islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Yanvar 2019

Month

Ҳадислар таржимасига тааллуқли айрим фикрлар

Аллоҳга беҳад ва беадад ҳамду санолар бўлсинки, сўнги вақтларда юртимиз мусулмонларининг маънавий-маърифий ҳаётида кўплаб ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Халқимиз маънавий эҳтиёжини қондирадиган ва ёшларимизни эзгулик сари йўналтирадиган турли-туман диний-маърифий нашрларнинг сони ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Албатта бунда давлатимиз раҳбариятининг ниҳоятда халқчил ва ҳақчил сиёсатини ҳам эътироф этишимиз лозим. Зеро, ҳақиқатан ҳам муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида халқимизнинг диний ва руҳий эҳтиёжини қондиришга йўналтирилган жуда катта ишлар дунё юзини кўрмоқдаки, уларга кўз юмиш адолатдан эмас. Жумладан, кетма-кет қад кўтараётган масжидлар, янги мадрасалар, Ислом тамаддуни маркази, Ислом академияси, ҳадис мактаблари, араб тили ва Қуръон курслари яна бошқа кўплаб хайрли ишлар бунга мисол бўла олади. Фурсатдан фойдаланиб, Аллоҳ таолодан давлатимиз раҳбариятининг олиб бораётган мазкур ишларида куч-қувват ва муваффақият ёр бўлишини сўраб қоламиз. Агар бевосита, баҳсимиз мавзусига қайтадиган бўлсак, айтиш жоизки, диний-ижтимоий руҳдаги китобларнинг мағзини ояти карималар, ҳадиси шарифлар шунингдек, саҳобаю тобеинлар ва уларга эргашган солиҳ ўтмишларимиздан нақл қилинган ибратли сўз ва амаллар ташкил этади. Мазкур диний адабиётларни ёзиш асносида ояти карималар билан бир қаторда ҳадиси шарифларни таржима қилишга ҳам тўғри келади. Қуръони карим оятларининг таржимаси борасида мурожаат қилишимиз мумкин бўлган ўзбек тилидаги бир нечта қўлланмаларимиз бор. Аммо, ҳадиси шарифлар таржимасида кўпчилик шахсий имкониятларига таянади. Кўпинча, ҳадисларга берилган таржималарда юзакилик, умумийлик ва нодақиқлик кўзга ташланади. Натижада таржима матнда ирода қилинган маънодан у ёки бу миқдорда четга чиқа бошлайди, гарчи, умумий йўналиш хато бўлмаса ҳам. Ваҳоланки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларининг таржимасига  ўта синчковлик, диққат-эътибор, шошилмаслик, тадаббур ва тафаккур билан ёндашиш талаб этилади. Қуйида, бандаи ожизнинг ҳадиси шарифларни таржима қилишда қўл келиши мумкин айрим кичик тавсиялари баён этилади: 1. Ҳадиси шарифларни таржима қилишда энг зарур ва бирламчи аҳамиятга эга бўлган нарса араб тилини яхши билиш, бу тилнинг руҳиятини тушуниш, маънода балоғий ўзгаришлар ясайдиган услублар ва мазкур тилнинг бошқа хусусиятларидан хабардор бўлишдан иборатдир. Бусиз иложи йўқ. Бу даражага чиқа олмаган одам ҳадиси шарифдаги барибир қайсидир латиф маънони, қайсидир нозик бироқ, асосий йўналишни кўздан қочиради. 2. Ҳадисларга шарҳ сифатида битилган машҳур китобларга кўп-кўп назар солган бўлиш. Бу нарса ҳадисларни тўғри тушунишга, тушунарсизроқ ва иштибоҳлироқ бўлган ўринлардаги асл маънони билиб олишга ёрдам беради. Шунингдек, ҳадис ва фиқҳ илмига оид бўлган махсус сўзлар ва истилоҳларнинг асл ишлатилиш майдонидан хабардор бўлишда жуда қўл келади. 3. Юқорида ҳадиси шарифларни таржима қилишда араб тилини яхши билиш муҳимлиги айтилди. Лекин, бунинг ўзи кифоя эмас. Чунки, бу – ҳадисларни таржима қила олишнинг шартларидан бири холос. Бинобарин, бунинг ўзи билан иш битиб қолмайди. Балки, ҳар сафар бирор ҳадисни таржима қилишдан аввал унинг шарҳларига кўз югуртириш, камида тўртта-бешта машҳур ва мўътамад асарлардаги шарҳи билан танишиш лозим. Мисол учун, Мулло Али Қорининг “Мирқотул мафотийҳ”и, Бадруддин Айнийнинг “Умдатул қорий”си, Нававийнинг “ал-Минҳож шарҳу саҳиҳи Муслим ибнил Ҳажжож” асари, Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Фатҳул Борий”, Анваршоҳ Кашмирийнинг “Файзул Борий”, Шаббир Аҳмад Усмонийнинг “Фатҳул Мулҳим”и, Муҳаммад Абдураҳмон Муборакфурийнинг “Туҳфатул Аҳвазий”, Суютийнинг “Ҳошиятус Суютий алаа сунанин Насоий”, Синдийнинг “Ҳошиятус Синдий алаа Сунани Ибни Можа” ва АбдурРоуф Муновийнинг “Файзул Қадийр” асарлари каби машҳур шуруҳотларга мурожаат қилиш фойдадан холи эмас. Чунки, шарҳларда ҳадиси шарифлардаги ҳар бир сўз ва элементларнинг мазмун-моҳияти, келиб чиқиши (этимологияси) ва бошқа жиҳатлари муолажа қилинади....

