islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Mart 2019

Month

Ҳаётимиз муҳофазаси

Йўл оммага тегишли, бинобарин, унга зарар етказиш мумкин эмас. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Йўлга ўз ҳақини беринглар», деб марҳамат қилдилар. У зот йўловчиларнинг ҳақини эътиборга олиб, йўл ўртасида намоз ўқишдан қайтардилар, сафарларида бирор жойда тўхтаганларида бошқа йўловчиларга халақит бермаслик чора-тадбирларини кўрдилар. Жамиятнинг саломатлигини тўлиқ таъминлашга хизмат қилувчи ҳукмларни фуқаҳолар Қуръон ва ҳадис маънолари асосида ишлаб чиқишган. Баъзи уламолар бу фиқҳий қоидаларни ўн еттита деса, бошқалари уни тўрттага қисқартиришган. Изз ибн Абдуссалом уларни иккига жамлаб, «манфаатни жалб қилиш» ва «зарарни даф этиш» қоидалари билан изоҳлаган. Айрим мутааххир уламолар буни ҳам қисқартириб: «Манфаатни жалб қилиш барча шаръий аҳкомларга асосдир, чунки зарарни қайтариш ҳам манфаатни жалб қилиш ҳисобланади», деганлар. Йўл-танспорт ҳодиса­ларининг олдини олишдан мақсад ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдаларнинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаш, автомобилларни турли талофатлардан асраш, яъни, инсоннинг жонини ва молини муҳофаза этишдир. Зеро, бундай ҳодисалар инсонларнинг ҳаётига зомин бўлиши, саломатлигига путур етказиши, шунингдек, ортиқча сарф-харажатларга олиб келиши ҳам мумкин. Йўл ҳаракати қоидалари инсон ҳаётини сақлашни таъминлашга қаратилган. Ислом шариатининг талаб ва мақсади ҳам айни шу. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган киши, аввало, ўзининг жону молини хатарга қўйган бўлади. Бу эса Ислом динида ҳаром амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг» (Бақара, 195). Уламоларимиз йўл ҳаракати қоидалари Ислом шариатининг талаб ва мақсадларига хизмат қилишини, уларга ҳамоҳанг эканини таъкидлайди ва уларга амал қилишни вожиб дейишади. Шунинг учун ҳам, барча ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдалар йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари, уларга хилоф иш тутмасликлари зарур. Динимиз аҳкомларида инсоннинг дини, жони, шаъни, ақли ва молининг ҳимояси мақсад қилинган. Зеро, умримиз мазкур нарсалар устига бино қилинган бўлиб, ўшаларнинг тўлиқ муҳофаза этилиши, дахлсизлиги, уларга нисбатан ҳар қандай тажовузнинг бартараф этилиши билан фаровон ва осойишта кечади. Тошкент ислом институти битирувчиси Ҳасанхон Абдумажидов Манба 107

