islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
May 30, 2019

Day

Қадр кечасини фойдали ўтказиш учун 27 тавсия:

Кечаси тетик туриш учун пешиндан кейин бироз дам олинг. Ибодатга халал бермаслик учун ифторда кўп овқат еманг. Бу кечани ибодат билан ўтказаётганда тавба қилишга азм қилиш. Барча мўминлар ва мўминалар учун истиғфор ва дуони кўпайтиринг. Бутун аъзоларингиз билан Аллоҳга юзланинг, ҳаттоки, ақлингиз ва қалбингиз У Зотдан бошқасидан узилсин. Жанжал ва тортишувлардан узоқда бўлинг, сизнинг ҳаққингизни поймол қилганларни кечиринг. Фикрингизни бир жойга қўйиб, ибодат қилинг, Қадр кечасида хаёл бошқа нарсаларда бўлиб, юз ракатни тугатиб қўйишни фойдаси йўқ. Дуо ва ибодатда ихлосли бўлиш қалбингиз Аллоҳдан бошқаси билан машғул бўлиб ракатларни кўпайтиришдан муҳимроқ. Қадр кечасида имкон борича таҳоратли бўлишга ҳаракат қилинг. Дуоингиз ижобат бўлишига аниқ ишонинг. Чунки ижобат бўлишига ишонмаслик дуонинг орасига тўсиқ пайдо қилади. Аллоҳ дуоларингизни қабул қилиб, ижобат қилишига ишончингиз комил бўлсин. Дуода бор вужудингиз билан ёлвориб сўранг, чунки Аллоҳ азза ва жалла ёлвориб дуо қилган бандасини яхши кўради. Ҳар бир гуноҳингиз учун Аллоҳ таолога истиғфор айтинг, У Зот сизни афв қилишини сўранг. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, У зотнинг оилаларига кўп саловот ва саломлар айтинг, саҳобаларга Аллоҳдан розилик сўранг (яъни “Розияллоҳу анҳу” деб айтиш). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб ортидан: “Аллоҳумма иннака аъфуввун, туҳиббул аъфва фаъфу аннаа” (яъни: “Эй Аллоҳ, албатта Сен гуноҳларни афв қилувчи зотсан, афв қилишни яхши кўрасан, бизларни афв эт”), дуосини кўп айтинг. Аллоҳ таоло барча мусулмонларни дўзахдан озод қилишини кўп сўранг. Ҳалол ризқни осон қилиб беришини ва ҳолатларни яхши томонга ўзгартиришини сўраб дуо қилиш. Ўтган ота-оналарингизнинг ҳақига дуо қилиб, Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўранг. Дуо қилганда ушбу дуоларни ҳам айтиш: “Роббанаа ҳаб ланаа мин азважинаа ва зуррияатинаа қуррота аъюн”, (яъни, Эй Роббимиз, бизларга жуфти ҳалолларимиздан, фарзандаларимиздан кўз қувочнчлари бер). Эр ёки хотин бир-бирининг ҳақига гўзал ҳолат, нафс ва фикрнинг роҳатини тилаб дуо қилиши керак. Сажда қилган ҳолатингизда кўп дуо қилинг. Чунки банданинг Роббисига энг яқин бўлган ҳолати сажда қилган ҳолатидир. Саждада узоқ вақт дуо қилиб туринг. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай деганлар: “Белларингиз гуноҳларингиздан оғирлашиб кетган. Уларни саждада узоқ туриш билан енгиллатинглар”. Бир сонияни ҳам зое кетказманг, вақтни ғанимат билинг. Чунки, илоҳий раҳмат ва шаббодалар бу тунда очик бўлади. Қодир бўлганингизча Қуръон ўқинг. Қадр кечасини ибодат билан ўтказиш тонг отгунича давом этади, ўша вақтда фаришталар осмондан тушиб, чиқиб туришади. Аллоҳ таоло сизни бу кечани ибодат билан ўтказишга муваффақ қилганига шукрлар айтинг, сиздан бошқа қанча-қанча кишилар бу бахтдан бебаҳра қолди. Қадр кечасида имкон қадар садақа беришни унутманг. Чунки бу кечада қилинган ҳар бир амалнинг ажри улуғ. “Ҳадис ва ислом тарихи” фанлари кафедраси мударриси Муҳаммадяҳё Низомиддин тайёрлади 252

Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2019 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 5 июнь чоршанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарори инобатга олиниб, шу кун Рамазон ҳайити сифатида кенг нишонланади. Бу ҳақида “Ҳуқуқий ахборот” маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда қабул қилинган Президент Фармонига мувофиқ, 1 июнь – шанба 6 июнь – пайшанбага кўчирилган эди. Шунга кўра, 2019 йил 5 ва 6 июнь кунлари дам олиш кунлари ҳисобланади. 262

ИСЛОМ БИНОСИГА ПУТУР ЕТКАЗМАЙЛИК

Давоми. Муаммо нимада? Муаммо сафга беэътибор бўлиб, хонақоҳ тўлмасдан ҳовлига чиқиб намоз ўқилаётганида. Шундай ҳолатда адо қилинган намознинг ҳукми қандай? Шу мавзудаги уламоларнинг турли фикрларини ўрганиб, хулоса қилган ҳолда, қуйидагиларни айтиш мумкин: Сафга қаттиқ эътибор қаратишни таъкидлайдиган, сафларга бепарво бўлишдан қайтарадиган ҳадисларнинг кўплигидан уламолар хулоса қилиб: “Сафларнинг жипс бўлиши, унга эътибор қаратиш вожиб бўлади десалар, баъзилари бу ҳадислар вожибликка далолат қилмаса-да, таъкидланган суннат дея, ким сафни бузиб, унга бепарво бўлса, гуноҳкор бўлади, бироқ масжид ичида шундай ҳолат бўлса, намози дуруст бўлаверади”, деганлар. Масжид ҳовлисини масжиднинг ичи деб олсак, уларнинг намози ҳам макруҳ билан дуруст бўлади. Ана энди масжид ташқарисидагиларнинг намози нима бўляпти?! Нима бўлганда ҳам имом-хатибларимиз бу ҳолатга кўпроқ эътибор қаратиб, янги намозхонларга саф борасидаги ҳадисларни ўргатишлари, такбир айтилишидан олдин шошилмай сафга эътибор қаратишлари, саф мукаммал бўлгандан кейингина намозга қулоқ қоқишлари лозим бўлади. Шунда намозхонларга имкон қадар шароит қилиб берган бўладилар. Зеро, ҳадиси шарифларда имом-хатиб ўз ортидан эргашган намозхонларга жавобгар эканлиги таъкидланади. Имом домлаларимиздан бундай ҳолатга янада кўпроқ эътибор қаратишларини, бепарволикка йўл қўймай, юзлаб намозхонларнинг намози бузилишига тўсқинлик қилишларини илтимос қилардик. Зеро, сафларнинг бузилиши мусулмонларнинг бирдамлигига, Ислом биносига путур етказади, фикр айирмачилиги, ўзаро тотувликнинг бузилиши, бир-бирига қарама-қаршиликни келтириб чиқаради. Ҳурматли намозхонлар, азиз мўмин-мусулмон биродарлар! Имом домлаларимизни тўғри тушунган ҳолда, уларга кўмакчи бўлайлик. Ичкари иссиқ бўлса ҳам, мушкулотга сабр қилинган ибодатда савобу ажрлар улкан бўлишини умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчадан-қанча ҳадисларига амал қилайлик ва асосийси, ИСЛОМ БИНОСИ – мусулмонларнинг ҳар томонлама бирдам бўлишининг сабабчисига айланайлик!!! Бу ҳолат Рамазон бошидан бери бизни ташвишга солиб, қийнаб келаётган эди. Алҳамдулиллаҳ, Яратганнинг амри билан ҳаво анча совиб қолди. Натижада, масжидлардаги сафларимиз ҳам анчагина тартибга келиб қолди. Бу ҳам кишини Аллоҳ таолога ҳамд айтишга илхомлантиради. Азизлар, доимо бирдам бўлайлик, турли ихтилофларга бархам берайлик, мана шундай оддий кўринса-да, аслида қалбларнинг тарқоқ бўлишига олиб келадиган ҳолатларга бепарволик қилмайлик! Сўзимиз сўнгида шуни таъкидлашни жоиз деб билдикки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам диний кўрсатмаларнинг бирортасини ўзларидан келиб чиқиб айтмаганлар, балки буларнинг барчаси Аллоҳ таоло томонидан ваҳий қилинган ёки илхом орқали айтилган. Сафга бепарволик қалбларнинг тарқоқлигига олиб келади дея марҳамат қилдиларми, демак шундай бўлмай қолмайди. Сафларимиз тўғри бўлишига интилайликки, қалбларимиз жипслашсин, ўзаро улфат бўлсин, бир-бирига мувофиқ келсин! Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига эриштирсин, Рамазондан қалбларимизни бир-бирига улфат, мувофиқ бўлиб чиқишини таъминласин! Ўзи рози бўлмайдиган ҳар қандай ихтилофларга барҳам берсин!!! ТИИ ўқитувчиси Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ   134