Тилни сақлаш

Тил инсоннинг энг мукаррам, шу билан бирга энг хатарли  азоси ҳамдир. Агар  инсон уни яхшиликга  ишлатса, улкан ажр-мукофотларга эга бўлади, бордию ёмонликга ишлатса уни ортидан маломатга қолиши тайин. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллоллоҳу аълайҳи васаллам: “Одам боласининг кўпчилик хатолари тилидан” [1]  деганлар. Инсонни абадий саодатга эришишиб жаннатга кириши, ёки бахтсиз бўлиб дўзахга киришишининг ҳам асосий сабабчиси тилидир. Абу Ҳурайра розиёллоҳу аънҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллоллоҳу аълайҳи васаллам, инсонларни жаннатга киритадиган амалларнинг кўпроғи ҳақида сўралганларида: “Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ” дедилар. Инсонларни дўзахга киритадиган нарсаларнинг аксари ҳақида сўралганларида эса: “Оғиз ва фарж” [2] дедилар. Демак инсоннинг нажот топишига Аллоҳга бўлган тақвоси ва чиройли хулқи сабабчи бўлса, ҳалокатга учрашига тилини лағвдан, авратини зинодан сақламаслиги сабаб бўлар экан. Жобир розиёллоҳу аънҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллоллоҳу аълайҳи васаллам: “Ким менга икки жағи ва икки оёғи ўртасидаги нарсани сақлашни кафолатини берса, мен унга жаннат кафолатини бераман. Бирор бир садақа Аллоҳ азза ва жаллага яхши сўздан кўра маҳбуброқ эмас” [3]   дедилар. Сўзнинг аҳамияти шунчалик муҳимки инсон биргина сўзи билан мусулмон бўлиши ёки диндан чиқиши, инсонлар ўртасини ислоҳ қилиши ёки бузиши мумкин. Шундай экан Аллоҳ таъоло неъмат қилиб берган тилларимизни фақат хайрли амалларга ишлатмоғимиз ва уни Аллоҳ ва Росули қайтарган нарсалардан тиймоғимиз лозим. Анас розиёллоҳу аънҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллоллоҳу аълайҳи васаллам: “Токи тилини сақламагунича бирортангиз ҳам иймоннинг ҳақиқатига ета олмайди” [4] дедилар. Росулуллоҳ соллоллоҳу аълайҳи васаллам ҳадиси шарифда марҳамат қилганларидек иймоннинг ҳақиқатига етиш мақсадида тилимизни ундан сақлашимиз керак бўлган нарсаларни яна бир бор эслатиб ўтишни лозим деб билдик. Чунки Аллоҳ таоло: “(Эй, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур”[5] деган. [1] Табароний ва Ибн Абуддунё ривояти.Ваҳид Абдуссалом  Болий. Ҳифзуллисан 5-бет.1990-йил Макка-и мукаррама. [2] Термизий ривоят қилиб саҳиҳ деган 3.245 Ваҳид Абдуссалом Болий. Ҳифзуллисан 5-бет. 1990-йил Макка-и мукаррама. [3] Имом Байҳақий. Шуъабул-иймон, 4- жуз, тилни сақлаш боби 4915- ҳадис. 1990-йил  Байрут. Дарул кутубил иълмийя. [4] Имом Байҳақий. Шуъабул-иймон, 4- жуз, тилни сақлаш боби 5005- ҳадис. 1990-йил Байрут.  Дарул кутубил иълмийя. [5] Зориёт сураси 55-оят.Шайх Абдулазиз Мансур.  Қуръони карим маъноларининг таржимава тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти. “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси А. Собиров Манба 167

Ҳаё йўқолмасин дунёда

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳеч шубҳа йўқ, ҳар бир диннинг ўзига хос хулқи бор. Ислом динининг ўзига хос хулқи ҳаёдир”. Ҳаё – кишини инсоний ахлоққа тўғри келмайдиган ҳар қандай нарсадан тийилишга ундовчи сифат. Ҳаё хижолат чекиш, истиҳоладан фарқ қилади. Чунки хижолат чекиш ҳамиша ҳам ижобий хислат ҳисобланмайди. Баъзан у салбий оқибатларга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ҳаё бир вақтнинг ўзида жоиз бўлмаган иш ва сўзлардан қайтаргани каби, яхши ишларга ундовчи ҳамдир. Бу гўзал хислат одамлар орасида ҳам, ўзи ёлғиз қолганида ҳам эгасининг иккиюзламачилик қилишига йўл қўймайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаёнинг ҳаммаси яхшидир”, деганлар. Ҳаё инсоннинг икки дунёси, шунингдек, атрофидагилар учун ҳам фойдали фазилат. Уламоларимиз ҳаё ҳақида: “Ҳаё ёмон, қабиҳ иш ва қилиқларни тарк этишга ундайдиган, ҳақдор кишининг ҳақига путур етказишдан қайтарадиган яхши сифатдир”, дейишган. Имонимизнинг бир бўлаги – ҳаё биздан узоқлашиб, бегонасираб кетишига йўл қўймайлик. “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси Ёрмуҳаммад Эшназаров Манба 191

