#РАДДИЯ • Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни муржиийликда айблайдиганларга раддия Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:«Менинг умматимдан икки синф бор. Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ: Муржиъа ва Қадария», дедилар» (Термизий ривоят қилган). Тарихда, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қадрларини пастга уриш ва обрўларини кетказиш мақсадида баъзи ғаразгўйлар томонидан у зотнинг шаънларига тўғри келмайдиган ҳар хил бўҳтонлар тўқилган ва у кишини муржиъа тоифасидан деб айблашга уринганлар. Бундай тоифалар ҳозир ҳам учраб туради. Буларнинг Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи тўғрисида билдирган салбий фикрлари, Аҳли суннанинг ушбу буюк олимининг қадрларига ва обрўларига путур етказа олмайди. Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Абдулкарим аш-Шаҳристоний «ал-Милал ва-н-ниҳал» асарида муржиийларни адашган фирқалар қаторида санаб ўтган. «Муржиия» калимаси араб тилидаги «иржо» сўзидан келиб чиққан бўлиб, икки хил маънони англатади: 1) Кечиктириш, орқага суриш, бирор нарсани вақтинча орқага ташламоқ (қўйиб турмоқ). Бунга Қуръоннинг «Аъроф» сураси, 11-оятининг маъносини мисол келтириш мумкин: «Айтдилар: «Уни ва акаси (Ҳорун)ни ҳозирча қўятур…» (Аъроф» сураси, 11-оят). 2) Бирор нарсага умид қилиш. Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Абдулкарим аш-Шаҳристоний ушбу асарларида таъкидлашларича, муржиия таълимотининг ақидасига «иржо» сўзининг биринчи маъноси мос келади. Чунки, муржиийлар мўмин банда бажариши лозим бўлган барча амалларни (фарз, суннат ва ҳ.к.) орқага сурганлар. «Иржо» сўзининг иккинчи маъносини ҳам уларнинг ақидасига қўллаш тўғри келади. Чунки, муржиийларнинг ақидасига кўра, худди кофирга тоат фойда бермаганидек, ҳар қандай гуноҳ-маъсият иймонга зарар етказмайди. Саййид Афифий «Ҳаят ал-имам Аби Ҳанифа» асарида келтиришича, «Шарҳ ал-мавоқиф» асари муаллифи айтишига қараганда, муржиий тоифасига мансуб Ғассон номли киши Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни муржиий тоифасидан деган. У мусулмонлар тан олган имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг эътиқоди билан бир хил эканлигини даъво қилиб, ўзининг мазҳабини ривожлантириш мақсадида ушбу гапни айтган (Афифий. Ҳаят ал-Имам Аби Ҳанифа. 190-бет). Ибн Абдулбарр раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишларича, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳасадгўйлари кўп бўлган. Улар у зот ҳақида ҳар хил бўҳтонлар тўқиганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга нисбатан муржиийлик айби қўйилиши ҳам шулар жумласидандир (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ақоид илми. 195-бет, «Sharq» нашриёти, 2011й.). Аллома Абул-Маҳосин Қувнавийнинг таъкидлашича, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи хаворижларнинг ақидасига зид ўлароқ, кабира гуноҳ қилган одамни Аллоҳнинг иродасига ҳавола қилганлар. Агар хоҳласа, афв этади, деганлар. Бу эса, ўз навбатида у кишига нисбатан муржиий, деб таъна тоши отилишига сабаб бўлган (Алий Қорий. Шарҳ ал-фиқҳ ал-акбар. 18, 185-бетлар. Дамашқ, Дор ан-нафоис, 2009й.). Аслида эса, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳласа гуноҳи кабираларни кечиши мумкинлиги – Аҳли сунна ақидаси эканлиги ҳаммага маълум. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Аҳли сунна ва муржиийлар эътиқоди орасида катта фарқ мавжуддир. Муржиийлар ақидасига кўра, Аллоҳни танишнинг ўзи кифоя қилади. Тоатлар ва ширкдан бошқа ҳар қандай гуноҳ-маъсиятлар иймонга фойда ҳам, зарар ҳам етказмайди. Аҳли сунна ақидасига кўра эса, иймон келтиришда Аллоҳни танишнинг ўзи кифоя қилмайди, балки қалбда ихтиёрий тасдиқ ва тилда иқрор бўлиши лозим. Шу билан бирга мўмин одамга тоатлар фойда беради ва гуноҳ-маъсиятлар унга зарар бўлиб, дўзах томон етаклайди (Бобиртий. Шарҳ ал-Васият. 110-бет). Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «ал-Фиқҳ ал-акбар» асарларида, муржиийларга хеч қандай алоқалари йўқ эканлигини ўзлари очиқ ойдин кўрсатиб: «Биз муржиийларга ўхшаб, тоатларимиз қабул қилинган ва гуноҳларимиз афв қилинган, демаймиз», деганлар. Аллома Омадийнинг айтишига қараганда, муътазила тоифаси дастлабки даврларда тақдир масаласида ўзларига хилоф чиққанларни муржиий, деб атаганлар ёки...
