Фарзанд – инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжири. Яхши, солиҳ фарзанд – ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етказувчи дилбанди. Фарзандлар «жаннат райҳонлари» деб тавсифланиши бежиз эмас. Аммо у одобли, яхши фазилатлар соҳиби, итоаткор ва қобил бўлгандагина ота-онасига раҳмат ва бахт-хурсандчилик келтиради. Бунинг акси бўлишидан Аллоҳ сақласин! Оила қуриш ва солиҳ фарзандлар кўришни орзу қилмаган инсон бўлмаса керак. Фарзандингизнинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан онасига боғлиқ бўлади. Шунинг учун динимиз кўрсатмаларида бўлғуси келинни танлашга алоҳида эътибор қилинади. Келажакда туғилажак фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида фарзанд ҳали туғилмасидан қайғурилади. Ойша онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларингизга муносиб онани ихтиёр қилинглар”, деганлар. Мусулмонларда келин танлашда унинг солиҳа, диндор, яхши хулқли бўлиши асосий мезон саналади. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аёл тўрт нарсаси: моли, ҳасаби, жамоли ва дини учун никоҳланади. Бас, сен диндорини танла, омон бўлгур», деганлар (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий). Албатта, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) ушбу тавсияларида улкан ҳақиқат мавжуд. Зеро, молдорлик, яхши бир насабга эга бўлиш ва ҳусндорлик инсонни ҳовлиқтиради, бошқалардан ўзини устун қўйишга олиб боради. Бундан ташқари, ушбу жиҳатларнинг баъзилари ўткинчи бўлиб, уларга нисбатан қизиқиш вақт ўтиши билан сусаяди. Диндорлик эса, инсонни инсонийликка ундовчи омил бўлиши билан бирга, доимий ажралмас сифатдир. Шунинг учун ҳам яна бир ҳадисларида: «Ким хотиннинг молу жамоли учун уйланса, унинг молу жамолидан маҳрум бўлади ва ким аёлнинг дини учун уйланса, Аллоҳ таоло у кишига унинг молу жамолини ҳам насиб қилади», дейилган. Келин танлашда яна унинг туғишга лаёқатли, соғлом бўлишига эътибор бериш лозим. Чунки уйланишдан асосий мақсад наслни давом эттиришдир. Инсониятнинг кўпайиши, наслининг бардавомлиги қиёматгача давом этадиган илоҳий ирода ва муҳим жараёндир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Никоҳланинглар, кўпаясизлар, мен қиёмат куни ўтган умматларга нисбатан умматимнинг кўплиги билан фахрланаман», деб марҳамат қилганлар. Маъқал ибн Ясордан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда келишича, бир киши Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, бир жамолли ва ҳасабли аёл топдим, аммо у туғмас экан, шунга уйланаверайми?» деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Йўқ», дедилар. Ўша киши у зот олдиларига яна келди. Яна қайтардилар. Учинчи марта келганида: «Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар, мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман», дедилар (Абу Довуд, Насоий, Ҳоким). Бироқ ота-онанинг вазифаси фарзандини дунёга келтиришдангина иборат деган фикрга бориш ҳам тўғри эмас. Улар ўз фарзандларини ақлли, эс-ҳушли, жисмонан соғлом, диёнатли, эътиқодли, жамият ва миллатга фойдаси тегадиган инсонлар қилиб тарбиялаш ҳақида қайғуришлари керак. Аввал айтганимиздек, одатда, оталар оилани боқиш ва моддий жиҳатдан таъминлаш мақсадида кўпинча кўчада бўлиб, уй ишлари ва фарзанд тарбияси билан асосан оналар шуғулланадилар. Шунинг учун фарзанд тарбияси фақат онанинг вазифасидек туюлиб қолган. Лекин, аслида, шариат кўрсатмасига кўра, фарзандлар тарбиясида ота-она бирдек масъулдир. Балки ота бу борада ҳам онадан масъулиятлироқ ҳисобланади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) отанинг фарзандига қиладиган моддий таъминотидан маънавий таъминоти устун туришини таъкидлаб шундай марҳамат қилганлар: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига гўзал одобдан ҳам ортиқроқ ҳадя бера олмайди” (Термизий ривояти). Ота-оналар боланинг табиати, хулқ-атвори шу оиладаги муҳитга қараб шаклланишини эсдан чиқармасликлари зарур. Уларнинг вазифаси худди тажрибали табибнинг беморга нисбатан муносабатига ўхшаш...
