“Ҳашар – элга ярашар” деган мақол бежиз айтилмаган. Ҳашарда халқимизга хос бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик, умумхалқ байрами олдидан маҳаллалар, кўчалар ва аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик билан амалга оширилади. 2018 йил 18-19 августь кунлари Қурбон ҳайити ва мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами муносабати билан Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти биносида ҳам ҳашар ташкил этилди. Ҳашарда институт раҳбарияти, ўқитувчи ва ишчи хизматчилар ҳамда 2018-2019 ўқув йилида қабул қилинган талабалар фаол иштирок этди. Институтнинг ички ва ташқи ҳудудларида ободонлаштириш ишлари билан биргаликда ўқув даргоҳининг дарс хоналари, маъмурий хоналар, кафедралар, ошхона, ахборот-ресурс маркази тозаланиб тартибга келтирилди. Шунингдек, институтнинг атрофи ва ҳовлисидаги яшил майдон ҳудудларида қуриб қолган бегона ўтлар юлиб ташланди, ҳовлидаги узум ишкомлари тартибга келтирилди, дарахтлар оқланди ва қуриган шохлари кесилди ҳамда ҳовлидаги мавжуд ёнғин хавфсизлиги бурчаклари қайта жиҳозланиб, бўялди. Ҳашар кунлари институтнинг “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ҳудудида ҳам тозалик ишлари юқори кайфиятда олиб борилди. Унда ўқув хоналари, талабалар турар жойи, ошхона, жисмоний маданият ва спорт мажмуаси, кафедранинг ички ва ташқи ҳовлиси тозаланди. 2018-2019 ўқув йилида қабул қилинган аёл-қиз талабалари томонидан барча дераза ойналари артилиб, янги ўқув йилига тайёр ҳолатга келтирилди. Хулоса ўрнида Тошкент ислом институтида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талабалари орасида кўтаринки кайфият билан ўтганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, ҳашар ҳамжиҳатлик, ободлик ва яратувчанлик рамзи сифатида шаклланган меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ректор в.в.б У.Ходжаев 1 077
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони Халқимизнинг маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, муқаддас ислом динининг эзгу ғояларини яққол ифода этадиган қадимий байрамимиз Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш, жамиятимизда инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак фазилатларни камол топтириш мақсадида: 1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 21 август сешанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ–5290-сон Фармонига мувофиқ 2018 йил 21-23 август кунлари – Қурбон ҳайитининг биринчи уч куни мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонлансин. 2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Қурбон ҳайитининг жойларда юқори савияда, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширсин. 3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин. 4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ–5290-сон Фармони 2-бандининг олтинчи хатбошисидаги “24 август – жумага” сўзлари “22 август – чоршанбага” сўзлари билан алмаштирилсин. 5. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Манба: Prezident.uz 930
Бухоро вилоятидаги Мир Араб олий мадрасаси ва Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти фаолияти янада такомиллаштирилиб, моддий-техника базаси мустаҳкамланади ҳамда диний-маърифий соҳада малакали кадрлар тайёрлаш учун қўшимча шароитлар яратилади. «Kun.uz»га маълум бўлишича, Бухоро шаҳри Пойи Калон мажмуасидаги моддий маданий мерос объекти ҳисобланган Мир Араб ва Сайид Амир Олимхон мадрасалари биноларига Мир Араб олий мадрасаси текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади. Шунингдек, Бухоро шаҳри Абу Ҳавс Кабир кўчасида жойлашган Бухоро ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернатининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуд билан биргаликда Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртига бепул берилади. Бухоро вилояти ҳокимлиги Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртига зарур инфратузилма объектларини қуриш учун Бухоро шаҳар Абу Ҳавс Кабир кўчасидаги Бухоро ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернатига туташ ҳудуднинг шимолий-ғарбий томонидан 1,4 гектар майдонни доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратади. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ҳудудида барпо этиладиган инфратузилма объектларидан Мир Араб олий мадрасаси ҳам фойдаланади. Мир Араб олий мадрасаси ва Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти бино ва иншоотларида амалга ошириладиган реставрация-тиклаш, қурилиш-таъмирла ва жиҳозлаш ишлари Ўзбекистон республикаси ҳузуридаги Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда Мир Араб олий мадрасаси хорижий давлатлар таълим муассасалари билан белгиланган тартибда ҳамкорлик ўрнатишида амалий ёрдам кўрсатади. Эслатиб ўтамиз, Мир Араб олий мадрасаси 2017 йилнинг мартида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи чоғида берган кўрсатмаси билан ташкил қилинганди. kun.uz 871