Тил ўзида миллат қиёфаси, урф-одатлари, асрлар давомида шаклланган қадриятларини акс эттиради. Она тили халқнинг ҳаётини намоён этиб, келгуси авлодлар учун бебаҳо маънавий бойликдир. Шу боис ҳам мустақил Ўзбекистонда давлат тилига муҳим эътибор қаратиб келинмоқда. Жорий йилнинг 21 октябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2019 йил 4 октябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ва унда белгиланган вазифалар ижроси доирасида “Ўзбек тилининг жамият тараққиётида тутган ўрни” мавзусида 1-4 курс талабалари иштирокида маънавият соати бўлиб ўтди.Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Ўзбекистон” телерадиокомпаниясининг олий тоифали суҳандони Ш.Қаюмов, институтнинг матбуот котиби Аброр Абдуазимов, Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи в.б. А.Олимов сўзга чиқиб, ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишида айнан она тилимизнинг ҳиссаси тенгсиз экани, ўз она тилининг софлиги ва тараққиёти учун барча бирдай курашмоғи зарурлиги, Мир Алишер Навоий, Мирзо Бобур каби буюк аждодларимизнинг ижодини ўрганиш жуда катта билимни талаб қилиши, бунинг учун биз, энг аввало, диний-дунёвий илмларни пухта ва чуқур эгаллаш билан биргаликда араб, форс, турк қолаверса, бошқа хорижий тилларни ҳам билишимиз кераклиги, сўзлашув маданияти ва имло қоидаларига риоя қилиш, саводли бўлиш учун кўп китоб мутолаа қилиш, ўқиш ва ёзиш санъатини имкон қадар ўрганиш лозимлигини айтиб ўтилди. Ўз навбатида таъкидлаш керакки, тилшунослар маълумотига кўра, бугун ер юзида 7 мингга яқин тил ва лаҳжа бўлиб, шулардан бор-йўғи 178 таси давлат тили мақомига эга. Тадбир давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, она тилимизнинг софлиги, унинг бойиши йўлида жон куйдиш фарзандлик бурчи эканини англаб етдилар. 4-курс талабаси Нодиров Ҳумоюн 815
Минг йилдирки, булбул каломи, Ўзгармайди яхлит ҳамиша. Аммо, шўрлик тўтининг ҳоли, Ўзгаларга тақлид ҳамиша. Она тили – муқаддас тушунча. Ҳар бир инсон ўз она тилини улуғлайди, кўкка кўтаради. У орқали дунёни танийди, кашф этади, жамиятда ўз ўрнини топади. Тил миллатнинг бойлиги, туганмас хазинаси, кўзгуси ҳамдир. Шу сабаб ҳам “Тил бойлиги – эл бойлиги” дейишади. «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинганига 30 йил тўлгани муносабати билан 21 октябр куни Тошкент ислом институти талаба қизлари иштирокида “Ўзбек тилининг жамият тараққиётидаги ўрни” мавзусида маънавият соати бўлиб ўтди. Унда “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ш.Қаюмов меҳмон бўлди. Домла талаба қизларга мулоқот давомида тилимизни қандай қандай ҳимоя қилсак, “Давлат тилида” иш юритишда ҳам уни гўзаллиги ва фасоҳатини сақлаб қолган ҳолда муҳофаза қилиш кераклиги, четдан кириб келаётган бегона сўзларни қўшмай соф ўзбек тилида мақола, шеър ва ҳикоялар ёзишни ўзига хос фазилатлари ҳақида маъруза қилди. Суҳбат сермазмун ва маълумотларга бой бўлди. Талаба қизлар ўзларини қизиқтирган саволларига домла Ш.Қаюмовдан етарлича жавоб олди.Тилни асраш, авайлаш, бойитиш, мазмунли сўзлаш ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси ҳисобланади. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 604
