Тасаввуф таълимотига кўра, инсон қарама-қарши икки асос – модда ва руҳдан иборат. Шунинг учун инсонда ана шу икки асоснинг хусусиятлари мавжуд. Агар моддийлик ғалаба қилса, инсонда ҳайвонийлик ва агар руҳ томони устун келса, илоҳийлик ривожланади. Руҳ жисм қулига айланмаслиги керак, аксинча, жисм руҳ учун бир асбоб-улов, восита бўлиб хизмат қилсин. IX аср бошларига келиб тасаввуфнинг назарий асослари ишлаб чиқилди, сўфийларнинг амалий, руҳий – психологик машқлари, ўз-ўзини тарбиялаш ва чиниқтириш тадбир-усуллари шаклланди, тариқат, маърифат, ҳақиқат деган тушунчалар юзага келиб, тасаввуфнинг ушбу уч қисмига оид қарашлар мажмуаси тузилди — тасаввуф алоҳида илм сифатида қapop топди. Сўфийлар дастлабки пайтларда тасаввуфни нуқул сир-у асрор, тушунтириб бўлмайдиган ҳолатлар “иборага келмайдиган ишоратлар” деб ҳисоблаган бўлсалар, бора-бора бу ҳолатлар ҳақида фикр-мулоҳазалар баён қилина бошланди, сўфийни тарбиялаш вазифаси, пир-муридлик қоидалари, одобини яратиш зарурати туғилди. Натижада тариқат ва шариат орасидаги муносабатлар, сўфийларнинг одам ва олам моҳияти алоқа-муомаласи, тавҳид – ваҳдат масалалари мунозарага сабаб бўлди. Ислом дини пайдо бўлгандан сўнг унинг Қуръони карим ва ҳадиси шариф аҳкомларига мос равишда пайдо бўлган тасаввуф таълимотлари Х-ХI асрларга келиб Ўрта Осиёда ҳам кенг тарқала бошлади. Аҳмад Яссавий ХII асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган илк тасаввуфий тариқатнинг асосчисидир. Хожа Аҳмад Яссавийнинг тасаввуф таълимоти тарихида тутган ўрни ғоятда катта, таъсир доираси жуда кенг эди. Яссавий тариқати ўз давридаёқ деярли Марказий Осиёга ёйила бошлаган. Мовароуннаҳрдан буюк Туркистон, Оқ Эдил, Кавказгача, Хуросон, Эрон, Румгача, Бадахшон ва Шарқий Туркистонгача кенгайиб борган эди. Асрлар давомида Яссавий тариқати муайян тарзда яшаб келди. Аввало, Аҳмад Яссавий ислом динининг етук алломаси, шариат аҳкомларининг тарғиботчисидир. Зеро, у ўз ҳикматлари воситасида туркий миллатларни мусулмонликка даъват қилишни кўзда тутган. Иккинчидан, Аҳмад Яссавий яссавийлик номи билан туркий халқлар орасида илк маротаба янги тариқатга асос солган машҳур шайх ҳисобланади. Яна ишонч билан айтиш мумкинки, Аҳмад Яссавий ўзбек тасаввуф шеъриятини бошлаб берган мутасаввуф шоирдир. Яссавий ҳикматлари халқчил, содда, равон ва ёд олиниши қулайлиги билан ажралиб туради. Исломнинг илк даврларида тариқат, маърифат ва ҳақиқат лафзлари истеъмолда бўлмаган, балки уларнинг маънолари бўлган. Булар кейинчалик мутасаввиф уламолари томонидан ижтиҳод қилинган атамалар. Қисқача айтганда, шариат Аллоҳ таоло буюрган амаллар (намоз, рўза, закот, ҳаж ва ҳоказо) ва қонун қоидаларни ўргатса, тариқат уларни амалга ошириш кайфиятини ўргатади. Маълумки, юқоридаги атамаларнинг луғавий ва истилоҳий маънолари ҳақида тасаввуфий асарларда кўп фикр-у мулоҳазалар билдирилган. Уларда шариат асос ва бирламчи экани, тариқат, маърифат ва ҳақиқатларнинг бир-бирига боғлиқ бўлгани қайд этилган. Шариат йўлида мукаммал бўлмаган кишига тариқат, маърифат ва ҳақиқат мартабалари насиб этмайди…Бежиз эмаски, орифлар: “Шариат бир дарахтдур, тариқат-унинг шохлари, маърифат-япроқлари, ҳақиқат-мевалари. Дарахт бўлмаса навда ҳам, япроқ ҳам, мева ҳам бўлмайди“, дея таълим берганлар”[1]. Орифлар султони Аҳмад Яссавий (р.а.):“Шариат зоҳирда аъзолар билан амал қилиш, тариқат қалб билан амал қилиш, ҳақиқат эса сир (қалбдаги жавҳар, кўнгил) билан амал қилишдир”, деганлар.[2] Тасаввуфга оид илмий китоблар ва дастурларда тариқат атамалари, мақомот манзилларини тушунтиришга кўп эътибор берилади. “Тариқат” арабча сўз бўлиб “йўл” деган маънони билдиради. Яъни, илоҳий маърифатни эгаллашга бел боғлаган кишининг руҳий-ахлоқий камолот йўли. Тариқатни тасаввуфнинг амалий қисми деб таърифлайдилар.Чунки пир-муридлик қоидалари, одобига риоя этиш, солик[3] бажариши керак бўлган барча йўл-йўриқлар, иродат ва ишорат усуллари шу тариқат ичига киради. Тариқат ва унинг мақомотлари маълумотларга қараганда, биринчи марта Зуннун Мисрий томонидан баён этилган экан.[4] “Маърифат” сўзи арабча “арафа” -сўзидан олинган бўлиб, луғатда “билиш”, “таниш” каби маъноларни англатади. Тасаввуф таълимотида эса, “маърифат” тушунчаси, асосан икки қисмга бўлинади. Улар айни пайтда бирлашиб, “маърифат”тушунчасини ҳосил қилади: 1.“Маърифатун-нафс”[5]2.“Маърифатуллоҳ”[6]Қачонки, “Маърифатун-нафс” ҳосил...
Инсониятнинг тарихий тажрибаси ва тараққиёт йўли оила ҳар биримиз учун энг азиз ва мўътабар гўша – чинакам ҳаёт ва тарбия ўчоғи эканлиги, ҳеч ким ундан айро яшай олмаслиги, усиз камолга етмаслигини аллақачон исбот қилган. Оиланинг жамиятда тутган ўрни беқиёс ва ҳеч нарсага алмашилмайди. Унинг таърифи ҳам мураккаб, мазмун-моҳияти эса ниҳоятда теран, сурати ранг-баранг ва бир-бирига асло ўхшамайди. Ҳаёт гашти – турмуш тотувлигида. Аммо, турмуш тотувлиги ўз-ўзидан юзага келмаслигини унутмаслик лозим. Оддийгина бир эътиборсизлик ҳам баъзи ҳолларда турмуш маромини издан чиқариши мумкин. Оила-ҳар бир жамиятнинг бошланғич ҳужайраси ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ҳалол-ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Шу боисдан энг мукаммал дин бўлмиш Ислом оиланинг поклиги, камолоти, осойишталигига ҳамиша катта эътибор билан қараб келади. Оиланинг бош ҳужжати саналмиш никоҳни инсон муносабатлари ичида энг муқаддас алоқа, деб ҳисоблайди. Юртимизда ибратли ва намунали оилалар жуда ҳам кўп. Хўш, оилавий тотувликнинг боиси нимада? Бизнингча бу саволнинг жавоби кўпгина омилларга бориб тақалади ва уни биргина сўз билан ифодалаш амри маҳол. Турмуш тажрибаси иноқлик, тотувлик, баҳамжиҳатликка эришиш йўллари ҳар хил, ниҳоятда кўп ва ранг-баранглигини кўрсатади… Бунда намунали деб ҳисобланган бир оиланинг тажрибаси бошқа оилага асқотмаслиги ҳам мумкин. Негаки, ҳар оилада ҳар хил шароит, ҳар хил вазият. Лекин, ҳамма оилалар учун умумий бўлган сув билан ҳаводек зарур баъзи неъматлар ҳам бор. Бу, авваламбор, хонадон соҳибларининг барчага ибрат бўларлик намунали хуш хулқи, инсонийлик фазилатлари, меҳнатсеварлиги, фидойилиги, ҳалоллиги, поклиги, фарзанд тарбиялаш салоҳиятидир. Ёмон муҳит ҳукмрон жойда эзгулик уруғи униши амри маҳол. Оилавий ажралишлар ёмонликнинг бисёрлиги, эзгуликнинг танқислиги нишонасидир. Бир оиланинг нўноқлиги, ундаги беқарор вазият қўни-қўшни хонадонларга ҳам кўчиши ва ҳукм сураётган ижобий ҳолатларга зарба бериши турган гап. Оилавий тотувлик авваламбор хонадон соҳибларининг уй-рўзғор юритиш, мустақил ҳаёт қучоғига қадам қўйган фарзанд-келинларга турмуш сир-синоатларидан оқилона сабоқ бериш соҳасидаги