islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Fevral 19, 2019

Day

Зийрак талаба

Бир талаба ҳофизи Қуръон бўлишни орзу этибди. У тонгга қадар Қуръон xатм қилар, намоз ўқир, тонг отгач эса устози олдига чиқарди. Уйқусиз тунлар сабаб ранг-рўйи сарғая бошлади. Устоз муршид даражасидаги бир зотлардан эди. Талабасининг бу ҳолатига нима сабаблигини бошқа талабалардан сўради. Улар: “Устоз, бу талабангиз субҳга қадар Қуръон xатм қилади ва табиийки ухламайди”, дейишди. Талабасининг Қуръоннинг ҳақиқий ҳофизи бўлишини истаган устоз уни ҳузурига чорлади: “Қуръон ўқишни ўз қоидалари бор. Бугундан эътиборан Қуръон ўқиётганингда мени қаршингда тасаввур қил”, деди. Талаба кетди ва у кеча Қуръон ўқиб, тонгда устози ҳузурига келганда: – Устоз, бу кеча Қуръони каримнинг фақат ярмигача ўқий олдим, деди. Устоз:- Баракаллоҳ, бу кеча эса уни Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида каби ўқи, деди. Талаба: “Қуръон нозил бўлган зот ҳузурида уни тўғри ўқий оламанми ёки йўқми” деган ҳаяжон ва диққат билан тиловат қилди. Шу куни тонгда устозига Қуръоннинг фақат тўртдан бирини тиловат қилганлигини билдирди. Устози бу юксалишни кўриб, бир муршиднинг муридига бўлган эътибори билан: Сен энди, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримни етказган Жаброил алайҳиссалом олдиларидагидек ўқи», деди. Эртаси куни талаба: -Устоз, бугун фақат бир сура ўқий олдим», деди. Устози ҳам: -Ўғлим, энди сен Аллоҳ таоло ҳузурида ўқиганинг каби ўқи. Аллоҳ таоло сени тинглаётганини англа, деди.  Талаба эртаси кун устози олдига йиғлаб келди: – Устоз, “Фотиҳа” сурасининг “Алҳамдулиллаҳи роббил аъламийн” дан, “Малики явмиддин” оятигача келдим халос. “Ийяка наъбуду” дейишга тилим бормади. Чунки бунинг маъноси “Фақат Сенга қуллик қиламан”, ҳолбуки Аллоҳга имкониятим қадар қуллик қилганим йўқ-ку?! деб жавоб қилди. Бу ривоятни келтириш билан “Тушунмасангиз Қуръон ўқиманг” дейишдан йироқмиз.Аммо Қуръон ўқиганимизда уни нафақат тилимиз билан балки дилимиз билан тушуняпмизми? Шунга ҳаракат қиляпмизми? Уни бизнинг кўнгил кўзларимизни очиш учун юборилган бир китоблигини тушуниб, ижтимоий ҳаётимизда уни дастак қиляпмизми? Унинг фарзларига, унинг чақириқларига қyлоқ тутяпмизми? Қуръон деворларимизга илиб қўйиладиган, фақат қабристонларда ўқиладиган китоб эмас. Ахир Унинг бизга туширилиш маъноси бу эмас-ку… Ахир Қуръони каримда Раҳмоннинг суюкли бандалари қаторига Каломуллоҳни  эҳтиромини жойига қўядиган ва ундаги кўрсатмаларга қўлларидан келганича билиб амал қиладиган бандаларни сифатлаб мақтамаганмиди?! «Уларга Парвардигорларининг оятлари эслатилган вақтда уларга (эҳтиром юзасидан) кар ва кўр ҳолларида йўлиқмайдилар (балки уларни англаб-билиб амал қилурлар)» (Фурқон сураси, 73-оят.) “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси  Жалолиддин Ҳамроқулов Манба 132

“Ҳамма ўз йўлига кўра амал қилур” ёхуд Қуръони каримдаги энг умидбахш оят

Ривоят қилинишича, Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Қуръони Каримдаги энг умидбахш оят бу – “Айт: “Ҳар ким ўзига мувофиқ тарзда амал қилур. Парвардигорингиз тўғри йўлдаги зотларни жуда яхши билур”  (“Исро” сураси, 84-оят), оятидир, деган эканлар – “зеро, банданинг ҳолига мос келадиган нарса исён бўлса, Роб таолога мос келадиган нарса ғуфрондир”. Мулла Рамазон Бутий роҳимаҳуллоҳ Атоуллоҳ Искандарийнинг “ал-ҳикам ал-атоийя” номли ҳикматлар мажмуасига ёзган шарҳида юқоридаги ояти каримадан таъсирланиб, Аллоҳга қуйидагича муножот қилади: “Роббим, … эртага ҳузурингга борганимизда биздан: “мен сени қоим қилиб қўйганим дунёдан ҳузуримга нима билан келдинг?”, деб сўрасанг, жавобимиз шундай бўлади: “Ҳузурингга марҳаматингга бўлган тоғдек умидим билан келдим… Фазлу карамингдан насибадор бўлиш орзуси ила келдим… Убудиятимдан бўлак ҳеч нарсасиз, қашшоғу фақир, очу яланғоч бўлиб келдим… Зотан, убудиятим ва қуллигим менинг йўғу борим, қошингда туришим учун бори сармоямдир… Бошқа ҳеч нарсам йўқ… Нечоғли олийжаноб ва карамли, нақадар фазлу марҳаматли Зот эканлигингдан бохабарлигим ва доимо ифтихор қиладиганим ўша қуллик занжири ила сенга боғлиқлигимгина бу кун Сендан Жаннатингни сўрашга, карамли атойингдан тиланишга менда журъат пайдо қилди. Эй Роббим, мен Сенинг қулингман, қулинг ва чўрингнинг боласиман. Пешона сочим Сенинг қўлингда (жоним, бутун вужудим, ҳаётим ва мамотим Сенинг изму ихтиёрингда), ҳукминг менга ўтувчи, қазою қадаринг мен учун адолатлидир. Марҳаматингни сўрайман, Парвардигорим! Менга ўзим лойиқ бўлган нарса билан муомала қилма! Балки, Сен лойиқ бўлган нарса ила муомала қил! Ахир, Ўзинг: “ҳамма ўз услубига кўра амал қилади (иш кўради)” (Исро), дегансан-ку! Сенинг услубинг раҳмат, шундай экан, менга раҳм айла! Сенинг услубинг мағфират, шундай экан, мени мағфират қил!”. “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси Алишер Султонхўжаев Манба 262

Мен уларга “Воқеа”ни ўқишни буюрганман

Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафийнинг “Тафсири Насафий” китобларида “Воқеа” сурасининг сўнггида шу воқеа баён этилади: Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига кирганларида у киши ўлим тўшагида ётган эдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу у кишига: “Нима шикоятингиз бор?”, дедилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Гуноҳларим”, дедилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу: “Нима истайсиз?” деб дунёвий бирор ҳожатлари борми ёки йўқми эканини билмоқчи бўлдилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Роббимнинг раҳматини”, дедилар. Усмон розияллоҳу анҳу: “Табиб чақирайликми?”, деб сўрадилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Табибнинг Ўзи касал қилди мени”, деб Аллоҳ таолони назарда тутдилар. “Сизга бирор нарса тортиқ қилайликми?”, деб сўрадилар Усмон розияллоҳу анҳу. “Ҳожати йўқ (ўлмоқдаман, умрим тугаяпти)”, дедилар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу. Усмон розияллоҳу анҳу: “Қизларингизга-чи, уларга бирор мол-мулк берайликми?”, деб сўрадилар яна. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Уларга ҳам ҳожати йўқ. Мен уларга “Воқеа” сурасини ўқишни буюрганман. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ҳар куни кечқурун “Воқеа” сурасини ўқиса унга камбағаллик етмайди”, деганларини эшитганман” дедилар. 4-курс талабаси Нуриддин Муҳаммаджон 122

Шайхларнинг раиси

Абу Али ибн Сино шарқда “Шайхур-раис” (Шайхларнинг раиси) деб аталса, ғарбда “Авиценна” номи билан машҳур. У милодий 980 йилнинг август ойида Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида дунёга келган. Ибн Сино 16 ёшдаёқ машҳур табиб бўлиб танилди. IХ аср охири ва Х асрнинг бошларида жаҳон маданияти ва маърифатининг йирик марказларидан бири Гурганжда (ҳозирги кўҳна Урганч) Маъмун сулоласи (995-1017) Хоразмни равнақ топтириш мақсадида тинимсиз ҳаракат қилди. Хоразмшоҳлар сомонийлар, қорахонийлар ва ғазнавийларнинг хуружларига қарамасдан маърифатпарвар олимларга ҳомийлик қилди. Шу йўсинда бухоролик ёш олим Ибн Сино ҳам Гурганжда фаолият юрита бошлади. Бу вақтда у эндигина 25 ёшни қаршилаган эди. Вақтлар ўтиши билан, маълум сабабларга кўра, Хуросон ҳукмдори Султон Маҳмуд Хоразмдаги олимларни Ғазнага юборишни талаб қилади. Ғазнавийлар ҳукмдорига куёв бўлишига қарамасдан Абул Аббос Маъмун ибн Маъмун унга рад жавобини беради. 1017 йилда Султон Маҳмуд Хоразмни эгаллагач, “Байтул Ҳикма“ олимларининг аксариятини Ғазнага олиб кетган ва улар сафида Ибн Сино ҳамда унинг дўсти Абу Райҳон Беруний ҳам бор эди. Ибн Сино ХI асрнинг буюк алломалари жамланган Маъмун академиясида етти йил давомида илмий изланишлар олиб борди. “Тиб қонунлари“ китоби учун бебаҳо материаллар тўплади, жарроҳлик операциялари ўтказди. Касаллик ва унинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилишни йўлга қўйди ва ҳар бир касаллик муҳит, шароит, овқатланиш ва тананинг ўзига хос хусусияти, организмнинг ташқи таъсирга муносабати каби омиллар билан узвий боғлиқлигини исботлаб берди. Ибн Сино асарларининг умумий сони 450 дан ошади, бироқ бизгача фақат 160 га яқин асари етиб келган. Унинг, айниқса, “Тиб қонунлари“ асари ХII асрдаёқ лотин тилига таржима қилиниб, 800 йил давомида Ғарб мамлакатлари университетларида асосий қўлланма бўлиб келган ва ҳозир ҳам бир қанча тиббий ўқув юртларида ўрганилади. Устози Хаммор  маслаҳати билан “Инсоннинг яратилиши ва аъзоларининг тузилиши“, “Тутқаноқ касаллиги ҳақида“, “Қариликда соғлом яшаш ҳақида“ каби китобларини ёзди. Абу Али ибн Сино жисмонан ўта бақувват инсон бўлса-да, муҳожирликдаги қўнимсиз ҳаёти ва тинимсиз машаққатли меҳнати оқибатида ўз саломатлигига етарли даражада эътибор бера олмаган. Натижада, у қўланж касаллиги билан оғриб, 1037 йилда 57 ёшида Ҳамадон шаҳрида дунёдан кўз юмди. 2005 йилда жаҳон илм-фани хазинасига бемисл ҳисса қўшган улуғ бобомиз Абу Али ибн Синонинг 1025 йиллик юбилейи Ўзбекистонда кенг нишонланди. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 194