islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Sentabr 21, 2018

Day

Рост ва ёлғон

 عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بنِ مَسعودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ” عَلَيْكُمْ بِالصِّدْقِ فَإِنَّ الصِّدْقَ يَهْدِي إِلَى الْبِرِّ وَإِنَّ الْبِرَّ يَهْدِي إِلَى الْجَنَّةِ وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَصْدُقُ وَيَتَحَرَّى الصِّدْقَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ صِدِّيقًا وَإِيَّاكُمْ وَالْكَذِبَ فَإِنَّ الْكَذِبَ يَهْدِي إِلَى الْفُجُورِ وَإِنَّ الْفُجُورَ يَهْدِي إِلَى النَّارِ وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَكْذِبُ وَيَتَحَرَّى الْكَذِبَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ كَذَّابًا “ Абдуллоҳ ибн Масуъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ўзингизга ростгўйликни лозим тутинг. Албатта ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Албатта яхшилик жаннатга олиб боради. Киши ростгўйликда ва тўғри сўзлашга ҳаракат қилишда бардавом бўлади. Ҳатто Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқ деб ёзиб қўйилади…”. (Бухорий ва Муслим ривояти). Халқимиз азал-азалдан турли хил миллий ва умуминсоний фазилатлари билан дунё ҳамжамияти орасида алоҳида ажралиб турувчи халқ ҳисобланади. Бағрикенглик, меҳмондўстлик, ҳушмуомалалик, катталарга ҳурмат – буларнинг барчаси халқимизнинг олий фазилатларидандир. Шу жумладан ростгўйлик ҳам. Муқаддас динимиз ҳам инсонларни ростгўй бўлишга чақирувчи ва ростгўйликни тарғиб қилувчи дин ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳали нубувват келмасидан олдин ҳам халқ ичида “ал-Амийн” яъни “ишончли” дея ном чиқарганликлари эса бу гапимизга ёрқин далил бўла олади. Ростгўйлик борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Юқоридаги ҳадиси шарифда Набиий соллаллоҳу алайҳи васаллам барчани рост гапиришга ва ростгўй бўлишга чақирганлар. Шу билан бирга ростгўйларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомини баён қилиб берганлар. Ростгўйликда бардавом бўлган инсон ростгўйлиги учун жаннатга киритилишини ва унга Аллоҳ таоло ҳузурида “Сиддиқ” деб ном берилишини эшитган ҳар бир мусулмон, шубҳасиз ростгўй бўлишга интилади. Ҳамма ростгўйликка интилса, инсонлар орасидаги тушунмовчиликларга ҳам барҳам берилади. Натижада, жамият ҳаёти ҳам ижобий томонга ўзгаради. Тўғрисўзликнинг Аллоҳ ҳузуридаги мақомининг боиси ҳам айни мана шунинг учун бўлса ажаб эмас. Уламоларимиз: “Ростгўйлик бу – қалбингдаги ҳақиқатни тилингда зоҳир қилишингдир”, – дейишган. Демак, зоҳиран қилган ишларимизнинг барчаси қалбимизда бўлмоқлиги керак. Ҳеч бир ҳаракатимизни ростгўйликдан йироқ ҳолда, хўжакўрсинга қилмаслигимиз лозим бўлади. Ростгўйлик – Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилишда, инсонлар билан муомала қилишда, ваъдада, олди-сотди масалаларида, никоҳ ва бошқа масалаларда  кишининг зоҳири  худди қалби каби бўлмоқлигидир. Киши инсонлар билан муомалада бир хил бўлиши, ваъдасига вафо қилиши, олди-берди масалаларида ва бошқаларида тили ва ҳаракатларини қалби ила мутаносиб қилиши лозим бўлади. Ҳадиси шарифнинг давомида: “…Ўзингизни ёлғончиликдан сақланг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик оловга олиб боради. Киши ёлғон сўзлашда ва ёлғон сўзлашга ҳаракат қилишда бардавом бўлади. Ҳатто Аллоҳнинг ҳузурида каззоб деб ёзиб қўйилади”,- дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти). Бу ҳақида Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Ростгўйлар билан бирга бўлинглар”. (Тавба,119) Уламоларимиз: “Ёлғон бу – қалби тасдиқ қилмаган нарсани айтишдир. Омонатга хиёнат ҳамда бошқалар томонидан айтилган рост сўзни била туриб тасдиқламаслик ҳам ёлғондир” ,-деганлар. Ёлғон гапириш динимиз ҳаром қилган амаллардандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни қай даражада ростгўйликка тарғиб қилсалар, ёлғончиликдан шу даражада қайтарганлар. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки лаби ва икки оёғи орасидагига кафолат беролса, мен у учун жаннатни кафолат бераман”, дедилар. (Бухорий ривояти). Бу ҳадиси шарифдан ҳам маьлум бўлмоқдаки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким менга икки лаби орасидагига кафолат беролса, мен у учун жаннатни кафолат бераман”, демоқдалар. Агар жаннатга киришимиз учун тилимиз аҳамиятли бўлмаганида эди,...

