islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

“Сузук ота” мақбараси ва жоме масжидининг атрофини ободонлаштириш ишлари давом этмоқда

2017 йилнинг 26 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Сузук ота” мақбараси ва жоме масжидида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Давлатимиз раҳбари “Ушбу масжид ва мақбара маънавиятимизни яна-да юксалтиришга, юртимизда эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилиши керак. Бу ерда ҳунармандлар маркази ва кутубхонаси ташкил этиш лозим”, деган эдилар. Ушбу топшириқ ва кўрсатмалар асосида бу ерда ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлган. У зот Аҳмад Яссавий ҳазратларининг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Болалик чоғида бобоси уни эркалаб “Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!”, дегани боис атрофдагилар ҳам уни шу исм билан чақира бошлаган. Сузук ота юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатган. Тарихий манбаларда ёзилишича, Амир Темур Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган. Ушбу ноёб тарихий-меъморий обидадан эл 1936 йилгача фойдаланиб келинган. Шундан кейин, то мустақилликкача бўлган давр мобайнида турли корхоналарнинг цехлари фаолият юритган. Натижада, тарихий обиданинг ноёб ва нафис қиёфаси йўқолиб харобага айланган. Мустақиллик шарофати сабаб, масжид биносидан корхоналар кўчириб юборилди ва масжидни тиклаш ишлари бошланди. 1998 йил бошида масжиднинг хонақоҳ қисми таъмирланиб, расман фаолият юрита бошлади. – Мустафоқул яъни Сузук ота падари бўлмиш Аҳмад ал-Қорачуғай Шайхнинг йўлланмаси билан бу маҳаллага келиб, турғун бўлиб яшаб қолган, – дейди “Сузук ота” жоме масжиди имом-хатиби Аюбхон Суфиев. – У кимсасиз, тепалик ва жарликлардан иборат бўлган ерларни ўзлаштириш, обод қилиш учун туғилган юртидан қорилар, уста-ҳунармандлар ҳамда яқин биродарларини олиб келиб, уй-жойлар қурдириб, барчага бошпана қилиб берган. Кенг оммага илм ва ҳунар ўргатган. Мазкур маҳаллани хўжалар маҳалласи, баъзан усталар маҳалласи, деб ҳам аташган. Кейинчалик бу маҳаллага кароматлар соҳиби, аҳолининг доно маслаҳатгўйи, ҳунармандлар устози, толибларнинг пир-муршиди бўлган Сузук ота номи берилган. Ҳозир ҳам маҳалла аҳолиси ҳунармандлик, дурадгорлик, ўймакорлик билан шуғулланади. Таъкидланишича, мазкур маҳалла тор кўчалардан иборат маскан эди. Бу ерда Сузук отанинг мақбараси борлигини кўпчилик билмаган. Ҳозирги кунда Туркияда унинг муридлари яшайди. Мана шу маскан фойдаланишга топширилса, улар Сузук отани зиёрат қилгани келади. Нафақат Туркия балки бутун дунёдан зиёратчилар оқиб кела бошлайди. “Сузук ота” жоме масжиди имом-хатиб Аюбхон Суфиевнинг сўзларига кўра, Президентимиз топшириғи билан масжид атрофига қўшимча айвонлар қурилди. Унинг хонақоҳи 2 минг кишига мўлжалланган. Мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Бундан ташқари, бу ерда 30 та ҳунармандлар уйи ва улар учун устахоналар қурилди. Ҳозирда йўлларга асфальт ётқизилиб, автомобиль тураргоҳи тайёрланмоқда. Тез орада мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш ишлари якунланади. Манба 913

Қуръони каримни тeз ва осон ёдлашда замонавий инновацион ёндашувлар (2-қисм)

