islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
May 30, 2018

Day

Сийрат – иймон ва ҳаёт илми

Ўз пайғамбарини каломи шарифида: “(Эй мўминлар,) албатта, сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбари (у зотнинг иймон-эътиқоди ва хулқ-атворида) гўзал намуна бордир” (Аҳзоб, 21-оят) дея мадҳ этган буюк ва ғафур зот Аллоҳ таолога туганмас ҳамду санолар бўлсин. Шайх Ҳасан ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳу алайҳ тарихни ўрганишга тарғиб қилиб шундай дейди: “Тарих барча ўтган аждодларнинг ҳаёт мадрасасидир. Тарих бир уммат ўзининг ўтмишига бориб келадиган ва ҳозири билан ўтмиши ўртасидан жой олган кўприкдир”. Мана шу тарихни энг гўзали, энг роҳатбаҳши ва қалбга сурур берувчиси албатта, шафоат тилаган мусулмон аҳлининг шафоатчиси тарихи Сийрати Муҳаммадиядир. Бу илм шунчалар муҳим ва зарурлигидан уламолар у илмни ўрганишга алоҳида тарғиблар билан ҳикматли сўзларини ёзиб қолдириб, биз авлодларга насиҳат ўлароқ илм бериб кетишган. Жумладан кўплаб олимлар бу илмга турлича таъриф ва мақтовлар келтиришганки, қуйида улардан баъзиларини келтириб ўтамиз. “Биз болаларимизга Қуръон сураларини қандай ўргатсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ҳам шундай ўргатар эдик”. Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратларининг сийрати шарифларини ўрганиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун вожибдир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётларини, суннати мутаҳҳараларини ўрганмасдан туриб, Ислом динининг моҳиятини, Қуръони каримнинг ма’нольарини тушуниб етиш маҳол. Айниқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини саҳиҳ манбалар асосида ўрганиш жуда ҳам аҳамиятли, зарур ва долзарб. “Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлмаганларида, дунёни ёритишга бу қуёшнинг нури етмасди”. Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурлари зим-зимистон ичимизни ёритмаса, муз қалбларимизни эритмаса, осмондаги қуёш ҳеч нарса қилолмас эди. Шунинг учун ҳам бу Нур сари талпинишимиз чексиздир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким менинг суннатимга амал қилса, қиёмат кунида шафоатимга мушарраф бўлади”, деган ҳадиси шарифларига асосан, суннатга амал қилиш аввало, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ихлос билан ўқишдан бошланади. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким мени яхши кўрса, Аллоҳ таоло ҳам уни яхши кўради”, деган ҳадислари маълум ва машҳурдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини чуқур мулоҳаза қилиб кўрилса, Ислом оламининг ҳаёт булоқлари ва инсоний жамиятнинг саодати қайнаб чиқадиган ягона манба экани ойдинлашади. Чунки у иймон ва ҳаёт илмидир. Иймон илми экани қуйидаги ҳадисда кўринади: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топибди: ким Аллоҳ ва расулини бошқа ҳамма нарсадан ҳам яхши кўрса; ким бир бандани Аллоҳ учунгина яхши кўрса; ким Аллоҳ уни қутқаргач, куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўрса” дедилар. Бу иймон ва эътиқодга тегишли шариатнинг мезони бўлсада, Аллоҳни яхши кўрмоқ учун уни яхши танимоқ лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрмоқ учун сийратлари ва шаклу шамоилларини яхши билмоқ ва танимоқ керакдир. Муҳаббат яқиндан танилганда кучаяди. Ҳаёт илми шариат илмидир. Чунки мусулмон киши шариатни билмас экан ҳаёти мураккаблашади ва ҳатто ибодатларда ҳам лаззат топа олмайди. Масалан, инсонлар энг кўп мурожаат қиладиган ҳаётий заруратлардан бири савдодир. Савдо ҳақидаги бир ҳадисда оддий бир ҳолат тушунилади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким егулик сотиб олса, тўлиқ қўлга киритмагунича уни сотмасин”, дедилар. Бундан ташқари яна фиқҳда жорий бўлган закот ҳақида, гувоҳлик ва биз фиқҳда ўрганадиган барча муомалотларни ҳам сийратга боғлаб ўрганиш ҳақида истаганча мисол келтириш мумкин. Шундай экан, сийратни ўрганиш ҳар-бир мусулмоннинг илми, ҳаёт йўлидаги маслаги ва йўл кўрсатувчи илм йўлидир. Манбалар асосида Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Юнусхўжа Орифахон 492
1 2