Файз ва баракага эришишни хоҳлайсизми?

Менимча юқоридаги саволни ўқиган ҳар қандай шахс, унга жавобан: “Албатта, мен файз ва баракага эришишни хоҳлайман” дея жавоб берган бўлса, ажаб эмас. Чунки, инсонлар бу дунё беш кунлик бўлсада, унда яхши ҳаёт кечиришни ҳоҳлайдилар. Албатта, бундай яхши ҳаёт кечиришга Аллоҳ таолонинг Ўзи каломида ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида тавсиялар берганлар. Ана шу тавсиялардан бири “Мулк” сураси ҳақида бўлиб, бу суранинг фазилатлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган. Ҳазрати Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳи бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У (Мулк сураси) сақловчи ва нажот берувчидир. Қабр азобидан нажот беради”, деганлар. Мулк сураси халқимиз орасида “Таборак” номи билан ҳам маълум-машхурдир. Шунингдек у “Сақловчи” ва “Нажот берувчи” деб ҳам юритилади, чунки у бандаларни Дўзах азобидан сақлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида: “Албатта, Аллоҳнинг китобида (Қуръонда) бир сура бор,  унинг оятлари ўттизта бўлиб, ўз ўқувчисини қиёмат куни шафоат қилади. Уни Дўзахдан чиқариб, Жаннатга  киритади. У “Таборак (Мулк) сурасидир” деганлар. Бошқа бир ҳадисда Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мулк сураси ҳар бир мўьмин қалбида бўлишини ҳоҳлардим”, деганлар. Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганларки: “Ҳар ким “Мулк” сурасини ўқиса, Қадр кечасига етишганнинг савобини топади. Бу сура ўз ўқувчисини шафоат қилади ва унинг гуноҳлари авф этилади. Ҳар ким бу сурани ўқиса, Аллоҳ таълонинг ҳамма китобларини ўқиганлик савобига эришади. Агар сидқ билан унинг оятларини ўқиса қабр азобини кўрмайди. Агар қабр бошида ўқилса, ўша қабодаги майитнинг азоби енгил бўлади ва қабри Жаннат бўстони айланади”. Ривоят қилинади, кимки оғир бир мусибатга учраса, Аллоҳ таолодан сўраб, тўғри соф иймон-эътиқод ва ихлос билан маъноларини тадаббур ва тафаккур қилиб, “Мулк” сурасини кирқ бир марта ўқиса, иншаа Аллоҳ, У зот енгиллик беради. Ва яна бирор бир манзил-маконда юқорида айтиб ўтилган шартларга амал қилган ҳолда ушбу сура ўқилса, у ерда, иншаа Аллоҳ, файз ва барака зиёда бўлади. Агар кимки кўз оғриғига учраган бўлса, уч кун давомида ҳар куни уч марта “Мулк” сурасини, бунда ҳам юқорида айтиб ўтилган шартларга амал қилган ҳолда  ўқиса, инша Аллоҳ, шифо топади. Мир араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси Абдусамад Тожиддинов 296

