islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Рамазон ҳайити арафасида Президент фармони билан 226 киши афв этилди

12 июнда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Фармонни имзолади. Фармонга мувофиқ илк маротаба муборак Рамазон ҳайити муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқаро афв этилди. Афв этилган шахсларнинг 102 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 71 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 39 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади, бошқача қилиб айтганда, 212 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинади. Шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади. Афв этилганларнинг 40 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 39 нафарини чет эл фуқаролари, 37 нафарини аёллар, шунингдек, 51 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади. Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларнинг муборак Рамазон ойида янада юксак намоён бўлганлигининг амалий ифодасидир. Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди. Манба: Kun.uz 135

Муфтий Равиль ҳазрат Панчеев: Ўзбекистонда ислом маънавиятининг тарихий ҳақиқатлари қарор топмоқда

Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришган илк кунлардан бошлаб, муқаддас ислом дини буюрган бағрикенглик, саховат, мурувват каби амалларга ҳамоҳанг тарзда ўзбек заминидан етишиб чиқиб, жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган машҳур алломалар меросига таянган ҳолда, бу юртда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш бўйича кенг кўламли ишларни олиб бормоқда. Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатиб боряпмиз. Бинобарин, қалби пок ниятларга йўғрилган кўпчилик инсонлар қатори Санкт-Петербург ва Россиянинг Шимоли-Ғарбий минтақаси мусулмонлари Диний бошқармаси жамоаси, унинг тимсолида шу ҳудудда ислом динига эътиқод қилувчи барча фуқаролар теран тафаккурга асосланиб олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда уларнинг самараларини юксак баҳолайди. XXI асрда инсоният терроризм деган манфур иллат билан тўқнаш келди. Мана шундай шароитда Ўзбекистон раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг юксак минбаридан туриб дин ниқоби остида амалга оширилаётган жиноий хатти-ҳаракатлар негизида жаҳолат, диний ва дунёвий саводсизлик ётганини қатъий таъкидлади. Жаҳолатга қарши эса фақат маърифат орқали курашиш самара келтириши мумкин. Шавкат Мирзиёев халқпарвар ҳамда тинчликсевар сиёсатчи сифатида ёш авлодни ана шундай ёт қарашлардан муҳофазалаш учун барчани ҳамкорликда ҳаракат қилишга чақирди. Унинг “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деган фикрларини қатъий қўллаб-қувватлаймиз. Шу маънода, ислом динининг туб моҳиятини тушунтириш, ёшларни буюк алломаларнинг бой мероси билан таништириш, маърифатли ислом ғоясини кенг ёйиш мақсадида бевосита Президент ташаббуси билан Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарёда Имом Термизий маркази, Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил қилингани беқиёс аҳамият касб этади. Гўри Амир андозасидаги масжид Бизни бу кўҳна ҳамда мўътабар замин билан кўп муқаддас ришталар боғлаб туради. Хусусан, XIX аср охири — XX аср бошларида бизнинг Санкт-Петербургда биринчи ва энг кўҳна ҳамда катта собор масжиди барпо қилинган. Бу хайрли ишга Бухоро амири ҳам хайрия маблағи билан ҳисса қўшган экан. Яна бир эътиборли томони, шаҳримиздаги мазкур муқаддас маскан учун Самарқанддаги Гўри Амир мақбараси андоза қилиб олинган. Бу борада тақдим этилган 45 та лойиҳадан унга энг яқин келадигани танлаб олинган. Аммо ўтган асрнинг 50-йилларида мазкур масжид ҳудудининг бир қисми тураржой бинолари қуриш учун ажратилиши натижасида унинг майдони қисқариб қолган. Вақт ўтиб унинг қумдан қилинган минора гумбази муттасил совуқ об-ҳаво ва ёғингарчиликлар туфайли тўкилиб тушди. 1978 йилда эса трамвайнинг рельсдан чиқиб кетиб бинога урилиши оқибатида гумбазнинг маълум бир қисми қулаб, масжидни реставрация қилиш эҳтиёжи кун тартибига чиқди. 1970 — 1980 йилларда молиявий аҳвол мураккаб ҳолатда эди. Ҳар нарса вақти-соати билан деганларидек, отам (у киши ҳақида қуйида сўзлаб бераман) ана шу камчиликни бартараф этиш учун маблағ топа олган. Бу йўлда об-ҳаво шароитларига мос тушадиган гумбаз макети тайёрланиб, мутахассислар гуруҳи ташкил қилинган. Сопол пишириш учун техник чиннидан печлар тайёрланган. Унинг муқобили ҳозир ҳам дунёнинг ҳеч бир ерида учрамайди. Шу тариқа Гўри Амирнинг Санкт-Петербургдаги “эгизаги”га эътибор асло сусаймади. Шаҳар раҳбарияти, хусусан, губернатор Сергей Полтавченко томонидан масжид минтақавий даражадаги меъморий ёдгорликка айлантирилди. Бунинг учун бюджет маблағлари ҳам йўналтирилди. Ана шундай улуғ даргоҳ қурилишида ўз ҳиссасини қўшган, Гўри Амир мақбараси андозасидан фойдаланиш имконини берган ўзбек халқидан доим миннатдормиз. Етук инсонлар дуоси Ўзбекистон билан...

РАМАЗОН ҲАЙИТИНИ НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА

Халқимиз маънавий ҳаёти, миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ажралмас бир қисми бўлган, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини яққол ифода этадиган Рамазон ҳайитини муносиб нишонлаш, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак инсоний фазилатларни камол топтириш мақсадида: 1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 15 июнь жума кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги 5290-сонли Фармонига мувофиқ 2018 йил 15-17 июнь кунлари – Рамазон ҳайитининг биринчи уч куни байрам сифатида кенг нишонлансин. 2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширсин. 3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин. 4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ Тошкент шаҳри, 2018 йил 11 июнь 231

Дунё шарқшунослари Ўзбекистон Президентига очиқ мурожаат йўллашди

2018 йининг 6-8 июнь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресси иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат йўллашди. Бу ҳақда uz24.uz сайти хабар бермоқда. Мурожаатда давлатимиз раҳбарининг фан ва маданиятни ривожлантириш, ўзбек маданий меросини асраб-авайлашга қаратилган ишлари юқори баҳоланади ҳамда Президент томонидан ушбу доирада олиб бориладиган барча ишлар бутун дунё олимлари томонидан қўллаб-қувватланиши изҳор этилади. “Бу янгича халқаро ташкилот ўзбек тарихи ва маданиятига қизиқувчи барчани бирлаштириши ва қадимий Ўзбекистоннинг маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш бўйича олиб бораётган ташаббусларингизга ёрдам беришига ишонамиз”, дея ўз фикрларини баён қилишади Конгресснинг хорижлик ва ватандош қатнашчилари Президентга йўллаган мурожаатномасида. Қуйида ушбу мурожаатномани тўлиқ ҳолда келтирамиз: “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевга “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресси қатнашчиларидан очиқ мурожаат Ҳурматли Жаноб Президент! “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресс қатнашчилари номидан Сизнинг янги Ўзбекистонни яратишга қаратилган серғайрат фаолиятингизга чуқур ҳурмат билдиришга рухсат бергайсиз. Бугун Санкт-Петербургдаги Иккинчи халқаро конгресс давомида биз Ўзбекистондаги туб ислоҳотлар ва фундаментал фан ва маданиятни ривожлантириш йўлидаги Сиз олиб бораётган ишларнинг янги натижалари билан танишиш имкониятига эга бўлдик. Айниқса, биз ўзбек халқининг бой маданий меросини сақлаб қолишга ва бу орқали бутунжаҳон цвилизациясига ҳисса қўшишга қаратилган Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз бизга жудаям маъқул келди. Биз Ислом динини тинчлик ва бағрикенглик дини эканлигига қаратилган концепциянгиздан яхшигина хабардормиз ва биз Сизнинг уни амалга оширишга қаратилган ташаббусингизни қўллаб-қувватлаймиз. Сиз қўллаб-қувватлаган “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳа ўзбек халқининг маънавий бойлигини ўрганиш ва оммалаштириш йўлидаги муҳим ютуқ бўлди. Унда Ўзбекистон халқи тарихи билан боғлиқ санъат ашёлари, қўлёзмалар ва ҳужжатларни тўплаш, ўрганиш ва нашр этиш кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида 15 та китоб-альбом нашр этилди ва 20 тадан ортиқ ҳужжатли фильмлар суратга олинди. Лойиҳа ўзида ўз илмий мактабини ривожлантираётганЎзбекистон илмий жамоасининг саъй-ҳаракатларини, шунингдек, Россия, Буюк Британия, Франция, Германия, Чехия, АҚШ, Япония, Туркия ва бошқа кўплаб мамлакатлар илмий жамоасини бирлаштирди. 2017 йилнинг май ойида Тошкент ва Самарқандда дунёнинг 300 дан ортиқ олимлари иштирокида “Ўзбекистон маданий мероси: халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Биринчи Халқаро Конгресси бўлиб ўтди. Биз мазкур лойиҳа халқлар ва мамлакатлар ўртасида ўзаро ҳаммаслакликни мустаҳкамлаши, шунингдек, юртингиз маданий имиджини янада юксакларга кўтаришига ишонамиз. Бугун Санкт-Петербургда ўтказилган Халқаро конгресс Ўзбекистоннинг маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти тузилиши билан янада самарали бўлди. Ишонамизки, Ўзбекистон тарихи ва маданияти йўлида барчани бирлаштирадиган бундай халқаро ташкилотнинг ташкил этилиши сизнинг қадимий Ўзбекистон маданий меросини келажакда оммалаштириш йўлидаги сермашаққат саъй-ҳаракатларингизга ишончли кўмакчи бўла олади. Сизга мустаҳкам соғлик ва мустақил Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнашини тилаймиз. Ўзбекистоннинг маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти қатнашчилари томонидан қабул қилинди. Санкт-Петербург, 2018 йил, 8 июнь» Манба: Uz24.uz 140

