Руҳий озуқага олиб борувчи омиллардан бири рўзадир. Инсонни йўлдан урадиган нарсалар ичида қорин ва жинсий шаҳватлар энг кучлиларидан ҳисобланади. Рўзанинг фойдаларидан бири худди ўша икки шаҳватни жиловлашга хизмат қилишидир. Рўза тақвонинг асосий омилларида ҳисобланади. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида: “Эй, иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз”, деган. Бу оятдан келиб чиқадики, рўза ҳам тақво йўлларидан бири эканлиги. Рўза тутган шахснинг қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво руҳи уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани “тақво” деб номланувчи, икки дунё саодатига эриштирувчи бахтга муяссар қилади. “Тақво” руҳий озуқаланишнинг муҳим омилларидандир. Рўзада бошқа ибодатларда бўлмаган хусусият бор. Бу рўзанинг Аллоҳ таолонинг ўзига боғлашлигидир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бунинг баёнини қилгандир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло деди: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти. Рўзанинг бу сифатга эга бўлишининг икки маъноси бордир: Рўза ички амал ҳисобланади Рўза тутмоқ шайтонга қаҳр қилишдир. Шаҳват емоқ ичмоқ ила қувватланади. Шаҳвати кучли бўлган инсонга шайтон ўз амрини ўтказиши осон бўлади. Рўза тутган одамга эса, шайтон яқинлаша олмайди. Уламолар наздида рўзанинг даражаси учтадир: Биринчи даража – омманинг рўзаси бўлиб, у қорин ва фаржни шаҳватдан тийишдан иборат. Иккинчи даража – хосларнинг рўзаси бўлиб, у биринчи даражага зиёда кўз, қулоқ, тилни, оёқ, қўл ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдан иборат. Учинчи даража – хослардан ҳам хосларнинг рўзаси бўлиб, у аввалги икки даражага зиёда қалбни ёмон нарсалардан, дунёвий фикрлардан ва Аллоҳдан бошқа нарсалардан тийишдан иборат. Тошкент Ислом институти талабаси Мамадазизов Жалолиддин 576
Жорий йилнинг 29 май куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига “BBC” телерадиокомпаниясига қарашли “Heart and Soul” компанияси мухбирлари Рустам Қобил ва Наталья Голышева ташриф буюришди. Мухбирлар “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” Республика босқичи ғолиб ва совриндорлари бўлган ТИИ талабалари Й.Нуриддинов (олий ўрин соҳиби, ҳифз йўналиши), М.Сайдалиев (2-ўрин, ҳифз йўналиши), Ҳ.Нажмиддинов (3-ўрин, тиловат йўналиши) ва талаба қизлар Р.Нажмиддинова (олий ўрин, ҳифз йўналиши), М.Сайдалиева (1-ўрин, тиловат йўналиши) билан учрашиб, улардан интервью олдилар. Интервью олиш жараёнида мухбирлар Р.Қобил ва Н.Голышева томонидан талабаларга Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида қилинаётган ишлар, мамлакатимизнинг бой маданий ва тарихий мероси ҳамда сўнгги йилларда дин соҳасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, эришилаётган ютуқлар ҳақида саволлар билан мурожаат қилдилар. Ўз ўрнида талабалар мазкур саволларга талаба ёшлар нуқтаи назаридан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Интервью сўнгида мухбирлар олиб борилган суҳбат ва яратилган шарт-шароит ҳамда имконият учун ТИИ раҳбарияти ва интервью берган талабалардан миннатдор эканликларини изҳор этдилар. 501
