиртқи бўлим очилиб, унда юртимизнинг...
Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон сўнги йилларда янада улкан ютуқларга эришиб келмоқда. Ижтимоий ҳаётнинг бирор бир соҳаси йўқки, ислоҳатлар ва ўзгаришлар кириб бормаган бўлса. Ташқи ва ички сиёсат, иқтисодиёт ва таълим- тарбия соҳаларидаги кўплаб ижобий ўзгаришлар Ватанимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро кўнглида фаҳр туйғусини янада ошириб бормоқда. Жумладан, сўнгги йилларда илм-фан соҳасида қўлга киритаётган ютуқларимиз таҳсинга лойиқ. Куни кеча содир бўлган воқеа эса гапимизнинг яққол исботи сифатида ўзбек адабиётчилигида, аниқроғи ўзбек романчилик тарихида ўчмас из қолдирди десак муболаға бўлмайди. Ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий асари Океан ортида “инглизча сўзлади”. Аниқроғи, АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида Абдулла Қодирийнинг инглиз тилида таржима қилинган “Ўтган кунлар (Bygone Days)” романи тақдимоти бўлиб ўтди.Ушбу китоб Жанубий Каролина штатининг Колумбия шаҳрида нашр этилди. Ушбу асарни Америкалик олим, АҚШ ҳарбий- денгиз академияси Минтақавий тадқиқотлар марказининг собиқ директори Марк Риз томонидан таржима қилинган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўлкамизга ташриф буюрган биринчи америкалик олим ҳисобланган Марк Риз, Ватанимизда бўлган пайти кўп вақтини Фарғонада ўтказган. Марк Риз ўз фаолияти давомида АҚШ Мудофаа вазирлигида хизмат қилган, Афғонистонда таржимонлик билан шуғулланган, АҚШ Давлат департаментининг қиёсий-диний тадқиқотлар дастурларига раҳбарлик қилган, шунингдек, АҚШ ҳукумат дастурларида Марказий Осиё бўйича мутахассиси сифатида жалб қилинган. Шу ўринда, асарни таржима қилиш йўлини кўриб чиқсак. Марк Риз ушбу романни таржима қилиш учун 15 йилдан кўпроқ вақт сарфлаган. Сўнги йилларда китобни нашр этиш жараёни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси, Ўзбекистонлик мутахассислар кўмаги билан сезарли даражада тезлашди. Ва ниҳоят, китоб 2019 йил декабр ойида АҚШнинг бир қатор штатларида сотувга чиқарилди ва Америкалик китобсеварлар томонидан илиқ кутиб олинди. Шуни таъкидлаш жоизки, таржима сифат кўрсаткичи бўйича “ беш юлдуз”ли рейтингга эга бўлган. Китоб таржимаси 660 бетни ташкил қилди. Нашр Абдулла Қодирий томонидан “Ўтган кунлар” романида ишлатилган турли атамалар ва иборалар бўйича 400 дан ортиқ изоҳ, ўзбек халқининг XIX аср биринчи ярмидаги ҳаёти, маданияти, анъаналари, урф-одатлари ва миллатнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги шарҳларни ҳам ўз ичига олган. Ўзбек ва рус тилларини яхши билган таржимон Абдулла Қодирийнинг ҳаёт йўлини чуқур ўрганган ва бунинг натижасида “Ўтган кунлар” романи мазмун- моҳиятини Америкалик китобхонларга тўлақонли етказиб беришга муваффақ бўлган. Америкалик таржимон оддий ўзбек мактабида ўқитувчи сифатида фаолият олиб борган йиллар унинг ҳаётини ўзбек романчилик мактабининг дурдона асарлари орқали беҳад бойитишга хизмат қилган қулай имконият бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтган. Таржима муаллифи асар таржимаси борасида қуйидаги фикрларни айтиб ўтган: “ Асар қаҳрамонлари билан бирга яшадим. “Ўтган кунлар” романини инглиз тилига таржима қилиш мен учун шараф. Зеро, ушбу китоб Марказий Осиё ва жаҳон адабиётида ўхшаши йўқ асар ҳисобланади. Абдулла Қодирийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш мен учун шунчаки ўқув машғулоти бўлибгина қолмай, балки қатъий қарор эди. Мен учун Отабек ва Кумуш ёки ўзим жуда ёқтириб қолган Ҳасанали ҳаёлан тўқилган бадиий қаҳрамонларгина эмас, балки улар Тошкент, Қўқон ва Вашингтонда мен билан ёнма-ён ишлаган, ҳамкорлик қилган инсонлар тимсоли ҳам эди.” Унинг фикрича, Абдулла Қодирий ўз асарини ўша даврда ушбу тарихий роман қаҳрамонлари каби ҳаётий қийинчиликларни бошдан кечирган китобсеварлар учун битган. “Ёзувчи ўтмиш сабоғини 1917 йилги воқеалардан кейин кескин сиёсий даврни бошдан кечираётган замондошларига огоҳлантириш сифатида тақдим қилган. Китобда кўтарилган мавзулар жамиятдаги бугунги муаммоларга ҳам ўхшаш бўлиб, Ўзбекистондаги долзарб масалаларни ҳал қилишда фуқаролик инсититутларни фаоликка чақиради”...
