islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Убайдуллоҳ ибн Масъуд ҳақида биласизми?

Бу имомнинг тўлиқ исмлари Убайдуллоҳ ибн Масъуд Содруш шариъа ал-Асғор ибн Масъуд ибн Тожуш шариъа Маҳмуд ибн Жамолуддин Убайдуллоҳ ал-Маҳбубий ал-Бухорийдир. “Содруш шариъа ал-Асғор” “кичик содруш шариъа” деганидир. У кишининг катта боболарининг ҳам лақаби Содруш шариъа бўлганлиги насабларидан кўриниб турибди. Шунинг учун катта бобо “Содруш шариъа ал-Акбар” – “Катта Содруш шариъа”, набира эса “Содруш шариъа ал-Асғор” –“Кичик Содруш шариъа” деб аталган. Баъзи манбаларда икковларини “Содруш шариъа биринчи” ва “Содруш шариъа иккинчи” деб ҳам фарқланган. Аммо Содруш шариъа лақаби асосан Убайдуллоҳ ибн Масъудга нисбатан ал-Бухорий роҳматуллоҳи алайҳига нисбатан ишлатилган. Имом Содруш шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухоро шаҳрида, ота-боболаридан бошлаб барча авлодлари илм ва фиқҳ уламолари бўлиб келаётган оилада туғилиб вояга етганлар. Қачон туғилганликлари манбаларда зикр қилинмаган. Олимнинг яшаб ўтган даври мўғуллар истилосига тўғри келади. Шунинг учун ёшлигидаёқ оила аъзолари билан Кирмон ҳудудига қочиб кетишга мажбур бўлганлар. Лекин шунга қарамай илм олишда бардавом бўлганлар. Асосий илмни боболари Маҳмуд ибн Содруш шариъадан ўзлаштирганлар. У зотнинг имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳига етиб борадиган санадлари бор бўлиб, у қуйидагича: 1. Боболари Тожуш шариъа Маҳмуд ибн Содруш шариъа 2. Катта боболари Аҳмад ибн Жамолуддин 3. Жамолуддин Убайдуллоҳ ал-Маҳбубий 4. Шайх имом Муфтий имомзода 5. Шайх Имомуддин Убайдуллоҳ ибн Масъуд замонасининг кўзга кўринган алломаларидан бўлиб, айниқса, Усулул фиқҳ, Фуруул фиқҳ, Хилоф, Жадал, Ҳадис, Наҳв, Луғат, Адабиёт, Илми калом, Мантиқ каби илмларда пешқадам бўлганлар. Уламолар у киши ҳақида жуда кўп ижобий фикр билдирганлар. Шу жумладан аллома Тафтазоний у киши ҳақида “У муҳаққиқ имом, мудаққиқ таҳрирчи, ҳидоя ва дироя олими, ақлий ва нақлий илмлар мезонини тўғриловчи, усул ва фуру илмлар мусаҳҳиҳи шариат ва ислом пешвосидир. Аллоҳ Жаннатда у зотнинг даражасини юксак қилсин”, деганлар. У кишининг бир қанча таълифотлари бўлиб, улардан энг машҳури, кўплаб мадрасаларда дарслик сифатида ўқитиладиган “Мухтасарул Виқоя”дир. Бу китоб фиқҳ илмида мурожаат қилинадиган асосий тўрт матн китобнинг бири, ўз боболарининг қаламига мансуб “Виқоятур ривоя фи масаилил ҳидоя” китобининг қисқартмасидир. Боболарининг айнан шу китобига у киши шарҳ ҳам ёзган бўлиб, унинг номи “Шарҳул Виқоя”дир. Бу китобдан ҳозирги кунда ҳам аҳли илмлар кенг кўламда фойдаланади. Содруш шариъанинг “Ат-Танқиҳ”, “Ат-Тавзиҳ” “Ал-Вишоҳ”, “Таъдилул улум”, ”Муқоддимотул арбаъ”, “Аш-Шурут вал-Маҳозир” каби бошқа китоблари ҳам бор. Имом ҳижрий 747-йили Бухорода вафот этадилар. У зотнинг икки боболаридан бошқа барча қариндош уруғлари Бухоронинг Шеробод туманига дафн қилинган. Икки боболари Кирмонда вафот этиб ўша ерга дафн этилган. Аллоҳ улардан рози бўлсин. Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Рўзимуҳаммад Тўхтасинов 510

Ходимлар эътиборда

Аллоҳ таоло масжидларни Ўзига энг маҳбуб маконлар қилган. Набий соллаллоҳу  алайҳи васаллам шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи – масжидларидир деганлар. Шу сабабдан ободонлаштириш ишларини бажаришнинг савоби жуда кўп. Жорий йилнинг 31 май куни Тошкент ислом институти ходимаси  Нурмухамедова  Мастура опанинг 50 ёшлик таваллуд аёми муносабати билан ЎМИ таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Ж.Нуриддинов бошчилигида институт раҳбарияти жамоаси муборакбод этдилар. 10 йилдан зиёд мазкур соҳада фаолият юритаётган ушбу ходимага узоқ-умр, сиҳат-саломатлик, оилавий бахт тиланди. Ҳамда яна кўп йиллар биргаликда ва ҳамжиҳатликда фаолият юритиш насиб қилиниши Яратгандан сўраб қолинди. 542