“Арбаъин”ҳадис тўпламлари

“Арбаъин” – “қирқта” дегани бўлиб, истеъмолда қирқта сайланма ҳадисдан иборат тўпламларга айтилади. Ушбу услубда асар яратиш ислом оламида яхши бир анъанага айланган. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари асос ва туртки бўлган: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: من حفظ على أمتي أربعين حديثا في أمر دينها بعثه الله فقيها و كنت له يوم القيامة شافعًا و شهيدًا “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким умматимга дин ишлари борасида қирқта ҳадисни муҳофаза қилиб берса, Аллоҳ уни қиёмат куни фақиҳ қилиб тирилтиради ҳамда қиёмат куни мен унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан”. Бу ҳадис жуда кўп муҳаддислар томонидан ривоят қилинган машҳур ҳадис ҳисобланади. Жумладан, уни имом Байҳақий Абу Дардо ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан, Дайламий Ибн Масъуд ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан, Абу Нуъайм ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан, Ибн Жавзий эса Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Мазкур ҳадиси шарифнинг илҳоми билан кўпчилик муҳаддислар ва уламолар “Арбаъин” асарларини яратишган. Бу тур ҳадис китобларини икки қисмга ажратиш мумкин: Маълум бир мавзудаги ҳадислардан қирқтасини жамлаган асарлар. Масалан, одоб-аҳлоқ, илмнинг фазилати, Мадинанинг фазли ҳақида, ҳажга ёки табобатга оид ҳадислардан тузилган арбаъинлар каби. Исломнинг умумий асосларини ифода этувчи ҳадислардан тузилган арбаъинлар. Буларда мавзу чекланмайди. Бу тур арбаъинлар ичида энг машҳур ва мътабари имом Нававийнинг “Арбаъин”лари эканига шубҳа йўқ. Аллоҳга итоат қилиш Қуръонга итоат қилиш билан бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш, тирикларида шахсларига итоат қилиш билан бўлса, У зот вафотларидан кейин эса, суннатларига, ҳадисларига амал қилиш билан бўлиб келмоқда. Кези келганда шуни айтиб ўтиш лозимки, Аллоҳга итоат қилиш билан Пайғамбарга итоат қилиш алоҳида-алоҳида икки хил нарса эмас. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам доимо Аллоҳнинг итоатида бўлганлар. Аллоҳнинг итоатидан ташқари  нарсага буюрмаганлар. Гап Аллоҳ таолонинг бевосита Қуръонда келган амрларига итоат қилиш билан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари воситаси ила келган амрларига ҳам итоат қилиш ҳақида кетмоқда. Қуръон Карим лафз ва маъно жиҳатидан Аллоҳнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ожиз қолдирувчи ваҳийсидир[1]. Суннат-ҳадис эса, маъноси Аллоҳдан лафзи Пайғамбардан бўлган ваҳийдир. Дин-диёнат, шариат ва бошқа маъноларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз шахсий фикрларини эмас, Аллоҳнинг ваҳийсини ўз иборалари билан тақдим этганлар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларида: “У ҳаводан гапирмас. Бу фақат  қилинадиган ваҳийдир[2]”, деган. Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дин, диёнат, шариат хусусида айтган ҳар битта гаплари Аллоҳнинг ваҳийсидир. У киши ўз ҳавойи нафсларидан гапирмаслар. Ана шундан ҳам кўриниб турибдики, Суннат шариатимизнинг иккинчи манбаидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмасдан, У зотнинг ҳукмларига таслим бўлмасдан туриб, иймон даъвосини қилиш мумкин эмаслигини Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримда очиқ-ойдин баён қилиб қўйгандир. 401-гуруҳ талабаси Абдураҳим Абдулбосит [1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Кифоя”. Тошкент, Ҳилол нашр. 2008. – Б. 29. [2] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Тошкент.: Тошкент Ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси,  2004. Нажм сураси, 3-4 оятлар. 185