Қуролли кучлар – ҳарбий ҳаракатлар (ҳужум ёки мудофаа) олиб бориш ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида давлат томонидан таъминланувчи қуролланган кишиларнинг уюшган бирлашмаси, сиёсий ҳокимиятнинг муҳим тармоғи ҳисобланади. Қуролли кучларнинг вужудга келиши жамиятнинг синфларга ажралиши ва давлат пайдо бўлиши билан боғлиқ. Қулдорлик давлатларининг қўшинлари, асосан, ҳарбий йўлбошчилар ёки шоҳларнинг дружиналаридан, эркин ҳалқ лашкарларидан иборат бўлган. Миср, Юнонистон, Рим ва бошқа давлатларда ҳарбий денгиз флоти тузилган. Мулкчилик муносабатлари ривожлана борган сари вассалликлар, лашкарлари Қуролли кучларнинг асосини ташкил этган. Ҳар бир мулкдор моҳир жангчи бўлиб, ўз қуролли отрядига эга бўлган. Кейинчалик Ғарбий Европада пиёда аскарлар аҳамиятини йўқотиб, оғир қуролланган отлиқ рицарлар асосий кучга айланган. Шарқда араблар, турклар, мўғуллар ва бошқаларнинг давлатларида Қуролли кучлар, асосан, оғир ва енгил қуролланган отлиқ аскарлардан иборат бўлган. XVIII аср охирида Eвропа давлатлари (Франсия ва бошқалар)да умумий ҳарбий хизмат мажбурияти жорий этилди. XIX аср охирларига келиб ривожланган давлатлар Қуролли кучлари сони кескин кўпайди. XX аср бошларида янги жанговар теҳника пайдо бўлди, транспортнинг ривожланиши кадр принсипи асосида тузилган армия ва ҳарбий денгиз флоти яратилишига олиб келди. Кейинчалик қуролланиш пойгаси авж олди ва йирик давлатлар қуролли кучлари жадал кўпая бошлади. Фан ва теҳниканинг энг янги ютукларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш кенг йўлга қўйилди. Янгича қўшин турлари вужудга келди. Иккинчи жаҳон уруши даврида Қуролли кучлар ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатдан ўсди. Қўшинлар механизациялаштирилди ва моторлаштирилди, артиллерия ва танклар сони ортди, реактив артиллерия ва баллистик ҳамда қанотли ракеталарнинг дастлабки намуналари пайдо бўлди. Ҳарбий ҳаво кучлари ва ҳарбий денгиз флоти ривожланди. Оператив бирлашмалар (қуруқликдаги қўшинларда — фронт ёки армиялар гуруҳи, ҳарбий-денгиз флотида — флот) вужудга келди. 1945 йил AҚШда, 1949 йил собиқ СССРда, кейинроқ Буюк Британия, Франсия ва Хитойда атом қуроли пайдо бўлди. Қуролли кучлар турларига қуйидагилар киради: қуруқликдаги қўшинлар, стратегик мақсаддаги ракета қўшинлари, мамлакатни ҳаво ҳужумидан мудофаа қилиш қўшинлари, ҳарбий-ҳаво кучлари, ҳарбиий денгиз флоти. Қуролли кучлар турлари бўлинма, қисм, қўшилма, шунингдек, бирлашма (асосан, уруш даврида)ларга уюшган қўшин турлари ва махсус қўшинлардан ташкил топади. Қуролли кучларда ягона ташкилий тизим, шахсий таркибни ўқитиш ва тарбиялашнинг, командир кадрларни тайёрлашнинг, хизматни ўташнинг умумий тартиби мавжуд. Тараққий этган давлатларнинг замонавий Қуролли кучлари энг янги жанговар техника, шунингдек, ракета-ядро қуроли билан таъминланган бўлиб, юксак тайёргарликка, кенг жанговар имкониятларга эга бўлган. 1991 йил 31 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида”ги Қонун ва 1991 йил 30 декабрда Минск шаҳрида ташкил топган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан имзоланган “Қуролли Кучлар ва чегара қўшинлари хусусидаги битим”га мувофиқ, шунингдек, собиқ иттифоқ идоралари томонидан умумий қўшинларнинг пул таъминоти тўхтатилганлигини инобатга олиб, 1992 йил 14 январ куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Республика ҳудудида жойлашган бирлашма, қўшилма, ҳарбий қисм ва муассасалар, ҳарбий билим юртлари, корхона ва ташкилотлари ҳамда собиқ СССРнинг бошқа ҳарбий тузилмалари Ўзбекистон Республикаси тасарруфига ўтказилганлиги тўғрисида қарор қабул қилди. 1992 йилдан эътиборан республикамиз ҳудудидаги барча ҳарбий таълим муассасаларининг штат тузилмаси такомиллаштирила бошланди. Жумладан, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юрти, Самарқанд олий автомобил қўмондонлик муҳандислик билим юрти кўп тармоқли ўқув муассасаларига айланди. Бугун қуролли кучларимиз сафида “Миллий гвардия”, “Чегара қўшинлари”, “Ҳаво десанти қўшинлари”, “Ҳарбий ҳаво кучлари”, “Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари”, “Махсус қўшинлар” юртимиз тинчлиги ва...
Жорий йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилигида ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий ижодига бағишланган адабий музей, кутубхона билан биргаликда Ижод мактаби барпо этилди. Ўзбек романчилигининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиётимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш ҳамда талаба-ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, уларни юртимизда маданий-маърифий йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида Тошкент ислом институти Ахборот ресурс маркази ташаббуси билан 1-курс талаба-қизлари иштирокида мазкур Ижод мактаби биносига ташриф ташкил этилди. Бу бинода Абдулла Қодирий музейи ва “Турон” кутубхонаси мавжуд бўлиб, у республикамиздаги энг йирик кутубхоналардан бири саналади. 1919 йил “Турон” номи берилган кутубхона биносида дастлаб Абдулла Авлоний бошчилигида “Турон” театр труппаси тузилган. Тошкент маърифатпарварларининг “Турон” жамияти ташаббуси ва уларнинг шахсий китоблари ва совға қилган жамғармалари асосида мазкур кутубхонага асос солинган. Ушбу маскан Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғулом Зафарий, Шокиржон Раҳимий, Маннон Уйғур каби тараққийпарвар зиёлиларни бирлаштирган. Ҳозирги кунда кутубхонанинг китоб фонди жуда бой. Ушбу масканда автоматлаштириш кенг йўлга қўйилган бўлиб, Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб кутубхона жамғармасидаги 75 минг нусха ўзбек тилидаги адабиётларнинг электрон каталоги тузилган. Кутубхонага уюштирилган саёҳат давомида талаба-қизларимиз ёзувчи Абдулла Қодирийнинг асарлари ва тарихий қўлёзмалари билан яқиндан танишдилар. Музейга кираверишда Абдулла Қодирийнинг ҳикматли сўзлари битилган. Чап томонда адибнинг ҳаёт ва ижод йиллари хронологияси, қатағон йиллари экспонатлари ҳамда мустақиллик йилларида ёзувчига кўрсатилган эҳтиром акс этган экспозитсиялар жойлашган. Томошабинлар залдаги улкан мониторда адиб асарлари асосида суратга олинган «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» филмларини, бошқа картиналарни кўриши мумкин. Ўзбек адабиёти тарихида залворли из қолдирган ёзувчининг музейига ташрифдан кўзланган асосий мақсад – талабаларни буюк шахснинг ҳаёт йўли билан яқиндан таништириш ва уларда ватанпарварлик туйгуларини янада юксалтиришдан иборатдир. Эслатиб ўтамиз бугунги кунга қадар юртимизнинг олтита ҳудудида олти адиб номи билан аталадиган Ижод мактаблари фаолият олиб бораётган эди. 2019-2020 йилдан эса уларнинг сафи яна учтага кўпайди. Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева, Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида Огаҳий ҳамда Тошкент шаҳрида Абдулла Қодирий номидаги Ижод мактаблари очилди. Жорий йилда очилган Ижод мактабларининг 5-, 6-, 7-, 8-синфларига, шунингдек бошқа мактабларнинг 5-синфларига иқтидорли, аълочи, билимдон ўқувчилар ижодий имтиҳон ва тест синовлари асосида қабул қилинди. Ижод мактабларининг ижодий имтиҳонлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан, тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилди. Тошкент шаҳрида ташкил этилган Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабига ҳужжат топширган 488 нафар ўқувчи орасидан ижодий ва тест имтиҳонлари асосида ҳар бир синфга 30 нафардан жами 120 нафар ўқувчи саралаб олинган. Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази кутубхоначиси И.АКМАЛОВА 1 776