Мамлакатимиз тараққиётнинг янги даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан диний соҳада олиб бораётган ислоҳотлар айниқса диққатга сазовордир. Ушбу ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилишида диний соҳа ходимлари ҳам муносиб иштирок этишларини таъминлаш Ўзбекистон мусулмонлари идораси олдида турган энг олий вазифалардан биридир. Бугун, 20 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “ЭНГ МАЪРИФАТЛИ ИМОМ – 2018” кўрик танловининг республика босқичи бошланди, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичида биринчи ўринни эгаллаган 14 нафар имом-хатиб беллашмоқда. “ЭНГ МАЪРИФАТЛИ ИМОМ–2018” кўрик-танловини ўтказишдан мақсад, бугунги кун имом-хатиби ҳам диний ҳам дунёвий билимларни пухта эгаллаши, Қуръони карим оятлари тафсирини мукаммал билиши, дунёда юз бераётган воқеликдан хабардор бўлиб, халқни эзгулик ва бирдамликка чақириши, ёшларга ҳақ билан ботилни етказа билиши каби фаолиятларни янада жадаллаштиришдан иборат. Шунингдек, ҳозирги пайтда дунёда кечаётган мураккаб сиёсий жараёнларда Ислом дини ниқоби остида рўй бераётган уруш ва тўқнашувлар, бузғунчи ғоялар таҳдидидан аҳолини огоҳ этиб, уларга тўғри исломий таълимотни етказиш каби вазифаларни қай даражада уддасидан чиқаётганларини билиш ҳам мақсад қилиб қўйилган. Тадбир Қуръон карим тиловати билан бошланди. Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати ва иштирокчилар таништирилди. Эслатиб ўтамиз, ушбу танловда Тошкент ислом институти ўқитувчиси Яҳё Абдураҳмонов ҳам иштирок этмоқда. Уларга Аллоҳдан зафарлар тилаймиз! 255
“САБРЛИЛАРНИНГ ИМОМИ” Ҳеч бир инсон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламчалик мусибат ва машаққатларга учрамаган. Бирор-бир инсон ҳаётида кўплаб синов, мусибат ва машаққатларга учраган бўлиши мумкин лекин, барибир у Пайғамбаримизчалик қийналмаган бўлиб чиқаверади. У зот инсонлар орасидаги энг сабрлиси бўлганлар. Биз у зотнинг ҳаётларини ўрганар эканмиз нималарга сабр қилганликларини билиб оламиз. У зот етимликка, фақирликка, очликка, муҳтожликка, қийинчиликка, ўзларига нисбатан бўлган хасадга, ичиқоралик, кўра олмаслик ва гоҳида душманни ғолиб бўлишига нисбатан сабрли бўлганлар. У зот ўз уйларини, ватанларини қолаверса ўз аҳилларидан узоқда бўлишга сабр қилганлар. У зот яқинларини қатл қилинишларига, душманнинг ҳужумларига, у зотга эргашганларни сургун қилинишларига, душманларнинг ғазабларига, адоватчилар ва у зотга қарши жанг қилмоқчи бўлганларнинг жамоа бўлишларига, ғаразгўйларнинг инжиқликларига, жабборларнинг кибрига, арабларнинг нодонлигига, бадавийларнинг жафосига, яҳудийларнинг ҳийласига-ю насронийларнинг кеккайишларига, мунофиқларнинг ёмонлигига-ю жангчиларнинг вахшийликларига сабр қилганлар. У зот атрофларидагиларнинг пешонаси тиришишига ва узоқдагиларнинг эса ғазабига, ботилни тарқалиши-ю ёлғонга чиқарувчиларнинг ҳаддан ошишига сабр қилганлар. Сабр у зотнинг совутлари, қалқонлари, дўстлари ва шериклари бўлган. Қачонки душманларининг сўзлари у зотни безовта қилса, хавотирга солса ёки хотиржамликларини бузса дарҳол Аллоҳ таолонинг: “Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил”, (Тоҳа, 130) деган оятини эслар эдилар. Қачонки ишларида ҳолат танг бўлиб, оғирлашса тезда Аллоҳ таолонинг: “Бас, гўзал сабр қил”, (Юсуф, 18)деган оятини эслар эдилар. Қачонки душманнинг даҳшати у зотни ларзага келтирса ёки кофирларнинг режаси безовта қилса Аллоҳ таолонинг: “Бас, азму-матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил”, (Аҳқоф, 35)деган оятини эслар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари ишонч сабри эди. У зот Аллоҳ таолонинг нусратига ва ваъдаси ҳақлигига ишониб сабр қилар эдилар. У зот Аллоҳ таолога суяниб ва ундан савоб умид қилиб сабр қилар эдилар. Амакилари вафот этдилар сабр қилдилар, аёллари ўтдилар сабр қилдилар, амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуни қатл қилишди сабр қилдилар, Маккадан ажратдилар сабр қилдилар, фарзандлари вафот этди сабр қилдилар, покдомон аёллари Оиша розияллоҳу анҳога туҳмат тошини отишди сабр қилдилар, ёлғонга чиқаришди сабр қилдилар. Мушриклар ва мунофиқлар у зотни: шоир, коҳин, сеҳргар, мажнун, ёлғончи ва динни ўйлаб топган дейишди сабр қилдилар. У зотни ўз юртларидан чиқишларига мажбур қилишди, азият беришди, сўкишди, таҳқирлашди, хақоратлашди, жанг қилишди ва қамал қилишди сабр қилдилар. Энди бошига мусибатлар тушган ва кўп қийналган кишига бизнинг саволимиз шуки сизнинг қийналганларингиз ва сизга келган мусибатлар ҳам шу қадарми? Сизнинг сабрингиз ҳам у зотнинг сабри кабими? У зот сабр қилувчиларнинг имоми ва шукр қилувчиларнинг ибратлиси ва пешқадамидирлар. Аллоҳ барчамизга у зот каби сабр қилишни ҳамда ҳаётимизда у зотнинг ҳаётлари ибрат ва ўрнак бўлишини насиб қилсин. “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси, “Кулол-Қўрғон” масжиди имом хатиби Яҳё Абдурахманов 298
Зайд ибн Саъна мусулмон бўлишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, жуда қўполлик билан қарзини сўрайди. Ҳолбуки, қарз муддати ҳали битмаган эди. Зайд мана шу ерда нубувват сифатини кўрди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳалимликлари ғазабларидан муқаддам турарди. Жоҳилнинг жаҳли-ғазаби у зотнинг ҳалимликларини зиёда этарди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдга табассум қилиб, бағрикенглик билан муомала қилдилар. Умар розияллоҳу анҳу эса уни жеркиб ташладилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуга ҳам, Зайдга ҳам таълим-тарбия бўлсин учун дедилар: “Эй Умар! Мен ҳам, у ҳам бошқа нарсага муҳтожроқмиз. Сен мени қарзни чиройли адо этишга, уни эса қарзини яхшилик билан сўрашга чақиргин”. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Саънанинг қарзини бериб юборишни ва Умар етказган азият учун қўшимча ҳақ ҳам беришни буюрдилар. Мана шу ҳодиса Зайднинг Исломга кириб, Аллоҳ таоло ғазабидан омон қолишига сабаб бўлди. (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Табароний ривоятлари). «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Шамсиддинхўжа Сулаймонов 360
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 09-2831 сонли топшириғига асосан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган диний соҳа ходимлари, диний таълим муассасалари талаба ва ўқувчиларини мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида 2018 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлар режаси тасдиқланган. Шунга асосан, жорий йилнинг 18 декабрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими, талаба-қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова бошчилигида 2-курс талаба-қизлари Ўзбекистон Давлат консерваториясига ташриф буюрди. Ташриф давомида талабалар Консерваториянинг 4та зали, булар – катта, Орган чолғу, кичик ва камер чолғу заллари, ва у ернинг саҳналарида Ўзбекистон миллий симфоник Оркестри, “Туркистон” камер чолғу оркестри, “Ўзбекистон яккахонлари” камер чолғу оркестри ва Ўзбекистон давлат теле ва радиокомпаниясининг анъанавий ўзбек мусиқа чолғулари камер чолғу оркестри ва кўплаб шу каби энг таниқли жамоалар томонидан ўз ижодларини намойиш қилишлари учун етарли шароитлар яратилганлиги билан яқиндан танишдилар. Ташриф давомида талаба-қизлар қизиқарли маълумотларга эга бўлиб қайтдилар. Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ 396
