islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Муҳаммад алайҳиссаломнинг 99 исмлари

Муҳаммад– мақталувчи. Аҳмад– Аллоҳга ҳамд айтувчи. Ҳамид– Аллоҳга ҳамду сано айтувчи. Маҳмуд– мақталган. Аҳид– фазилатлар бобида ягона. Воҳид– ахлоқ- одобда ягона. Ҳошир– ўз умматларини қиёмат куни маҳшаргоҳга йиғувчи. Оқиб– ҳамма пайғамбарлар охири. Тоҳо– бу сўзнинг маъноси Аллоҳгагина маълум. Ёсин– бу сўзнинг маъноси ҳам Аллоҳгагина маълум. Тоҳир– тоза, пок. Мутаҳҳар– дили покланган. Таййиб– пок, хуштабиат. Саййид-Хожа. Расул– элчи, пайғамбар. Набий– пайғамбар. Расулур-роҳма- раҳмат пайғамбари. Қаййим– тўғри йўлдан борувчи. Жомиъ – барча яхши фазилатларни ўзида мужассам этувчи. Муқтафий – эргашувчи (ҳақ йўлга). Муқаффий – эргаштирувчи (ўзига). Расулул – малоҳим – жангу жаҳон пайғамбари. Расулур– роҳа – роҳат пайғамбари. Комил – етук. Иклил – тож. Муддассир – қўрқувдан матоҳга ўраниб олган. Муззаммил – муддассир. Абдуллоҳ – Аллоҳнинг бандаси. Ҳабибуллоҳ – Аллоҳнинг суюклиси. Сафийюллоҳ – Аллоҳнинг танлагани. Нажийюллоҳ – Аллоҳнинг сирдош дўсти. Калимуллоҳ – Аллоҳ билан сўзлашувчи. Хотамул – анбиё – набийлар охири, уларнинг хотимаси. Хотамур – росул – Расуллар хотимаси. Муқйий – динни тургизгувчи (ривожлантиргувчи). Мунжий – халоскор. Музаккир – эслатувчи (Аллоҳни ва охиратни). Носир – ёрдам этувчи. Мансур – ёрдам берилган, душманлари устидан зафар топган. Набийюр – роҳма – раҳмат пайғамбари. Набийют – тавба – тавбага тарғиб этувчи пайғамбар. Ҳарисун алайкум – умматларига меҳрибон. Маълум – ҳаммага маълум. Шаҳир – ҳаммага машҳур. Шоҳид – гувоҳ. Шаҳид – гувоҳ. Машҳуд – гувоҳлик берилган. Башир – хушхабар берувчи. Мубашшир – хушхабар берувчи. Назир – азоблардан огоҳлантиргувчи. Мунзир – охират азобларидан огоҳлантиргувчи. Нур – нур. Сирож – чироқ, қуёш. Мисбоҳ – чироқ. Ҳудо – ҳидоят қилгувчи. Мухтор – танлаб олинган. Ажир – динга хизмат қилгувчи. Жаббор – айбларни ёпгувчи. Абул – Қосим – Қосимнинг отаси. Абул – Тоҳир – Тоҳирнинг отаси. Абут – Таййиб – Таййибнинг отаси. Абу Иброҳим – Иброҳимнинг отаси. Мушаффаъ – шафоат ҳуқуқи берилган. Шафиъ – шафоат этувчи (қиёмат куни гуноҳкор умматларнинг кечирилишини Аллоҳдан сўровчи). Солиҳ – яхши ишларни қилувчи, Аллоҳнинг буйруқларини адо этувчи. Муслиҳ – ислоҳ этувчи, тузатувчи (ўртани). Муҳаймин – умматлари ишини кузатиб турувчи. Содиқ – ростгўй. Мусаддиқ – тасдиқ этувчи. Сидқ – ростгўй. Саййидул – мурсалин – пайғамбарлар ҳожаси. Имомул – муттақин – тақводорлар пешвоси. Қоидул – ғуррил – муҳажжалин – қиёмат куни сажда қилган аъзоларидан нурлар чиқиб турувчи ибодатли умматларини жаннатга элтувчи. Ҳалилур – Раҳмон – Раҳмоннинг дўсти. Барр – хайрли, солиҳ амаллар қилувчи. Мабарр – ҳамма яхшиликлар манбаи. Важиҳ – гўзал юзли. Насиҳ – насиҳатгўй. Носиҳ – насиҳатчи. Вакил – вакил, ишонч эгаси, кафил. Мутаваккил – таваккал этувчи. Кафил – кафил, кафолатига олувчи. Шафиқ – шафқатли, меҳрибон. Муқимус – сунна – суннатни тикловчи. Муқаддас – улуғланувчи, гуноҳлардан пок. Руҳул – Қудус – муқаддас руҳ. Руҳул –Ҳақ – ҳаққоний руҳ. Руҳул – Қист – адолатли руҳ. Кофий – кифоя қилувчи (диний эҳтиёжларга). Муктафий – кифояланувчи (Аллоҳнинг амрлари билан). Болиғ – олий даражаларга етган. Мубаллиғ – Аллоҳ томонидан келган барча диний аҳкомларни умматларига тўла етказувчи. Шофий – шифокор (қалб касалликларига ва маънавий иллатларга нисбатан). Восил – етишувчи (Аллоҳнинг розилиги ва дийдорига). Мавсул – етишилувчи (яъни он ҳазратнинг шафоатларига ва дийдорларига умматлари етишурлар, иншооллоҳ). Собиқ – барча фазилат ва шарафда олдинда борувчи. Соиқ – умматларини бу дунёда иймон ва амал сари, охиратда эса, дўзахдан жаннат сари ҳайдовчи. Ҳодий – тўғри йўдга бошловчи. Муҳдий – ҳадия, эҳсон соҳиби. Тошкент ислом институти битирувчиси Тожиддинов Абдуссомад Манба 1 524

Расулуллоҳ: «Мен бобом Иброҳимнинг дуосиман…»

Расулуллоҳ: “Мен бобом Иброҳимнинг дуосиман, Исо ибн Марямнинг башоратиман ва онамнинг тушиман”, деганлар. Пайғамбаримизнинг “Мен бобом Иброҳимнинг дуосиман” деганларидан мурод Ҳазрат Иброҳимнинг  Исмоил  билан бирга Каъбани қураётганларида: “Эй Раббимиз, уларга ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китоб ва ҳикмат (Қуръон ва ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбарни юбор! Албатта, Сен Ўзинг Азиз ва Ҳакимсан”, деб дуо қилганларидир. Пайғамбаримизнинг “Исо ибн Марямнинг башоратиман” деганларидан мурод Ҳазрат Исонинг: “Эй Исроил авлоди, албатта, мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) Пайғамбариман. (Мен) ўзимдан олдин берилган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келадиган “Аҳмад” исмли Пайғамбар ҳақида башорат берувчиман”, деганларидир. Пайғамбаримизнинг “онамнинг тушиман” деганлари эса, “Онам ўзларидан нур чиққанини кўрганлар ва бу нур туфайли Шом қасрлари ёришиб кетган” мазмунли ҳадиси шарифга ишорадир. Ушбу хабарни Имом Бухорий “Ат-тарихул кабир” ва “Ат-тарихус сағир”да, Абу Довуд, Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Бакр Баззор, Абу Яъло Мувсилий ва Ибн Роҳавайҳ “Муснад”ларида, Ибн Ҳиббон “Ас-сиқот”да, Доримий “Сунан”да, Табароний “Ал-муъжамул кабир”да, Байҳақий “Шуъабул имон”, “Далоилун нубувваҳ”да, Абу Нуайм “Ал-ҳулия”да, Бағавий “Шарҳус сунна”да, Ибн Адий “Ал-комил”да, Имом Табризий “Мишкотул масобиҳ”да, Ибн Саъд “Ат-табақотул кубро”да, Ибн Исҳоқ, Ибн Ҳишом ва Ибн Асокирлар “Ас-сийратун набавия” китоб­ларида, Абдуллоҳ ибн Муборак ва Абу Бакр ибн Мардавайҳ ҳам ривоят қилган. Ҳоким “Ал-мустадрак ъалас саҳиҳайн” китобида бу ҳадисни: “Имом Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир”, деган. Имом Заҳабий “Ат-талхис”да ва Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул Борий”да “Саҳиҳ” дейишган. Шуайб Арнаут “Муснади Аҳмад” ва “Саҳиҳи ибн Ҳиббон” тахрижида: “Саҳиҳун ли ғойриҳ”, дейди. Ҳофиз Нуриддин Ҳайсамий “Мажмаъуз завоид”да ва Аҳмад ибн Абу Бакр Бусойрий “Итҳофул хияратил маҳара” китобида: “Исноди ҳасан”, дейишган. Ҳофиз Зайниддин ибн Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Ражаб Димашқий: “Расулуллоҳ  туғилаётганларида бу муборак нурнинг чиқиши инсониятни тўғри йўлга бошлаган ва ширк зулматини йўқ қилган ҳидоят нурига ишорадир”, деган. Аллома Ибн Касир: “Бу муборак нур чиқиб, Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборгани Ислом динининг Шом диёрига ўрнашиб, мустаҳкам бўлишига ишора. Шунинг учун ҳам охирзамонда Шом диёри Ислом дини ва мусулмонлар учун мустаҳкам қалъага айланади. Исо  Шом диёрига, аниқроғи, Дамашқнинг шарқий оқ минораси жойлашган ерга тушадилар”, деган. “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси катта ўқитувчиси Абдул Азим Зиёуддин Манба 669

Ҳижрий йил тарихи

«Анъом У Зот субҳни ёритувчидир. У Зот тунни сукунат, қуёш ва ойни эса ҳисоб (воситаси) қилиб қўйди. Бу Азиз, Алим Зотнинг ўлчовидир». Анъом сураси, 96-оят Инсоният ўзининг қадим тарихи мобайнида вақтни турлича ҳисоблаб келган бўлиб, бугунги кунда асосан қуёш ва ой тақвимига, яъни шамсий ва қамарий йил ҳисобига амал қилиб келмоқда. Шамсий тақвимда ер куррасининг қуёш атрофида тўлиқ бир марта айланиши бир йил ҳисобланади. Қамарий тақвимда эса ойнинг ер атрофида тўлиқ бир марта айланиши бир ой ҳисобланади. Ҳозирги замонда биз яшаб турган диёрларда асосан икки хил йил ҳисобига амал қилинади. Бири – шамсий милодий йил ҳисоби, бири – қамарий ҳижрий йил ҳисоби. Милодий йил ҳисоби Исо (алайҳиссалом)нинг таваллуди деб тахмин қилинган санадан бошланган бўлиб, бу ҳисоб Григорий тақвимига асосан юритилади. Ҳижрий йил ҳисоби эса Ислом оламининг тақвими бўлиб, у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Маккадан Мадинага ҳижратлари – кўчишларидан бошланади. Бу саноқ боши ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврида эълон қилинган. Ҳижрий ҳисобнинг қамарий ва шамсий тақвимлари бўлиб, қамарий тақвим бўйича йил муҳаррам ойидан бошланади, унинг биринчи 10 куни эса муборак кунлар ҳисобланади. Бу тақвимнинг тоқ ойлари 30 кундан, жуфт ойлари 29 кундан иборат бўлиб, фақатгина ўн иккинчи ой мустаснодир, ундаги кабиса кунлари ҳам 30 кундир. Янги кун қуёшнинг ботишидан бошланади. Вақт ҳисоби қамарий давр бўйича ҳисобланганда бир йил 354 кундан иборат бўлади. Тарихий воқеаларнинг санасини белгилаш, тинмай ўтаётган вақт ҳисобини аниқ қайд қилиб бориш ҳамда кейинги авлодларга қолдириш мақсадида йил, ой ва кунларнинг ҳисоби тақвим шаклида қадимдан қўлланиб келинади. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида бундай марҳамат қилади: «Биз кеча ва кундузни (қудратимизни кўрсатиб турадиган) икки белги қилиб қўйдик. Кечанинг белгисини ўчирдик. Кундуз аломатини эса Роббингиздан фазл (ризқ) исташингиз учун ҳамда йиллар саноғи ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз» (Исро сураси, 12-оят). Аллоҳ таоло кун билан тунни алмаштириб турмаса, сана ҳисобини билиш қийин бўлур эди. Юқорида айтганимиздек, ҳижрий-қамарий тақвим ҳисоби Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафотларидан кейин, халифа Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг даврларида жорий қилинган. Бу зоти шариф бошқа улуғ саҳобалар билан маслаҳатлашиб, Ислом тарихи учун янги тақвим тузиб, ўтган воқеаларни шу ҳисоб бўйича қайд қилиб бориш зарурлигини айтганларида бу фикрни барча саҳобалар маъқуллаганлар. Шундан сўнг ҳижрий сананинг аввалини қайси кундан бошлаш тўғрисида маслаҳат бўлиб, кимдир Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг туғилган кунларидан бошлайлик деса, кимдир вафот этган саналаридан бошлашни таклиф қилган. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): «Вафотларидан бошласак, ҳар йилнинг бошида қайғумиз янгиланиб туради» деб, бу фикрни рад этганлар. Ниҳоят, ҳамманинг фикрлари бир бўлиб, ҳижрий санани Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага қилган ҳижрат кунларидан бошлашга келишилган. Ушбу ҳижрат кунлари сафар ойига тўғри келган бўлса ҳам, лекин унга тайёргарлик муҳаррам ойидан бошланганини эътиборга олиб, ҳижрий сананинг аввалини муҳаррамнинг биринчи кунидан бошлашга қарор қилинди. Бу кун милодий 622 йилнинг 16 июль жума кунига тўғри келади. Шундан буён Ислом олами хусусан, диёримиз мусулмонлари ҳам йил ҳисобини, диний байрамларни ва хоссатан Рамазон ойи, Ийдул Фитр ҳамда Ийдул Қурбон кунларини белгилашда ҳижрий-қамарий тақвимдан фойдаланиб келмоқдалар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ойларнинг адади ўн иккита эканини айтиб, улардан тўрттаси муҳаррам, яъни алоҳида эҳтиром қилинадиган ойлар эканини зикр қилган. Булар зулқаъда,...

Расулуллоҳнинг туғилишларига боғлиқ “ажойиботлар”

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилганларида Кисро[1] Ануширвоннинг мустаҳкам саройи зилзила ва момоқалдироқ туфайли ёрилиб ўн тўртта айвони қулаб тушган, Форс империясидаги мажусийларнинг минг йилдан бери ўчмай келаётган “муқаддас олов”лари ўчиб қолган ва Сова[2] кўлининг суви ерга сингиб кетиб, унинг атрофидаги черковлар қулаган”, деган ривоят бор. Бу ривоятнинг исноди ҳақида уламоларимиз нима дейишади? Имом Заҳабий “Ас-сийратун набавия” китобида (1/12) бу ривоятни: “Мункар, ғариб”, деган. Ибн Асокир: “Бу ривоят ғарибдир, ҳужжатга ярамайди”, деган. Аллома Ибн Касир “Ал-бидоя ван ниҳоя” китобида (2/329): “Бу ривоятнинг асли-асоси йўқ”, деган. Шайх Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда Мулла Али Қорининг “Ал-маснуъ фи маърифатил ҳадисил мавзуъ” китоби таҳқиқида (18-бет) ва доктор Абдул Муътий Қалъажий Имом Байҳақийнинг “Далоилун нубувваҳ” китоби таълиқи-изоҳида (1/129): “Бу ривоят саҳиҳ эмас”, дейишган. Доктор Маҳдий Ризқуллоҳ “Ас-сийратун набавия фи зовъил масодирил аслия диросатан таҳлилия” китобида (112-бет): “Бу ривоят саҳиҳ йўллар билан собит бўлмаган”, дейди. Шайх Холид Абду Раҳмон имом Мовардийнинг “Аъломун нубувваҳ” китоби изоҳида (271-бет): “Кучсиз-қониқарсиздир, ҳужжатга ярамайди”, деган. Шайх Муҳаммад Ғаззолий: “Фиқҳус сийра” китобида: “Кучсиз-қониқарсиз”, дейиш билан мазкур маълумотни тасдиқламаган. Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурий “Ар-раҳиқул махтум” китобида (61-бет): “Бу ривоятларнинг бирорта ҳам собит исноди йўқ. Ўша халқларда тарихнавеслик кучли бўлганига қарамасдан, уларнинг тарихида бу воқеалар тилга олинмаган”, дейди. Доктор Акрам Зиё Умарий “Ас-сийратун набавия ас-саҳиҳа” китобида: “Мазкур ривоятнинг ровийлари ичида Яъло ибн Имрон Бажаллий ва Махзум ибн Ҳониъ Махзумий каби мажҳул-номаълум шахслар бор бўлиб, уларнинг таржимаи ҳолларини топа олмадим”, деган. [1] Кисро, кисров, хисрав – қадимги Эрон шоҳларининг унвони. [2] Сова – Форс империясининг Ҳамадон ва Рай шаҳарлари ўртасидаги қишлоқ. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Абдул Азим Зиёуддин 609

Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳи

Самарқанд шаҳрининг жанубий томонидаги Миёнқол оролида жойлашган Даҳбед қўрғонида бир табаррук зиёратгоҳ борки, бу жой бугунги кунда кўпчилик сайёҳлар учун серқатнов манзилга айланган. Бу ерда, Нақшбандия тариқатини ривожлантиришда ва такомиллаштиришда катта хизматлар қилган – ахлоқшунос, фақиҳ ва илоҳиётчи олим Саййид Аҳмад ибн Мавлоно Жалолиддин Косонийнинг қабри бор. Бу улуғ зот 1461 йили Ахсикент вилояти (ҳозирги Фарғона вилояти)нинг Косон шаҳрида таваллуд топган. Ёшлигиданоқ илмга чанқоқ бўлган Косоний дастлабки илмни ўз юртида олган, сўнгра, Самарқандга келиб ўқишни давом эттирган ва мавлоно Муҳаммад Қозидан илм – маърифат сирларини ўрганган. Саййид Аҳмад Косонийнинг  насаблари пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам авлодларига бориб тақалади. Шу сабаб, у кишининг сулоласи халқ ўртасида мавқейи баланд эди. Косоний Самарқанд ва Тошкентда ўз билимини оширгач ўз юртига қайтиб боради ва илм-маърифат билан машғул бўлади. Шайбоний Жонибек Султон Косонийга элчи юбориб катта ҳурмат билан ўз саройига чорлайди. Косоний Султоннинг таклифига рози бўлиб, дастлаб, Самарқандга келади ва сўнгра Карманада яшай бошлайди. Сўнгра Жонибек Султон Миёнқолдаги (ҳозирги Даҳбед қишлоғидаги) ер-сувларни унга мулк қилиб беради. Шундан сўнг Саййид Аҳмад Косоний то умрининг охиригача шу ерда яшаб, 1542 йилда вафот этади. Жалолиддин Косоний тариқат илмига қўшган катта ҳиссаси учун ислом оламидаги энг улуғ унвонлардан бири Маҳдуми Аъзам унвонига сазовор бўлди. Бу улуғ зот тинмай сермазмун ижод қилди ва тасаввуф, ахлоқ ва илоҳиёт масалаларига оид 30 дан ортиқ рисолалар ёзди. Шунингдек, Маҳдуми Аъзам тоат-ибодатда камтарликни афзал билган, зикр ва намознинг хуфия шакли, яъни, ортиқча дабдабасиз ва намойишкорона бўлмаган шаклини маъқул кўрган. Бу улуғ зот бағоят камтарона яшаб, то умрларини охиригача ўз меҳнатлари билан кун кечирган. Ўз даврининг жуда кўплаб етук олимлари, шоирлари ва давлат арбоблари Маҳдуми Аъзамга қўл беришиб мурид бўлганлар. Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жўйборий хожалардан Муҳаммад Ислом, Шайбоний ҳукмдорлардан Убайдуллахон, Абдулазизхон ва Жонибек Султон ва шу кабилар. Махдуми Аъзамнинг обру-эътибори нафақат Мовароуннаҳр, балки, Хуросон ва Ҳиндистонда ҳам жуда баланд эди. Шу сабабли бу мамлакатларда минг-минглаб мусулмонлар Махдуми Аъзамни ўзларига пир деб билганлар. Шу ўринда Махдуми Аъзам яшаган Даҳбед қўрғони ҳақида ҳам гапириб ўтмоқ лозим. Тарихий манбаларда айтилишича, Даҳбеднинг тупроғи серунум, ҳавоси тоза ва суви мўл бўлган. Дастлабки Шайбоний ҳукмдорлар давридаёқ Даҳбеднинг атрофи баланд девор билан ўралиб қўрғон қилинган ва бир неча дарвозалар ўрнатилган эди. Аштархонийлар даврида Даҳбеднинг мавқеи ошиб борди ва у туман марказига айланди. Самарқанд ҳукмдори Ялантўшбий Баҳодир Даҳбеднинг ободончилиги борасида катта хизматлар қилганлиги маълум. Ялангтўшбий Бойхўжабийнинг ўғли бўлиб, ўзбекларнинг олчин уруғидан чиққан ва Махдуми Аъзамнинг набираси Хожа Ҳошим Даҳбедийга қўл бериб, унинг муриди бўлган. Ялангтўшбий ўз пирининг бобоси Махдуми Аъзамнинг қабри устида даҳма қурдирган ва йирик масжид барпо қилган. Бу масжид олти устунли ва ўн икки қуббали хонақоҳ, таҳоратхона ҳамда қўшимча хоналардан иборат йирик иншоот бўлган. Шунингдек, Ялангтўшбий бу ерда илми толиблар учун ҳашаматли мадраса ҳам қурдирган. Топган мол-мулкини хайрли мақсадлар ва илм маърифатга сарфлаган Ялангтўшбий милодий 1656 йили Самарқандда вафот этган ва ўз васиятига кўра Даҳбедда пири-устози Ҳожа Ҳошим (Махдуми Аъзамнинг невараси)нинг оёқ томонларига дафн этилган. Шунингдек, у ерга Ялангтушбийнинг қизи Ойбиби хоним ҳам дафн қилинган. Даҳбеддаги Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳида бугунги кунгача жами 47 та қабртош сақланган бўлиб уларни кўпчилигининг шахсиятлари аниқланган. Ҳозирги кунда Маҳдуми Аъзам тарихий зиёратгоҳига кирувчи даҳма, масжид ва хонақоҳлар  таъмирланиб, атрофлари ободонлаштирилди. Маҳдуми Аъзам қолдирган бой маънавий мерос бугунги кунда кенг миқёсда ўрганилмоқда ва бу улуғ зотнинг айрим асарлари катта нусхада чоп этилмоқда. Тошкент Ислом институти битирувчиси Худоёров Инъомжон 732
1 1 356 1 357 1 358 1 359 1 360 1 517