Тил тараққиёт ва маданият асоси ҳисобланади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Ҳар қандай тил – миллат ва халқнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муаммола воситаси – балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига хурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва хурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам хар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади. Тилни сақлаб қолишда адиб ва ёзувчиларнинг ўрни беқиёс. Мисол учун А. Қодирий, С. Айний, Ойбек, Ғ. Ғулом, А. Қаҳҳор каби адибларимизнинг асарларига ёндашсак, уларнинг ҳаммаси ҳам жонли халқ тилини адабий тилга санъаткорона пайванд қилиб ишлатилганларини кўрамиз. Аммо худди шу икки дарёни — жонли халқ тили билан адабий тилни бир-бирига қандай қилиб қўшиш, уларни қандай уйғунлаштириш масаласини ҳар бир ёзувчи ўз олдига қўйган ғоявий-бадиий вазифадан келиб чиқиб, ўзига хос дид, иқтидор, ҳаётий тажриба иштирокида мустақил ҳал қилади. Уларнинг бадиий тилларидаги ранг-баранглик шундан келиб чиқади. Халқимиз бежизга «Тилга эътибор — элга эътибор», «Тил — миллат кўзгуси» дейишмаган. Тилни сақлаб қолишда диний соҳа ходимларининг ўрни беқиёс. Улар халқимизга Юсуф Хос Хожибнинг “Қутадғу Билиг” асари ва Бобур Мирзонинг “Мубаййин” асари кабиларни етказишни ўзи катта хизматдир. Бугунги кунда дунёда 6809 та тил мавжуд бўлиб, жахон тилларининг атиги 4 фоизи Европа қитьасига тўғри келса-да, энг кўп сўзлашувчи тилларнинг тенг ярми “кўҳна қитьа”да экани маълум бўлди. 341 миллион киши инглиз тилини она тили сифатида тан олади, бироқ яна 350 миллион киши бу тилни иккинчи она тили сифатида кўришини маълум қилган. Ҳозирги кунда чет тилларни ўқитиш ривожланмоқда. Шу ўринда баъзи мулоҳазаларни айтиб ўтсак. Айрим ҳолатларда ёшлар ўртасида чет тилини ўзлаштириш борасида баъзан қийинчиликлар юзага келмоқда. Бунинг асосий сабаби ўз она тилимизни яхши билмаслигимиздир. Интернет маълумотларини кузатар эканмиз ўзбек тилидаги интернет маълумотдаги кўплаб маълумотлар ҳали ҳам ўша 90 йилларда киритилгандан буён янгиланмаган. Ривожланган Япония давлатини олиб қарасак II жаҳон урушидан кейин иқтисодини тиклаш учун чет тилидаги кўплаб китобларни япон тилига таржима орқали ёшларига ўз тилида ўқитди. Бунинг натижасини эса фан техника соҳасида улкан ютуқларга эришаётганидан гувоҳи бўлиб турибмиз. Биз халқимиз тафаккур пойдеворини ўз тилимизда ривожлантирмас эканмиз бошқа тил, урф-одат, маданият ва жамият ҳамда давлатларга тобе бўламиз. Яратганга шукрлар бўлсинки, муҳтарам Президентимиз томонидан ўзбек тилига катта эътибор қаратилмоқда. Туркий тилли давлатлар ҳамдўстлик кенгаши бўйича учрашувлар ўтказилмоқда. Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт университети ҳамда махсус ёзувчи-шоирлар номига атаб қўйилган мактабларни ташкил қилинганлини ўзи ҳам фикримизга ёрқин далил. Демак, ҳозирги кунда ўз она тилига бўлган эътиборни янада оширишимиз, адабиётга ошно бўлиш барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади. Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими услубчиси А.Мадаипов 807
Мақтовларимиз ва шукроналаримизни тилимиз билдиришга имкон бергани учун Раббимизга ҳамдлар, тиллимизни савобли сўзларга ўргатишни буюрган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга саломларимиз бўлсин. Тил бебаҳо неъмат. Бу неъматнинг шукри тўғри адо этилган тақдирда, у соҳибини кўп яхшиликларга етказади, икки дунё бахт-саодатига эга қилади. Аксинча, тилнинг ҳаққи адо этилмай, уни гуноҳ бўладиган ишларга қаратилса, эгаси ҳамма яхшиликлардан ҳар икки оламда маҳрум бўлади. Аллоҳ таоло Ўзи яратган инсонга нутқни – гапиришни ўргатди. Нутқ, сўзлашиш ва баён қилиш қобилияти Аллоҳ таолонинг инсонга берган улкан неъматларидан биридир. Айнан ушбу неъмат билан инсон ўзга жонзотлардан ажралиб туради, уларнинг устидан ўз ҳукмини ўтказади. Инсон Аллоҳ ерда яратган жонзотлар ичида нутқ ато этилган, мукаммал овоз чиқарадиган ягона жонзотдир. Аллоҳ таоло одамни Ўзининг Ер юзидаги халифаси қилаётган пайтда унга улуғ бир сирни берган. Бу ҳам бўлса, одамга турли нарсаларнинг номларини ўргатишидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда хабар бериб шундай дейди: “(Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга (бирма-бир) кўрсатиб деди: «Агар (эътирозингизда) ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз”! Бақара сураси, 31 оят. Яъни, инсон ўзини ўраб турган барча ашёларнинг белгиси сифатида улар номини идрок этади ва бу номларни ўз маъносида ишлатади. Ҳис қилинадиган, жисмга эга бўлган нарсаларни фаҳмлаш учун нутқий рамзларни ишлатиш қудрати инсон ҳаётида энг улуғ имкониятлардан бири ҳисобланади. Акс ҳолда, бировга тоғнинг нималигини тушунтирмоқчи бўлсанг, уни тоғ олдига олиб бориб, атрофидан айлантириб кўрсатишдан ўзга чора қолмаган бўлур эди. Агар Аллоҳ таоло инсонга ушбу қобилиятни бермаганида, Ер юзидаги ҳаётни ҳатто тасаввур қилиш ҳам қийин бўларди. Аллоҳ таоло ўзининг каломида айтадики, “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар (шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағрифат қилур. Ким Аллоҳга ва пайғамбарга итоат этса, бас, улуғ бахтга эришибди” (Аҳзоб 70-71) . Ислом кишиларни барча офатлардан, жумладан тил офатларидан ҳимоя қилиш чораларини кўради. Тил офатлари кўп: бемаъни, бефойда сўзларни гапириш, ботил, гуноҳ ишларни сўзлаш, сергаплик ва одамларга ёқиш учун сўзамоллик қилиш, фаҳш, сўкиш, одобсиз, ахлоқсиз ва шунга ўхшаш сўзларни айтиш, ўзгаларни мазахлаш ва устидан кулиш, сирни ошкор қилиш, ёлғон сўзлаш, ғийбат ва бошқалар сўз офатларидир. Буларнинг ҳаммаси қораланган ва инсонлар булардан қайтарилган. Аллоҳ ўз фазли билан берган тилимизни улуғ неъмат эканини эътироф этиб, уни фойдамиз йўлида, инсонларга наф берадиган тарзда ишлатишга ҳаракат қилайлик. Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси, “Тўхтабой” жоме масжиди имом хатиби З.ШАРИФОВ 2015 йил 4 сентябрь кунидаги жума тезиси асосида тайёрланди. 601