Ихлос – илм ва амал пойдевори

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ўтказилган тарбиявий соат мавзуси “Ихлос – илм ва амал пойдевори” деб номланди. Суҳбатни институтнинг “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Ҳасан домла Қодиров ўтказди. Домла суҳбатни “бошланган ўқув йилимиз баракали ва манфаатли бўлсин”, дея хайрли тилаклар ила бошлаб сўнг давом этди: Ихлос – холис қилиш, дегани. Инсонни қилаётган амалларидан барча дунёвий ғаразларни олиб ташлашига холис амал дейилади. Ҳар қандай яхши амалда ихлос бўлмаса, уни бажаришда холислик бўлмаса ёки бирор-бир ғараз кўзланган бўлса, ундай амални Аллоҳ қабул қилмайди. Аллоҳ амалларни қабул қилмаслик билан тўхтаса қанийди! Аммо тўхтамайди, қилинган амалнинг ким учун қандай ҳолатда қилинганига қараб бу дунёда зажр (жазо) беради. Айниқса толиби илм энг биринчи ихлосни маҳкамлаши керак.Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Кутилмаганда, олдимизга оппоқ кийимли, қоп-қора соқолли, уст бошида сафарнинг ҳеч бир аломати йўқ, бирортамиз ҳам танимайдиган бир киши кириб келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига ўтирди-да, икки тиззасини У зотнинг тиззаларига суяди (теккизиб ўтирди), икки кафтини эса У зотнинг икки сонларига қўйди ва: “ Эй Муҳаммад, менга “Ислом” ҳақида хабар беринг! (Нима ўзи у?)”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом – Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир, деб гувоҳлик бериб, намозни тўла-тўкис адо этишинг, закотни беришинг, рамазон рўзасини тутишинг ҳамда йўлга (борди-келдига моддий ва жисмонан) қодир бўлсанг Байт (Каъба)ни зиёрат қилмоғингдир”, дедилар. Ҳалиги одам: “Тўғри айтдингиз”, деди. (Умар ибн Ҳаттоб) Бу кишининг ўзи сўраб, яна ўзи тасдиқлашидан таажжубландик (ҳайрон қолдик). У: “Энди менга “Иймон” ҳақида хабар беринг! (Нима у?)”, деди. У зот: “Иймон – Аллоҳга, фаришталарига, (пайғамбарларига туширган) китобларига ва пайғамбарларига ишонишинг ҳамда қадар (тақдир)га, унинг яхшилик ва ёмонлигига ишонишингдир”, дедилар. У: “Тўғри айтдингиз”, деди-да: “Энди менга “Эҳсон” ҳақида хабар беринг! (Нима дегани у?)”, деди. У зот: “Эҳсон – Аллоҳга Уни кўриб турганингдек, гарчи сен (ожизлигингдан) кўролмаётган бўлсангда, У сени аниқ кўриб турганини ҳис қилиб (ҳаёт кечириб, бандалик) ибодат қилишингдир”, дедилар. У: “Менга “Қиёмат” ҳақида хабар беринг! (У қачон бўлади?)”, деди. У зот: “Бу масалада сўралувчи (яъни мен) сўровчидан (сендан)да билимдон эмас (яъни сен билмаганингдек, бу масалани мен ҳам билмайман”, дедилар. У: “(Ундай бўлса), Қиёматнинг белгилари ҳақида хабар беринг”, деди. У зот: (Биринчиси) “Она ўзининг қиз (бир ривоятда ўғил) хўжайинини туғмоғи яъни хали қиёматга яқин ота-оналарни фарзандлар бошқарадиган бўлиб қолганини кўрасан. (Иккинчиси эса) Ялангоёқ, яланғоч, камбағал қўйбоқарларнинг бино қуришда мусобақа (ким ўзар) қилаётганларини кўрмоғинг”, дедилар. Ҳазрат Умар: “Саволлари тугагач, ҳалиги киши кетди-ю, мен эса анча вақт (ҳайрон бўлиб) жойимда туриб қолдим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “ЭйУмар, ана у савол сўровчи кимлигини биласанми?”, дедилар. “Аллоҳ ва расули билур”, дедим. У зот: “У Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келган эди”, дедилар. (Имом Муслим ва Бухорий ривояти). Ихлоснинг даражалари ҳам ҳар хил бўлади. Бунга қуйидаги ҳадисни эсласак бўлади. Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Инсон намозини тугатганда намозининг ўндан бир, тўққиздан бир, саккиздан бир, еттидан бир, олтидан бир, бешдан бир, тўртдан бир, учдан бир ёки ярмининг савобига эга бўлиши мумкин”. Насоъий ривояти. Намоздаги рукнларнинг тўла адо этилгани, хушуъ ва хузуънинг даражаларига қараб савобнинг миқдори ўлчанар экан. Ибодатда гарчи бир хил кўринишда бўлса ҳам савобнинг ҳаммага ҳар хил берилиши қалб ва ундаги ихлоснинг мезони билан ўлчанади. Бунга мисол қилиб, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни кўришимиз мумкин: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир...