islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Avgust 13, 2018

Day

Тасаввуф таълимотида шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичлари талқини (Яссавия таълимоти асосида)

Тасаввуф таълимотига кўра, инсон қарама-қарши икки асос – модда ва руҳдан иборат. Шунинг учун инсонда ана шу икки асоснинг хусусиятлари мавжуд. Агар моддийлик ғалаба қилса, инсонда ҳайвонийлик ва агар руҳ томони устун келса, илоҳийлик ривожланади. Руҳ жисм қулига айланмаслиги керак, аксинча, жисм руҳ учун бир асбоб-улов, восита бўлиб хизмат қилсин. IX аср бошларига келиб тасаввуфнинг назарий асослари ишлаб чиқилди, сўфийларнинг амалий, руҳий – психологик машқлари, ўз-ўзини тарбиялаш ва чиниқтириш тадбир-усуллари шаклланди, тариқат, маърифат, ҳақиқат деган тушунчалар юзага келиб, тасаввуфнинг ушбу уч қисмига оид қарашлар мажмуаси тузилди — тасаввуф алоҳида илм сифатида қapop топ­ди. Сўфийлар дастлабки пайтларда тасаввуфни нуқул сир-у асрор, тушунтириб бўлмайдиган ҳолатлар “иборага келмайдиган ишоратлар” деб ҳисоблаган бўлсалар, бора-бора бу ҳолатлар ҳақида фикр-мулоҳазалар баён қилина бошланди, сўфийни тарбиялаш вазифаси, пир-муридлик қоидалари, одобини яратиш зарурати туғилди. Натижада тариқат ва шариат орасидаги муносабатлар, сўфийларнинг одам ва олам моҳияти алоқа-муомаласи, тавҳид – ваҳдат масалалари мунозарага сабаб бўлди. Ислом дини пайдо бўлгандан сўнг унинг Қуръони карим ва ҳадиси шариф аҳкомларига мос равишда пайдо бўлган тасаввуф таълимотлари Х-ХI асрларга келиб Ўрта Осиёда ҳам кенг тарқала бошлади. Аҳмад Яссавий ХII асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган илк тасаввуфий тариқатнинг асосчисидир. Хожа Аҳмад Яссавийнинг тасаввуф таълимоти тарихида тутган ўрни ғоятда катта, таъсир доираси жуда кенг эди. Яссавий тариқати ўз давридаёқ деярли Марказий Осиёга ёйила бошлаган. Мовароуннаҳрдан буюк Туркистон, Оқ Эдил, Кавказгача, Хуросон, Эрон, Румгача, Бадахшон ва Шарқий Туркистонгача кенгайиб борган эди. Асрлар давомида Яссавий тариқати муайян тарзда яшаб келди. Аввало, Аҳмад Яссавий ислом динининг етук алломаси, шариат аҳкомларининг тарғиботчисидир. Зеро, у ўз ҳикматлари воситасида туркий миллатларни мусулмонликка даъват қилишни кўзда тутган. Иккинчидан, Аҳмад Яссавий яссавийлик номи билан туркий халқлар орасида илк маротаба янги тариқатга асос солган машҳур шайх ҳисобланади. Яна ишонч билан айтиш мумкинки, Аҳмад Яссавий ўзбек тасаввуф шеъриятини бошлаб берган мутасаввуф шоирдир. Яссавий ҳикматлари халқчил, содда, равон ва ёд олиниши қулайлиги билан ажралиб туради. Исломнинг илк даврларида тариқат, маърифат ва ҳақиқат лафзлари истеъмолда бўлмаган, балки уларнинг маънолари бўлган. Булар кейинчалик мутасаввиф уламолари томонидан ижтиҳод қилинган атамалар. Қисқача айтганда, шариат Аллоҳ таоло буюрган амаллар (намоз, рўза, закот, ҳаж ва ҳоказо) ва қонун қоидаларни ўргатса, тариқат уларни амалга ошириш кайфиятини ўргатади. Маълумки, юқоридаги атамаларнинг луғавий ва истилоҳий маънолари ҳақида тасаввуфий асарларда кўп фикр-у мулоҳазалар билдирилган. Уларда шариат асос ва бирламчи экани, тариқат, маърифат ва ҳақиқатларнинг бир-бирига боғлиқ бўлгани қайд этилган. Шариат йўлида мукаммал бўлмаган кишига тариқат, маърифат ва ҳақиқат мартабалари насиб этмайди…Бежиз эмаски, орифлар: “Шариат бир дарахтдур, тариқат-унинг шохлари, маърифат-япроқлари, ҳақиқат-мевалари. Дарахт бўлмаса навда ҳам, япроқ ҳам, мева ҳам бўлмайди“, дея таълим берганлар”[1]. Орифлар султони Аҳмад Яссавий (р.а.):“Шариат зоҳирда аъзолар билан амал қилиш, тариқат қалб билан амал қилиш, ҳақиқат эса сир (қалбдаги жавҳар, кўнгил) билан амал қилишдир”, деганлар.[2] Тасаввуфга оид илмий китоблар ва дастурларда тариқат атамалари, мақомот манзилларини тушунтиришга кўп эътибор берилади. “Тариқат” арабча сўз бўлиб “йўл” деган маънони билдиради. Яъни, илоҳий маърифатни эгаллашга бел боғлаган кишининг руҳий-ахлоқий камолот йўли. Тариқатни тасаввуфнинг амалий қисми деб таърифлайдилар.Чунки пир-муридлик қоидалари, одобига риоя этиш, солик[3] бажариши керак бўлган барча йўл-йўриқлар, иродат ва ишорат усуллари шу тари­қат ичига киради. Тариқат ва унинг мақомотлари маълумотларга қараганда, биринчи марта Зуннун Мисрий томонидан баён этилган экан.[4] “Маърифат” сўзи арабча “арафа” -сўзидан олинган бўлиб, луғатда “билиш”, “таниш” каби маъноларни англатади. Тасаввуф таълимотида эса, “маърифат” тушунчаси, асосан икки қисмга бўлинади. Улар айни пайтда бирлашиб, “маърифат”тушунчасини ҳосил қилади: 1.“Маърифатун-нафс”[5]2.“Маърифатуллоҳ”[6]Қачонки, “Маърифатун-нафс” ҳосил...