Қуръон – инсониятни икки дунё саодатига етакловчи илоҳий китобдир. Аллоҳнинг каломи бирор шоир ёки адиб тарафдан ёзилган ижод маҳсули эмас, балки, қадим ва азалий муқаддас китобдир. Аллоҳнинг каломи мусҳафларга ёзилади ва сақланади. Шунга кўра, Аллоҳнинг каломи ёзилган мусҳафларимиз ҳам ўзига хос эҳтиромга лойиқ бўлади. Мусулмонлар илоҳий дастурлари саналмиш Қуръони каримни улуғлаши, унга ҳурмат кўрсатиши, асраб-авайлашлари лозим бўлади. Йирик олим – Ватандошимиз Ҳаким ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ Қуръонга эҳтиром сифатида қуйидаги амалларни қатор санаб келтиради: Баъзи сураларнинг номларини зикр қилганда алоҳида эҳтиёткорлик ва эҳтиром билан тилга олмоқ; Масалан “Бақара сураси”ни “Сигир сураси” деб эмас, балки, “Сигир ҳақида сўз юритилган сура”, ёки “Намл сураси”ни “Чумоли сураси” деб эмас, балки, “Чумоли ҳақида сўз юритилган сура” деб. Оятларни мусҳафда белгиланган тартиб билан ўқимоқ; Ўнгдан чапга, тепадан пастга йўналишида. Чапдан ўнгга, пастдан тепа йўналишида ўқимоқ Қуръонга ҳурматсизлик бўлади. Атрофдагиларга оғир ботар даражада, ўзини қийнаб қичқириб ўқимаслик; Имом Заҳабий айтган экан: “Меҳробда имомнинг қичқириб қироат қилаётганини кўрсангиз, билингки, у намозни хушуъ билан ўқимаяпти. Унинг эътибори намозда эмас, балки, шуҳрат орттиришдадир!”. Жамола ал-Қурро. Саховий. Қуръонни лаҳн билан ўқимаслик; Лаҳн – қироъатни чиройли чиқариш мақсадида тажвид қоидаларини бузиб, куйга мослаб ўқимоқ. Имом Қуртубий айтади: Мисрда баъзи қорилар подшоҳларнинг олдида, жанозаларда лаҳн билан қироат қилишиб, бунинг эвазига келишилган ҳақ олишади. Бу уламолар иттифоқи билан ҳаромдир! Уларнинг амали бекор ва харакатлари залолатдир. Улар ўзларича Аллоҳнинг китобини ўзгартириб ўқишни ҳалол ҳисоблашяпти ва баданларида бирор туки жимирлаб қўймасдан Аллоҳга журъат қилишяпти. Салафларнинг одобига хилоф қилишяпти, Аллоҳнинг китоби билан ўйнашишяпти. Инна лиллаҳи ва иннна илайҳи рожиъун. Агар Қуръон оятларини ёзмоқчи бўлса, чиройли шаклда ёзмоқ; Абу Ҳукайма роҳимаҳулоҳ айтади: “Мен Куфада мусҳаф кўчираётган эдим. Олдимдан Али розияллоҳу анҳу ўтиб қолди. Ёзган хатимга қараб: Қаламингни тарашлаб олсанг хатинг янада чиройли чиқади”—деди. Мен қаламимни қаламтарошга солиб учини силлиқладим ва қайтадан ёза бошладим. Али розияллоҳу анҳу шунгача менинг хатимни назорат қилиб олдимдан кетмай турди ва “Аллоҳ бу китобни нурли қилиб қўйган, сен ҳам нурли қилиб чиройли ёз!”—деди. Абу Убайд. Фазоил ул-Қуръан. Икки ё ундан ортиқ киши жамланиб тиловат қилганда, бир-бирларига малол келар даражада овоз кўтармаслик; Қуръон қироъати худди кимўзарга ўқишдек бўлиб қолмаслиги керак. Қуръонга моҳир устозлардан нотаниш қироъат турини эшитса, дарҳол уни рад этиб инкор этмаслик; Чунки Қуръон бир неча хил қироъатда нозил бўлган. Ўзи билмаган ҳолда Аллоҳнинг каломини инкор этиб қўймаслик учун нотаниш қироъат турини рад этишда шошмаслик лозим. Давоми бор. Авазбек МЎМИНОВ Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом хатиби 458
Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Президент қарори қабул қилинди (ПҚ–4436-сон, 04.09.2019 й.). Қарорга мувофиқ жамиятда виждон эркинлиги кафолатлари ва диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича соҳа учун масъул органларнинг мустаҳкам ва доимий ҳамкорлигини назарда тутувчи янги тизим жорий этилади. Дин соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсади, вазифалари ва принципларини кенг жамоатчиликка тушунтириш, виждон эркинлиги кафолатлари бузилиши ҳолатларига нисбатан тезкор чоралар кўриш янги тизим доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан этиб белгиланди. Шунингдек, қарор билан Дин ишлари бўйича қўмитанинг янгиланган асосий вазифалари белгиланди. Қўмита виждон эркинлиги ва дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади, диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш мақсадида барча давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларига бу борадаги фаолиятни амалга оширишда кўмаклашади. Қарорга кўра, суд томонидан экстремистик ёки террористик деб топилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мобиль мессенжерлар рўйхати Адлия вазирлиги ва Олий суд расмий веб-сайтларида ва бошқа ОАВларда эълон қилиб, янгилаб борилади. 329