Агар биз бир кунда, узлуксиз эмас, балки орада дам олиб, умумий беш соат ажратсак, ярим пора (ўн – 10саҳифа) ёдлашга имкониятимиз бўлади. Қўшимча яна ярим соат ажратиб, олдин ёдлаган пораларимиздан ҳар куни бир пора ўқишни одат қилсак, ёдланган поралар ёддан кўтарилиб кетмаслигини таъминлайди. Худди шу тарзда давом этсак, икки ойда Қуръонни тўлиқ ёд олишга эришамиз иншаАллоҳ (Қуръонни бундай тез фурсатда ёд олиш институтимизнинг бир нечта талабалари мисолида кузатилган). Иккинчи марта такроран ёдлашда, ҳар куни бир порани белгилаб олиб, ҳар бир саҳифани беш марта мусҳафга қараб ва беш марта ёддан ўқилади. Сўнгида порани тўлиқ жамлаб уч марта ўқилади. Бунга тахминан олти-етти (6-7) соат вақт сарфланади. Устозга топшираётганда ҳар сафар биринчи порадан бошлаб топшираверади, то ўн пора бўлгунга қадар. Кейин, ўн пора бўлганда, худди шу тарзда, аммо бу сафар ўнинчи порадан такрорни бошлайди, то биринчи порага етгунча (яъни тескари томонга қараб юрилади). Ҳар ўн порани алоҳида, шу услубда такрорланади. Ўттиз порани тугатишга яна икки ой вақт сарфланади. Учинчи такрорда эса, худди шу жараённи ҳар куни икки порадан давом эттирилади. Ҳар бир саҳифа уч марта қараб ва уч марта ёддан, кейин порани жамлаб бир марта қараб ва бир марта ёддан ўқилади (жами 6-7 соат). Ҳар ўн пора бўлганда, тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади. Ўттиз порани тугатишга бир ой вақт сарфланади. Тўртинчи такрорда, ушбу жараён тўрт порадан давом этади. Ҳар бир саҳифа бир марта қараб ва бир марта ёддан ўқилади. Порани жамлаб бир марта ўқилади (жами-7 соат). Ҳар ўн пора бўлганда, тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади. Ўттиз пора учун жами ўн беш – йигирма (15-20) кун керак бўлади. Бешинчи такрорда, беш порадан (бир марта қараб ва бир марта ёддан такрорлаб топширилади), жами олти кун давом этади. Ҳар ўн пора бўлганда, тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади. Бошидан ҳисобланса барчаси бўлиб олти ой сарфланади. Олтинчи такрорда, бир кунда ўн порани, биринчи порадан бошлаб ўнинчи порагача мусҳафга қараб бир марта ўқилади, иккинчи мартасида ёддан топширилади. Эртасига эса худди шу шаклда, аммо ўнинчи порадан бошлаб, сўнг тўққизинчи, саккизинчи, ва ҳоказо то биринчи порагача, тескари тарафдан бошлаб ёддан топширилади. Бу – пораларнинг рақамларини яхши эслаб қолиш учун жуда фойдали. Ҳар ўн порани худди шу тарзда такрорланади. Ўттиз пора учун олти кун вақт сарфланади. Еттинчи такрорда, худди олтинчи такрордаги каби жараён ўн беш порадан такрорланади. Ўттиз пора учун жами тўрт кун вақт кетади. Охирги – саккизинчи такрорда, бир кун мобайнида фақат Қуръонга қараб ўттиз порани тўлиқ хатм қилади. Кейин, орада бир кунлик танаффус қилиб, мияга дам берилади ва учинчи куни Қуръони каримни бир ўтиришда тўлиқ ёддан ўқиб топширилади. Яна бир кун танаффус қилинади. Сўнгра Қуръонга қараб иккинчи бор тўлиқ хатм қилинади. Сўнгра яна бир кун дам олиб, кейин Қуръони каримни бир ўтиришда тўлиқ ёддан, фақат бу сафар ўттизинчи порадан бошлаб биринчи порагача тартиб билан ёддан топширилади. Бу жараён учун бир ҳафта вақт сарфланади. Умумий ҳисобланса, олти ярим ой ичида Қуръони каримни комил ёд олиш имкони бўлади (иншаАллоҳ). Маълумот ўрнида, ушбу услуб – Саудия Арабистони, Туркия, Малайзия, Мавритания, Тунис, Жазоир Қуръон мадрасаларида фойдаланилаётган бир қанча услублар жамланмасидан тузилди. 4-курс талабаси Йўлдошбек қори Нуриддинов 805

Имом Термизийга муносиб авлод бўлайлик!

Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида “Февраль ойи – Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” фан ойлиги муносабати билан 2019 йил 28 феврал куни “Имом Термизийга муносиб авлод бўлайлик!” шиори остида ҳадис ва мусталаҳул ҳадис фани бўйича мусобақа ўтказилди. Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси котибият бўлими мудири М.Ҳомидов ҳамда мутасадди раҳбарлар ва устоз-мураббийлар ташриф буюришди. Тиловати Қуръон ва дуои хайрдан сўнг институтнинг ўқув ва илмий ишлар бўйича проректори У.Ходжаев нутқ сўзлаб, тадбирни очиб бердилар. Мусобақа иккинчи курслар ўртасида бўлиб, 3 та жамоа иштирок этди. Мусобақа тўрт шартдан иборат бўлиб, уч жамоадан ҳар бир шарт бўйича берган жавоблари ҳакамлар томонидан холисона баҳолаб борилди. Мусобақа бошидан охиригача қизғин тус олди. Гуруҳ иштирокчиларининг мусобақага яхши тайёргарлик кўрганлари томошабинларга ҳам яққол намоён бўлди. Мусобақа натижаларига кўра, “Бухорий авлодлари” гуруҳ иштирокчилари 190 балл тўплаб, биринчи ўринга; “Термизий авлодлари” гуруҳ иштирокчилари 177 балл тўплаб, иккинчи ўринга ва Доримий авлодлари гуруҳ иштирокчилари 168 балл тўплаб, учинчи ўринга сазовор бўлишди. Ғолиб гуруҳ  ва мусобақада фаол иштирок этган гуруҳларга институт ҳамда ҳомийлар томонидан эсдалик совғалар тақдим этилди. Шунингдек, тадбир сўнгида фан ойлиги муносабати билан ўтказилган Имом Нававийнинг “Арбаин” асаридаги ҳадисларни ва ҳадис истилоҳларига ҳақида Умар ибн Муҳаммад ибн Байқунийнинг “Манзуматул Байқунийя” асаридаги байтларни тўлиқ ёдлаб берган талабалар, савол-жавоб ва мақолалар танлови ғолиблари ҳам тақдирландилар. Тадбир институт “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Абдурасул Ташпўлатовнинг нутқи ва хайрли дуолари ила якунланди. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Ю.Абдураҳимов 939

Одамларнинг орасини ислоҳ қилиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. Исломда мусулмон киши ўзи тўғри йўлдан юриб, зарарли нарсалардан четда туриб, фақат ўзини-ўзи тузатиш билан овора бўлиб қолишга яхшилик деб қаралмайди. Балки ҳақиқий мусулмон одамлар орасида ҳам ислоҳ ишларини олиб бориши зарур. Одамлар орасини ислоҳ қилиш, мусулмончилик ғояларидан биридир. Чунки икки шахс орасидаги адоват бориб-бориб икки тараф орасидаги адоватга айланиши турган гап. Кўпчилик халқлар ўзаро келишмовчилик натижасида бир неча жамоаларга бўлиниб кетади, улар орасида келишмовчилик авж олиб, ҳатто беҳуда қон тўкилишига ҳам сабаб бўлади. Одамлар орасини ислоҳ қилиш олий даражадаги инсоний сифатлардан бўлиб, бу нарса фақат пок қалблардан чиқади. Одамларнинг орасини тузатиш, ҳар бир жамиятга кўп яхшилик ва манфаатлар келтиради, унинг аъзоларини жипслаштиради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ мўминлар орасини ислоҳ қилишга буюрган. «Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг» («Ҳужрот» сураси, 10-оят). Қуръон, шунингдек, эр-хотин орасини ислоҳ қилишга ҳам чақирган: «Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради» («Нисо» сураси, 35-оят). Аллоҳ одамлар орасида ислоҳ қилиш савобини баён қилиб шундай дейди: «Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз» («Нисо» сураси, 114-оят). Манба: Islom.uz 944

