islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

«Ҳамма ўз йўлига кўра амал қилур» ёхуд Қуръони каримдаги энг умидбахш оят

Ривоят қилинишича, Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Қуръони Каримдаги энг умидбахш оят бу – “Айт: “Ҳар ким ўзига мувофиқ тарзда амал қилур. Парвардигорингиз тўғри йўлдаги зотларни жуда яхши билур”  (“Исро” сураси, 84-оят), оятидир, деган эканлар – “зеро, банданинг ҳолига мос келадиган нарса исён бўлса, Роб таолога мос келадиган нарса ғуфрондир”. Мулла Рамазон Бутий роҳимаҳуллоҳ Атоуллоҳ Искандарийнинг «ал-ҳикам ал-атоийя» номли ҳикматлар мажмуасига ёзган шарҳида юқоридаги ояти каримадан таъсирланиб, Аллоҳга қуйидагича муножот қилади: “Роббим, … эртага ҳузурингга борганимизда биздан: “мен сени қоим қилиб қўйганим дунёдан ҳузуримга нима билан келдинг?”, деб сўрасанг, жавобимиз шундай бўлади: “Ҳузурингга марҳаматингга бўлган тоғдек умидим билан келдим… Фазлу карамингдан насибадор бўлиш орзуси ила келдим… Убудиятимдан бўлак ҳеч нарсасиз, қашшоғу фақир, очу яланғоч бўлиб келдим… Зотан, убудиятим ва қуллигим менинг йўғу борим, қошингда туришим учун бори сармоямдир… Бошқа ҳеч нарсам йўқ… Нечоғли олийжаноб ва карамли, нақадар фазлу марҳаматли Зот эканлигингдан бохабарлигим ва доимо ифтихор қиладиганим ўша қуллик занжири ила сенга боғлиқлигимгина бу кун Сендан Жаннатингни сўрашга, карамли атойингдан тиланишга менда журъат пайдо қилди. Эй Роббим, мен Сенинг қулингман, қулинг ва чўрингнинг боласиман. Пешона сочим Сенинг қўлингда (жоним, бутун вужудим, ҳаётим ва мамотим Сенинг изму ихтиёрингда), ҳукминг менга ўтувчи, қазою қадаринг мен учун адолатлидир. Марҳаматингни сўрайман, Парвардигорим! Менга ўзим лойиқ бўлган нарса билан муомала қилма! Балки, Сен лойиқ бўлган нарса ила муомала қил! Ахир, Ўзинг: “ҳамма ўз услубига кўра амал қилади (иш кўради)” (Исро), дегансан-ку! Сенинг услубинг раҳмат, шундай экан, менга раҳм айла! Сенинг услубинг мағфират, шундай экан, мени мағфират қил!”. «Тиллар» кафедраси ўқитувчиси Алишер Султонхўжаев Манба 912

Мен уларга “Воқеа”ни ўқишни буюрганман

Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафийнинг “Тафсири Насафий” китобларида “Воқеа” сурасининг сўнггида шу воқеа баён этилади: Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига кирганларида у киши ўлим тўшагида ётган эдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу у кишига: “Нима шикоятингиз бор?”, дедилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Гуноҳларим”, дедилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу: “Нима истайсиз?” деб дунёвий бирор ҳожатлари борми ёки йўқми эканини билмоқчи бўлдилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Роббимнинг раҳматини”, дедилар. Усмон розияллоҳу анҳу: «Табиб чақирайликми?», деб сўрадилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Табибнинг Ўзи касал қилди мени”, деб Аллоҳ таолони назарда тутдилар. “Сизга бирор нарса тортиқ қилайликми?”, деб сўрадилар Усмон розияллоҳу анҳу. “Ҳожати йўқ (ўлмоқдаман, умрим тугаяпти)”, дедилар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу. Усмон розияллоҳу анҳу: “Қизларингизга-чи, уларга бирор мол-мулк берайликми?”, деб сўрадилар яна. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Уларга ҳам ҳожати йўқ. Мен уларга “Воқеа” сурасини ўқишни буюрганман. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ҳар куни кечқурун “Воқеа” сурасини ўқиса унга камбағаллик етмайди”, деганларини эшитганман” дедилар. 4-курс талабаси Нуриддин Муҳаммаджон 715

Шайхларнинг раиси

Абу Али ибн Сино шарқда “Шайхур-раис” (Шайхларнинг раиси) деб аталса, ғарбда “Авиценна” номи билан машҳур. У милодий 980 йилнинг август ойида Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида дунёга келган. Ибн Сино 16 ёшдаёқ машҳур табиб бўлиб танилди. IХ аср охири ва Х асрнинг бошларида жаҳон маданияти ва маърифатининг йирик марказларидан бири Гурганжда (ҳозирги кўҳна Урганч) Маъмун сулоласи (995-1017) Хоразмни равнақ топтириш мақсадида тинимсиз ҳаракат қилди. Хоразмшоҳлар сомонийлар, қорахонийлар ва ғазнавийларнинг хуружларига қарамасдан маърифатпарвар олимларга ҳомийлик қилди. Шу йўсинда бухоролик ёш олим Ибн Сино ҳам Гурганжда фаолият юрита бошлади. Бу вақтда у эндигина 25 ёшни қаршилаган эди. Вақтлар ўтиши билан, маълум сабабларга кўра, Хуросон ҳукмдори Султон Маҳмуд Хоразмдаги олимларни Ғазнага юборишни талаб қилади. Ғазнавийлар ҳукмдорига куёв бўлишига қарамасдан Абул Аббос Маъмун ибн Маъмун унга рад жавобини беради. 1017 йилда Султон Маҳмуд Хоразмни эгаллагач, “Байтул Ҳикма“ олимларининг аксариятини Ғазнага олиб кетган ва улар сафида Ибн Сино ҳамда унинг дўсти Абу Райҳон Беруний ҳам бор эди. Ибн Сино ХI асрнинг буюк алломалари жамланган Маъмун академиясида етти йил давомида илмий изланишлар олиб борди. “Тиб қонунлари“ китоби учун бебаҳо материаллар тўплади, жарроҳлик операциялари ўтказди. Касаллик ва унинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилишни йўлга қўйди ва ҳар бир касаллик муҳит, шароит, овқатланиш ва тананинг ўзига хос хусусияти, организмнинг ташқи таъсирга муносабати каби омиллар билан узвий боғлиқлигини исботлаб берди. Ибн Сино асарларининг умумий сони 450 дан ошади, бироқ бизгача фақат 160 га яқин асари етиб келган. Унинг, айниқса, “Тиб қонунлари“ асари ХII асрдаёқ лотин тилига таржима қилиниб, 800 йил давомида Ғарб мамлакатлари университетларида асосий қўлланма бўлиб келган ва ҳозир ҳам бир қанча тиббий ўқув юртларида ўрганилади. Устози Хаммор  маслаҳати билан “Инсоннинг яратилиши ва аъзоларининг тузилиши“, “Тутқаноқ касаллиги ҳақида“, “Қариликда соғлом яшаш ҳақида“ каби китобларини ёзди. Абу Али ибн Сино жисмонан ўта бақувват инсон бўлса-да, муҳожирликдаги қўнимсиз ҳаёти ва тинимсиз машаққатли меҳнати оқибатида ўз саломатлигига етарли даражада эътибор бера олмаган. Натижада, у қўланж касаллиги билан оғриб, 1037 йилда 57 ёшида Ҳамадон шаҳрида дунёдан кўз юмди. 2005 йилда жаҳон илм-фани хазинасига бемисл ҳисса қўшган улуғ бобомиз Абу Али ибн Синонинг 1025 йиллик юбилейи Ўзбекистонда кенг нишонланди. «Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 922

Нақшбандия машойихлари – Хожа Ориф Ревгарий (Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин 1-қисм)

Бухоро вилояти Шофиркон туман Ревгар қишлоғида, ҳижрий 560/660 (милодий 1165/1259) йилларда яшаб ўтганлар. Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий валийлардан бўлиб, ҳилм, зуҳд, тақво, риёзат аҳилларидан эдилар. Ревгарий болалигидаёқ Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг хизматларида бўлганлар. Маълумки, “Силсилаи шариф”даги ўнинчи ҳалқанинг пири муршиди Ҳазрат Хожаи Жаҳон Абдулхолиқ Ғиждувоний бўладилар. Ўн биринчи ҳалқанинг пири муршиди Ҳазрат Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарийдурлар. Бу зоти шариф шариату тариқат илмини Хожаи Жаҳондан ўрганганлар. Хожа Ориф Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тўртинчи халифалари ҳисобланадилар. Ҳазрат Маҳдуми Аъзам Даҳбедийнинг (1461-1542) “Мақомоти Хўжа Абдулхолиқ Ғиждувоний” асарларида нақл қилишларича, Хўжа Хизр Ҳазрат Абдулхолиқ ҳузурларига келардилар. Шу пайт Ҳазратнинг ҳамма шогирдларини уйқу босарди. Суҳбат тугаб, Хўжа Хизр кетганларидан сўнг шогирдлари беихтиёр уйқудан уйғонарди. Шогирдлар орасида энг ёши ҳисобланган Хўжа Муҳаммад ар-Ревгарий Хўжа Хизр суҳбатларидан баҳраманд бўлай деб, кўзларига туз сепдилар ва оғриқнинг қаттиқлигидан у кишига уйқу ғалаба қилолмади. Суҳбатдан баҳраманд бўлдилар. Буни кўрган Хизр алайҳиссалом унинг келажакда маърифат соҳиби бўлиб етишиши учун қилган дуоларининг баракотидан Хожа Ревгарий “ориф” лақабига мушарраф бўлган эканлар. Махсус сиртқи бўлим 2-курс талабаси, «Шайх Дарвеш» жоме масжиди имом-хатиби Азизжон Жамалов 1 020

Интернет одоблари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. «Интернет» сўзи ажнабий тилдаги қисқартирилган жумла бўлиб, тилимизда «халқаро маълумотлар тўри» деган маънони англатади. Аммо бу ном ихтиёр қилинганидан кейин интернетнинг тинмай ривожланиши оқибатида у фақат маълумотлар тақдим ва қабул қилиш билан чекланиб қолмай, бундан ҳам катта ҳажмдаги ишларни олиб боришга хизмат қиладиган бўлиб кетди. Ҳаётнинг барча соҳаларида интернет ёрдамида осонлик, арзонлик ва тезлик фойдалари кўзланадиган бўлди. Тасаввур қилиш учун биргина мисол келтиришнинг ўзи кифоя қилади, деб ўйлайман. Ҳаво йўли билан сафарга чиқмоқчи бўлган инсон оддийгина чипта олиш учун чиптахонага бориши, навбатда туриб, чипта олиши, агар чипта у истаган кунга топилмаса, ортига қайтиб кетишига тўғри келади. Худди шу иш интернет орқали амалга оширилса, жуда кўп фойда кўрилади, яъни уйда ўтириб, чипта сотиб олинади. Вақти келганда, аэропортда учишдан олдин автоматдан электрон чиптасини олади. Бу иш аввалгисига солиштириб кўрилса, вазият аён бўлади. Чиптахонага бориб, овора бўлинмайди. Навбатга турилмайди. Устига-устак, арзонга тушади. Чунки чиптахона биноси, чиптачи, бинони иситиш, совутиш, ёритиш учун кетадиган, йўлкира ва шунга ўхшаш харажатлар тежаб қолинади. Бунга ўхшаш фойдалар жуда кўп бўлиб, биз келтирганимиз оддий бир мисол эди. Шунинг учун ҳозирда ҳамма халқлар интернетни ривожлантириш борасида қўлидан келган барча чораларни кўрмоқда. Бу ишга тўғаноқ бўлувчи омиллардан халос бўлиш йўлларини ахтармоқда. Интернетдан фойдаланувчилар кун сайин кўпайиб бормоқда. Ҳамма ушбу осонлик ва қулайликдан баҳраманд бўлишга ошиқмоқда. Аммо шу билан бирга, интернетга боғлиқ муаммолар ҳам кўпайиб ва жиддийлашиб бормоқда. Барча соҳалардаги каби, интернетнинг фойдалари муқобилида зарарлари ҳам кўпайиб бормоқда. Интернетда фойдали маълумотлар билан бир қаторда зарарли, бузуқ маълумотлар ҳам тарқалмоқда. Ақийдага путур етказувчи, фоҳишабозлик ва беҳаёликни тарғиб қилувчи, ахлоқсизликни тарқатувчи ва шунга ўхшаш инсон зотига ор келтирувчи ишларни тарғиб қиладиган сайтлар кўпайиб бормоқда. Баъзи одамлар интернет орқали бир-бирига туҳмат қилмоқда, ҳақоратлаб, сўкишмоқда, бир-бирини шарманда қилмоқда ва ҳоказо. Айнан интернет орқали нафақат ахлоқий бузуқликлар, балки сиёсий, ижтимоий, молиявий, илмий ва бошқа кўпгина соҳаларда ҳам жиноятлар содир этилмоқда. Қўпол қилиб айтганимизда, интернет мазкур қабоҳатларни амалга оширишни осонлаштирмоқда. Айтиб ўтилган ушбу гаплардан кўриниб турибдики, интернет ҳам икки тарафлама – ҳам яхшиликка, ҳам ёмонликка хизмат қилиши мумкин нарсага айланди. Бизнинг вазифамиз уни яхшиликка хизмат қилдириб, ёмонликка бошламаслиги чораларини кўриш, унинг зарарларидан четланишга ҳаракат қилишдир. Бунинг учун эса динимизнинг умумий таълимотлари асосида интернетдан фойдаланиш одобларини йўлга қўйишимиз керак бўлади. Албатта, интернет нисбатан яқинда пайдо бўлган восита бўлгани учун олдинлари мусулмон уламолар бу масалани хаёлларига келтиришлари ҳам мумкин эмасди. Ҳозирга келиб эса интернет ва унга боғлиқ масалалар замонамизнинг мусулмон уламолари олдига тегишли муаммоларни кўндаланг қилмоқда. Бу масалалар қанчалик тез ҳал қилинса, шунчалик яхши бўлиши ойдин бўлиб турибди. Қуйидаги саҳифаларда эътиборингизга тақдим этилаётган маълумотлар мазкур соҳадаги изланишларда камтарона бир уриниш бўлишидан умид қиламиз. Интернетдан фойдаланиш одоблари Қуйида халқаро замонавий алоқа ва ахборот воситаси бўлмиш интернетдан фойдаланишнинг баъзи умумий одоблари ҳақида қисқача сўз юритамиз: Интернетдан фойдаланмоқчи бўлган одам ниятни яхши қилган бўлиши керак. Албатта, мусулмон инсон ҳар бир нарсада бўлгани каби, интернетдан фойдаланишда ҳам фақат яхшиликни, шариатда рухсат берилган нарсаларга мувофиқ иш қилишни ният қилиши лозимдир. Ана шундагина бу ишидан фойда топади, кўзлаган мақсадига эришади. Интернетдан олган фойдасига қўшимча равишда, динининг таълимотларига амал қилгани учун...
1 1 312 1 313 1 314 1 315 1 316 1 550