Шу йил 10 декабрь куни Халқаро мусулмонлар форуми котибияти ва Россия мусулмонлари идораси ташаббуси билан Zoom платформаси орқали “Мулоқот маданияти: пандемия давридаги диний одоб-ахлоқ” мавзусидаги XVI халқаро мусулмонлар анжумани бўлиб ўтди. Унда халқаро диний ташкилотлар вакиллари, Европа, Марказий Осиё МДҲдаги давлатларнинг диний идоралар раҳбарлари иштирок этди. Форум Қуръони карим тиловати ва дуолар билан бошланди. Дастлаб Россия мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнуддин сўзга чиқиб, коронавирус пандемияси даврида мўмин-мусулмонларнинг одоб-аҳлоқи, юзага келган руҳий ва иқтисодий қийинчиликларга бўлган сабр-бардошлари таҳсинга лойиқ экани тўғрисида нутқ сўзлади. Миср Араб Республикаси муфтийси, профессор Шавқий Аллом эса анжуманда мана шундай мураккаб шароитда мусулмон уламолари ҳамкорликлари мустаҳкамланганлиги, мусулмон умматини ташвишга солаётган муаммоларни бирга ечишга ҳаракат қилингани, хусусан вабо каби касалликларга қарши биргаликда курашилгани тўғрисида сўз юритди. Онлайн халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари пандемия даврида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар ва унинг натижалари ҳақида сўзлаб, Ўзбекистонда коронавирус пандемияси даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан халқимиз саломатлигини сақлаш борасида чора-тадбирлар амалга оширилгани, МДҲ давлатлари орасида касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича энг яхши кўрсаткич айнан юртимизга тўғри келгани, шунингдек пандемия даврида Уламолар Кенгаши томонидан мўмин-мусулмонлар учун бир қатор мурожаатлар ва баёнотлар эълон қилингани ҳамда ушбу синовли кунларда яхши кунларга интилиб яшаш, ёрдамга муҳтож шахсларга ғамхўрлик қилиш каби йўналишларда кенг кўламли ишлари олиб борилаётгани тўғрисида алоҳида тўхталдилар. Муфтий ҳазратлари мусулмон дунёси турли муаммоларга дуч келаётган бугунги мураккаб шароитда дин пешволари ва Ислом уламоларининг мана шундай ҳамжиҳатликда ишлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани, диний идоралар ўртасидаги биродарлик ва ҳамкорлик алоқалари янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, онлайн анжуманда Ҳамид Шаҳриёрий – Исломий ташкилотларнинг бирлаштириш халқаро ташкилоти раҳбари; Доктор Холид Эрен – Халқаро ИРСИКА ташкилоти раҳбари; Муҳаммад Хофиз – Париж марказий масжиди имом-хатиби; Науризбай Таганули – Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, Бош муфтий; Доктор Аҳмад ал-Дубаян – Лондондаги ислом маркази раҳбари; Саидмукаррам Абдуқодирзода – Тожикистон Уламолар кенгаши раиси, муфтий; Мақсадбек Тохтамушев – Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий; Абдулвохид Ниязов – Европа мусулмонлари Форуми раҳбари; Рашад Алиярли – Кавказ мусулмонлари идораси раиси ўринбосари; Мурат Гул – Берлин ислом бирлашмаси раҳбари; Азиз Хасанович – Хорватия ислом уюшмаси раҳбари, муфтий кабилар ҳам сўзга чиқдилар. Мазкур сўзга чиққан нотиқлар томонидан пандемия давридаги диний одоб-ахлоқлар, бу борада халқоро ташкилотлар ва исломий идораларнинг мурожаат, баёнот, фатво ва тавсияларнинг таъсири ҳамда ҳамкорлик алоқалари натижалари тўғрисида муҳим маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, исломий ташкилотларнинг келгусидаги ҳамкорлик масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 715
10 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги журналистлар учун Ҳазрати Имом мажмуасига пресс-тур уюштирди. Халқимиз маънавий меросининг узвий қисми бўлган Ҳазрати Имом (Ҳастимом) меъморий мажмуаси мусулмонлар оламида катта обрў-эътибор қозонган табаррук масканлардан бири ҳисобланади. Мажмуа таркибидаги Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, Тилла Шайх ва Намозгоҳ масжидлари каби тарихий обидалар халқимиз томонидан асрлар давомида асраб-авайлаб келинмоқда. Бу қутлуғ даргоҳ диёримизда муқаддас ислом дини ва унинг инсонпарварлик ғояларини кенг ёйишда йирик илмий-маърифий марказ бўлиб хизмат қилаётир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган Қуръони каримнинг энг қадимий ва мўътабар нусхаларидан бири бўлган Усмон Қуръони, шунингдек, кўплаб ноёб қўлёзмалар жаҳон жамоатчилигининг эътиборини ўзига тортиб келмоқда. Ҳазрати Имом мажмуасининг тарихимиз, маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб, унинг асл тарихий қиёфасини тиклашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди, мажмуанинг инфратузилмаси ҳар томонлама такомиллаштирилди. Давлатимиз томонидан юртдошларимизнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш, уларга диний амалларни эмин-эркин бажариш учун барча шарт-шароит яратилмоқда. Сўнгги йилларда ўнлаб масжидлар, диний ўқув юртлари очилди. Мажмуадаги Ҳазрати Имом жомеъ масжиди юртимиздаги энг йирик масжид ҳисобланади. Бу ерда айвони билан қўшиб ҳисобланса, бир пайтнинг ўзида 6 мингга яқин киши намоз ўқий олади. мадрасасигача чўзилган майдонда камида йигирма минг киши ҳайит намозларини адо этиши мумкин. Журналистлар Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти фаолияти билан ҳам таништирилди. Яқинда 50 йиллиги нишонланадиган мазкур даргоҳда ислом оламида катта обрў қозонган олимлар таълим олган. Институтнинг бешта кафедрасида 700 дан ортиқ талаба таълим олмоқда. Шундан кейин журналистлар Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон, Мўйи муборак мадрасалари билан танишди. – Тошкентга келган сайёҳ Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилмай кетмайди, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков. – Ҳозир мажмуада Қуръони каримнинг энг қадимий ноёб нусхаси сақланади. Давлатимиз раҳбари бу ерга ташриф буюрганида мажмуада Усмон мусҳафига яраша марказ қуриш кераклигини таъкидлаган эди. Ҳозирги кунда бу маскан ёнида Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилмоқда. Унинг ичида Усмон мусҳафи сақланадиган алоҳида катта музей ташкил этилади. Куни кеча Президентимиз туризм бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртимиздаги маданий мерос объектларини реставрация қилиш, алломаларимизнинг қадамжоларини зиёрат масканларига айлантириш, хориждан зиёратчиларни кенг жалб қилиш юзасидан кўрсатмалар берди. Бу ишлар юртимизда зиёрат туризми тарғиботини кучайтиришда муҳимдир. Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА Журналист 697
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Астрономия институти лаборатория мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор, Бутунжаҳон фанлар академиясининг академиги Бобомурод Аҳмедов Ислом дунёси фанлар академияси (Islamic World Academy of Sciences, IAS)нинг аъзоси этиб сайланди. 2020 йилнинг 1 декабрь куни Иорданиянинг Уммон шаҳрида Ислом дунёси фанлар академияси Бош ассамблеясининг 22-ялпи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда янги аъзолар, шу қаторда ўзбекистонлик олим Бобомурод Аҳмедов ҳам сайланди. Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Қарнаб қишлоғида туғилган Б.Аҳмедов бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Астрономия институти назарий астрофизика лабораторияси мудири сифатида фаолият юритиб келмоқда. У асосан умумий нисбийлик назарияси, гравитация назарияси, релятивистик астрофизика ва компакт гравитацион объектлар физикаси соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боради. У майдон назарияси, гравитацион ўзаро таъсир назарияси, релятивистик ва ядро астрофизикаси соҳасидаги илмий-тадқиқотлар ва педагогик тажрибага эга. У шу соҳаларда 200 дан ортиқ илмий нашрларнинг муаллифи ҳамда xалқаро Scopus ва Google маълумотлар базасида Xirsh индекси мос ҳолда 27 ва 32 га тенг бўлган мамлакатда илмий ишларига энг кўп ҳавола қилинган муаллифлардан биридир. “Йил олими – 2018” танлови ғолиби бўлган Бобомурод Аҳмедов бугунги кунда Деҳли марказий университетининг фаxрий профессори, Xалқаро назарий физика маркази (Италия)нинг релятивистик астрофизика ва гравитация фан йўналишлари аъзоси ва минтақавий координатори, Ҳиндистондаги Астрономия ва Астрофизика университетлараро маркази ва Тата фундаментал тадқиқотлар институти аъзоси. Шу билан бирга CNR, DAAD, TWAS, ICTP, Volkswagen, Erasmus+, KFUPM, PIFI, NATO каби халқаро грантлар раҳбари, “Arabian Journal of Mathematics” илмий журнали муҳаррири, “Ўзбекистон физикаси” журнали бош муҳарриридир. Б.Аҳмедов Ўзбекистонда релятивистик астрофизика бўйича янги илмий мактаб яратган. У юртимизда ва xорижий илмий масканларда фан докторлари ва фан номзодлари илмий даражаларига эга xалқаро миқёсда тан олинган ва истеъдодли ёш олимларнинг улкан жамоасини тарбиялаган. Ислом дунёси фанлар академияси (ИАС) Иорданиянинг Уммон шаҳрида жойлашган. Академия 1986 йилда Ислом мамлакатларининг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун фан ва теxнологияларни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган. ИАС академияси, шунингдек, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг (ИХТ) Илмий-теxникавий ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси ҳисобланади. Унинг аъзоси бўлиш ҳар бир олимнинг дунё ҳамжамияти томонидан тан олинишини англатади. Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА. 792