Битирувчиларнинг диплом ҳимоялари бошланди

Тошкент ислом институти республикамизнинг диний соҳасида фаолият кўрсатувчи мутахассисларни етказиб беришда ўз ўрнига эга. Мазкур даргоҳда бир қанча диний мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланиб ҳар йили ватанимиз равнақи учун муносиб тарзда хизмат қилишлари учун учирма қилинади. Жумладан, жорий йилнинг 4 июн кунидан Тошкент ислом институтининг 2017-2018 ўқув йили учун 4-курс битирувчиларининг битирув (диплом) ишлари ҳимояси бошланди. Мазкур битирув диплом ҳимоясига ўтказишда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов домла раислик қилмоқдалар, шунингдек, ТИИ Ўқув ва илмий ишлар бўйича проректор У.Ходжаев, “Диний фанлар” кафедраси мудири С.Примов, “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири А.Тошпўлатов, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Ё.Бухарбаев ва МИНБ услубчиси Ш.Абдуллаевлардан иборат комиссия аъзолари баҳолаб бормоқдалар. Диплом ҳимоялари тасдиқланган жадвал асосида олиб борилмоқда. Барча битирувчилар ўқув-услубий бўлим томонидан мутахассислик бўйича битирув (диплом) ишни ёзиш ва ҳимоя қилишга доир услубий қўлланма билан таништирилган. 519

15 дақиқа

«…15 … дақиқа… қолди» пичирлади бола лой йўлдан сирғалиб чопиб бораркан. Магазинга шошиб кириб ғижимланган пулни узатди. Сотувчи қиз менсимайгина пулни оларкан болани жеркиб берди: – «Нима бало, ахлатдан олдингми?» Бола бошини эгиб, аранг гапирди: – «Ахлат тозалаганим учун олдим». Уйга югуриб кирди, анчадан бери аёл кишининг изи тушмаган ҳовли ичкаридаги бемор каби болани мунғайибгина қаршилади. «Келдим….» деди бола ҳансираб. У пиёладаги сувга иссиққина нонни ботириб, бувасининг оғзига тутди. Бемор тамшана-тамшана кўзларини юмди. Бувасининг сўнгги ифторлиги эди бу. Дилбар Ражабова Манба: @VAQTQADRI телеграм канали 523

Вақф хайрия жамоат фонди биз кутган ташкилотми?

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Фонд 10 май куни Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди. Келинг, бугун ушбу фонд юзасидан фикр алмашсак. Фонднинг вазифаси нима, қандай қилиб молиялаштирилади, халқ учун қандай манфаатли томонлари бор каби саволларга соҳа вакили сифатида жавоб беришга ҳаракат қиламан. Вақф ўзи нима? «Вақф» сўзи луғатларда «тутиб туриш», «тўхтатиш» маъноларида келади. Вақфнинг шаръий таърифи борасида турли фикрлар билдирилган. «Вақф – нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир». Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган жиҳатга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағаллар каби) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди. Фонднинг асосий мулки вақфдан келган маблағларми? Фонднинг маблағлари 3 қисмга бўлинади. Яъни 1. Хайрия бўлими; 2. Вақф бўлими; 3; Закот, ушр, фитр ва фидя бўлими. Билишимиз керак-ки, ҳозирги кунда 3 та бўлимнинг ҳам алоҳида-алоҳида ҳисоб рақами мавжуд. Дейлик, бир киши закот учун фондга маблағ ўтказса, ўтказилган маблағ закот бўлимига тушади. Шу билан биргаликда шариатда айтилган ўринларга сарф қилиниши айтилмоқда. Умумий қилиб айтганда фонд фақатгина вақф мулкидан иборат эмас. Фонднинг асосий вазифалари нималардан иборат? Фондга келиб тушган маблағлар масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишлар учун сарфланади. Фондга маблағлар қай тартибда йиғилади? Биламизки, юқорида зикр қилинган хайрия турларининг ҳеч бири мажбурий солиқ тўловларига кирмайди. Балки ҳар бир мусулмон киши зиммасига фарз бўлган ёки саҳоват қилиш ўринларида ушбу маблағларни фондга ўтказиб беришлари мумкин. Ҳозирги вақтда фонд хайрия маблағларни одамлар қийинчиликсиз ўтказишлари учун электрон тўлов тизимларига уланмоқда. Шулардан бири Payme тўлов тизимидир. Аввалроқ фонднинг Payme тизимига улангани хабар берилди. Бу дегани сиз пластик карта орқали истасангиз закот, вақф ёки хайрия маблағларини фондга ўтказишингиз мумкин. Нима қилсак, фонд ривожланади? Биз қиладиган фақатгина бир иш қолди, у ҳам бўлса фондга ишониш ва молиявий ибодатларимизни фонд орқали амалга ошириш. Фонд нотижорат ташкилот. Бу дегани фондга келиб тушган ҳар қандай маблағ фақатгина хайрия қилинади. Шуни унутмаслик керак-ки, Президент Фармонида фондни ўта шаффоф бўлишлиги таъкидланган. Демак сизнинг маблағингиз шариатда кўрсатилган ўз ўрнига етказилиши фонд томонидан кафолатланади. Хулоса қилиб айтганда фондни ривожланиши учун ҳисса қўшайлик. Бир вақтлар хаёл қилиш қийин бўлган ишлар бугун қўлимизда турибди. Ҳисса қўшишимиз бу молиявий ибодатларимизни фонд орқали амалга оширишимиздир. Темурбек АДҲАМОВ, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси Манба: Azon.uz 673
1 1 387 1 388 1 389 1 390 1 391 1 516