Шавкат Мирзиёев: Абдухолиқ Ғиждувоний мажмуаси маърифат маркази бўлиши керак

Президент Шавкат Мирзиёев 29 март куни Бухоро вилояти Ғиждувон туманига ташриф буюрди, хабар берди Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб сайти. Абдухолиқ Ғиждувоний мақбараси зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди.Давлатимиз раҳбари мақбарада амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечирди. Бу ерга имом-хатибларни жалб этиб, уларга алломаларимиз маънавий меросини тўғри ва чуқур ўргатиш, халқимизга етказиш бўйича топшириқлар берди. – Китобда ўқиш бошқа, зиёрат қилиб, юракдан ўтказиб ўрганиш бошқа. Бу жой маърифат маркази бўлиши, одамлар ўзига илм олиб кетиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев. Ўтган йил 16 февраль куни вилоятга ташриф чоғида Президентимиз «Етти пир» мақбараларини обод қилиш, уларни боғловчи туризм йўналиши ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Абдухолиқ Ғиждувоний мазкур етти пирнинг биринчиси саналиб, Хожагон тариқати асосчисидир. Кейинчалик Ориф Ревгарий, Маҳмуд Фағнавий, Али Ромитаний, Муҳаммад Бобои Самосий, Саййид Амир Кулол бу маънавий йўналишни давом эттириб, Баҳоуддин Нақшбанд уни юксак босқичга олиб чиққан. Шу боис бу тариқат Нақшбандия номи остида танилган. Қўшни мамлакатлар, ғарбий ва жанубий Шарқ давлатлари, ҳатто бутун дунёда бу азиз авлиёлар қадамжоларини келиб кўриш истагидагилар кўп. Шу ерда мазкур зиёратгоҳларда амалга оширилган ва давом этаётган таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари бу масканларни обод қилиш билан бирга «Етти пир» ҳақида китоб яратиш, уларнинг илмий меросини тарғиб этиш зарурлигини таъкидлади. – Бундай маънавий хазина бошқа ҳеч қаерда йўқ. Бу хазинани мукаммал ўрганиш, одамларга, ёшларга осон тилда етказиш керак. Мақсадимиз – ёшларимиз ўзимизнинг алломаларга эргашсин, меросини билсин, улар билан фахрлансин.Мамлакатимизда маърифий исломни ривожлантириш, буюк алломалар мақбараларини обод қилишга қаратилаётган эътибор халқаро миқёсда тан олинмоқда. Хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ISESCO томонидан Бухоро шаҳри 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинди. Президентимиз бу санага юқори даражада тайёргарлик кўриш, унинг доирасидаги тадбирларни Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги билан ҳамоҳанг нишонлаш, халқаро илмий конференция ўтказиш бўйича кўрсатмалар берди. 139

ТИИ ўқитувчиси Тошкент шаҳридаги мактабга китоб совға қилди

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган китобхонлик маданияти ва мутолаасини ошириш ташаббуси ўсиб келаётган ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш, уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхона мудири, ҳамда Тошкент ислом институти ўқитувчиси Камолиддин Маҳкамов Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 122-сонли мактабга диний-маърифий китоблар жамланмасини тақдим этди. Эслатиб ўтамиз, шу йил 19 март куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини яхшилаш ва китобхонликни тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинган эди. Мактаб маъмурияти совғалар учун чуқур миннатдорчилик билдирди, қилинган мурувват ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга катта туртки бўлишини таъкидланди. 665

Қуръони каримнинг қорақалпоқ тилидаги илк таржимаси тақдим этилди

“Ўзбекистон” нашриёт матбаа-ижодий уйи томонидан “Қуръони карим маъноларининг қорақалпоқ тилидаги таржимаси ва тафсири” китоби 8000 нусхада нашр этилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Ахборот хизмати шу ҳақида хабар бермоқда. “Қуръони карим маъноларининг қорақалпоқ тилидаги таржимаси ва тафсири” китоби – таржимон Шамсуддин Баҳоуддиновнинг ижодий меҳнати маҳсули. Китобдан муқаддас Ислом дини асосий манбаси ҳисобланган Қуръони каримнинг қорақалпоқ тилидаги илк таржимаси жой олган. Шунингдек, Шайх Абдулазиз Мансурнинг тафсир китоби ва араб тилидаги тафсир китоблар ҳам манба сифатида олинган. 175

САЛАФ КИМУ ХАЛАФ КИМ?!