Ҳофидий Сиддиқий Акбар Қосим роҳимаҳуллоҳ Мадинада туғилиб, Асҳоби киромдан кейин фатво беришни бошлаган машҳур “Фақиҳус Сабъа” (Етти фақиҳ)дан биттасидир. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг набирасидир. Қосим роҳимаҳуллоҳ ҳазрати Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ўғли Зайнал Oбидин билан хола ўғилларидан. Ҳазрати Қосим роҳимаҳуллоҳнинг онаси Эроннинг сўнгги ҳукмдори Яздужарнинг қизидир. Ҳазрати Қосим роҳимаҳуллоҳ тобеинларнинг катталаридан ҳисобланади. “Олтин силсила”нинг учинчисидир. Омонатни Салмон Форсий ҳазратларидан олган. Бу шаклда файзий илоҳийнинг сири саҳобалар доирасидан чиқиб, тобеъин доирасига кўчди. Ҳазрати Қосим роҳимаҳуллоҳ 31-ҳижрий йилда, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу хилофоти даврида дунёга келди. Отаси Мисрда ўлдирилгандан сўнг, ҳазрати Қосим роҳимаҳуллоҳ холаси, мўъминларнинг онаси ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо ёнида тарбияланди. Саҳобалардан кўпчилигини кўрди. Холаси ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан, Ибн Умардан, Ибн Аббос, Абу Ҳурайра ва Муовия розияллоҳу анҳумлардан кўпгина ҳадис ривоят қилган. Имом Малик роҳимаҳуллоҳ у ҳақда “Қосим бу умматнинг фоқиҳларидан эди”, деган. Яҳё бин Саид Қосим ҳазратлари ҳақида “Мадинада Қосимдан устун бир шахсни кўрмадик”, деган. Ибн Саъд “Қосим ишончли инсон эди, олим эди, фоқиҳ эди, имом эди. Кўп ҳадис биларди, тақво ва парҳез соҳиби эди”, деган. Умар бин Абдулазиздан ривоят қилинади: “Агар бировни ўрнимга халифа танлаш ижоб этсайди, Қосимни танлардим”. *** Қосим ибн Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ ва Расули номидан сўз сўйлашнинг ва фатво беришнинг нақадар маъсулиятли иш эканини идрок этган бир зот эди. “Инсоннинг Аллоҳ ҳаққини билиб, жоҳил сифатида яшаши, уни билмай туриб, фатво беришингдан яхшироқдир”,– деган Қосим роҳимаҳуллоҳ. У диний масалаларда жуда ҳассос ҳаракат қилар, фақат аниқ бўлган мавзулардагина фатво берарди. *** Халифа Умар бин Абдулазиз Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳга холаси ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳога оид қанча ҳадис ва ривоят бўлса, барчасини тўплаш вазифасини топширди. Қосим бин Муҳаммад ҳадиси-шарифларни маъносига, ҳарфларигача эътибор қилган ҳолда ривоят этарди. Ҳолбуки, тобеъиндан бўлган баъзи ҳадис олимлари ҳадиси-шарифни фақат маъноси билан ривоят этишдан тортинмас эдилар. Лекин тобеъин муҳаддисларининг аксарияти ҳадиси-шарифларни Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламдан қандай эшитса, шундай ривоят этишар эди. Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ ҳам ҳадис ривоят этаркан, унинг битта ҳарфини ҳам ўзгартирмас эди. Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ шундай хотирлайди: “Бир куни холам ҳазрати Ойшанинг ёнига бордим. Унга: “Эй она, менга Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрини кўрсатинг”, дедим. Кўрсатди. У ерда учта қабр бор эди. Қабрлар юксак эмас эди. Устларига қизил тошчалар тўкилган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри ҳаммасидан илгарироқда турарди: ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг боши Фахри коинот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг елкасига, ҳазрати Умарнинг боши эса унинг оёғи ҳизосига тўғри келарди”. Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ вафотидан олдин кўзи ожиз бўлиб қолди. Ўлим тўшагида ўғлига: “Мени устимдаги кийим билан кафанланг”, дея васият этди. Устида кўйлак иштон ва жубба бор эди. Ўғли “Кафанни яна икки қат қилсак бўлмайдими?” деб сўради. Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ: – Бобом Абу Бакр ҳам уч парча кафанга ўралган эди. Биз учун мезон будир. Бу кифоя. Либосга тирикларнинг эҳтиёжи ўликларникидан кўпроқ бўлади, – деди. Ҳижрий 107 йилда (милодий 725), етмиш ёшида Маккаи Мукаррама билан Мадинаи Мунаввара орасидаги Қудайдда вафот этди. Аллоҳ раҳмат айласин! Мир Араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси Абдусамад Тожиддинов 370