Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким ўн икки ракат суннат номозларни бардавом ўқиб юрса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади. Пешиндан олдин тўрт ракат, пешиндан кейин икки ракат, шомдан кейин икки ракат, ҳуфтондан кейин икки ракат, бомдоддан олдин икки ракат”. Имом Термизий ривоят килиб, бу бобда Умму Ҳабиба, Абу Ҳурайра, Абу Мусо ва ибн Умар розияллоҳу анҳумлардан ҳам ҳадис ривоят қилинган деганлар. Сўнгра Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг ҳам ҳадисларини келтириб, уни саҳиҳ деганлар. Имом Муслим ҳам Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ушбу ҳадисни ривоят қилган ва ҳадиснинг охирида Умму Ҳабиба онамизнинг: “Шундан буён уларни доим ўқийман” деганларини ривоят қилган. Кўриниб турибдики, нафл ибодатларни, хусусан фарзлардан олдинга ва кейинги суннат намозларнинг фазилати жуда улуғ. Шунинг учун имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабларида нафл намозларига алоҳада аҳамият қаратилган. Чунки намоз банданинг қиёматда нажот топишга асосий омили. Шундай экан уни ўз вақтида ва мукаммал адо этиш фарздир. Мободо вақтида ўқий олмаса қазосини ўқиш лозим бўлади. Аммо бир инсон қазосини ҳам ўқий олмай вафот этса, Аллоҳ таолонинг фазли ила адо қилинмаган фарзларнинг ўрнини нафллар билан тўлдирилади. Имом Насоий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банданинг қиёматда биринчи ҳисоб қилинадиган амали намозидир. Агар тўла бўлса, тўлиқ деб ёзилади. Агар унда камчилиги бўлса: Қарангларчи, зоя қилган (ўтказиб юборган) фарзларини тўлдирадиган нафлларини топасизми дейди. Сўнгра бошқа амаллар ҳам шунга кўра бўлади”, деганлар. Мазҳаббошимиз тутган, аждодларимиз асрлар давомида унга оғишмай амал қилиб келаётган йўл нақадар гўзал! Тасаввур қилиб кўринг, эллик йилдан буён намоз ўқиётган инсоннинг уни тўлдирадиган яна эллик йиллик нафл ибодати бор. Аммо афсуски бугун баъзи ёшларимизни суннат намозларига бепарво қарашаётганини кўрамиз. Бунга гўёки ишлари кўплигини баҳона қиладилар. Аммо кўчада дўсти билан соатлаб гаплашишга вақти бор. Ваҳолангки тўрт ракатли намозга бор-йўғи беш дақиқа кифоя. Ушбу мақолани ёзиш асносида бир йигит келиб интернетдан Оиша онамиздан ривоят қилинган юқоридаги ҳадисни ўқиганини айтиб, ҳақиқатдан ҳам шундай ҳадис бор-йўқлигини, агар бор бўлса, мазкур ўн икки ракат намозни ўқилиш тартиби ҳақида сўради. Бугун биз учун одатга айланган суннат намозлари, айни ўша ҳадисда фазилати зикр қилинган нафл ибодатлардир. Уларни бардавом ўқиб юрган инсонга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатда уй ваъда қилмоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини яхши билган, суннатга мувофиқ ҳаётлари билан бутун дунёга устоз бўлган аждодларимиз бунга аввало ўзлари қаттиқ амал қилишган, қолаверса бизга ҳам буни таълим бериб кетишган. Балки фазилатларини билмагандирмиз, аммо намоз ўқишни ўрганган илк чоғларимизданоқ фарз намозлари билан бирга мазкур суннатларни ҳам қўшиб ўқишни устозларимиздан таълим олганганмиз. Ёшларимиз ҳам илмда, тақвода дунёга устоз бўлган аждодларимизнинг йўлларидан юриб, уларга муносиб фарзанд бўлишга интилсалар, албатта икки дунё саодатига етишамиз. «Таҳфизул Қуръон» кафедраси ўқитувчиси А. Собиров Манба 843
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни эрталаб Билол розияллоҳу анҳуни ҳузурларига чақирдилар: – Эй Билол, нима туфайли жаннатга мендан илгари кирдинг? Кеча мен жаннатга кирганимда, олдинда сенинг қадам товушларингни эшитдим, – дедилар. – Ё Расулуллоҳ! – деб жавоб бердилар Билол. – Мен ҳар доим азон айтганимда икки ракат намоз ўқиб оламан. Таҳоратим бузилиши билан, дарҳол таҳорат оламан. – Мана шу туфайли! – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Ибн Хузайма ривоятлари). Чунки банданинг таҳорат олган-олмагани фақат Аллоҳга ва ўзига аён. Ҳеч ким ёнидаги биродарининг таҳоратли ёки таҳоратсиз эканини билолмайди. Покланмоқ кишининг нияти ва ҳаракати билан амалга ошади. Аксарият ҳолларда амал ҳам худди мақсад каби бировлар кўзидан пинҳон қолади. Шу боис, таҳорат олиб нопокликдан халос бўлмоқ омонатни адо этиш таркибига киритилди. Таҳорат иймоннинг кўзга кўринмас хислатларидан ҳисобланади. Уни муҳофаза қилиш фақат мўминда топилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Фақат мўмин кишигина таҳоратни муҳофаза этади”. (Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари). Чунки таҳорат махфий амал. Устига-устак нафсга оғирлиги ҳам бор. Шу боис, таҳоратни сақловчи мўмин жаннатга киришда илғор бўлади. «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Шамсиддинхўжа Сулаймонов 788
Мустақил Ўзбекистон тарихидаги яна бир қутлуғ сана – Конституциямиз қабул қилинганлигининг 26 йиллик айёми шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида мазкур байрамга бағишлаб жорий йилнинг 3-6 декабрь “Конституция ҳафталиги” маърифий тадбирларни ташкил этиш белгиланган. Шу муносабати билан, 4 декабрь Тошкент ислом институтида 2-курс талабалари ўртасида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – соф эътиқод эркинлиги асоси” мавзусидаги “Махсус дарс” соати ва “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш тарихи ва ҳаётимизда тутган ўрни” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров, Тошкент давлат юридик университети Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви кафедрасининг катта ўқитувчилари Ботир Қосимов ва Бекзод Нариманов, ҳамда институт маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ж.Мелиқўзиев иштирок этдилар. Конституция ҳафталиги доирасидаги тадбирда Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланганлиги, бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижаси эканлиги таъкидлаб ўтилди.Маънавий-маърифий тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан керакли жавоблар олдилар. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 917
Бугун, 4 декабрь куни “Вақф: моҳияти ва ижтимоий аҳамияти” мавзусида диний соҳа ходимлари иштирокида видеосеминар ўтказилди, дея хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Тадбир аввалида Қуръони карим оятларидан ўқилиб, хайрли дуолар қилинди. Семинарда “Вақф” тушунчаси, истилоҳий маънолари, вақф мулклари юзага келиши тарихи ва вақф мулкларининг шаръий ҳукмлари ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолиятини тарғиб этиш бўйича маърузалар тингланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ислом динида инсонларни доимо меҳр-мурувватли бўлишга чақирилгани, хайру саховат ёйилган юрт обод бўлиши, қайси жамиятда одамларнинг қўли очиқ бўлса, бундай жамият равнақ топиши, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган “Вақф” фонди олдида ҳам мана шундай мақсадлар турганини таъкидладилар. Муфтий ҳазратлари вақф тушунчасини кенг ёйиш ва Фонд фаолиятини кенг тарғиб этиш борасида диний соҳа ходимлари олдида турган вазифаларни бирма-бир санаб бердилар. Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов сўзга чиқиб, “Вақф” фондининг мазмун-моҳиятини кенг халқ оммасига тўлиқроқ тушунтириш, Фонднинг ривож топишига барча ўз ҳиссасини қўшиши, инфокиоскалар фаолиятини кенгайтириш ва мўътабар манбаларда келтирилган вақф бобидаги масалаларни баён қилишга катта эътибор қаратиш зарурлигини алоҳида қайд этди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари чамаси 100 йил аввал диёримизда вақф мулклари амалда бўлгани, ота-боболаримиз бундай мулкларни тасарруф этишгани, бугунги кунда ушбу қадрият яна қайта тиклангани, бу борада халқимизга оддий шаклда маълумотлар тарқатиш зарурлигини таклиф этди. Фатво бўлими мудири Х.Ишматбеков Ислом динида вақфга оид ҳукмларни баён қилди. “Вақф” фонди раҳбари Искандар Халилов ўтган давр мобайнида қилинган хайрия ишлари ва келгусидаги режалар ҳақида гапирди. Тошкент шаҳри Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов вақф атамасининг мазмун-моҳиятини кенгроқ тушуниш кераклиги ва Фонднинг имкониятларини тўла ишга солиш зарурлигини билдирди. Семинарда Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир Элов, Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов, Мир Араб олий мадрасаси ректори Ҳайдархон Юлдашходжаев, Тошкент шаҳридаги “Бурҳониддин Марғилоний” жоме масжиди имом-хатиби Абдулхамид Турсунов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Семинар якунида “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти, бугунги кунгача амалга оширилган хайрия ишлари, тадбирлар ва лойиҳаларнинг амалий ифодаси акс эттирилган видеоролик намойиш этилди. 775