Олий ва ўрта махсус ислом билим юртларига 2018-2019 ўқув йили учун қабул эълон қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртларига 2018-2019 ўқув йили учун қабул эълон қилади. Ўрта махсус ислом билим юртларига 2018 йилнинг 15 июнидан 5 июлигача абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинади. Мазкур билим юртларига “Ўрта махсус ислом таълим муассасаларига абитуриентларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ умумий ўрта таълимни (11-синф базасида) тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатнома (аттестат) ёки академик лицей, касб-ҳунар коллежи дипломига эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари танлов асосида қабул қилинади. Қабул квоталари қуйидагича: “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Тошкент ш., (0371) 244-48-27; 30 нафар (ўғил болалар учун). Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Китоб шаҳри (0375) 54-27-425; 30 нафар (ўғил болалар учун). Саййид Муҳйиддин махдум ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Андижон ш., (+99895) 201-68-70, (0374) 228-00-91; 30 нафар (ўғил болалар учун). “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Наманган шаҳри (0369) 226-60-60; 30 нафар (ўғил болалар учун). “Мир Араб” ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Бухоро ш., (0365) 224-10-11; 30 нафар (ўғил болалар учун). Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Урганч ш., (+99895) 606-92-55, (+99895) 602-92-57; 30 нафар (ўғил болалар учун). Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Нукус ш., (0361) 229-03-26, 229-03-20; 30 нафар (ўғил болалар учун). Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Тошкент ш., (0371) 299-24-11; 20 нафар (аёл-қизлар учун). “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Бухоро ш., 221-77-44; 20 нафар (аёл-қизлар учун). Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасига 2018 йилнинг 15 июнидан 10 июлигача абитуриентлардан ҳужжат қабул қилинади. Мазкур таълим муассасаларига “Олий таълим муассасаларига абитуриентларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртини битирганлиги ҳақида дипломга эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари танлов асосида қабул қилинади. Қабул квоталари қуйидагича: Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Тошкент ш., (0371) 227-23-47; 42 нафар (ўғил болалар учун); 8 нафар (аёл-қизлар учун). Мир Араб олий мадрасаси, Бухоро вилояти, Когон тумани (+99895) 604-45-97; 25 нафар (ўғил болалар учун).  Шунингдек, Тошкент ислом институтининг махсус сиртқи бўлимига 2018 йилнинг 15 июнидан 30 июнигача абитуриентлардан ҳужжат қабул қилинади. Махсус сиртқи бўлимга ўрта махсус ислом билим юртларини тамомлаганлиги тўғрисидаги ҳужжатга (диплом) эга бўлган, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 5 йил иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади. Махсус сиртқи бўлимнинг қабул квоталари тўғрисидаги маълумот қўшимча эълон қилинади. ЎМИ Матбуот хизмати Манба: Muslim.uz 162
1 1 295 1 296 1 297 1 298 1 299 1 433