Шайх Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: Шайхул ҳадис Мавлоно Муҳаммад Закариё раҳимаҳуллоҳ ӯз воқеаларини ёзадилар: Биз ҳадис даврасида ӯқиганимизда мен шундай қарор қилдим-ки, ин ша Аллоҳ бирон бир ҳадисни устозсиз ӯқимайман ва дарсга аҳамият бераман, токи бирон дарс ёки ҳадиснинг бирон қисми ӯтиб кетмасин. Менинг дӯстим Мавлавий Ҳасан Аҳмад ҳам шундай аҳд қилган эдилар. Лекин маълумки, ҳадис давралари баъзи вақтлар тӯрт ёки беш соатлаб давомли тарзда ӯқиб ӯтирилади. Инсонмиз, орада баъзи табиий эҳтиёжлар ҳам юзага келади. Баъзи вақтлар таҳорат янгилашга эҳтиёж сезилади. Агар таҳорат қилганда орада икки, тӯрт ҳадис ӯқилса, унда мақсад ҳосил бӯлмайди. Айтадиларки: Мен дӯстим билан шундай келишиб олдик, менга янги таҳорат қилишга зарурат юзага келса, ӯшанда мен сизга ишора қиламан ва сиз шундай қиласизки, мен туриб кетган вақтимда сиз устозга бирон савол бериб оласиз, натижада устоз унга жавоб беришлари лозим бӯлади. Агар у жавоб тезда тугаса, яна шундай савол қиласиз, токи менинг таҳоратимга қанча вақт ӯтиши у савол жавоб билан ӯтсин. Вақтики, мен қайтиб келганимдан сӯнг ҳадис бошлансин. Айтадиларки, биз келишганимиздек иш тутардик: Дӯстимга таҳорат қилиш зарурати юзага келса, у менга ишора қиларди, мен устозга бир савол бераман, устоз у саволга жавоб беришларига тӯғри келарди, унгача дӯстим таҳорат қилиб келарди. Анчагача иккаламиз шундай давом этдик. Бир неча кундан кийин устоз бу нарса бизни килишувимиз эканлигини тушуниб қолдилар. Бир куни шундай бӯлдики, дӯстим Мавлавий Аҳмадга таҳорат қилиш зарурати юзага келди. У киши менга ишора қилдилар ва туриб кета бошлаганларида мен устозга савол бердим: Ҳазрат, сиз айтган эдингизки, Аллома Ибни Ҳумомнинг бир сӯзларига кӯзим тушди, унда бу мушкила бор. Устоз айтдиларки, тақсир, Аллома ибни Ҳумомни тинч қӯйинг, сизни дӯстингиз таҳорат қилиб келгунича мен тӯхтаб тураман. Мени бошимни нега беҳуда оғритасиз. Мавлоно Муҳаммад Закариё айтадиларки, лекин шунинг натижасида тӯлиқ ҳадис даврасида, алҳамдулиллаҳ, китобнинг бирон ҳадиси устозсиз ӯқилмади. Ҳадисга муҳаббат ва иштиёқ туфайли у зотлар “Шайхул ҳадис“ бӯлдилар. Уларнинг файзларидан ҳозиргача дунё баҳраманд. “Инъомул Борий – Дуруси Бухорийи Шарийф“ китобидан. Урду тилидан 3- курс талабаси Одинаев Нодирбек таржимаси. 470
2019 йил 12 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари Ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган илмий фаолиятни қайта тиклаш ва ривожлантириш борасидаги ишларни жадаллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директорининг ўринбосари лавозимига тайинланди, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. 389
Аллоҳ таборака ва таолога шукрки, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-омонлик ва динимизга бўлган юксак эътибор сабаб, масжидларда бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда. Тошкент вилояти Зангиота тумани Иттифоқ маҳалласида жойлашган “Салмон Форсий” жоме масжиди дастлаб 1992-1994 йилларда ҳашар йўли билан қурилган. Ўтган давр мобайнида масжид биноси эскириб, ер тўла қисми, пойдеворлари яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Қолаверса, охирги пайтларда масжид жамоати сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилаётган эди. Шу сабабли маҳалла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини олға суришди. Ушбу хайрли ташаббус Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қўллаб-қувватлангач қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди. Шу йилнинг 11 сентябрь куни Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган “Салмон Форсий” жоме масжидининг янги биносига биринчи ғишт қўйиш тадбири бўлиб ўтди. Муфтий ҳазратлари қурилаётган масжид қиёматгача хизмат қилишини ният қилиб, биринчи ғиштни қўйиб бердилар. Нуронийлар ва эзгу ниятда йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қўйдилар. Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маросимда масжид аҳлини ушбу Аллоҳнинг уйи билан табрик қилиб, жумладан шундай сўзларни билдирдилар: – Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, буюк алломалар юрти бўлмиш юртимизда сўнгги йилларда масжид-мадрасалар қуриш одатий жараёнга айланиб бормоқда. Ҳар куни юртимизнинг турли вилоятларидан янги-янги масжид қурилаётгани ёки қуриб битказилиб, ишга тушгани ҳақида хушхабарлар келиб турибди, кўпларида ўзимиз ҳам иштирок қиляпмиз. Муҳтарам Юртбошимизнинг раҳнамоликларида мўмин-мусулмонларимизнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, сўнгги йилларда 24 та янги жоме масжид очилди, 116 та масжид қайтадан барпо этилди ва 200 тасида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Эндиликда мана шундай кўркам масжидларда имом-домлаларимиз халқимизга, айниқса, ёшларимизга Ислом дини маърифатини етказиш, уларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш ва эзгуликлар тарқатиш ишида жуда ҳам фаол бўлишлари зарур. Шунингдек, бугунги мураккаб даврда айрим ғўр кимсаларнинг бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш долзарб вазифа бўлмоқда. Муфтий ҳазратлари сўзларининг давомида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда шунинг мислини қуриб беради», деган ҳадиси шарифларини келтириб, мазкур жомени барпо этишга ҳисса қўшган барчанинг ҳаққига дуолар қилдилар. Тадбирда уламолар, маҳалла фаоллари, мўйсафид отахонлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Муфтий ҳазратлари Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Имоми Аъзам” жоме масжидида якунига етаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан ҳам яқиндан танишдилар. Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидларни халқимизга муборак айласин! p 333
Мустақил фикрлайдиган, замонавий илм-фан ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, ўз юрти, ўз халқига фидойи, аждодлари бошлаган ҳайрли ишларни давом эттиришга қодир бўлган ҳар томонлама комолотга етган авлодни енгиб бўлмайди. Доим ўрганиш, изланиш, янгиликка интилиб яшаш, теран фикрлаш, юксак натижаларни қўлга киритиш учун китоб билан ошно бўлиш зарур. Бугун диний таълим муассасаларда ёшлар таълим-тарбияси, маънавий баркамоллигига эътиборнинг кучайтирилиши халқимизнинг ёшлар келажагига юксак ишонч билдирилаётганидан далолатдир. Шуни инобатга олиб талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида жорий қилинган “Китобхонлик куни” муносабати билан институтда ҳар ойда китоб кўргазма савдоси ташкил этиш йўлга қўйилган. Мазкур анъанага мувофиқ институт устоз ва талабаларининг диний-маърифий, маънавий ва бадиий савияларини янада юксалтириш мақсадида 2019 йил бугун 11 сентябрь куни “Мовароуннаҳр” нашриёти ҳамкорлигида ташкил этилган китоб кўргазма савдоси бўлиб ўтди. Кўргазмада институтнинг устоз ва талабалари фаол иштирок этди. Мазкур кўргазмада “Мовароуннаҳр” нашриёти ходимлари кўргазма иштирокчиларига 35 номдаги 740 дона бадиий, илмий, тарих, диний-маърифий адабиётлар, араб, инглиз, рус ва ўзбек тили луғат китоблари, шеърий тўплам китобларни тақдим қилдилар. 411
Инсониятни ҳидоятга чорловчи, самовий китобларнинг сўнггиси, тиловати ҳам, ҳифзи ҳам, эҳтироми ҳам ибодат, олдинга қўйганларни жаннатга бошлаб борувчи, ортга қўйганларни эса жаҳаннамга ҳайдаб борувчи ҳужжат, мусулмонларнинг ҳаёти дастури, мўминларга хушхабар берувчи, кофирларни огоҳлантирувчи, Раббимизнинг мўъжиза каломи бўлмиш – Қуръони каримга ҳурмат кўрсатиш ҳақида берилаётган мақолаларимизнинг сўнгги қисмини Аллоҳнинг тавфийқи ила ҳукмингизга ҳавола этамиз. Тўртинчи қисмнинг сўнггида Каломуллоҳни хатм қилган қори дуо қилиш учун аҳли оиласини жамлаши ҳам Аллоҳнинг каломига кўрсатилган ҳурмат намунасидан деб айтилган эди. Шунга илова тарзида: Абу Бакр Анбарий раҳимаҳуллоҳ шундай зикр қилади: бизга Идрис хабар қилди, бизга Халаф ҳадис айтди, бизга Вакиъ Мисъардан ҳадис айтди, у Қатодадан: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қачонки Қуръонни хатм қилса оиласини йиғар ва биргалашиб дуо қилар экан. Шунингдек, Мужоҳид, Уббода ибн Абу Лубоба ва яна уларнинг бир қанча замондошлари қачонки Қуръон хатм қилиш учун қўлларига мусҳаф олса оиласига “тайёр туринглар, хатми Қуръон пайтида Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлади”—деб огоҳлантириб қўйишар экан. Иброҳим ат-Таймий айтади: Кимки Қуръонни кундузнинг аввалида хатм қилса унга фаришталар то кун кеч киргунча саловат айтиб туришади. Туннинг аввалида хатм қилганларга эса тонг отгунча саловат айтиб туришади. Салафи солиҳлар кундузнинг ҳам туннинг ҳам аввалида хатм қилишни мустаҳаб санардилар. Қуръон оятларидан таъвиз (тумор) ёзиб олинганда у билан ҳожатхонага кирмаслик; Лекин, тери ё кумушдан махсус ғилофланган бўлса у билан киришнинг зарари йўқ. Қуръон оятларини ёзиб, сўнгра уни сувга чайиб ичганда ҳар бир хўпламида “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим” демоқ ва олий ният қилмоқ; шундай қилинса Аллоҳ унинг ниятига етказади деб умид этилади. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ айтган: Қуръон оятларини ёзиб уни беморга ичиришнинг зарари йўқ. Ал-Боқир Абу Жаъфар айтган: кимки қалбида қасоват (юрак сиқилиши)ни хис қилса Ёсин сурасини бир идишга заъфарон билан ёзиб ичсин. Байҳақий. Шўъаб ул-иймон. Қуръони карим сураларини тилга олганда “сурача” деб айтмаслик; Маккий раҳимаҳуллоҳ айтишича, Абулолия “катта сура, кичкина сура” деганларни хушламас экан. Бир одам “кичкина сура” деганда унга қарата танбеҳ оҳангида: “сен ундан ҳам кичкинасан” деган экан. Қуръон тиловатини ҳар қандай бошқа машғулотлардан афзал билмоқлик; Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Парвардигор азза ва жалла: “Қуръон ва менинг зикрим кимники мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга бошқа сўровчиларга берилгандан афзалини бераман”, дейди. Аллоҳ каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳнинг махлуқотларига нисбатан бўлган фазли кабидир!” Термизий. Аллоҳнинг каломини улуғлаган кимсани Аллоҳ ташлаб қўймайди. Қуръонни улуғлаган ўзи ҳам улуғ бўлади, даражаси юксалади! Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, : أَمَا إِنَّ نَبِيَّكُمْ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَدْ قَالَ : إِنَّ اللهَ يَرْفَعُ بِهَذَا الْكِتَابِ أَقْوَامًا وَيَضَعُ بِهِ آخَرِيْنَ.- رَوَاهُ مُسْلِمٌ، وَابْنُ مَاجَه Ҳой! Албатта, Набийингиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқатда айтди: “Албатта, Аллоҳ бу Китоб билан баъзи қавмни юксалтиради ва кимларнидир пастлатади!” Имом Муслим ва Ибн Можа. Яратган Мутакаллим Раббимиз Ўз каломини муносиб тарзда эҳтиром айлашимиз учун тавфиқ берсин! Қуръон билан фақат кўтарилиш насиб этсин! Қуръон билан тубанликка кетадиганларга қўшилиб қолишдан Ўзи асрасин! Омин! Тамом! Авазбек МЎМИНОВ Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом хатиби 476