Ҳасан ибн Зиёд раҳматуллоҳи алайҳ зуҳд аҳлидан эдилар

Ҳасан ибн Зиёд ҳаёти даввомида ибодат билан машғул бўлди, ҳаромдан тийилди ва Ислом буйруқларига риоя қилишда жидду жаҳд қилди. У зот ўта мулойим ва парҳезкор эди. Бу ҳақида Аҳмад ибн Абдулҳамид Ҳорисий шундай деган эдилар: Ҳасан ибн Зиёд ниҳоятда одобли, хушхулқ ва ҳалим инсон бўлган. Ўзи қандай қийматли либос кийса хизматкор қулларини ҳам ўшандай кийинтирган. Хулқи гўзал, ҳалим одам бўлган”. Дарҳақиқат, ҳизматкорларига ўзи еган нарсалардан едирар, ҳудди ўзи кийган кийимлардек либослар олиб берар эди. Олим кечалари ухламасдан дарс ва ибодат билан машғул бўлганлар. Қўлидан китоб тушмас эди. У кишининг “қирқ йил давомида кечалари дарс қилдим. Ҳатто қўлимда китоб, олдимда чироқ билан ухлаб қолган тунларим бўлган” – деган хабари ривоят қилинган. У ўзи билан бирга яшайдиган яқинларига ерталаб бомдод намозига тараддудланар экан, барча таёр бўлгунича ҳикоялар айтиб берар эди. Кеча-ю кундузини бекор сарфламайдиган Ҳасан ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ бомдод намозидан сўнг илм мажлиси ташкил қилиб, турли масалалар айтардилар. Бу ҳолат тушга қадар давом этарди. Пешиндан олдин баъзи уй ишларини бажарар ва хайр-эҳсон қилишга одатланган эди. Пешин намозидан кейин ҳам одамларнинг саволларига жавоб берар эди ва кеч пайтигача шаръий масалалардан таълим берар эди. Аср, шом хуфтон намозларини ўқиб бўлгач ўйига қайтиб, кечанинг учдан бир қисмига қадар яна илм билан машғул бўлар эди. Сўнгра ибодатлар қилиб, озгина дам олиб яна мазмунли ибодат ва илм суҳбатларига бой кун тартибини бошлар эди. Ушбу берилган маълумотлар ва таърифлар шуни кўрсатадики, Ҳасан ибн Зиёд раҳматуллоҳи алайҳ замонасининг буюк мужтаҳиди, мужтаҳиди бўлиши билан бирга ўта парҳезкор, зуҳд аҳлидан эди. Ҳанафий мазҳабининг шакилланиши ва тарқалишида ўзининг беқиёс ҳизматини қўшган Ҳасан ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ барча замонларда илм аҳли томонидан юқори мартабаларга кўтариб келинган ва бундан кейин ҳам унинг ҳизматлари, ҳаёти ва илмий мероси муътабар манба сифатида чуқур ўрганилади десак муболаға бўлмайди. 4-босқич  талабаси Жумабоев Аваз Алижон ўғли 175
1 2