Қуролли кучлар – ҳарбий ҳаракатлар (ҳужум ёки мудофаа) олиб бориш ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида давлат томонидан таъминланувчи қуролланган кишиларнинг уюшган бирлашмаси, сиёсий ҳокимиятнинг муҳим тармоғи ҳисобланади. Қуролли кучларнинг вужудга келиши жамиятнинг синфларга ажралиши ва давлат пайдо бўлиши билан боғлиқ. Қулдорлик давлатларининг қўшинлари, асосан, ҳарбий йўлбошчилар ёки шоҳларнинг дружиналаридан, эркин ҳалқ лашкарларидан иборат бўлган. Миср, Юнонистон, Рим ва бошқа давлатларда ҳарбий денгиз флоти тузилган. Мулкчилик муносабатлари ривожлана борган сари вассалликлар, лашкарлари Қуролли кучларнинг асосини ташкил этган. Ҳар бир мулкдор моҳир жангчи бўлиб, ўз қуролли отрядига эга бўлган. Кейинчалик Ғарбий Европада пиёда аскарлар аҳамиятини йўқотиб, оғир қуролланган отлиқ рицарлар асосий кучга айланган. Шарқда араблар, турклар, мўғуллар ва бошқаларнинг давлатларида Қуролли кучлар, асосан, оғир ва енгил қуролланган отлиқ аскарлардан иборат бўлган. XVIII аср охирида Eвропа давлатлари (Франсия ва бошқалар)да умумий ҳарбий хизмат мажбурияти жорий этилди. XIX аср охирларига келиб ривожланган давлатлар Қуролли кучлари сони кескин кўпайди. XX аср бошларида янги жанговар теҳника пайдо бўлди, транспортнинг ривожланиши кадр принсипи асосида тузилган армия ва ҳарбий денгиз флоти яратилишига олиб келди. Кейинчалик қуролланиш пойгаси авж олди ва йирик давлатлар қуролли кучлари жадал кўпая бошлади. Фан ва теҳниканинг энг янги ютукларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш кенг йўлга қўйилди. Янгича қўшин турлари вужудга келди. Иккинчи жаҳон уруши даврида Қуролли кучлар ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатдан ўсди. Қўшинлар механизациялаштирилди ва моторлаштирилди, артиллерия ва танклар сони ортди, реактив артиллерия ва баллистик ҳамда қанотли ракеталарнинг дастлабки намуналари пайдо бўлди. Ҳарбий ҳаво кучлари ва ҳарбий денгиз флоти ривожланди. Оператив бирлашмалар (қуруқликдаги қўшинларда — фронт ёки армиялар гуруҳи, ҳарбий-денгиз флотида — флот) вужудга келди. 1945 йил AҚШда, 1949 йил собиқ СССРда, кейинроқ Буюк Британия, Франсия ва Хитойда атом қуроли пайдо бўлди. Қуролли кучлар турларига қуйидагилар киради: қуруқликдаги қўшинлар, стратегик мақсаддаги ракета қўшинлари, мамлакатни ҳаво ҳужумидан мудофаа қилиш қўшинлари, ҳарбий-ҳаво кучлари, ҳарбиий денгиз флоти. Қуролли кучлар турлари бўлинма, қисм, қўшилма, шунингдек, бирлашма (асосан, уруш даврида)ларга уюшган қўшин турлари ва махсус қўшинлардан ташкил топади. Қуролли кучларда ягона ташкилий тизим, шахсий таркибни ўқитиш ва тарбиялашнинг, командир кадрларни тайёрлашнинг, хизматни ўташнинг умумий тартиби мавжуд. Тараққий этган давлатларнинг замонавий Қуролли кучлари энг янги жанговар техника, шунингдек, ракета-ядро қуроли билан таъминланган бўлиб, юксак тайёргарликка, кенг жанговар имкониятларга эга бўлган. 1991 йил 31 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида”ги Қонун ва 1991 йил 30 декабрда Минск шаҳрида ташкил топган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан имзоланган “Қуролли Кучлар ва чегара қўшинлари хусусидаги битим”га мувофиқ, шунингдек, собиқ иттифоқ идоралари томонидан умумий қўшинларнинг пул таъминоти тўхтатилганлигини инобатга олиб, 1992 йил 14 январ куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Республика ҳудудида жойлашган бирлашма, қўшилма, ҳарбий қисм ва муассасалар, ҳарбий билим юртлари, корхона ва ташкилотлари ҳамда собиқ СССРнинг бошқа ҳарбий тузилмалари Ўзбекистон Республикаси тасарруфига ўтказилганлиги тўғрисида қарор қабул қилди. 1992 йилдан эътиборан республикамиз ҳудудидаги барча ҳарбий таълим муассасаларининг штат тузилмаси такомиллаштирила бошланди. Жумладан, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юрти, Самарқанд олий автомобил қўмондонлик муҳандислик билим юрти кўп тармоқли ўқув муассасаларига айланди. Бугун қуролли кучларимиз сафида “Миллий гвардия”, “Чегара қўшинлари”, “Ҳаво десанти қўшинлари”, “Ҳарбий ҳаво кучлари”, “Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари”, “Махсус қўшинлар” юртимиз тинчлиги ва...
Жорий йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилигида ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий ижодига бағишланган адабий музей, кутубхона билан биргаликда Ижод мактаби барпо этилди. Ўзбек романчилигининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиётимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш ҳамда талаба-ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, уларни юртимизда маданий-маърифий йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида Тошкент ислом институти Ахборот ресурс маркази ташаббуси билан 1-курс талаба-қизлари иштирокида мазкур Ижод мактаби биносига ташриф ташкил этилди. Бу бинода Абдулла Қодирий музейи ва “Турон” кутубхонаси мавжуд бўлиб, у республикамиздаги энг йирик кутубхоналардан бири саналади. 1919 йил “Турон” номи берилган кутубхона биносида дастлаб Абдулла Авлоний бошчилигида “Турон” театр труппаси тузилган. Тошкент маърифатпарварларининг “Турон” жамияти ташаббуси ва уларнинг шахсий китоблари ва совға қилган жамғармалари асосида мазкур кутубхонага асос солинган. Ушбу маскан Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғулом Зафарий, Шокиржон Раҳимий, Маннон Уйғур каби тараққийпарвар зиёлиларни бирлаштирган. Ҳозирги кунда кутубхонанинг китоб фонди жуда бой. Ушбу масканда автоматлаштириш кенг йўлга қўйилган бўлиб, Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб кутубхона жамғармасидаги 75 минг нусха ўзбек тилидаги адабиётларнинг электрон каталоги тузилган. Кутубхонага уюштирилган саёҳат давомида талаба-қизларимиз ёзувчи Абдулла Қодирийнинг асарлари ва тарихий қўлёзмалари билан яқиндан танишдилар. Музейга кираверишда Абдулла Қодирийнинг ҳикматли сўзлари битилган. Чап томонда адибнинг ҳаёт ва ижод йиллари хронологияси, қатағон йиллари экспонатлари ҳамда мустақиллик йилларида ёзувчига кўрсатилган эҳтиром акс этган экспозитсиялар жойлашган. Томошабинлар залдаги улкан мониторда адиб асарлари асосида суратга олинган «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» филмларини, бошқа картиналарни кўриши мумкин. Ўзбек адабиёти тарихида залворли из қолдирган ёзувчининг музейига ташрифдан кўзланган асосий мақсад – талабаларни буюк шахснинг ҳаёт йўли билан яқиндан таништириш ва уларда ватанпарварлик туйгуларини янада юксалтиришдан иборатдир. Эслатиб ўтамиз бугунги кунга қадар юртимизнинг олтита ҳудудида олти адиб номи билан аталадиган Ижод мактаблари фаолият олиб бораётган эди. 2019-2020 йилдан эса уларнинг сафи яна учтага кўпайди. Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева, Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида Огаҳий ҳамда Тошкент шаҳрида Абдулла Қодирий номидаги Ижод мактаблари очилди. Жорий йилда очилган Ижод мактабларининг 5-, 6-, 7-, 8-синфларига, шунингдек бошқа мактабларнинг 5-синфларига иқтидорли, аълочи, билимдон ўқувчилар ижодий имтиҳон ва тест синовлари асосида қабул қилинди. Ижод мактабларининг ижодий имтиҳонлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан, тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилди. Тошкент шаҳрида ташкил этилган Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабига ҳужжат топширган 488 нафар ўқувчи орасидан ижодий ва тест имтиҳонлари асосида ҳар бир синфга 30 нафардан жами 120 нафар ўқувчи саралаб олинган. Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази кутубхоначиси И.АКМАЛОВА 2 091
Миллий маънавиятимиз қуёши ҳазрат Алишер Навоий бадиий-эстетик тафаккурнинг чўққиси ҳисобланган “Хамса” асарининг биринчи достони “Ҳайрату-л-аброр”да мана бундай ёзган эдилар: Кимки жаҳон аҳлида инсон эрур, Балки нишони анга иймон эрур. Дарҳақиқат, кўпминг йиллик тарихимиз наинки шахс камолоти, балки жамият тараққиётининг ҳам асосларидан бири иймон-эътиқод эканидан далолат беради. Сўнгги йиллар давомида мамлакатимизда шахсан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида диний-маърифий соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани сабаби ҳам шунда. Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси каби маърифат масканлари ташкил этилгани, олий диний таълим берувчи муассасалар сони кўпайиб, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва Самарқандда Ҳадис олий мактаби иш бошлагани, калом, тасаввуф, фиқҳ, тафсир сингари исломий илмларни ўрганадиган илмий мактаблар очилгани бу борадаги ислоҳотлар кўлами нечоғлик катта миқёсга кўтарилганини кўрсатади. “Вақф” жамғармаси фаолиятининг йўлга қўйилиши диний-маърифий соҳа ривожида беқиёс аҳамиятга эга бўлди. Мамлакатимиздан ҳаж ибодатига борадиганлар сони тобора ошиб бораётгани, умра зиёратига бориш имконияти қувонарли даражада кенгайгани… Бу соҳада амалга оширилаётган, аҳамияти беҳад катта бўлган ишларни санаб адоғига етиш қийин. Куни кеча халқимиз яқин тарихимизда кузатилмаган бир хушхабарнинг гувоҳи бўлди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий давлатимиз раҳбари Фармонига кўра “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди. Ҳақиқатан, диний соҳа раҳбарининг давлат мукофоти билан тақдирланиши мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг янги юксалиш босқичига кўтарилаётгани исботидир. “Темур тузуклари”да ҳазрат Соҳибқирон Амир Темур мана бундай ёзган эди: “…саййидлар, уламо, машойих, оқилу донолар, муҳаддислар, тарихчиларни сара, эътиборли одамлар ҳисоблаб, иззату ҳурматларини ўрнига қўйдим”. Жамиятда исломий маърифатни юксалтириш ишига катта ҳисса қўшиб келаётган муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандийга кўрсатилган юксак эътибор бугунги кунда мамлакатимизда буюк Соҳибқирон Амир Темур бошқаруви анъаналари муносиб даражада давом эттирилаётгани исботидир. Зеро, олимларга кўрсатилган эҳтиром Ватан ва миллат, маърифат ва диёнат ривожига кўрсатилган эҳтиромдир. Муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари нафақат юртимиз ва Марказий Осиё минтақасида, балки дунё миқёсида эътироф этилган уламолардан бири, Ислом олами уюшмаси таъсис мажлиси ҳамда Бутунжаҳон уламолар кенгаши аъзосидир. “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллагани Ўзбекистон халқи учун ифтихор саналади. Муфтий ҳазрат қаламига мансуб “Тафсири Ирфон” туфайли она юртимиздан етишиб чиққан улуғ муфассирлар адади яна биттага кўпайди. “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Оилада фарзанд тарбияси” каби сара асарлари жамият маънавиятини юксалтириш ишига қўшилган муносиб ҳисса дейилса, муболаға бўлмас. Муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратларига мустаҳкам соғлик, жамият маънавиятини юксалтириш, диний-миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришдек эзгу ва савобли фаолиятларида ғайрат-шижоат ҳамда янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз. Нурбой ЖАББОРОВ, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти профессори, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети кафедра мудири, филология фанлари доктори 802
Бу дунёда инсоннинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир. Бу борада ҳар бир ўғлоннинг билим ва малакаси, ақлий салоҳияти, руҳий тайёргарлигини ошириш, уларда ватанпарварлик фазилатларини камол топтириш ўта муҳим аҳамиятга эгадир. Жорий йилнинг 6 январ куни Тошкент ислом институти талаба қизлари иштирокида “Ватанпарварлик” мавзусида Маънавият соати бўлиб ўтди. Суҳбатни талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова олиб борди. Унда куратор С.Валиева, АРМ кутубхоначиси И.Акмалова ва барча талаба қизлар иштирок этдилар. Суҳбат бошида З.Суярова ватанпарварлик руҳи ҳар бир фуқаронинг қалбидан жой олган бўлиши, Ватанни ҳимоя қилишда эркаклар билан бир қаторда аёлларнинг ҳам ўрни жуда муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Сўнгра суҳбатни куратор С.Валиева давом эттириб, ватанга садоқат ва уни асраб-авайлаш ҳақида ҳикматлардан намуналар келтириб изоҳлаб, ҳозирги кунда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда аёл-қизларнинг меҳнати нечоғлик муҳимлиги ҳақида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг, устоз ва талабалар ўртасида кутубхоначи И.Акмалова савол-жавоб ўтказиб, ватапарварлик мавзусида талаба қизларнинг фикрлари билан ўртоқлашди. “Ҳар бир буюк инсон ортида аёл туради” деган фикр қай даражада ҳақлигига аёллар инсониятнинг маънавий ва жисмоний шаклланишида қўшаётган ҳиссасини кўриб ишонч ҳосил қиламиз. Ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг бешинчиси хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларига бағишланган бўлиб, бу борада юртимизда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ташаббус илгари сурилганидан сўнг, институтимиз аёл-қизлари ҳам жамиятда аёл-қизлар ўртасида диний муҳитни яхшилар борасида ҳам турли хил суҳбатлар, мақола, ҳикоя ва таржималар билан кенг кўламли тарғиботлар ва лойиҳалар эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани, юртдошларимиз, хусусан, хотин-қизлар ҳаётида муҳим ўрин тутаётгани билан эътирофга лойиқ. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи, З.Суярова 1 150
Дарҳақиқат, инсон зоти борки турли мезон ва ўлчовлар орқали ҳар бир нарсанинг қийматини баҳолайди. Ана шундай буюк ўлчовлардан бири, яъни, ҳақиқий одамийликни белигиловчи буюк мезон – бу Ватанга муҳаббат туйғуси ва унга садоқат ҳисобланади. Зеро, улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг авлодидан бўлган аллома Масъудий қуйидагиларни айтади: “Инсонни оқил ва ҳидоятда эканлигининг аломатларидан бири унинг ўзи туғилиб ўсган жойига нисбатан эзгулик қилишга интилиб, яшаб турган жойига нисбатан оқибатли бўлишидадир”. Олимлар: “Инсонийлик ва аҳдга вафонинг аломатларига қуйидагилар киради; дўстларига меҳрли бўлиши, Ватанига муҳаббатли бўлиши, ўтган хатоларига пушаймон бўлиб, келажак учун ҳозирлик кўриши”, деб айтишган. Ҳақиқатан ҳам бир ўйлаб кўрадиган бўлсак, инсон ўз уйи, оиласи, ота-онаси, маҳалласига нисбатан муҳаббатли, садоқатли бўлмас экан ундан қандай қилиб бошқа бир шахс ё жамиятга яхшиликни кутиш мумкин. Демак, Ватанга содиқ бўлиш керак. Содиқ бўлиш эса Ватанга вафо қилиш, унинг моддий ва маънавий мулкини асраб-авайлаб, хиёнат қилмасликдир. Албатта, ер юзидаги одамзот борки, Аллоҳ томонидан тақсимланган ризққа рози бўлганлари ё ношукурлик қилганлари бор. Лекин, шундай бир тақсимот борки, барча унга бирдек рози бўлади бу ҳам бўлса она Ватандир. Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бу ҳақида: “Инсониятни Ватанидан кўра ризқ тақсимотида рози бўладиган бирор неъмат йўқ”, деб айтганлар. Энди табиий ҳолатда Ватан нима билан обод бўлади? деган бир савол пайдо бўлади. Бунга ҳакимларимиз: “Аллоҳ диёрларни уни севиш билан обод қилади”, деб жавоб беришган. Бу оддий бир ҳақиқатни англаб етганлар ва етмаганлар бор. Оддий мисол билан тушунтирсак. Мажнун Лайли учун ҳамма нарсага тайёр бўлади, борини беради. Энди Ватан эса сизу бизнинг ота-онамиздан, ёрга бўлган севгимизданда устун туради. Ўз даврининг улуғларидан бўлган, ақл-заковатда унча бунча эркакларни ҳам ортда қолдирадиган саҳобия Ҳинд розияллоҳу анҳо бир гапида: “Юртингнинг ҳурмати, ота-онанинг ҳурмати каби. (Ота-онангни қандай ҳурмат қилсанг, юртингни бунданда зиёда ҳурмат қилгин.). Зеро, сен улар туфайли озуқаланган бўлсанг. Улар ушбу диёрдан озуқалангандир.”, деб айтиб ўтган. Жумаладан Имом Муҳаммад Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ шундай деган эканлар: “Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу Ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Шунингдек, Ватандан кетганда уни соғиниш, Ватан камситилганда ғазабланиш, Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам Ватаннинг шу юртда туғилиб-ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир. Шу жаннатмакон Ватанда яшаяпмизми, унда тинч-тотувлик билан яшайлик, бунга шукрона қилайлик, илм излабми, тижорат мақсадидами, Ватандан сафар қилдикми, уни соғинайлик”. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам: «Агар Ватан севгиси бўлмаганда, юртлар хароб бўларди», деганлар. Юртни уни севганлар обод қилади, уни Ватан деб билганлар ҳимоя қилади. Энди эса бизнинг йўлбошчимиз ва башариятнинг энг аълоси бўлган зотнинг ҳаётига бир назар ташласак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлганда Хадича онамиз розияллоҳу анҳо у зотни Варақа ибн Навфалнинг олдига олиб борганлар. Кексайиб, кўзлари ожиз бўлиб қолган бу инсон Таврот, Инжилдан хабардор, охирзамон пайғамбарининг аломатларини биладиган, у зотнинг келишини кутиб юрган зийрак, заковатли зот эди. Варақа ибн Навфал Пайғамбар алайҳиссаломни гапларини эшитиб, «Қавмингиз сизни ёлғончига чиқаради, сизга азият беради, туғилиб-ўсган юртингиздан чиқариб юборишади», дейди. Олимлар ушбу ҳолатни Ватанга муҳаббатнинг ҳақлигига, Ватандан ажралишнинг машаққат эканлигига далил қилиб, шундай дейдилар: «Варақа ибн Навфал сизни ёлғончига чиқаришади деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни индамай эшитиб ўтирдилар, сизга азият беришади деганида эшитиб ўтирдилар. Аммо «Сизни юртингиздан қувиб чиқарадилар» деганида у зот тўлқинланиб...