ИДДА МАСАЛАСИ

“Идда” сўзи луғатда “санаш”, “ҳисоблаш” маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан кейин бошқа ерга тегмай ўзини  сақлаши лозим бўлган муддатга айтилади. Идда муддатлари: Эри талоқ қилган аёл талоқдан сўнг уч марта ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан иддаси тугайди. Аллоҳ таоло: “Талоқ қилинган аёллар, ўзларича уч қуруъ кутадилар. Уларга Аллоҳ уларнинг раҳмларида халқ қилган (яратган) нарсани яширишлари ҳалол эмас. Агар, Аллоҳга ва охират кунига иймонлари бўлса”, деган (Бақара, 228). Аллоҳ таоло аёлларнинг бачадонларида яратган нарсадан мурод эса, ҳайз ёки ҳомиладир. Мўмина-муслима аёл бу нарсаларни беркитмаслиги керак. Мисол учун, эри талоқ қилган бўлса, талоқдан кейин ҳомила аниқ бўлса ҳомиласини яшириб, уч марта ҳайз (ой кўрмоқ, узрли бўлмоқ) кўрдим, деб бошқа эрга тегишга шошмаслиги лозим. Ҳанафий мазҳабимиз уламолари эри талоқ қилган хотин талоқдан сўнг уч марта ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан иддаси тугайди, дейдилар. Ёши кексалиги ёки жуда ёшлиги ёки бўйи етган бўлса ҳам умуман ҳайз кўрмайдиган аёл уч ой идда ўтиради. Аллоҳ таоло: “Хотинларингиз орасидаги (кексайиб) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (иддалари хусусида) шубҳалансангиз, бас, (билингизки) уларнинг иддалари уч ойдир, яна (бирор марта) ҳайз кўрмаганларнинг (иддалари) ҳам”, деган.  (Талоқ, 6) Эри вафот этган, ўзи ҳомиладор бўлмаган аёл талоқ қилинса тўрт ой ва ўн кун идда ўтиради. Аллоҳ таоло: “Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ой-ю ўн кун кутарлар”, (Бақара, 234) деган. Яъни, бу эри вафот этган аёлларнинг идда муддатидир. Эри вафот этган ҳар бир аёл умр йўлдошлик ҳурматидан тўрт ой-ю ўн кун идда ўтириши вожиб. Эри вафот этган ҳомиладор аёлнинг иддаси ҳомиласини туғишидир. Эри вафот этган ҳомилали аёл ҳомиласини туғиши билан иддаси чиқади. Аллоҳ таоло: “Ҳомиладорларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (кўз ёришлари)дир”, деган.  (Талоқ, 6) Бундан ташқари, аёл киши идда ўтириши шарт бўлмаган ўрин ҳам мавжуд бўлиб, фуқаҳолар бунга қуйидаги оятни далил қиладилар: Аллоҳ таоло: “Қачонки мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнг уларга (қўл) тегизмай туриб талоқ қилсангиз, сиз учун улар идда сақлаш мажбуриятида эмаслар”, деган. (Азҳоб, 49) Эр-хотин никоҳлангандан сўнг бирга яшамай, эр аёлини талоқ қилган бўлса, аёл киши идда ўтириши вожиб эмас. Чунки ҳомила бўлишининг эҳтимоли йўқ. Иддани шариатга киритилишининг бир неча ҳикматлари бор бўлиб, улар қуйдагилар: Биринчиси, эридан ажраган аёл ҳомиладорми, йўқми аниқланади. Шу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади. Иккинчиси, вафот этган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади. Учинчиси, эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмай, идда ўтирилади. Бундан ташқари, илм фан тараққий этган ҳозирги кунда бошқа ҳикматлари ҳам аниқланмоқда. Англиялик олимлар бир эркак билан яшаб туриб, кейин бевосита, орада танаффус қилмай иккинчи эр билан жинсий ҳаётни давом эттирган аёлларнинг бачадонларида оғир касаллик пайдо бўлишини исбот қилганлар. Аллоҳ таоло бизларга Ўз амри илоҳиларига амал қилиб ҳаёт кечиришни насиб этсин. Зеро, У зот ҳар бир нарсага қодирдир. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 189

Ўзбекистон аэропортлари ва вокзалларида ибодат хоналари очилади

Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортлар ва темирйўл вокзалларида ибодат амалларини бажаришга мослаштирилган хоналар пайдо бўлади. Бу президентнинг “Ўзбекистон Республикасида туризмни тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ўз аксини топган. Давлат раҳбари ибодат амалларини бажариш ва таҳоратхоналар учун жойларни 2019 йилнинг 1 июнига қадар жиҳозлаш топшириғини берган. Мусулмонлар учун сутка бўйи ишлайдиган намозхона 2017 йилнинг ноябридан буён Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида фаолият кўрсатиб келмоқда. Бугунги кунда 16 та турли диний конфессияларга дахлдор 2200 дан ортиқ диний ташкилотлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Аҳолининг 95 фоизга яқини ислом динига эътиқод қилади. Манба 161
1 11 12 13 14 15