Жорий йилнинг 13 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Татаристондаги хизмат сафарлари давомида Татаристон мусулмонлари идораси, мадрасалари ва масжидлари фаолияти билан яқиндан танишдилар, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Камил ҳазрат Самигуллин ва бошқа мутасаддилар билан ўзаро мулоқотлар ўтказдилар. Муфтий ҳазратлари Диний бошқарма иш фаолияти, мадрасаларда дарс бериш жараёнлари, кутубхоналар фонди, мударрисларнинг сабоқ бериш маҳорати ва талабаларга яратилган шарт-шароитларни бирма-бир кўздан кечирдилар. Маълумот ўрнида, Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси 1992 йилда Татаристон мусулмонлари қурултойи қарори билан ташкил этилган. Габдулла ҳазрат Галиуллин Татаристон мусулмонлари диний бошқармасининг биринчи раиси этиб сайланган. 1998 йилда Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган. 2013 йил апрель ойидан бошлаб, муфтий Камил ҳазрат Самигуллин Татаристон мусулмонлари диний бошқармасини бошқариб келмоқда. Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси бугунги кунда ўз таркибига 9 та қозиёт, 48 та туман муҳтасиблари, 1415 та масжид, 9 та мадрасани ўз ичига олади. Шунингдек, диний бошқарма Қозон ислом университети муассиси ҳамда Россия ислом институти ва Булғор ислом академияси ҳаммуассиси ҳисобланади. Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси услубий раҳбарлиги остида “Ҳалол” стандарт қўмитаси, Татаристон “Вақф” жамғармаси, Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси Ҳаж расмий ҳаж-оператори, “Закот” хайрия жамғармаси, “Ҳузур” нашриёт уйи ўз фаолиятларини олиб бормоқда. Томонлар учрашувлар давомида ўзаро тажриба алмашиб, бир-бирларига эсдалик совғалари топширдилар. Эслатиб ўтамиз, ушбу хизмат сафарида Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров ҳам иштирок этмоқда. 591
Абадий китоби бўлмиш Қуръони каримни бутун оламларни ҳидоят қилиш учун нозил қилган Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига муносиб ҳамду санолар бўлсин. Ушбу Китобни умматларига омонат ила етказиб, унга амал қилишни ўргатган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва муаттар салавоту дурудлар бўлсин. Пайғамбаримиздан Қуръони каримнинг бирор ҳарфини ўзгартирмай ўта аниқлик ила қабул қилиб, унга худди шундай аниқлик ва ихлос ила амал қилган саҳобаи киромларга Аллоҳнинг ризвони бўлсин. Қуръони каримга имон келтирган, уни ўргатган, ўрганган ва унга амал қилган ҳар бир мусулмонга Аллоҳнинг раҳмати, хайри ва баракаси бўлсин. Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир», дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти). Бу ҳадиси шарифнинг иборалари оз бўлгани билан маънолари, далолатлари кўпдир. Унда мусулмонларнинг яхшилари ҳақида хабар берилмоқда. Ҳадиси шарифнинг маъносидан келиб чиқадиган бўлсак, Қуръони каримни ўрганадиганлар мусулмонларнинг яхшиси бўлади. Қуръони каримни ўргатадиган мусулмонлар яхшиларнинг яхшисининг устози бўлади. Устоз эса ўз шогирдидан қанчалар устун туриши ҳаммага маълум. Мир Араб мадрасаси асрлар давомида алломалар, машҳур имом ва муфтийларни, фақиҳлар ва муҳаддисларни, қорию қурроларни етиштириб келган. Халқимиз, нафақат ўзбек халқи, балки собиқ иттифоқ таркибидаги барча халқларнинг маънавий, маърифий, эътиқодий, диний онг ва тушунчасини юксалишига ўз ҳиссасини қўшган буюк шахсларни етиштирган. Мадрасага ҳар йили 24 нафар талаба қабул қилинар эди. 2017 йил эса 48 нафар талаба қабул қилинди. Ана шу талабалар 4 гуруҳга бўлинган эди. Улардан бири Қуръони каримни ёдлашга иқтидорли ва қобилиятли талабалардан иборат “Таҳфизул Қуръон” гуруҳидир. Бу гуруҳда 12 та талаба бўлиб, улар режа асосида Қуръони каримни 4 йил давомида мустаҳкам ёд оладилар, инша Аллоҳ. “Таҳфизул Қуръон” гуруҳининг ташкил қилиниши неча йиллардан буён кутилаётган орзунинг рўёбга чиқиши бўлди. Чунки сўнгги йилларда Бухоро вилоятида Қуръони каримни тўлиқ, мустаҳкам ёд олган қориларга эҳтиёж сезиларли даражада эди. Масалан, вилоят масжидларида рамазон ойида таровеҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилиб бериш учун республикамизнинг бошқа вилоятлари (Андижон, Наманган ва Фарғона)дан қорилар таклиф қилинар эди. “Таҳфизул Қуръон” гуруҳининг ташкил қилиниши, ана шу камчилик ва нуқсоннинг ўрнини тўлдирадиган бўлди. “Таҳфизул Қуръон” гуруҳининг ўзига хос хусусиятларидан бири: талабалар ҳар куни эрталаб биринчи жуфтлик (пара) дарсни Аллоҳнинг каломини ўқиш, ёдлаш ва қалбларига жо айлаш билан бошлайдилар. Бу эса талабаларга кун давомида яхши кайфият, шижоат, илмга бўлган рағбат ва муҳаббатни бахш этади. “Таҳфизул Қуръон” гуруҳи талабалари ўртасида Каломуллоҳнинг биринчи ёдлаш учун мусобақа эълон қилинган эди. Ана шу мусобақада “Таҳфизул Қуръон” гуруҳи талабалари ўртасида Тўрақулов Абдураҳим бир йил давомида Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб мусобақа ғолибига айланди. Мир араб мадрасаси раҳбарияти тарафидан қиммат баҳо совғалар ва ҳомийлар томонидан икки миллион (2 000 000) сўм пул мукофоти Тўрақулов Абдураҳимга топширилди. Мир Араб мадрасасида Аллоҳнинг каломига мислсиз хизмат қилаётган, талабаларга қироат ва тажвид фанидан илм бераётган Акромов Мақсуд домла ва “Таҳфизул Қуръон” гуруҳининг раҳбари Тожиддинов Абдусамад домлаларга Аллоҳ таоло икки дунёда барча яхшиликларни берсин ва барча ёмонликлардан Ўз паноҳида асрасин. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Аъламбек Ҳикматов 651
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Аллоҳга ҳамд, Росулуллоҳга салавотлар бўлсин! Сўнг: Яқин кунлардан бери ернинг силкиниб қўйиш ҳодисаси кўп такрорланмоқда… Бу ҳодисалар ўз ўзидан бўлмаётгандир… Силкинишлар ер устидаги инсон қилмишларининг ер қалбидан чиққан изтироб инъикосидир, балки… Зилзилалар, офат ва балолар нима учун содир бўлади? Исломий манбаларда бу борада нималар мавжуд? Зилзила чоғида биз нималар қилишимиз лозим? Шу хусусда жуда қисқа шаклда хулосаларни ўрганиб чиқсак! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ер қимирлаши бўлгани саҳиҳ ривоятларда собит эмас. Фақат айрим танқидга учраган, санади саҳиҳ бўлмаган ривоятлар бор: Ибн Абу Шайба ўзининг “Мусаннаф”ида заиф мурсал санад билан Шаҳр ибн Ҳувшабдан ривоят қилади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Мадинада зилзила бўлди. Шунда у зот: “Албатта Роббингиз сизлардан қийинчилигингизни енгиллатишни истайди, шундай экан Унга ибодат қилиб қийинчиликларни кетказишини сўранглар!” дедилар. Бу ривоятдаги Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар, дейилган сўзни айни ўзини Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтгани ҳам ривоят қилинган. У зот Кўфада эканларида ер қимирлади, шунда: “Албатта Роббингиз сизлардан қийинчилигингизни енгиллатишни истайди, шундай экан Унга ибодат қилиб қийинчиликларни кетказишини сўранглар!” дейдилар. Ушбу ривоятда ҳам санад узулганлиги иллати бор. Буни Ибн Жарир Қатода розияллоҳу анҳудан деб келтирган. Қатода эса Ибн Масъудни кўрмаган. Иззуддин ибн Абдуссалом “Истизкор”да шундай дейди: “Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида зилзила бўлгани тўғрисида саҳиҳ йўл орқали ривоят собит бўлмаган. Шу сабабли зилзила бўлганида нима қилиш суннат экани маълум эмас”. Лекин зилзилалар бўлиши борасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан очиқ огоҳлантирувчи ҳадислар келган. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм қабз қилинмагунича, зилзилалар кўпаймагунича, вақт қисқариб, фитналар зоҳир бўлмагунича Қиёмат қоим бўлмайди!” Бу ҳадиси шарифдаги вақтнинг қисқариши унинг баракаси йўқолишига ишоради. Илмнинг қабз қилиниши кўтарилишига ишора. Яъни жаҳолат ёйилиб, илм кўтарилади. Зилзила эса зоҳир маънога кўра ернинг қимирлашидир. Аммо айрим уламолар бу ҳадисдаги зилзила калимасини ер устида содир бўладиган фитналар дея тафсир ҳам қилишган. Лекин бу каби ҳадислардаги зилзила калимасининг маъноси зоҳирий экани қувватлироқдир. Имом Бухорий ушбу ҳадисни айнан “Фитналар боб”ида келтиришдан мақсади ҳам зилзила калимаси зоҳирий маънода эканини қувватлаш учун бўлган. Ибн Ражаб буни алоҳида таъкидлаган ва зилзиланинг фитна маъноси ҳам борлигини айтиб, лекин тўғрироғи ернинг қимирлаши, чунки фитна бобида фитнани зикр қилиниши яна алоҳида таъвил билан уни зилзила дейишга эҳтиёж қолдирмайди, деган. “Қиёмат соати олдидан ўлим шиддатла кўпаяди, ундан кейин зилзила йиллари бўлади”, дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ривоятда. Буни Имом Аҳмад Салама ибн Нуфайл Сукунийдан ривоят қилган. Зилзила борасидаги ҳадислардан тушуниладиган маъно шуки, Аллоҳ таоло бу каби жараёнлар орқали Ўз бандаларини огоҳлантиради. Қуръони каримда марҳамат қилади: “Биз оят белгиларни фақат қўрқитиш учунгина юборурмиз”. (Исро 59) Моддапарастлар бу каби ҳодисаларни метофизик жараёнлар, дейишади. Иймон аҳли эса ушбу қонуниятлар албатта унинг яратувчиси бўлган Зотга бўйсинишини билади. Аллоҳ таоло ушбу аломатлар ила бандаларини огоҳлантиради, исён аҳли тавбага шошилиши, туғён аҳли истиғфорга юзланиши лозим бўлади. Ҳаргиз Ҳақ таоло бандаларига зулм қилмайди, ҳақиқий золимлар бандаларнинг ўзидир. “Улардан ҳар бирини гуноҳи туфайли тутдик. Бас, улардан баъзилари устига тош ёғдирдик, баъзиларини қичқириқ ушлади, баъзиларини ерга ютдирдик ва баъзиларини ғарқ қилдик. Аллоҳ уларга зулм этгувчи бўлмади, лекин улар ўзларига зулм этдилар”. (Анкабут 40) Ислом тарихида илк ер қимирлаши Умар...
Жорий йилнинг 12 март куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом: Моҳият ва Талқин. Фитна хатари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Тошкент ислом институти Матбуот хизмати котиби Аброр Мухтор Али ва институтнинг 1-курс талабалари иштирок этди. Тадбирда устоз сўзга чиқиб, фитна ва уинг хатари ҳақида батафсил гапирди. Дин душманлари томонидан қилинган турли даврлардаги фитналар ва унинг оқибатларига тўхталди. “Бугунги кунда баъзилар айтганидек, биз мусулмонлар ҳаётнинг ҳар бир соҳасида орқада қолган эмасмиз. Оила ва жамият масалаларида бугун Европа мусулмонларга ҳавас қилишади”, деди Устоз. Шунингдек, Исломнинг фикрий майдондаги устунлигини мўғилларнинг исломни қабул қилиши мисолида ҳам кўриш мумкинлиги зикр қилинди. Қизғин ва мазмунли тарзда ўтган суҳбат давомида талабалар Устоздан бугунги кундаги интернет тармоқларида авж олаётган фитналарга нисбатан қандай муносабатда бўлиш ҳақида қимматли тавсиялар олди. “Ҳозирги кунда интернетда ўзларини дин ҳимоячиси қилиб кўрсатаётган ва ҳар тарафга бонг ураётганлар мақсади дин эмас, аксинча, фитна уруғини сочишдир. Бундан огоҳ бўлиш керак”, дея таъкидлади Устоз. Тадбир сўнгида динимиз софлиги йўлида хизмат қилиб ўтган зотлар, хусусан ўзбек халқи фарзанди, дин ва миллат фахри Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларига Хатми Қуръон қилинди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 608