islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Yanvar 2020

Month

ЎЗБЕКИСТОНДА ДАВЛАТ ВА ДИН МУНОСАБАТЛАРИ

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида талабаларнинг қишки таътили даврида профессор-ўқитувчи ҳамда илмий тадқиқотчилар учун диний-маърифий, сиёсий-ҳуқуқий билимларга доир “Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари” мавзусида икки кунлик ўқувлар ташкил этилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати. Давра суҳбати шаклида ўтказилаётган ўқувларнинг илк кунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов “Диний-маърифий соҳада сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар”, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров “Ўзбекистон жамиятида миллийлик ва динийлик уйғунлигининг аҳамияти”, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, профессор Зоҳиджон Исломов “Маънавий меросни тадқиқ этиш масалалари”, “Халқаро муносабатлар” кафедраси мудири, профессор Зоҳидилла Мунавваров “Замонавий мусулмон жамияти ва ислом омили” ҳамда юридик фанлари доктори, профессор Жўрабой Тошқулов “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолиятига оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар шарҳи” мавзуларида маъруза қилишди. Давра суҳбатларида диний соҳада юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жамиятда дин ва миллийликнинг ўзаро уйғунлиги, диний ташкилотлар фаолиятига доир расмий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, маънавий меросни келажак авлодга етказиш ҳамда бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг аҳамиятига доир долзарб масалаларга эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ҳар бир йўналишдаги маънавий-маърифий, диний-дунёвий илмларга оид кўп асрлик манбаларни тадқиқ этишдаги изланишлар давом этаётгани, аждодлар илмий-маънавий меросини ўрганиш, эгалланган билимлар орқали аҳоли, ёшлар, бутун инсоният онгу тафаккурини, қалбини илм, зиёга тўлдириш каби эзгу ишлар бардавом бўлишини таъминлаш керак экани таъкидлаб ўтилди. Якунда маърузалар юзасидан берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди. “Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари” мавзуига бағишланган давра суҳбати давом этмоқда. 327

Мусулмонмизми?!

Сўнгги кунларда қўшиқчи Юлдуз Усмонова ва айрим кишиларнинг ижтимоий тармоқлардаги можаролари фейсбук ва телеграмм каби мессенжерларда кўплаб шовшувларга сабаб бўлди. Аслида бу вазиятда мусулмон кишининг муносабати, ҳодисага реаксияси қандай бўлиши керак? Маълумки, ислом шариъати асосларига кўра, бирор ҳодиса юзасидан шаръий ҳукм бериш учун ана шу ҳодиса юзасидан рад этиб бўлмас далил-ҳужжат ёки гувоҳлиги қабул қилинадиган даражадаги адолатли, ростгўй, умрида ёлғон гапиргани ёки бировни гуноҳда айблаб туҳмат қилгани учун ҳад, яъни шаръий жазо қўлланилмаган шахсларнинг шаҳодати лозим. Қолаверса, мазкур асослар мавжуд бўлганда ҳам истаган шахс истанганидек ҳукм чиқариши асло мумкин эмас. Бундай ҳолатда шариъат номидан гапиришга ҳақли, ҳукмдор томонидан тайинланган қози, ҳоким ёки бошқа ваколатли шахс ё ташкилотгина ҳодиса юзасидан ҳуқуқий ва шаръий ҳукм чиқариши мумкин. Бундан бошқача тарздаги айблов ва ҳукмлар асосиз саналади ва ҳатто бунинг учун шахс жавобгарликка тортилиши, Аллоҳ таоло ҳузурида гуноҳкор мумкин. Юқорида айтилган шовшувли ҳодиса ва унинг ортидан келиб чиққан кўнгилсиз вазиятни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари билан ҳонанда Ю.Усмонва билан учрашув ташкиллаштирилди. Мазкур учрашувда тарафлар бошқа бу мавзуга қатймаслик, турли ҳолатларга сабаб бўладиган муносабатлар билдирмасликка келишиб олишди. Учрашув бўлди ва унда келишувга эришилди. Айтмоқчи бўлганимиз, учрашувда айнан нималар гапирилгани бизга маълум эмас. Муҳими ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасидаги ихтилофга чек қўйишга келишилгани. Аммо ана шу учрашувдан сўнг ҳам тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассисларига нисбатан турли айбловларга тўлган муносабатлар авж олди. Шу ерда бир савол туғилади: Биз ўзи киммиз? Мусулмонмизми?! Мусулмонлик даъво қилсак, ўзимизни мусулмондек тутайлик. Гувоҳи бўлмаганимиз, далил-ҳужжатга ёки адолатли гувоҳлар ёрдамида нималар гаплашилганидан бехабар бўлганимиз воқеъ юзасидан ўзимизча муносабат билдиришимиз қанчалик тўғри? Бу иш шариъат мезонига қанчалар мувофиқ? Бир диндошимизнинг, раҳбаримизнинг обрўсини асоссиз равишда тўкишимиз кимга фойдаю, кимга зарар? Ҳолбуки, ҳадиси шарифда бундай дейилади:  عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ خَطَبَ النَّاسَ يَوْمَ النَّحْرِ فَقَالَ: يَا أَيُّهَا النَّاسُ أَيُّ يَوْمٍ هَذَا؟ قَالُوا: يَوْمٌ حَرَامٌ قَالَ: فَأَيُّ بَلَدٍ هَذَا؟ قَالُوا: بَلَدٌ حَرَامٌ، قَالَ: فَأَيُّ شَهْرٍ هَذَا؟ قَالُوا: شَهْرٌ حَرَامٌ، قَالَ: فَإِنَّ دِمَاءَكُمْ وَأَمْوَالَكُمْ وَأَعْرَاضَكُمْ عَلَيْكُمْ حَرَامٌ كَحُرْمَةِ يَوْمِكُمْ هَذَا فِي بَلَدِكُمْ هَذَا فِي شَهْرِكُمْ هَذَا فَأَعَادَهَا مِرَارًا ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ فَقَالَ: اللَّهُمَّ هَلْ بَلَّغْتُ اللَّهُمَّ هَلْ بَلَّغْتُ. قَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا فَوَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ إِنَّهَا لَوَصِيَّتُهُ إِلَى أُمَّتِهِ فَلْيُبْلِغِ الشَّاهِدُ الْغَائِبَ لاَ تَرْجِعُوا بَعْدِي كُفَّارًا يَضْرِبُ بَعْضُكُمْ رِقَابَ بَعْضٍ. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни одамларга мурожаат қилиб: “Эй одамлар, бугун қандай кун?” дедилар, улар (уруш қилиш, ножўя ишларни қилиш) ҳаром қилинган кун дейишди. “Унда, бу қандай юрт?” дедилар, улар (уруш қилиш, ножўя ишларни қилиш) ҳаром қилинган юрт дейишди. “Ундай бўлса, бу ой қанақа ой?” дедилар, улар (уруш қилиш, ножўя ишларни қилиш) ҳаром қилинган ой дедилар. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз мана шу юртда, мана шу ойда мана шу кун (уруш ва ножўя ишларни қилиш) қандай ҳаром бўлса худди шундай ҳаромдир” деб уни бир неча маротаба такрорладилар. Сўнг бошларини кўтариб: “Эй Аллоҳ, етказа олдимми, эй Аллоҳ, етказа олдимми?!” Унда ҳозир бўлганлар йўқларга етказсин, мендан кейин бир-бирларингизни бўйнига қилич солиб кофирликка қайтиб кетманглар”, дедилар. Биз...

Ажралиш сабаблари ва уларнинг ечимлари (иккинчи мақола)

2.Ароқхўрлик ва гиёҳвандлик. Бу икки офат бир-бирига боғлиқ, десак хато қилмаган бўламиз. Кўпинча, эр Аллоҳ таоло ҳаром қилган ароқни ичиб маст бўлади. Маст бўлгандан кейин оилада жанжал кўтаради. Жанжал эса, хотинини талоқ қилиш билан ниҳоясига етади. Гуноҳ устига гуноҳ бўлади, оила бузилади, болалар тирик етимга айланадилар. Ароқхўрликнинг шунга ўхшаш зарарлари кўп бўлганлигидан, у динимизда ҳаром қилинган. Аллоҳ таоло “Моида” сурасида шундай деб марҳамат қилади: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ “Албатта, хамр, қимор, бутлар ва чўплар шайтон амалидан бўлмиш ифлосликдир. Бас, ундан четланинг. Шоядки, зафар топсангиз” (90-оят). Араб тилида “хамир” сўзи “тўсиш”, “беркитиш” маъноларни англатади. Истеъмол қилган кишининг онгига таъсир этадиган, унинг ақлини тўсадиган, беркитадиган, бошқача қилиб айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарсани “хамир” дейилади. Шариатнинг барча буйруқ ва қайтариқларидан кўзланган мақсадлардан бири “حفظ العقل”, яъни “инсон ақлини ҳимоя қилиб, уни сақлаш” бўлиб, хамр шу шариат мақсадига зид, бу нарса ҳаромдир. Мусулмон кишилар ундан четда бўлишлари, яқинига йўламасликлари лозим. Аллоҳ таоло “Моида” сурасида яна бундай деб марҳамат қилади:  إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ “Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва нафратсолишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайди. Энди тўхтарсизлар?!”(90-оят) Бу ояти каримада хамр билан қимор сабабли мусулмонлар орасида ўзаро адоват ва ёмон кўриш пайдо бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда. Хамрнинг шахсга, оилага, жамиятга ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари ҳаммага, ҳаттоки уни истеъмол қилувчиларнинг ўзларига ҳам маълумдир. Бу ҳақиқатларни бутун дунё- мусулмон ҳам, кофир ҳам, худосиз ҳам яхши биладилар. Қаерда ичкилик бўлса, ўша жойда кўнгилсизлик келиб чиқади. Ичкилик туфайли оилаларнинг бузилади, ака-укалар, ота-болалар, дўстлар, қўни-қўшнилар бир-бирига душман бўлади. Ишхона, маҳалла, тўйлар, жамоатчилик тўпланадиган ерлардаги адоват ва душманлик, уриш жанжалларнинг ҳисоби йўқ. Шундай экан, оиласи бузилмаслигини, фарзандлари хору зор бўлмасилигини, дунё ва охирати барбод бўлмаслигини холаган одам ароқ ичмайди. Гиёҳвандлик туфайли янги уйланган йигитлар келинга қўшила олмай, оилалар бузилиб кетишнинг ўзи катта мусибат. Гиёҳвандлик нафақат оилани, балки инсон зотини барбод қилувчи омиллардан бири экани аллақачон ҳеч кимга сир эмас,гиёҳвандлик ҳам “حفظ العقل”, яъни “инсон ақлини ҳимоя қилиб, уни сақлаш” га зид бўлиб, шариатда қатъиян ман қилинган. نَهَى رسول الله صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم عن كلِّ مُسْكِرٍ ، ومُفَتِّر. رواه أبو داود عن أم سلمة قالت: Умму салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар”. Абу довуд ривоят қилган. Демак, истеъмол қилганда танани, аъзоларни, асабни ва бошқа жойларни бўшаштирувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлади. Худди ҳадиси шарифдаги айтилган “бўшаштирувчи”лик сифати бошқа тилларда “наркотик” деб номланаётган гиёҳвандлик моддаларининг асосий сифатидур. Асрдош уламоларимиз гиёҳвандлик моддаларни истеъмол қилиш, ишлаб чиқариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш ҳақида: “гиёҳвандлик моддалари орқали қилинган касб ҳаромдир, уларнинг таъсири остида намоз ўқиган одамнинг намози қабул эмас, улардан келган фойда ҳаромдир, уни садақа ҳам қилиб бўлмайди, яхшилик ишларга ҳам ишлатиб бўлмайди” деб, ҳаммаси ҳаром эканига иттифоқ қилганлар.  “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Раҳимов Неъматуллоҳ 203

Ажралиш сабаблари ва уларнинг ечимлари (биринчи мақола)

Ҳар-қандай жамиятни ривожлантирадиган, фаровонликка, бахт-саодатга етаклайдиган омиллар бўлиши билан бир қаторда, шу жамиятни парокандаликка, мавжуд фаровонликнинг кўтарилишига, бахтсизликка олиб келадиган сабаблар ҳам мавжуддир. Ана шундай мусулмонлар жамиятига зарарли бўлган иллатлардан бири бу- оилаларнинг ажралишидир. Оила бузилишининг баъзи сабаблари ва уларнинг муолажаси ҳақида сўз борар экан, албатта бунда ҳаётимизда бўлиб турган ҳолатларни ҳисобга олиб, қуйида келадиган асосий омиллар эътиборидан сўз юритилади. 1.Оила ва оилавий муносабатлар ҳақида илмнинг етишмаслиги. Бу борада биринчи ўринда турадиган омил оилавий ҳаёт, эр-хотин ораларидаги муносабатлар ва оила юритиш бўйича маданиятнинг етишмаслиги, тўғрисини айтганда, ўсиб келаётган ёшларга, бўлғуси келин-куёвларга турмуш маданиятини ўргатиш йўлга қўйилиши лозим. Минг афсуслар бўлсинки, кўпчилик келин-куёвлар тўйдан кейин ўз хоналарида ёлғиз қолганларида, уларда оилавий ҳаёт ҳақидаги олинган асосли, шаръий таълимотлар эмас, балки кўча-кўйда эшитган асоссиз маслаҳатлар қолади. Ваҳолангки ҳар бир мусулмонга ўз ҳолати қандай бўлса, шу ҳолатининг шаръий ҳукмини ўрганиб олиш лозимдир. Мисол учун, тижоратчи савдо-сотиқ илмини, ота-она фарзанд олдидаги шаръий ҳуқуқ ва мажбуриятларини, эр хотини олдидаги ва хотин, эр олдидаги вазифаларини ўрганиши фарздур. Чунки: عن أنس بْنِ مَالِكٍ قَالَ :عن النبيِّ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم أنه قالَ : طَلَبُ العِلْمِ فَرِيْضَةٌ عَلَىْ كُلِّ مُسْلِمٍ .رواه ابن ماجه ( 224 ) Анас ибни Молик розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарздур”, дедилар”. Ибни Можжа ривояти. Яъни, ушбу ҳадисдан ҳамманинг зиммасида ҳамма илмларни ўрганиш борлиги тушунилмайди, чунки бунга банданинг тоқати етмайди, шариъат эса бандага тоқатидан зиёда нарсани юкламайди. Демак, ҳар-бир мусулмонга ўз ҳолати қандай бўлса, шу ҳолатининг шаръий ҳукмини ўрганиб олиш фарздур. Жамиятимизда келин куёвликка номзод ёшларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини тартиб билан керакли ҳажм ва савияда йўлга қўйишимиз жуда ҳам зарур. Албатта, оилани қуриш, у қай тарзда амалга оширилиши, оила аъзоларининг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши кераклиги ва бошқа зарур нарсалар ҳақидаги динимиз таълимотларини олдиндан билиб, уларга ихлос билан амал қилиш, ҳар бир мўмин-мусулмон учун, унинг бахт-саодати, оиласининг мустаҳкамлиги учун шартдир. Оилавий нохушликлар ва муаммоларнинг асл негизи ўша таълимотлардан бехабарлик ёки уларга амал қилмасликдир. Албатта, ҳар бир нарсани тушуниб етиб, билим асосида олиб бориш кўп яхшиликларнинг манбаси бўлади. Оила, эр-хотинлик муносабатлари жуда ҳам нозик нарсалар экани ҳаммага маълум. Шунинг учун бу муносабатларга жиддий қарашимиз ва уларни юқори савияда тутишга ҳаракатда боўлишимиз лозим. Айнан шунинг учун ҳам фарзандларимизни оилавий ҳаётга ёшликларидан ўргатиб боришимиз, бу борада моддий тарафларига эътибор бериб, маънавий тарафларни унутиб қўймаслигимиз зарур. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Раҳимов Неъматуллоҳ 190

MAKТУБ

Ассалому алайкум вароҳматуллоҳу вабарокатуҳ! Ҳукмингизга ҳавола этмоқчи бўлган мақоламиз реал воқеаларга асосланган ибратли ҳикоя тарзда бўлиб, бир танишимизнинг ҳаёти тажрибаларидан олинган ва қоғозга ёзилган. Эсингизда бўлса ёпиқ мамлакат, Қизил Империя қулагандан кейин 90-йилларнинг аввалида хорижий завод-фабрикаларнинг мамлакатимизда қўшма корхоналари очилди. Жумладан бизнинг шаҳримизда ҳам текстил йўналишида фабрика очилиб, иш ўринлари ташкил қилинди. Мен ҳам ишга кирдим. Янги корхонада фаолиятимни бошлаганимдан кейин кўпчилик билан танишдим. Танишганларим орасида хориждан келган мутахассисларга ажратилган автомашинага ҳайдовчилик қиладиган бир ёшроқ йигит ҳам бор эди. Тушликни бирга қилардик, намозни ҳам бирга ўқирдик. Хулқи, одоби жуда яхши эди-ю, менга нимасидир қовушмагандай туюлаверарди. Эҳтимол ибодатимизни адо қилиб бўлганимизда ва тушликдан кейин қиладиган дуосидир. “Аллоҳим, мендек нотавон бир ғарибнинг дуосини ижобат қил. Сендан ҳар Жумъа кунида Умра ибодатини бажаришлигимни насиб қилишингни сўрайман!”-деб фотиҳа қиларди. Ичимда “Ол-а, бўладиган нарсани сўраса-чи!? Дуо ҳам сал ўхшаганроқ бўлсайди-да!”-деб қўярдим. Ҳатто ўзига ҳам “Биродар, дуоингиз ҳам ўзингизга ўҳшаган антиқароқ-а” деб қўярдим кулиб. Етти-саккиз йил бирга ишладик. Кейин корхона ёпилиб кетди. Ҳаммамиз ҳар ерга бўлиниб-бўлиниб ишларга кириб кетдик. Мен хусусий иш бошладим. Аллоҳ барака бериб, мустақилликдаги яратилган яхши шароитлар сабаб корхонам ривожланиб оёққа туриб олдим. Шундан кейин Муборак Ҳаж сафари тараддудига тушдим. Интизорлик билан кутган навбатим етиб келди. “Лаббайкаллоҳумма”ни айтиб сафарга чиқдик…… Биринчи тавофимни адо қилиб Ҳарам эшигидан чиқаётганимда бир киши танишдай кўринди. У киши мени ҳурсанд бўлиб қучоқлаб олиб тинмай “мени танидингизми?” дерди… Эҳ, эсладим! Бу ўша йигит! “Қаранг-а, ука! Сизга ҳам муборак сафар насиб қилибди-да! Аллоҳ ўз даргоҳида қабул қилсин. Кимлар билан келдингиз? Қайси меҳмонхонадасиз?”-дедим шошилиб. У менга: “Ака, мен шу ердаман. Келганимга анча йиллар бўлди. Эсингизда бўлса хорижликнинг машинасини ҳайдардим. Корхона ёпилгандан кейин у киши “хулқинг менга маъқул келиб қолди” деб мени ўзи билан олиб кетди. Бошқа давлатларда ҳам бўлдик. Айланиб келиб шу ерга жойлашиб қолдик. Оилам, фарзандларимни ҳам олиб келдим. Аллоҳдан сўраганларим ижобат бўлди, ҳар жумъа Ҳарамдаман!”-деди. Ишонсангиз тамом бўлдим…. Жавоб сўз айтишга тилим айланмасди… Ҳаёлларим чувалашиб кетган, у йигитнинг гаплари қулоғимга кирмасди. Мен унинг қилган дуосини ўзимча “сал бўладиганроқ дуо қилсангиз-у” деб энсам қотгани-ю, у эса тазарруъ билан ҳар жумъа умра сафари насиб қилишини канда қилмасдан сўраганлари кўз олдимдан лип-лип ўтарди. Кўзларим ёшга тўлди. Ичимда эса “Буюк Зотдан ҳиммат қилиб сўрашни ҳам эплолмасанг бу кунингдан баттар бўл” деб ўзимни ўзим койирдим… Шунинг учун ниятларни доимо ишонч билан Яратгандан сўрашни унутмайлик. Зеро, хар нарсага қодир Аллоҳ лозим топса, биз учун имконсиз туюлган ҳар қандай мўъжизалар, у учун оддий нарсадир. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси Дилшод Насиров тайёрлади. 166
1 14 15 16 17