салоҳиятига кўп жиҳатдан боғлиқ. Аммо, фарзандларга оила тилсимларидан сабоқ бериш нарёқда турсин, ҳатто ўзига тўғри йўл тополмаётган ота-оналар ҳам, афсуски, орамизда учраб туради. Бундайларга шу оиладаги фарзандлар ёки хонадоннинг бошқа аъзолари аксарият ҳолларда ўз таъсирларини ўтказа олишмайди. Бундай пайтларда ибратли тарбия ўчоғи саналган маҳалла жамоатчилиги оёққа қалқимоғи даркор. Оилавий муҳитни соғломлаштириш, барқарорлаштириш, аҳиллик ва тотувликни таъминлашда таъсирчан тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш тадбирларининг аҳамияти янада катта. Ҳаёт тажрибаси ёшларнинг бахтиёр оилавий турмушига томонлар ҳали қуда-андачилик остонасига етмасдан мустаҳкам пойдевор қўйишлари мумкинлиги ва зарурлигини тақозо этади. Гап томонлар бир-бирини яқиндан танимай-билмай, синашта бўлмай туриб, унашувни никоҳга уламаслик ҳақида кетаётганлигини яна бир бора эслатмоқчимиз. Шу билан бирга ёшларнинг чинакам бахти-тахтини тор ва шахсий манфаатлар йўлидан излаш, қуда-андачиликка мансаб ёки мол-дунё илинжида бел боғлашнинг оқибатлари ҳам аксарият ҳолларда яхшилик билан тугамайди. Турмушнинг энг яхши ва ибратли удумлари, анъаналари, ҳаёт синовидан ўтган талаб ва тақозолари асосига қурилган оила ҳеч вақт завол топмайди. Демак, оила мустаҳкам бўлиши ҳамда жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшиши учун, аввало, ота – оналар фарзанд тарбиясига ва янги оила қураётган ёшларни ўз тенгларини топишга маъсулият билан ёндашишса, ота-оналарнинг ўзлари бу ишларда намуна бўлишса бизлар орзу қилган жамият барпо қилинади. Тошкент Ислом институти битирувчиси Ишаев Жўрабек 5 143
Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташқи кўринишлари, одоб-ахлоқлари, шунингдек, туғилишларидан то вафотларига қадар бўлган ҳаёт йўлларини ёритиб берувчи илм “сийрат илми” деб аталади. Бу илм шариат илмларининг асосларидан ҳисобланади. Зеро, Қуръони каримнинг кўплаб оятлари сийрат воқеалари асосида тафсир қилинади. Чунки, аксар оятларнинг нозил бўлишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида турли муносабатлар билан содир бўлган воқеалар сабаб бўлган. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш орқали инсон онгида ёру дўстларига садоқатли, оиласига вафодор, фарзандларига меҳрибон ота, бир сўз билан айтганда, чин маънодаги комил инсон намунаси гавдаланади. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 33-оятида “Дарҳақиқат, сизлар учун Аллоҳнинг расулида гўзал намуна бор”, – деб марҳамат қилган. Оиша онамиз розияллоҳу анҳа эса, у зотнинг хулқлари Қуръон бўлганини таъкидлаганлар. Шунга кўра, уламолар ислом тарихининг илк даврларидан бошлаб сийрат илмига катта аҳамият қаратганлар. Сийрат борасида илк асарларни Урва ибн аз-Зубайр, Аббон ибн Усмон, Ваҳб ибн Мунаббаҳ, Шураҳбил ибн Саъд ва Ибни Шиҳоб аз-Зуҳрийлар ёзганлар. Лекин, уларнинг таълифотлари бизгача етиб келмаган. Фақат айрим қисмларигина имом Табарий ривоятлари орқали етиб келган. Ваҳб ибн Мунаббаҳ ёзган сийратнинг бир қисми эса Германиянинг Ҳейделберг шаҳрида сақланади. Шу тариқа сийрат илми ривожланиб, Муҳаммад ибн Исҳоқ, Абдулмалик ибн Ҳишом каби етук сийратнавис уламолар ҳам етишиб чиқдилар. Сўнгги даврларга келиб сийрат илмида янги услуб вужудга келди. Аввалгиларидан фарқли ўлароқ, ушбу услубда