ЧАҚИМЧИЛИК

Аллоҳ таоло буюк китоби бўлмиш Қуръони каримда: “Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир” (Ҳужурот, 12), – деб марҳамат қилди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Орангиздаги ахлоқи энг яхши кишиларни, оиласига нисбатан ўз вазифасини ўринлатиб адо қилувчиларни, улфат орттирган ва ўзи ҳам кўпчиликка улфат бўла олган кишиларни Аллоҳ яхши кўради. Ундан бунга гап ташувчи, одамлар орасини бузувчи ва тўғри кишиларнинг айбини қидирувчи кимсаларни эса, Аллоҳ яхши кўрмайди”. Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири – чақимчилик ҳисобланади. Чақимчилик, гап ташиш ҳеч ким хуш кўрмайдиган ва айб ҳисоблайдиган бир хусусиятдир. Ҳозири кунда бу иллат “баъзи” инсонлар орасида шу даражада кўп тарқалганидан гап ташишларини ўзлари ҳам англаб етмайди. Ва яна “чақимчилик бўлмасин-у” ёки “ғийбат бўлмасин-у” деб ҳам қўшиб қўйишади. Ҳар соҳага жуда аҳамиятли бўлган динимиз бизга бу каби иллатлардан сақланишни ўргатади. Жумладан, оятдаги: “Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи” жумласида аввал билмай гуноҳ қилиб, кейин ўз гуноҳига афсусланиб, тавба қилган кимса учун Аллоҳнинг фазли карами кенг эканлигига далолат қилади. Ҳасан Басрий, Аллоҳ улардан рози бўлсин, айтадиларки: “Ким сенга гап етказса, билгинки, сенинг гапингни бошқага ҳам етказади”. Шунингдек, агар бирор кимсани чақимчилик қилаётган ҳолатида кўрса, уни дарҳол бу ишдан қайтариш кераклиги ва бу каби ёмон ишдан қайтаришлик вожиблиги динимизда таъкидланган. Нақл қилинадики, бир одам ҳикмат аҳлидан бўлган бўлган кишининг олдига 7 масала юзасидан 700 фарсах йўл юриб бориб, у кишига дедики: “Менга айтинг-чи: – Осмонлардан каттароқ ва оғирроқ нарса борми, бўлса нима у? – Ердан кенгроқ нарса борми, бўлса у нима? – Тошда қаттиқроқ нарса борми, бўлса у нима? – Оловдан қизғинроқ нарса борми, бўлса у нима? – Қаҳратон қишдан совуқроқ нарса борми, бўлса у нима? – Денгиздан ҳам бойроқ нарса борми, бўлса у нима? – Етимдан ҳам хорроқ зот борми, бўлса у ким? деб сўраса, донишманд шундай жавоб берди: -Ор-номусли кишига туҳмат қилмоқ осмондан ҳам катта ва оғирроқ; – Ҳақиқат ердан ҳам кенгроқ; – Иймонсизнинг қалби тошдан ҳам қаттиқроқ; – Ҳирс ила ҳасад оловдан ҳам қизғинроқ; – Ночор қолиб, қариндошга бош уриб бормоқ қаҳратон қишдан ҳам совуқроқ; – Қаноатли қалб денгиздан ҳам бойроқ; – Чақимчи, туҳматчилар фош бўлганда етимдан ҳам хорроқ бўладилар”. Аллоҳ таоло барчамизни ёмон иллатлардан узоқ қилсин! 2-курс талабаси Ғофурова Омина 1 275
1 1 303 1 304 1 305 1 306 1 307 1 550