Руқайя (розияллоҳу анҳо) Зайнаб (розияллоҳу анҳо) дан кейин дунёга келди. У ҳам ота-онасининг кўз қорачиғи эди. Руқайя (розияллоҳу анҳо) ва Умму Гулсум (розияллоҳу анҳо) икковлари худди эгизаклардек ўсдилар. Бир-бирларини жуда севардилар. Бу севги ва меҳр опалари Зайнаб узатилганидан сўнг янада кучайди. Гўё тақдир уларнинг ҳаётини муштарак бир йўлга чизгандек бир-бирларига қаттиқ боғланиб қолган эдилар. Зайнаб (розияллоҳу анҳо) Абул Ос ибн Робиъ билан турмуш қурганидан сўнг Руқайя (розияллоҳу анҳо) ва Умму Гулсум (розияллоҳу анҳо) нинг ҳам бўйлари етиб қолди. Абу Толиб уларни биродари Абу Лаҳабнинг ўғиллари Утба ва Утайбага сўраб келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга шундай жавоб бердилар: “Эй амаки, қариндошчиликни сийлайман, бироқ менга бироз муҳлат беринг. Бу масала юзасидан қизларим билан гаплашай”. Ҳазрати Ҳадича (розияллоҳу анҳо) бу гапларни эшитиб ўйга чўмдилар. Чунки Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил қаҳри қаттиқ, тили аччиқ ва ўйламай иш қиладиган хотин эканини билар эдилар. Шунинг учун қизларининг бу хонадонга келин бўлишларини хоҳламай турардилар. Бироқ фикрларини қайтармаслик учун индамадилар. Қизлари ҳам буни ҳис қилиб жим ўтирардилар. Шундай тарзда, қатий қарор қабул қилинди. Шафқатли ота қизларига баракот тилади. Уларни азиз ва жамил бўлган Аллоҳнинг паноҳига топширди. Макка осмонида бир нур кўринди. Бутун Маккани ойдинлатиб, қоронғуликни тарқатиб юборди. Бу нур Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг пайғамбарлик нури эди. Қурайшийлар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хусусида аниқ бир тўхтамга келиш учун тўпландилар. Ораларидан бири: “Сиз Муҳаммаднинг ишига ҳалақит бермоқчимисиз? У ҳолда қизларини қайтариб юборинглар, у қизлари билан овора бўлиб қолади”, деди. Абу Лаҳаб Ҳазрати Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг қизлари билан оила қурган ўғилларига: “Агар Муҳаммаднинг қизларини қўймасангиз, бошим бошингизга ҳаром бўлсин”, деди. Икки қиз ҳам оталик уйларига қайтиб келдилар. Умму Жамил ва Абу Лаҳаб бу ишлари билан чекланиб қолмади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) га доимий равишда азият етказавердилар. “Абу Лаҳабнинг қўллари қуриган — ҳалок бўлгай! (Аниқки,) у қуриди — ҳалок бўлди! Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ! Яқинда унинг ўзи ҳам, унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан (эшилган) арқон бўлган хотини ҳам (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!” (Масад сураси). Руқайя (розияллоҳу анҳо) ва Умму Гулсум (розияллоҳу анҳо) уйларидаги муҳит ўзгариб қолганини сездилар. Уйда хурсандчиликдан асар ҳам қолмагандай, ғам-қайғу буткул ҳукмрондек кўринар эди. Бироқ опа-сингил ота-оналари билан бирга бу қийинчиликларга бардош бердилар. Қурайшийларнинг тахмини бекор бўлди, севинчлари узоққа бормади. Улар ўйлаганидек, қизларининг уйга қайтиб келиши билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюк вазифаларини адо этишдан тўхтаб қолмадилар. Аллоҳ таоло солиҳ, асл бир оилага мансуб, бой ва юмшоқ табиатли куёв берди. Бу киши Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) насаб, мавқе ва бойликда Қурайшнинг энг олди кишиларидан эди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Руқайя (розияллоҳу анҳо) ни Усмон (розияллоҳу анҳо) га никоҳладилар ва уларга баракот тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар. Қурайш мушрикларининг мусулмонларга азиятлари янада ортди. Уларга жуда ёмон муносабатда бўла бошладилар. Шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фитнага дучор бўлишмасин деб саҳобаларнинг Ҳабашистонга ҳижрат қилишларига изн бердилар. Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) билан завжаси Руқайя (розияллоҳу анҳо) ҳам йўл ҳозирлигини кўра бошладилар. Руқайя (розияллоҳу анҳо) нинг кўзлари ёш, калби ғам-алам билан тўла эди. Усмон (розияллоҳу анҳу) ҳам жуда хафа эдилар. Сабрли...