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак каломи ўлароқ қадри баланд, тиловати ибодат бўлган энг улуғ каломдир. Шунга кўра, Аллоҳнинг каломи ёзилган мусҳафларимиз ҳам ўзига хос эҳтиромга лойиқ бўлади. Мусулмонлар илоҳий дастурлари саналмиш Қуръони каримни улуғлаши, унга ҳурмат кўрсатиши, асраб-авайлаши лозим бўлади. Йирик олим – Ватандошимиз Ҳаким ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ Қуръонга эҳтиром сифатида қуйидаги амалларни қатор санаб келтиради: Қуръон ўқиганда ҳар-ҳар сурадан оятларни танлаб ўқимасдан, мусҳафи шарифда берилган тартиб бўйича ўқимоқ; Ривоят қилинишича Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол розияллоҳу анҳуни ҳар-ҳар сурадан оятларни териб ўқиётганига шоҳид бўлдилар ва у кишига ҳар сурани тартиб билан бутун ўқишини амр қилдилар. Ибн Абу Шайба ривояти. Мусҳафи шарифни очиқ ҳолида қолдирмаслик; Мусҳафи шарифнинг устига бошқа китобларни қўймаслик; Ўқиганда мусҳафни қўлида ушлаб баландроқ кўтармоқ, ёки бирор баландроқ лавҳ устига қўйиб ўқимоқ, ерга қўймаслик; Қуръон оятларини тахтага ёзиб ўқувчилар уни ўчириш лозим бўлганда туфук билан ўчирмаслиги, балки сув билан ўчирмоқлик; Мусҳафни сув билан ювиш лозим бўлиб қолса, ғусоласини (мусҳафни ювилган сув) нажосатхонага ва оёқ билан босиладиган ерларга оқизмаслик; Салафи солиҳлар мусҳаф ғусоласини шифо ниятида истеъмол қилар эканлар. Имом Қуртубий. Мусҳафи эскириб кетганда унинг саҳифаларини йиртиб бошқа китобларга муқова сифатида ишлатмаслик; Лоақал бир кунда бир марта бўлса ҳам мусҳафга қарамоқ; Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу айтар экан: “Мен ҳар куни Раббимнинг китобига қарайман. Бирор кунни мусҳафга қарамасдан ўтказиб юборишга Раббимдан уяламан”. Қуръондан кўз ҳаққини ҳар куни адо қилмоқ; Мусҳафга қараб ўқиганда кўз билан қулоқ ўз ҳаққини олишда шерик бўлади. Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кўзларингизни ибодатдаги ҳаққини адо этинглар!” Саҳобалар сўради: “Эй Аллоҳнинг Расули, кўзнинг ибодатдаги ҳаққи нима?”. Ул зот жавоб бердилар: “Мусҳафга қарамоқ, оятларида тафаккур қилмоқ ва ажоиботларига эътибор қаратмоқ!”. Байҳақий. Макҳул раҳимаҳуллоҳ Уббода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Умматларим ибодатининг афзали Қуръонни қараб ўқимоқдир!” Байҳақий. Аллоҳнинг каломини ўзининг каломи ўрнида қўлламаслик; Масалан “Енглар ичинглар, исроф қилманглар” мазмунидаги оятни меҳмонларга қарата ўз каломи сифатида қўлламаслик керак. Бу Қуръонга ҳурматсизлик бўлади. Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг каломини ўз гапи ўрнида ишлатганларни жуда қаттиқ ёмон кўрар эканлар. Қуртубий. Давоми бор. Авазбек Мўминов Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжиди имом хатиби 372
Шу йилнинг 7-11 сентябрь куни Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш бўйича Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида 41 халқаро Қуръони карим мусобақаси ўтказилади. Мазкур мусобақа қуйидаги 4 йўналишда бўлиб ўтади: 1. Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериш билан бирга Қуръони карим сўзларининг маъноларини билиши. 2. Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериш. 3. Қуръони каримнинг 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш. 4. Қуръони каримнинг 5 порасини тажвид қоидаси билан чиройли оҳангда ўқиб бериш. Бу йўналиш Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлмаган ва мусулмонлар камчилик бўлган давлатлар иштирокчилари учундир. Мусулмон давлатлар вакиллари ушбу йўналишда қатнаша олмайди. Маълум қилинишича, бу йилги мусобақада 103 та давлатдан 146 нафар вакиллар иштирок этади. Юртимизнинг 2 нафар вакили Тошкент ислом институти талабаси Ҳусниддинов Зуҳриддин қори ва Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” олий мадрасаси талабаси Орифжонов Абдурауфхон мазкур мусобақада иштирок этиш учун шу йилнинг 3 сентябрь куни Саудия Арабистонига жўнаб кетди. Манба: muslim.uz 349