Ўз пайғамбарини каломи шарифида: “(Эй мўминлар,) албатта, сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбари (у зотнинг иймон-эътиқоди ва хулқ-атворида) гўзал намуна бордир” (Аҳзоб, 21-оят) дея мадҳ этган буюк ва ғафур зот Аллоҳ таолога туганмас ҳамду санолар бўлсин. Шайх Ҳасан ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳу алайҳ тарихни ўрганишга тарғиб қилиб шундай дейди: “Тарих барча ўтган аждодларнинг ҳаёт мадрасасидир. Тарих бир уммат ўзининг ўтмишига бориб келадиган ва ҳозири билан ўтмиши ўртасидан жой олган кўприкдир”. Мана шу тарихни энг гўзали, энг роҳатбаҳши ва қалбга сурур берувчиси албатта, шафоат тилаган мусулмон аҳлининг шафоатчиси тарихи Сийрати Муҳаммадиядир. Бу илм шунчалар муҳим ва зарурлигидан уламолар у илмни ўрганишга алоҳида тарғиблар билан ҳикматли сўзларини ёзиб қолдириб, биз авлодларга насиҳат ўлароқ илм бериб кетишган. Жумладан кўплаб олимлар бу илмга турлича таъриф ва мақтовлар келтиришганки, қуйида улардан баъзиларини келтириб ўтамиз. “Биз болаларимизга Қуръон сураларини қандай ўргатсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ҳам шундай ўргатар эдик”. Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратларининг сийрати шарифларини ўрганиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун вожибдир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётларини, суннати мутаҳҳараларини ўрганмасдан туриб, Ислом динининг моҳиятини, Қуръони каримнинг ма’нольарини тушуниб етиш маҳол. Айниқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини саҳиҳ манбалар асосида ўрганиш жуда ҳам аҳамиятли, зарур ва долзарб. “Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлмаганларида, дунёни ёритишга бу қуёшнинг нури етмасди”. Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурлари зим-зимистон ичимизни ёритмаса, муз қалбларимизни эритмаса, осмондаги қуёш ҳеч нарса қилолмас эди. Шунинг учун ҳам бу Нур сари талпинишимиз чексиздир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким менинг суннатимга амал қилса, қиёмат кунида шафоатимга мушарраф бўлади”, деган ҳадиси шарифларига асосан, суннатга амал қилиш аввало, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ихлос билан ўқишдан бошланади. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким мени яхши кўрса, Аллоҳ таоло ҳам уни яхши кўради”, деган ҳадислари маълум ва машҳурдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини чуқур мулоҳаза қилиб кўрилса, Ислом оламининг ҳаёт булоқлари ва инсоний жамиятнинг саодати қайнаб чиқадиган ягона манба экани ойдинлашади. Чунки у иймон ва ҳаёт илмидир. Иймон илми экани қуйидаги ҳадисда кўринади: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топибди: ким Аллоҳ ва расулини бошқа ҳамма нарсадан ҳам яхши кўрса; ким бир бандани Аллоҳ учунгина яхши кўрса; ким Аллоҳ уни қутқаргач, куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўрса” дедилар. Бу иймон ва эътиқодга тегишли шариатнинг мезони бўлсада, Аллоҳни яхши кўрмоқ учун уни яхши танимоқ лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрмоқ учун сийратлари ва шаклу шамоилларини яхши билмоқ ва танимоқ керакдир. Муҳаббат яқиндан танилганда кучаяди. Ҳаёт илми шариат илмидир. Чунки мусулмон киши шариатни билмас экан ҳаёти мураккаблашади ва ҳатто ибодатларда ҳам лаззат топа олмайди. Масалан, инсонлар энг кўп мурожаат қиладиган ҳаётий заруратлардан бири савдодир. Савдо ҳақидаги бир ҳадисда оддий бир ҳолат тушунилади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким егулик сотиб олса, тўлиқ қўлга киритмагунича уни сотмасин”, дедилар. Бундан ташқари яна фиқҳда жорий бўлган закот ҳақида, гувоҳлик ва биз фиқҳда ўрганадиган барча муомалотларни ҳам сийратга боғлаб ўрганиш ҳақида истаганча мисол келтириш мумкин. Шундай экан, сийратни ўрганиш ҳар-бир мусулмоннинг илми, ҳаёт йўлидаги маслаги ва йўл кўрсатувчи илм йўлидир. Манбалар асосида Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Юнусхўжа Орифахон 754
Бидъат янги пайдо қилинган иш бўлиб, дин камолига етгандан сўнг унга янги иш киритишдир. Бидъат бу шариатда унга ишора қиладиган асоси бўлмаган бирон ишни биринчи бўлиб янгидан пайдо қилинган ишдир. Шариатда унга далолат қиладиган асоси бўлса, у луғат жиҳатдан бидъат дейилсада, шаръий бидъат бўлмайди . Бидъат таърифи ва тушунчасини чегараси борасида уламолар кўплаб фикрлар билдирганлар: Ибн Ражаб айтади: “Бирор инсон олдин содир бўлмаган янги ишни яратиб уни динга боғласа ва динда бу иши учун бирон асос бўлмаса, у залолатдир. Диннинг бу ишга алоқаси йўқдир» . Имом Молик айтади: “Бу уммат ичидан олдин бўлмаган янги ишни яратган кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динга хиёнат қилди деб ҳисоблаган бўлади. Чунки Аллоҳ Таоло Моида сурасининг 3-оятида шундай дейди: “Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим”. Ўша вақтларда дин бўлмаган иш, бугун ҳам дин бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло шариат Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотидан олдин мукаммаллик даражасига етказилганлигини хабар бермоқда. Шу сабаб бир инсон келиб шариатда бирон иш ўйлаб топса унинг бу иши тасаввурга сиғмайди. Динга қўшимча (бидъат) киргизиш Аллоҳ Таолонинг ишига тўғирлаш киритиш ҳисобланади. У шариат ноқис (мукаммал эмас) деб даъво қилаётган бўлади. Бу эса Аллоҳ Таолонинг Китобида келган нарсага зид келмоқда. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Барча бидъат залолатдир. Гарчи инсонлар уни яхши деб ҳисобласаларда”. Байҳақий ривояти. Хасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Бидъатчи фосиқ билан ўтирма, акс ҳолда, қалбинг унинг гапига мойил бўлади ва натижада ҳалок бўласан. Унга қарши чиққан тақдирингда, қалбингга мараз киради” деганлар. Яҳё ибн Касир эса: “Агар йўлда бидъатчига йўлиқиб қолсанг, бошқа йўлга бурилиб кет!” деб айтганлар. Имом Аҳмад: “Бизнинг наздимизда суннатнинг асли Расулуллоҳнинг саҳобалари юрган йўлни маҳкам ушлаш, уларга эргашиш ва бидъатни тарк қилишдир. Ҳар бир бидъат залолатдир”. “Таблису иблис” китобининг муаллифи айтади: “Оиша розияллоҳу анҳудан баъзи сўзлар марфуъ тарзда ривоят қилинади: “Оиша розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам айтади: “Ким бидъатчини ҳурматини жойига қўйса, исломни бузилишига ёрдам берибди”. Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ривоят қилади. У Саид ал-Каририйдан ривоят қилади: “Сулаймон Таймий касалга чалинди. Касал ҳолида ётар экан қаттиқ йиғлади. Унга: “Сизни нима йиғлатмоқда? Ўлимдан қўрқяпсизми?”-дейишди. У: “Йўқ. Лекин мен бир қадарийни олдидан ўтаётиб унга салом бергандим. Шу сабаб Аллоҳим мени шу ишим учун ҳисоб сўрашидан қўрқмоқдаман”. Айюб ас-Сахтаёнийдан Ҳишом бин Ҳассон ривоят қилади: “Бидъатчи бир бидъатни кўпайтирар экан, Аллоҳдан янада узоқлашаверади”. Ворид бўлган ҳадис ва ривоятлар шариатдаги бидъат қораланганига ишора қилади. Шу сабаб мусулмонлар улардан сақланишлари лозим. Чунки янги пайдо бўлган эътиқодларни динга боғлиқ жойи йўқ. Динга боғлиқ бўлмаган нарсани динга кириши динга зарар етказади. Бу ниҳоятда хатарли ва Аллоҳнинг ғазабини келтирувчи ишдир. Шу сабаб бу ишни қилганлардан ислом уламолари юқоридаги каби муносабатда бўлишган. Инсон бу каби эътиқодлардан узоқ бўлиши ва атрофдагиларни огоҳ этиши лозим. 4–курс талабаси Сайфуддинова Маҳфуза 735