islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Dekabr 5, 2018

Day

Суннат намозларининг фазилати

Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким ўн икки ракат суннат номозларни бардавом ўқиб юрса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади. Пешиндан олдин тўрт ракат, пешиндан кейин икки ракат, шомдан кейин икки ракат, ҳуфтондан кейин икки ракат, бомдоддан олдин икки ракат”. Имом Термизий ривоят килиб, бу бобда Умму Ҳабиба, Абу Ҳурайра, Абу Мусо ва ибн Умар розияллоҳу анҳумлардан ҳам ҳадис ривоят қилинган деганлар. Сўнгра Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг ҳам ҳадисларини келтириб, уни саҳиҳ деганлар. Имом Муслим ҳам Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ушбу ҳадисни ривоят қилган ва ҳадиснинг охирида Умму Ҳабиба онамизнинг: “Шундан буён уларни доим ўқийман” деганларини ривоят қилган. Кўриниб турибдики, нафл ибодатларни, хусусан фарзлардан олдинга ва кейинги суннат намозларнинг фазилати жуда улуғ.  Шунинг учун имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабларида нафл намозларига алоҳада аҳамият қаратилган. Чунки намоз банданинг қиёматда нажот топишга асосий омили. Шундай экан уни ўз вақтида ва мукаммал адо этиш фарздир. Мободо вақтида ўқий олмаса қазосини ўқиш лозим бўлади. Аммо бир инсон қазосини ҳам ўқий олмай вафот этса, Аллоҳ таолонинг фазли ила адо қилинмаган фарзларнинг ўрнини нафллар билан тўлдирилади. Имом Насоий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банданинг қиёматда биринчи ҳисоб қилинадиган амали намозидир. Агар тўла бўлса, тўлиқ деб ёзилади. Агар унда камчилиги бўлса: Қарангларчи, зоя қилган (ўтказиб юборган)  фарзларини тўлдирадиган нафлларини топасизми дейди. Сўнгра бошқа амаллар ҳам шунга кўра бўлади”, деганлар. Мазҳаббошимиз тутган, аждодларимиз асрлар давомида унга оғишмай амал қилиб келаётган йўл нақадар гўзал! Тасаввур қилиб кўринг, эллик йилдан буён намоз ўқиётган инсоннинг уни тўлдирадиган яна эллик йиллик нафл ибодати бор. Аммо афсуски бугун баъзи ёшларимизни суннат намозларига бепарво қарашаётганини кўрамиз. Бунга гўёки ишлари кўплигини баҳона қиладилар. Аммо кўчада дўсти билан соатлаб гаплашишга вақти бор. Ваҳолангки тўрт ракатли намозга бор-йўғи беш дақиқа кифоя. Ушбу мақолани ёзиш асносида бир йигит келиб интернетдан Оиша онамиздан ривоят қилинган юқоридаги ҳадисни ўқиганини айтиб, ҳақиқатдан ҳам шундай ҳадис бор-йўқлигини, агар бор бўлса, мазкур ўн икки ракат намозни ўқилиш тартиби ҳақида сўради. Бугун биз учун одатга айланган суннат намозлари, айни ўша ҳадисда фазилати зикр қилинган нафл ибодатлардир. Уларни бардавом ўқиб юрган инсонга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатда уй ваъда қилмоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини яхши билган, суннатга мувофиқ ҳаётлари билан бутун дунёга устоз бўлган аждодларимиз бунга аввало ўзлари қаттиқ амал қилишган, қолаверса бизга ҳам буни таълим бериб кетишган. Балки фазилатларини билмагандирмиз, аммо намоз ўқишни ўрганган илк чоғларимизданоқ фарз намозлари билан бирга мазкур суннатларни ҳам қўшиб ўқишни устозларимиздан таълим олганганмиз. Ёшларимиз ҳам илмда, тақвода дунёга устоз бўлган аждодларимизнинг йўлларидан юриб, уларга муносиб фарзанд бўлишга интилсалар, албатта икки дунё саодатига етишамиз. “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси А. Собиров Манба 107

Жаннатда қадам товушлари эшитилган саҳоба

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни эрталаб Билол розияллоҳу анҳуни ҳузурларига чақирдилар: – Эй Билол, нима туфайли жаннатга мендан илгари кирдинг? Кеча мен жаннатга кирганимда, олдинда сенинг қадам товушларингни эшитдим, – дедилар. – Ё Расулуллоҳ! – деб жавоб бердилар Билол. – Мен ҳар доим азон айтганимда икки ракат намоз ўқиб оламан. Таҳоратим бузилиши билан, дарҳол таҳорат оламан. – Мана шу туфайли! – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Ибн Хузайма ривоятлари). Чунки банданинг таҳорат олган-олмагани фақат Аллоҳга ва ўзига аён. Ҳеч ким ёнидаги биродарининг таҳоратли ёки таҳоратсиз эканини билолмайди. Покланмоқ кишининг нияти ва ҳаракати билан амалга ошади. Аксарият ҳолларда амал ҳам худди мақсад каби бировлар кўзидан пинҳон қолади. Шу боис, таҳорат олиб нопокликдан халос бўлмоқ омонатни адо этиш таркибига киритилди. Таҳорат иймоннинг кўзга кўринмас хислатларидан ҳисобланади. Уни муҳофаза қилиш фақат мўминда топилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Фақат мўмин кишигина таҳоратни муҳофаза этади”. (Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари). Чунки таҳорат махфий амал. Устига-устак нафсга оғирлиги ҳам бор. Шу боис, таҳоратни сақловчи мўмин жаннатга киришда илғор бўлади. «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Шамсиддинхўжа Сулаймонов 124

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ – СОФ ЭЪТИҚОД ЭРКИНЛИГИ АСОСИ

Мустақил Ўзбекистон тарихидаги яна бир қутлуғ сана – Конституциямиз қабул қилинганлигининг 26 йиллик айёми шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида мазкур байрамга бағишлаб жорий йилнинг 3-6 декабрь “Конституция ҳафталиги” маърифий тадбирларни ташкил этиш белгиланган. Шу муносабати билан, 4 декабрь Тошкент ислом институтида 2-курс талабалари ўртасида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – соф эътиқод эркинлиги асоси” мавзусидаги “Махсус дарс” соати ва “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш тарихи ва ҳаётимизда тутган ўрни” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров, Тошкент давлат юридик университети Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви кафедрасининг катта ўқитувчилари Ботир Қосимов ва Бекзод Нариманов, ҳамда институт маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ж.Мелиқўзиев иштирок этдилар. Конституция ҳафталиги доирасидаги тадбирда Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланганлиги, бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижаси эканлиги таъкидлаб ўтилди.Маънавий-маърифий тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан керакли жавоблар олдилар. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 268