islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Арбаъин”ҳадис тўпламлари

“Арбаъин” – “қирқта” дегани бўлиб, истеъмолда қирқта сайланма ҳадисдан иборат тўпламларга айтилади. Ушбу услубда асар яратиш ислом оламида яхши бир анъанага айланган. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари асос ва туртки бўлган:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: من حفظ على أمتي أربعين حديثا في أمر دينها بعثه الله فقيها و كنت له يوم القيامة شافعًا و شهيدًا

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким умматимга дин ишлари борасида қирқта ҳадисни муҳофаза қилиб берса, Аллоҳ уни қиёмат куни фақиҳ қилиб тирилтиради ҳамда қиёмат куни мен унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан”.

Бу ҳадис жуда кўп муҳаддислар томонидан ривоят қилинган машҳур ҳадис ҳисобланади. Жумладан, уни имом Байҳақий Абу Дардо ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан, Дайламий Ибн Масъуд ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан, Абу Нуъайм ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан, Ибн Жавзий эса Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

Мазкур ҳадиси шарифнинг илҳоми билан кўпчилик муҳаддислар ва уламолар “Арбаъин” асарларини яратишган. Бу тур ҳадис китобларини икки қисмга ажратиш мумкин:

  1. Маълум бир мавзудаги ҳадислардан қирқтасини жамлаган асарлар. Масалан, одоб-аҳлоқ, илмнинг фазилати, Мадинанинг фазли ҳақида, ҳажга ёки табобатга оид ҳадислардан тузилган арбаъинлар каби.
  2. Исломнинг умумий асосларини ифода этувчи ҳадислардан тузилган арбаъинлар. Буларда мавзу чекланмайди. Бу тур арбаъинлар ичида энг машҳур ва мътабари имом Нававийнинг “Арбаъин”лари эканига шубҳа йўқ.

Аллоҳга итоат қилиш Қуръонга итоат қилиш билан бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш, тирикларида шахсларига итоат қилиш билан бўлса, У зот вафотларидан кейин эса, суннатларига, ҳадисларига амал қилиш билан бўлиб келмоқда. Кези келганда шуни айтиб ўтиш лозимки, Аллоҳга итоат қилиш билан Пайғамбарга итоат қилиш алоҳида-алоҳида икки хил нарса эмас. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам доимо Аллоҳнинг итоатида бўлганлар. Аллоҳнинг итоатидан ташқари  нарсага буюрмаганлар. Гап Аллоҳ таолонинг бевосита Қуръонда келган амрларига итоат қилиш билан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари воситаси ила келган амрларига ҳам итоат қилиш ҳақида кетмоқда. Қуръон Карим лафз ва маъно жиҳатидан Аллоҳнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ожиз қолдирувчи ваҳийсидир[1].

Суннат-ҳадис эса, маъноси Аллоҳдан лафзи Пайғамбардан бўлган ваҳийдир. Дин-диёнат, шариат ва бошқа маъноларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз шахсий фикрларини эмас, Аллоҳнинг ваҳийсини ўз иборалари билан тақдим этганлар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларида: “У ҳаводан гапирмас. Бу фақат  қилинадиган ваҳийдир[2], деган.

Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дин, диёнат, шариат хусусида айтган ҳар битта гаплари Аллоҳнинг ваҳийсидир. У киши ўз ҳавойи нафсларидан гапирмаслар. Ана шундан ҳам кўриниб турибдики, Суннат шариатимизнинг иккинчи манбаидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмасдан, У зотнинг ҳукмларига таслим бўлмасдан туриб, иймон даъвосини қилиш мумкин эмаслигини Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримда очиқ-ойдин баён қилиб қўйгандир.

401-гуруҳ талабаси
Абдураҳим Абдулбосит

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Кифоя”. Тошкент, Ҳилол нашр. 2008. – Б. 29.

[2] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Тошкент.: Тошкент Ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси,  2004. Нажм сураси, 3-4 оятлар.

85320cookie-check“Арбаъин”ҳадис тўпламлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: