Бир одам донишманднинг ҳузурига келиб: – Сиз мудом яхши кайфиятда юрасиз ва ҳеч қачон жаҳлингиз чиқмайди. Менга ҳам ўзингиз каби инсон бўлишимга ёрдам беринг, – дебди. Донишманд бироз ўйланиб унга картошка ва қоп олиб келишини буюрибди. У қопни олиб келгач: – Мабодо бирор кимса сени хафа қилгудек бўлса, ундан ғазаблансанг, ўша одамнинг исмини картошкага ўйиб ёзда, ўша картошкани қопингга солиб қўй”, – дебди. – Бор йўғи шуми? – ажабланибди у. – Йўқ, бу ҳали ҳаммаси эмас, ўша одамларнинг исми битилган картошкалар солинган қопни ўзинг билан бирга олиб юришинг керак! Маслаҳат сўровчи донишманднинг ҳузуридан кетаркан ўзидаги иллатдан қутилиш учун унинг айтганларини сўзсиз бажаришга жазм қилди. Шундан сўнг орадан бир оз вақт ўтди. Кунлар ўтган сари унинг қопи картошкалар билан тўлиб оғирлашиб қолди. Қопни доим ўзи билан олиб юриш ниҳоятда ноқулайлик туғдириб, ўйиб исмлар ёзилгани сабабли картошкалар ачий бошлади. Ана шундан сўнг бадбўй ҳид анқиётган картошкалардан фориғ бўлишнинг чорасини излаб яна донишманднинг ҳузурига бориб: – Бу картошкалардан қандай қутулишни билолмаяпман. Биринчидан қоп жуда оғир, иккинчидан, картошкалар ачий бошлади. Бошқа бирон нарса таклиф қилинг? – дебди. Бироқ донишманд унинг гапига унамабди, – Кўрдингми, инсонларнинг қалбида ҳам худди шу ҳолат вужудга келади, аммо биз буни илғамаймиз. Ишларимиз кўникишларга, кўникишлар феъл-атворга, феъл-атворимиз эса қабиҳ одатларни ўзлаштирувчи инсон бўлишимизга сабабчи бўлади. Мен сенга шу ҳодисани ўз кўзинг билан кўришинг учун замин ҳозирладим. Аразлаш ёки бировни хафа қилишдан олдин мана шу ҳодисани кўз олдингга келтир, – деб унга сабоқ берибди. Манбалар асосида Бахмал тумани «Бувайша» имом-хатиби Атқияев Ибодулло Манба: Muslim.uz 905
Айни кунларда Туркия халқаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА), Турк ҳаво йўллари, «Анадолу» агентлиги ва Туркия радио ва телевидения корпорацияси (ТРТ) ҳамкорлигида ташкил этилган “2018 йил тажриба алмашиш Дастури” доирасида Туркиянинг турли университетларидан кўнгилли равишда келган 20 га яқин талаба Самарқанднинг тарихий ва диққатга сазовор жойларини зиёрат қилмоқда. Бу ҳақда Имом Бухорий халқаро маркази матбуот хизмати хабар берди. Дастур доирасида улар бугун Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Имом Бухорий қабрини зиёрат қилишди, музей ва масжидни кўздан кечиришди. Сўнг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази биноси, Ҳадис илми олий мактаби бинолари ва унда олиб борилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишдилар. Айни дамда зиёратчилар Бухорога жўнаб кетишди. Манба: Azon.uz 893
Шом диёри ислом оламига кўплаб олимларни етиштириб чиқарган. Шундай олимлардан бири имом, аллома, ҳофиз, муҳаддис, фақиҳ Тақиюддин Абу Муҳаммад Абдулғаний ибн Абдулвоҳид ибн Алий ибн Сарур Алмақдисий Алҳанбалий роҳматуллоҳи алайҳдирлар. Уламолар у кишининг насаблари Жаъфар ибн Абу Толибга етиб боришини айтадилар. Ҳижрий 541чи, милодий 1146-йилда Фаластиннинг Наблус минтақаси Жаммоил қишлоғида туғилганлар. Бу ерлар Байтул мақдис атрофи бўлгани учун Мақдисий нисбатини олганлар. Лекин, салбчилар томонидан Байтул мақдис босиб олингани учун ёшликларида оилалари билан Дамашқ шаҳрига кўчиб ўтганлар. Уламолар оиласида туғилганлари учун ёшликларидан илм ўрганишга қаттиқ киришдилар. Дастлаб, оилаларининг раҳбари аллома Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Қудомадан дарс оладилар. Сўнгра Дамашқнинг шайхлари, олимларидан илм ўргандилар. Илм талабида Искандария, Боғдод, Ҳаррон, Мўсул, Исфаҳон ва бошқа кўплаб шаҳарларга сафар қилдилар ҳамда замонасининг буюк олимларида таълим олдилар. Машҳур устозлари: Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Қудома Абул Макорим ибн Ҳилол Салмон ибн Алий Арроҳбий Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳамза Алқуроший Абдулқодир Жийлоний 561-йилда холаларининг ўғли ибн Қудома билан Боғдодга келганларида Абдулқодир Жийлонийнинг уйларида турадилар ва у кишидан жуда кўп нарсалар ўрганадилар. Имом Мақдисий ёшликларидан ҳадис илмини алоҳида иштиёқ билан ўргандилар, катта шаҳарларда уламолардан ҳадис эшитдилар, натижада ўзлари ҳам буюк муҳаддис бўлиб етишдилар. Сўнгра Дамашққа қайтиб келдилар ва китоблар таълиф қилиш ҳамда исломий билимларнинг турли соҳаларидан дарс бера бошладилар. Шогирдлари: Изуддин Муҳаммад Абу Мусо Абдуллоҳ Абу Сулаймон Абдураҳмон (учовлари ўғиллари) Хофиз Сулаймон ибн Рохмаҳ Абдулазиз ибн Абдулжаббор Қоланисий ва бошқалар. Имом Мақдисий ислом оламига бебаҳо асарлар тортиқ қилдилар. Имом Абдуллоҳ Басирийнинг айтишларига кўра Мақдисий ҳазратлари 50 дан ошиқ асарлар ёзганлар. Энг машҳур асарлари: Умдатул Аҳком (Саҳиҳайндаги аҳком ҳадислари жамланган) Алкамол фий асмаир рижал (кутуби ситтадаги ровийларнинг таржимаи ҳоллари баён қилинган) Аннасиҳату фил адъиятис соҳиҳаҳ (Росулуллоҳдан ривоят қилинган дуолар жамланган китоб) Алмисбаҳ фий уйуни аҳадисис сиҳоҳ Ниҳаятул мурод мин калами хойрил ибад Миҳнатул имам Аҳмад Манақибус соҳабаҳ Иътиқоду Имам Шофеъий ва бошқа китоблар. Имом Мақдисий ҳақларида уламоларнинг мақтовлари: Имом Заҳабий Сиярда: имом, хофиз, содиқ, обид деганлар. Ибн Нажжор: Имом Мақдисийнинг хифзлари ниҳоятда кучли эди, ҳадис илмининг барча соҳасини қамраб олган билимга эга эдилар. Сабт ибн Жавзий: хифз ва ҳадис илмида замонанинг ягонаси эдилар. Имом Абдулғани Мақдисий умрларини илмга хизмат қилишга бағишладилар ва ҳижрий 600чи, милодий 1203-йилда 59 ёшларида Қоҳирада вафот қилдилар. Аллоҳ у зотни раҳматига олсин ва ислом умматига қилган хизматлари сабабидан олий неъматлар билан мукофотласин. Тошкент Ислом институти талабаси Умарходжаев Мурод 1 310
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида талаба бўлиб юрган пайтимиз. Кўпқаватли бинода бир қўшнимиз бор эди. У аёл боши билан рўзғор тебратгани учунми, инжиқроқ, феълли эди. Деярли ҳамма қўшнилар билан урушган, ҳа деса, жанжаллашиб кетар эди. Бизга нисбатан ҳам ғайрлиги сезилиб турарди. Устимиздан унга-бунга шикоят ҳам қилибди. Сабабини билмасдим, балки оиламиз диндор бўлгани учундир ёки келди-кеттимиз ёқмас, деб қўярдим. Биздан фақат яхшилик кўриб, нарсаларимиздан фойдаланса ҳам, раҳмат дегиси келмасди. Аксинча, биз тарафга ҳам бир-икки тош отиб кўрди, лекин ҳеч қандай жанжал чиқмади. Салом берсам, аликни тўлиқ олгиси келмасди, «ва лайкум», деб қўярди аранг. Гоҳида мошинамиз ҳам уларга “ортиқчалик” қиларди. Хуллас, ажойиб қўшни эди. Бир куни ташвиш билан чиқиб қолди. Бироз ҳомуш, шашти паст, фаромуш ҳолатда. «Ҳа, тинчликми, қўшни?» дедим. У: «Бир илтимос билан чиққандим. Бир неча кундан бери уйимизда ҳаловат йўқ, ухлолмай босинқираб чиқяпмиз. Кўзимга бир нималар кўриниб кетяпти. Ўзим ҳам, фарзандларим ҳам безовта. Шунга бир ўқиб қўйсангиз», деди. Мен: «Хўп, эртага институтдан қайтгач чиқарман», дедим. Эртасига уй эшигидан чиқиб, ўн қадам билан қўшнининг уйига кириб бордим. Орамизда бир йўлак бор эди, холос. Айрим руқия оятлар билан Ёсин сурасини ўқиб, дам солиб, дуо қилиб чиқдим. Эртаси ўтиб, индинига қўшним яна чақириб қолди. Чиқсам, жуда хуш кайфиятда, меҳр билан табассум қилиб турибди. Тўғриси, бир неча йилдан бери бир ерда яшаб, у аёлда бу суратни биринчи бор кўришим эди. «Кечаги куни ўқиганингиз жуда фойда берди, яна вақтингиз бўладими?» деб қолди. Мен: «Ҳа, эртага чиқаман, иншооллоҳ», дедим. Эртасига ўқиб, дуо қилгач, қўшни бирдан ёрилиб қолди: «Сиз чиқиб кетгандан кейин уйимизда қандайдир барака сезилди. Ором олиб ухлаяпмиз, безовталиклар анча кетди. Қизиғи, ишларим ҳам юришиб кетди. Қачондан бери битмаётган бир ишим бор эди, кеча бирдан битиб қолди. Бир идорага бир ойдан бери қатнаб юраман битта справкани деб, кеча боргандим, бир паста уни ҳам ёзиб беришди. Қайтаётиб, китоб растасидан китоблар сотиб олдим, аммо сиз тавсия қилганингиз тугаб қолган экан, топиб бериша олмади. Хуллас, ҳаммамиз хурсандмиз, хонадонимизда нур таралгандек ҳис қиляпмиз. Бунчалик илмли, дамингиз ўткирлигини билмаган эканман (бу аёлнинг гапи, менда бундай даъво йўқ). Тўғриси, гоҳида Қуръон ўқиган овозларинг эшитилса, олдин жуда ғашим келарди. Энди роса хуш ёқяпти. Кўпроқ ўқийверинглар, бизга ҳам файз бўлар экан». Қўшнимнинг бу гапларидан жуда ҳам хурсанд бўлиб кетдим ва шундай дедим: «Кеннойи (Тошкентда бегона аёлларга шундай деб мурожаат қилишади), бу фазилат меники эмас, Қуръонга тегишли. Мен уйингизда Қуръон ўқидим, холос. Қуръон шунақа барака бўлади. Кўряпсизми, 10-15 дақиқа Қуръон ўқисам, қанчалар фойда кўрдингиз, ишларингиз юришиб кетди. Биз, алҳамдулиллаҳ, уйда ҳам, йўлда ҳам Қуръон ўқиб юрамиз, энди ўзингиз билаверинг… Уйдагилар ҳам ҳар куни тиловат қилади. Шунинг учун Аллоҳ ризқимизга, ишларимизга барака беради. Буни билмаган айрим кишилар нега буларниннг рўзғори бут, талаба бўла туриб машина минади, деб диққат бўлаверади (озгина пичинг қилдим). Қуръони Карим Аллоҳнинг каломи, нур, барака манбаи-да. Қуръон ўқилса, шайтонлар қочади. Мана, ўзингиз кўриб турибсиз. Авваллари Қуръон ўқиганимизни эшитганда сиқилишингиз ҳам шайтондан эди. Бизнинг ўқишимиз ўзгармаган, аммо сизнинг қалбингиз ўзгаргани учун бугун Қуръон сизга ёқяпти». Шундан кейин қўшни билан яна ҳам қадрдон бўлиб қолдик. Биз кўчиб кетгандан кейин ҳам қўшним мени қидириб топди. Телефонда: «Сизга ихлос қилганман, маросим қиладигандим, ўтказиб берсангиз», деб илтимос...