Диний адабиётларда “салаф, халаф” атамаларини учратамиз. Бу сўзларнинг луғавий ва истилоҳий маънолари қуйидагича: Салаф (سلف) сўзи луғатда олдин яшаб ўтган аждодларга ишлатилади. Кўплик шакли “сулоф”, “аслоф” (سلاف، اسلاف) сийғаларида келади. Халаф (حلف) деб луғавий жиҳатдан, бир асрдан кейинги аср авлодларига айтилади. Агар яхши авлод бўлса уларга ломнинг фатҳаси билан “халаф” деб айтилади. Мабодо аждодларига муносиб авлод бўла олмаган бўлса, уларга ломнинг сукуни билан “халф” (حلف) дейилади. Ушбу оятга эътибор қаратамиз: فَخَلَفَ مِن بَعْدِهِمْ خَلْفٌ وَرِثُواْ الْكِتَابَ Бас, улардан сўнг, ортларидан китобни меросга олган бир ўринбосарлар келдики… (Аъроф, 169). Имом Қуртубий шу оят тафсирида: танқид қилишда ломнинг сукуни билан “халф” дейилади. Мақташда эса “халаф” деб ломнинг фатҳаси билан ўқилади,-деган. Илмий истилоҳда эса “Салаф” сўзи умумий ишлатилганда дастлабки уч аср авлоди—уммати муҳаммадиянинг энг афзал пешқадам авлоди кўзда тутилади. Улар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Инсониятнинг энг яхши авлоди менинг асрдошларим. Кейин улардан кейинги авлод. Кейин улардан кейинги аср авлоди, –деганлар. (Бухорий, Муслим, Аҳмад). Шу уч аср авлодининг яхшилиги шундаки, улар шу умматнинг устозлари, энг афзал ва хайр эгалари бўлган. Уларнинг бошида тўғридан тўғри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан таълим олган саҳобалар туради. Саҳобалардаги бу фазилатга етадиган шараф йўқ! Кейинги авлод эса тобеъинлар бўлиб, улар саҳобаи киромларнинг шогирдлари ҳисобланган. Уларнинг ортидан учинчи авлод–табаъ тобеъинлар келди. Мана шу уч авлоднинг фидокорлиги билан ислом дини бизгача соғ-саломат етиб келди. Ҳақиқий шараф ўша уч авлодга доирдир! Иброҳим ал-Лаққоний “Жавҳара”да айтади: “Салафи солиҳ” калимаси қайдланмасдан умумий ишлатилса, ундан саҳобаи киромлар тушунилади. Чунки саҳобаларнинг ҳаммаси адолатли, ишончли олимлар эди. Уларнинг ҳар бир ривояти, гарчи хато бўлса ҳам қабул қилинади. Чунки уларнинг хатоси ижтиҳод билан бўлган. Мужтаҳиднинг хатосига эса Аллоҳ савоб беради. Саҳобалар шу умматнинг энг ҳурматли устозлари эди. Уларнинг орасида бидъатчи, адашган аҳли залолат битта ҳам бўлган эмас. Аммо саҳобалардан кейинги авлод ичида ишончли уламолар кўп бўлиши билан бирга, бидъатчи ва ҳадис тўқийдиган уйдирмачи ваззоълар ҳам бор эди. “Салафи солиҳ” атамаси яна саҳобалардан кейинги даврга мансуб фақиҳлар, муҳаддис ва муфассирлар каби ўз даврининг пешво уламоларини ҳам қамраб олади. Масалан, тўрт мазҳаб асосчилари бўлмиш имом Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳни. Шунингдек, имом Авзоъий, Мужоҳид, Суфёни Саврий ва Суфён ибн Уяйналар ҳам “Салафи солиҳ” атамаси ичига киритилади. “Халаф” сўзининг фиқҳий истилоҳий маъноси эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтаган уч асрдан кейин то қиёматгача бўлган жамики раббоний олимлар, фозиллар ва солиҳлардир. Халафларнинг ичида худди салафлар давридаги каби ишончли диний уламолар бўлади. Бироқ, улар ичида яхшилардан кўра ёмонлар, ҳавосига эргашган бидъатчилар кўп бўлади. Аммо, Аллоҳ таоло Ўз динини Ўзи сақлаб олади. Ҳар даврда ҳар қанча динбузар кўп бўлмасин, барибир битта бўлсада ҳақгўй солиҳ халаф топилади! Аллома Ибн Ҳажар “Завожир” да Имом Заҳабийдан нақл қилиб айтади: мутақаддим уламолар билан мутааххир уламолар орасини ажратиб турувчи чегара учинчи асрнинг сўнггидир! Яъни дастлабки ҳижрий уч аср. Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом-хатиби Авазбек Мўминов 148
1 2 3 4 19