Жорий йил Рамазон ойида Суриядан қайтарилган 156 нафар Ўзбекистон фуқароларининг 4 нафари қашқадарёлик аёллар эканлиги маълум қилинди. Бу ҳақда «Дарё»га Деҳқонобод туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди. Маълум қилинишича, Деҳқонобод калий заводида Ўзбекистонда хотин-қизларга оид давлат сиёсати, хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш, оилаларда миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни таъминлаш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакиллиги бош отинойиси Шоира Каромова Суриядан қайтган 4 нафар қашқадарёлик аёл ҳақида маълумот бериб, улар билан суҳбатлашилганда аёллар катта хатога йўл қўйганини кеч англаб етгани хусусида гапирган. «Қарши шаҳридаги касб-ҳунар коллежларининг бирида таҳсил олган, 1993 йил туғилган ёш қизларимиздан бири ўзбек йигитини севиб қолиб, у билан аввал Россия давлатига кетади. Россиядан Туркияга, ундан сўнг эса Сурияга ўтиб кетгани ҳақида гапириб берди. Севиб турмуш қурган инсони Суриядаги жангларнинг бирида ҳалок бўлгач, ўзбек аёли аввал ливанлик йигитга, сўнгра араб йигитига турмушга чиқишга мажбур бўлади. Хуллас, бошидан не-не кунларни ўтказиб, Ватанимизга 3 нафар фарзанди билан қайтади. Ўша ўзбек қизининг бир гапи мени жуда таъсирлантирди. ‘Ўзимга қандай жазо беришса ҳам розиман, боиси мен Ватанга сотқинлик қилдим, шундай юртимни ташлаб чиқиб кетдим. Аммо фарзандларим тинч ва осуда осмон остида — Ватанимизда яшашини хоҳлайман», — дейди Шоира Каромова. Вилоятда жамиятдаги фаол ва ташаббускор аёлларнинг 50 нафаридан иборат тарғибот гуруҳи шакллантирилган бўлиб, улар иштирокида хотин-қизларга оид давлат сиёсати, хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш, оилаларда миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни таъминлаш масалаларига бағишланган семинарлар бўлиб ўтмоқда. Манба: Daryo.uz 297
Қозоғистонда қозоқ тилида фаолият кўрсатувчи «IOA» ислом онлайн-академияси иш бошлади. Академияда «Нур Муборак» ислом университети устозлари дарс ўтади. 120 видеодарсдан кейин курсни тугатганлик ҳақида сертификат берилади. Энг яхши талабага эса умра сафарига бориш имконияти тақдим этилади. Онлайн-академияда ўқиш бир йил давом этиб, олти ойлик икки модулдан иборат бўлади. Биринчи модуль тугагач, талаба имтиҳон топширади ва истагига кўра иккинчи модулни давом эттиради. Биринчи модулда ҳадис, ақида, фиқҳ, усул фиқҳ, ислом психологияси дарслари, иккинчи модулда имом Мотуридий ақидаси, террология ва конфликтология, ҳадис, ислом иқтисодиёти дарслари ўтилади. Ўқиш – пуллик. Манба: Muslim.uz 280
Ўзбекистонда “Ўзбекистоннинг 114 Қуръони Карими” монография-албомини яратиш бўйича илмий дастур устида иш олиб борилмоқда. Лойиҳада Халқаро ислом тадқиқотлари маркази раҳбари Ефим Резван ва “Қуръон ва Исломдан олдинги шеърият” йўналиши раҳбари Анна Кудрявцева иштирок этмоқдалар. «Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё коллекцияларида» лойиҳаси амалга оширилиши натижасида уч йил давомида дунёнинг етакчи шарқшунослари, археологлари, коллекционерлари ва этнографлари билан биргаликда 20 жилдлик китоб албомлари нашр этилди ва Ўзбекистон маданий мероси хазиналари тўғрисидаги 20 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар яратилди. Ушбу лойиҳа доирасида амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг 114 Қуръони Карими” нашрининг концепцияси бутун дунё бўйлаб Қуръон қўлёзмаларининг Ўзбекистон ҳудудига оид тўпламларини қидириш, 114 та шундай қўлёзмани танлаб олиш, синчковлик билан ўрганиш ва тавсифлашни ўз ичига олади. Режага кўра, ҳар бир сура альбомда ушбу рўйхатлардан бирининг саҳифалари билан кўрсатилади. Ўзбекистонда Ефим Резваннинг тадқиқоти асосида “Катталангар Қуръонининг ҳақиқатлари ва афсоналари” туркум ҳужжатли фильм намойиш этилди, унинг натижасида “Усмон Қуръони” монографияси нашр этилди. Ушбу асар “Humanitas” номинациясида “Йил китоби” миллий мукофоти лауреати бўлди; МДҲга аъзо давлатларнинг “Китоб санъати” иккинчи халқаро танлови “Маданиятлар мулоқоти” номинациясида лауреат; ЮНЕСКОнинг “Маданиятлараро мулоқотга салмоқли ҳисса қўшадиган энг яхши нашр” номинацияси дипломини олди. islamisemya.com сайтининг хабар беришича, «Ўзбекистон — буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият» ҳафталиги доирасида тақдимоти бўлиб ўтган бир қатор фильмларнинг намойиши ҳам ўзбек ва рус оммавий ахборот воситаларининг “Ўзбекистоннинг 114 Қуръони Карими” лойиҳасига қизиқишини кучайтирди. Лойиҳа устида иш давом этмоқда. Бир неча асрлар давомида бугунги Ўзбекистон замини ислом дунёсининг муҳим маънавий ва интеллектуал марказларидан бири бўлиб келган. Мамлакатнинг энг қизиқарли тарихи нафақат тарихий хроникаларда ва улуғвор меъморий обидаларда, балки бу ерда яратилган, сақланадиган ёки ўрганилган Қуръон қўлёзмаларида ҳам акс эттирилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати Манба: Muslim.uz 311