islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Бехато ёзамиз!”

Кўп китоб ўқиган бехато ёзади. Ўқитувчи доимо изланишда, илмий иш ва китоб ўқиш билан машғул бўлади. Таълим берувчи талабаларга дарс берар экан, фикрини тушунарли етказиб бериши, матнлар таржимасини беғализ чиқариши, ва албатта сўзларни тўғри ҳамда имловий хатоларсиз ёзиш кўникмасига эга бўлиши керак. Шунингдек, иш юритувчи ходимлар ҳам тайёрлаётган ҳужжатини рисоладагидек, талаб даражасида ёзиши унинг ўз ишига бўлган талабчанлигини ҳамда билимини намоён қилади. Маълумотларга кўра, инсон ёзувига қараб, унинг билим савиясини, характерини билса бўлар экан. Номзод, ариза билан иш сўраб мурожаат қилар экан, бўлажак ходим ҳақида унинг ёзувлари дастлабки тасаввурни беради.

Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходимлари ҳам кўп мутолаа қилувчи, таржималар билан шуғулланувчи ҳамда китоб ёзувчи мутахассислар ҳисобланади. Кўплаб ўқитувчилар дарс бериш билан бир қаторда институтнинг маъмурий, ташкилий ишларида фаолият олиб боради. Расмий хужжатлар тайёрлайдилар, ҳисоботлар ёзадилар. Энг асосийси, талабаларга билим бериб, матнларни асл маънога айнан яқин таржима қилишини, сўзлашувда лўнда жавоб беришини, маърузаларда нутқ равонлигини, илмий ишларда грамматика ва орфографик хатоларсиз жумла тузишларни ўргатадилар.

Олий маъҳаднинг ўқитувчи ва ходимларининг оғзаки ва ёзма нутқи балиғ ҳамда бехато бўлсада, машғулот-синов тариқасида диктант ёзиб, ўзларини имловий билимларини кўздан кечирдилар. Ўзбек тили саводхонлигини ошириш мақсадида ташкил этилган диктант синови бугунги кун мутахассисларига қўйилган талаблардан биридир.

2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг  фармони” 4-бандида “2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади”, дейилган.

5-бандда эса, ўзбек тилидаги мавжуд луғатлар асосида узлуксиз таълимнинг барча турлари учун қуйидаги “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, “Ўзбек тилининг имло луғати”, “Ўзбек тили синонимлари луғати”, “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати”, “Ўзбек тили фразеологизмларининг катта изоҳли луғати” ва “Ўзбек тили омонимлари луғати” каби ўқув луғатларини яратиш бўйича вазифалар белгиланган эди.

Мавзуга доир:

Ўзбек тилим – она тилим

Дунёда неча киши ўзбек тилида сўзлашади ёхуд йўқолиб кетиш хавфи арафасида турган жаҳон тиллари…

ТИИ Матбуот хизмати

185240cookie-check“Бехато ёзамиз!”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: