Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти янги логотипини ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилинган эди. Танлов шартларига кўра логотип 3 тилга (ўзбек, араб инглиз) мослаштириши ва islom-instituti@umail.uz электрон почтасига жўнатилиши керак эди. 12 июнга қадар мазкур электрон манзилга 24 та график маълумотлар етиб келди. Институтнинг ўқитувчи ва ходимларидан иборат ҳайъат аъзолари – институт йўналиши, қадриятлари ва илмнинг аҳамиятини акс эттириши; – Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ номи логотипда тасвирланиши; – логотип ғоясининг теранлиги ва лўндалиги; – логотип босма ва нобосма материаллар, брендлаштирилган маҳсулот ва корпоратив совғаларига мослашувчанлиги; – логотип креативлиги асосида логотипларни баҳоладилар. Танлов якунларига кўра энг юқори баҳо олган учта логотип ғолиб деб топилди. Натижалар қуйидагича: 1- ўринни Аброр Низомиддинов 2- ўринни Жўрабек Ўринбоев 3- ўринни Ниёзалиева Мунавварлар эгалладилар. Ғолиблар Рамазон ҳайитидан сўнг ташкилотчилар томонидан институтга таклиф этилади! Эслатма! Мазкур ишларни янада такомиллаштиришда ҳайъат аъзолари ғолиблардан намуналари устида ишлашни тавсия этади. 304
12 июнда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Фармонни имзолади. Фармонга мувофиқ илк маротаба муборак Рамазон ҳайити муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқаро афв этилди. Афв этилган шахсларнинг 102 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 71 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 39 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади, бошқача қилиб айтганда, 212 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинади. Шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади. Афв этилганларнинг 40 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 39 нафарини чет эл фуқаролари, 37 нафарини аёллар, шунингдек, 51 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади. Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларнинг муборак Рамазон ойида янада юксак намоён бўлганлигининг амалий ифодасидир. Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди. Манба: Kun.uz 293