20 сентябрь куни Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида “Замонлар оша цивилизация – Ўзбекистон” мавзусидаги кўргазма ва илмий анжуманнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати. Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги инсоният ва цивилизация ривожи Департаменти, Туркиянинг маданият ҳамда ташқи ишлари вазирликлари, ТИКА ҳамда Турк ҳаво йўллари, Истанбул ҳамда Мармара университетлари билан ташкил этилган мазкур йирик илмий-маданий маданий анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекисондаги Ислом цивилизацияси маркази вакиллари ҳам иштирок этдилар. Тантанали маросимда сўзга чиққан Туркия энергетика ва табиий захиралар вазири Фатих Дўнмез, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Махмуд Сурайя Эр, Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ш.Миноваров тобора мустаҳкамланиб бораётган ўзбек-турк ҳамкорлиги истиқболлари, икки томонлама муносабатларда маданият соҳами ҳам муҳим ўрин тутиши, исломий маданий мерос умумий мулк сифатида, умумий бойли сифатида ҳар томонлама, биргаликда ўрганилиши зарурлиги ва маданият соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари ҳам катта эканини қайд қилдилар. Кўргазма Ўзбекистон ҳудудидаги ислом цивилизацияси ёдгорликларига бағишланади ва ўзбекларнинг буюк бобокалонлари Фарғоний, Бухорий, Термизий, Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Нақшбандий, Ғиждувоний, Улуғбек ва бошқа мутафаккирларнинг илмий меросларини тарғиб қилади. Ўзбек ҳунармандлари ва олимлари оталар йўлини давом эттираётганларини кўрсатади. Кўргазманинг иши доирасида муштарак маданиятлар ва илмий мерос мавзусида илмий-амалий конференция ҳам бўлиб ўтмоқда. Манба: religions.uz 435
Биз фарзандларимизга Аллоҳ таоло ҳаммани кўриб ва кузатиб турувчи Зот эканлиги ҳақида қандай тарбия бераяпмиз? Аллоҳ биз билан биргадир ва бизларни ҳамиша кузатиб туради. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим. Бу ҳақида Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ “Сифатус-софваҳ” асарларида Ибн Умар ва чўпон қиссасини зикр қилади. Нофеъ розияллоҳу анҳу айтдилар: «Мен Мадинанинг чекка бир ноҳиясига Ибн Умар ва у зотнинг дўстлари билан бирга сафарга чиқдим. Шунда бир чўпон олдидан ўта туриб, Абдуллоҳ ибн Умар у(чўпонга)га: «Эй чўпон, кел мана бу сафардан насийба ол” дедилар. Шунда, у: «Мен рўзадорман» деди. Шунда, Абдуллоҳ унга: «Сен бу иссиқ кунда, бу қўйларнинг таъсиридаги қийинчиликларга қарамасдан ва тоғлар орасида бу қўйларга чўпонлик қилиб, рўза ҳам тутяпсанми?» дедилар. Шунда чўпон: «Орада бўш қолдирган кунларимга шошиляпман (ғанимат биляпман)», деди. Ибн Умар ажабланди ва: «Бизларга қўйлардан бир қўчқорни сотиш сени ихтиёрингдами? Биз уни сўямиз ва унинг гўштидан сенга ҳам берамиз. Сен хавотирланма мен сенга унинг пулини бераман» дедилар. У: «Улар меники эмас, улар хожамники» деди. У зот: «Агар хожанг сенга уни нима қилдинг деб айтса, уни бўри ебкетди десанг нима бўлади!?» дедилар. Шу пайт чўпон кўрсаткич бармоғини осмонга ишора қилиб, кўтарган ҳолида: «Аллоҳ қаерда (кўриб туришини билмайсизми)?», деб ўтиб кетди. Ибн Умар айтганларини яна айтаверди. Чўпон: «Бас, Аллоҳ қаерда(билмайсизми)?» деди. Ибн Умар унинг гапларидан ҳайратланиб, йиғлаб юбордилар. Шундан кейин у зот ортларига қайтиб, Мадинага келдалар-да, унинг хожасига одам юборди. Чўпонни ва қўйларни ундан сотиб олди. чўпонни озод қилиб, қўйларни чўпонга ҳадия қилиб юбордилар. Аллоҳ у зотни раҳматига олган бўлсин! Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси 4-курс талабаси Холиқов Манусур таржимаси 541
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида жорий йилнинг 19 сентябрь куни Бош прокурор раислигида Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда комиссия ва ишчи гуруҳ аъзолари қатнашди. Йиғилишда тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларнинг жиноий жавобгарликдан озод этишни сўраб тақдим этган мурожаатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.09.2018 йилдаги “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5542-сонли Фармони талаблари асосида кўриб чиқилди. Йиғилиш якунига кўра, Комиссия 5 нафар шахсни жиноий жавобгарликдан озод этиш ҳақида хулоса қилди. Шунингдек, жиноий жавобгарликдан озод қилинган 5 нафар фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашишга қаратилган ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди. Бугунги кунда ушбу масала бўйича келиб тушган яна 6 та мурожаатлар ишчи гуруҳ томонидан ўрганилмоқда. Йиғилишда комиссия ва ишчи гуруҳ аъзоларининг келгусидаги вазифалари белгилаб олинди. Жумладан, Фармон талабларини аҳолига етказиш бўйича тарғибот ишларини янада жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди. Манба: prokuratura.uz 362
(розияллоҳу анҳум ажмаъин) Жаноб Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳа Аллоҳа” деб такрор айтишларида жиддий огоҳлантириш ва таъкидлаш бордир. “Аллоҳдан сақланинглар! Аллоҳдан сақланинглар!”- деганларида “Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳдан қўрқинглар!” маъносини ҳам ифодалаганлар. Умматларини Аллоҳ таолонинг ғазаби ёғиладиган, раҳматидан маҳрум қиладиган ва азобига гирифтор қиладиган, аламли уқубатларига соладиган амалларни қилишдан огоҳлантиряптилар. Бошқа ўринларда жаноб соллаллоҳу алайҳи ва саллам “ан-нора ан-нора” деб абадий азобдан огоҳлантирадилар. “Мендан кейин саҳобаларимга ғараз қилманглар!” яъни, мени вафотимдан кейин саҳобаларимни сўкиш ва ҳақоратлаш учун нишонга олманглар. Бу ишда араблар бир-бирларини обрў-ҳурматлари ер билан битта қилиб, пой-мол қилар эдилар. Бу сўзларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай қилишдан қайтаряптилар. “Бас, ким уларни севса, ўзига дўст тутса, менинг дўстлигим, муҳаббатим билан уларни дўст тутаман, мен ҳам севаман. Ким уларни ёмон кўрса, уларга ғазабнок бўлса, мен ҳам ўз ғазабим билан уларга ғазаб қиламан.” Ушбу сўзларда менинг муҳаббатим билан дейишлари билан саҳобаларни севиш, ҳурмат қилиш ва уларни ҳимоя қилиш улуғ инсоний фазилатлардан бўлишини билдиряптилар. Жаноб Расул акрам билан бирга бўлганлари, суҳбатларидан баҳраманд бўлганлари, қолаверса, шундай буюк булоқ олдида бўлиб, Аллоҳ таолонинг мўъжизаларига гувоҳ бўлиш, уларнинг қанчалик бахт соҳиби эканлардан далолат беради. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёрдам беришга ошиққан, имон келтирган, уларни ҳар томонлама қўллаб қувватлашга ҳаркат қилган, кўнгилларини кўтариш, тасаллий беришган, моддий-маънавий томондан қувватлашган, қурол билан, гоҳида эса ўз жасадлари билан ҳимоя ва қалқон бўлганлар, иккиланмасдан жонларини фидо қилишга тайёр бўлганлар. Бу фазилатларни кўзда ёшимиз билан санаб тугата олмаймиз. Ҳазрат пайғамбаримиз алайҳиссалом уларни яхши кўрганларни севишларини, дўст тутишлари хабар беряптилар. Зеро, уларни севиш Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ҳақиқий муҳаббатнинг белгисидир. Уларни ёмон кўриш эса, Аллоҳ расулининг ғазабининг белгиси ҳисобланади. Саҳиҳ ҳадисда келтирилган: حب الأنصار من الإيمان و بغضهم من النفاق Ансорлар – мадиналик саҳобаларни яхши кўриш имондан ва уларни ёмон кўриш, уларга ғазабланиш мунофиқликдандир. Уларга бундай юксак баҳо берилишининг сабаби нимада бўлиши мумкин. Албатта, бунинг сабаби: улар ҳамма хайрли ва савобли ишларда пешқадам эдилар. Аллоҳ ва Расулининг душманлари билан шер каби олишар эдилар. Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун жидди-жаҳд билан ҳаракат қилар эдилар, улар учун жон топширишга ҳам рози эдилар. Ҳудди шунингдек, ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу яхши кўриш ҳам имондандир. Уни ёмон кўриш эса, мунофиқликдир. Шубҳасиз, саҳобаларни фазли ва мақомларини баландлигини уларнинг Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтказган умрлари, ўзларининг ҳаётлари ва ҳолатларини фикр-мулоҳаза қилиш орқали билиш мумкин бўлади. Уларнинг ҳаётлари, амаллари ва муомалалари бутун ислом умматига улкан ибрат мактаби бўлди. Жаноб пайғамбаримизнинг ҳаётлик вақтларида қандай даража ва қадрлари баланд бўлган бўлса, вафотларидан кейин саҳобалар кўпгина эътиқодий, амалий ва бошқа жабҳаларда барча ўрнак бўлдилар. Исломни камоли билан инсонлар қалбига ўрнашишида уларнинг ўрин ва аҳамиятлари беқиёсдир. Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси, “Тўхтабой” жоме масжиди имом хатиби З.Шарифов 431
(розияллоҳу анҳум ажмаъин) Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бирини ҳақорат қилиш ёки сўкиш оғир, кабира гуноҳлардан ҳисобланади. Аҳли суннат ва жамоат эътиқо-дига кўра, саҳобалар қандай ишлар қилган бўлсаларда, биз уларни муҳокама қилмаймиз. Хато қилди, гуноҳ қилди, айб ёки беадаблик қилди деб ҳукм қилмаймиз. Балки, уларда биз – Аллоҳ ва унинг Расулини розилигини, охират роҳатларини истаган одамлар учун кўп ибрат ва насиҳатлар бордир. Муқаддас Қуръони каримда Аллоҳ таоло فَسَيَكْفِيكَهُمُ اللَّهُ: البقرة/137 …Сизни улардан (ҳимоя этишга) Аллоҳнинг ўзи кифоя қилур[1]… Бас сизга озор бераётганларга нисбатан Аллоҳ таолонинг Ўзи тез фурсатларда кифоя бўлади, деб, яъни Аллоҳнинг Ўзи уларни жазолашини ваъда қилган. Ҳудди шу каби асҳоби киромлар ҳам муҳофазага олингандирлар. Жумладан, икки Саҳиҳ китобларда жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадислар ворид бўлган: قال صلى الله عليه و سلم : من عادى لي وليا فقد آذنته بالحرب “Ким менинг дўстим билан ўзаро душманлик қилса, у билан мен жанг қилишга киришаман. Яъни, мени дўстимга душман бўлса, уни ёмон кўрса, унга озор беришга ҳаракат қилса, аслида у мен билан урушга киришади”,- деб Аллоҳ таоло Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилидан огоҳлантирмоқда. و قال صلى الله عليه و سلم : لا تسبوا أصحابي فوالذي نفسي بيده لو أنفق أحدكم مثل أحد ذهبا ما بلغ مد أحدهم و لا نصيفه Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Менинг асҳобимни (дўстларимни) сўкманглар, ҳақорат қилманглар. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, биронтангиз Уҳуд тоғи миқдоричалик нафақа қилсангиз ҳам уларнинг мисқолча ёки унинг ярмичалик қилган нафақаларини савобига ета олмайсиз”. Ушбу муборак ҳадисда саҳоби киромларнинг қадрлари ва даражалари нақадар баланд эканини баён қилиняпти. Улардан бошқа кишилар Аллоҳ таолонинг йўлида Уҳуд тоғидек келадиган қимматбаҳо нарсаларни сарф қилсалар ҳам, саҳобаларнинг арзимаган бир мисқол ёки ярим мисқол келадиган сарф-харажатларининг савобига ета олмасликлари қайд этиляпти. Мазкур ҳадисларни имом Бухорий ва Муслимлар ривоят қилганлар. و قال صلى الله عليه و سلم : [ الله الله في أصحابي لا تتخذوهم غرضا بعدي فمن أحبهم فبحبي أحبهم و من أبغضهم فببغضي أبغضهم و من آذاهم فقد آذاني و من آذاني فقد آذى الله و من آذى الله أوشك أن يأخذه ] أخرجه الترمذي Расул акрам алайҳиссалом айтдилар: “Аллоҳдан сақланинглар! Аллоҳдан сақланинглар! Мендан кейин саҳобаларимга ғараз қилманглар! Бас, ким уларни севса, ўзига дўст тутса, менинг дўстлигим, муҳаббатим билан уларни дўст тутаман, мен ҳам севаман. Ким уларни ёмон кўрса, уларга ғазабнок бўлса, мен ҳам ўз ғазабим билан уларга ғазаб қиламан. Ким уларга азият етказса, ҳақиқатда менга азият берган бўлади. Ким менга азият берса, аслида Аллоҳга азият берибди. Аллоҳга азият берган кимсани қаттиқ азоблаши аниқ бўлади”. Имом Термизий ривоятлари. Ушбу ҳадиси шариф мазмунида ҳам Пайғамбаримиз ўз саҳобаларини қандай ҳимоя қилаётганларини гувоҳи бўляпмиз. Саҳобаларнинг қанчалик бахт ва саодат эгаларига эканига шоҳид бўляпмиз, уларни тирик вақтларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам Аллоҳ таолонинг ҳимоясига топширмоқдалар. Уларни севганлар Пайғамбаримизнинг муҳаббатларига эришадилар. Аксинча, ғазаб қилиб, ёмон кўрганлар эса Аллоҳ ва Унинг расулининг ғазабига йўлиқадилар. Шунингдек, уларга Аллоҳ таоло яна бошқа синовларни бериши огоҳлантирилди. Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси, “Тўхтабой” жоме масжиди имом хатиби З.Шарифов [1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Шайх А.Мансур. Тошкент. 2014. Бақара сураси, 137- оят. 21- бет. 357