ёзилган сийрат китобларида муаллиф воқеа-ҳодисаларни чуқурроқ таҳлил этиб, унинг фиқҳ, ақида ҳамда одоб-ахлоққа доир жиҳатларини кенгроқ ёритишни мақсад қилади. Ана шу услубда ёзилган асарлардан бири замонамиз олимларидан Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг “Фиқҳ ас-сийра ан-набавия” асаридир. Муаллиф ушбу асарда, дастлаб, сийратни ўрганувчига муҳим маълумотларни муқаддима сифатида келтириб ўтган. Жумладан, сийрат илмининг аҳамияти, унинг вужудга келиши ва ривожланиш босқичлари каби мавзуларда батафсил маълумот берган. Шундан сўнг муаллиф сийрат воқеаларини баён қилиш асносида улардаги фиқҳий, ақидавий ҳамда ахлоқий жиҳатларни кенг тарзда ёритиб берган. Ҳар бир воқеа сўнггидан ундан олинадиган ибрат ва панд-насиҳатларга алоҳида урғу берган. Ўз ўрнида сийратнинг айрим жиҳатлари нотўғри талқин этилган баъзи фикрларга муаллиф илмий равишда асосли раддиялар бериб ўтган. Сийрат воқеалари сўнггидан хулафои рошидин даври ҳам юқоридаги услубда баён қилинган. Китобнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири шундаки, унинг сўнггида фойдаланувчига қулайлик туғдириш мақсадида мавзуларнинг фиқҳий кўрсаткичи келтириб ўтилган. Ушбу асар ўзининг бетакрор услуби, илмий – амалий аҳамияти, воқеаларнинг сабаб ва натижалари теран таҳлил этилгани сабабли катта шуҳрат қозонган. Тошкент ислом институти битирувчиси Шавкат Алибоев 883
Халқимизда “ҳасад қилиб эмас, ҳавас қилиб яшанг” деган ҳикматли гап бор. Бу гапнинг маъносини тўлиқ англаш учун дастлаб, ҳасад ва ҳавас маъноларини тўғри тушуниш лозим бўлади. Ҳасад сўзи луғатда «арчиш» ва «шилиш» деган маънони англатади. Чунки ҳасад ҳасадгўйнинг қалбини шилиб ачиштиради. Уламолар ҳасадни “ўзгадаги неъматнинг завол топишига кўз тикиш” дея таърифлаганлар. Ҳавас эса “ўзгадаги неъматнинг завол топишига кўз тикмасдан ўшанга ўхшаш неъмат ўзида ҳам бўлишини орзу қилишдир”. Ҳасаднинг ёмон иллат экани Қуръони каримда ҳам ҳадиси шарифларда ҳам баён қилинган: أَمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَى مَا آتَاهُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ «Ёки Аллоҳ одамларга ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?», (Нисо сураси, 54-оят). وَمِنْ شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ «Ҳасадчининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман», деб айт», («Фалақ» сураси, 5-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига бу иллатдан сақланишни алоҳида таъкидлаганлар: عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: قَالَ « إِيَّاكُمْ وَالْحَسَدَ فَإِنَّ الْحَسَدَ يَأْكُلُ الْحَسَنَاتِ كَمَا تَأْكُلُ النَّارُ الْحَطَبَ ». رَوَاهُ اَبُو دَاوود. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳасаддан сақланинг! Чунки, ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Ҳасадчидаги бу иллат ҳасад қилинган кишидан кўра унинг ўзига кўпроқ зарарли бўлади. Чунки ҳасад қилинган инсонга унинг ҳасадидан зарар етмай қолиши ҳам мумкин. Аммо ҳасадчининг ўзи албатта қуйидаги ёмонликларга мубтало бўлиши тайин: Ҳасадчининг ғам узилмайди; Ҳасадчидан инсонлар нафратланади; Ҳасадчи Аллоҳнинг ғазабига йўлиқади; Дунёда ҳам, охиратда ҳам азобда бўлади; Унга тавфиқ эшиклари ёпилади. Шу ўринда табиий равишда савол туғилади: “Инсон ўзига шунчалик зарарли бўлган бу иллатга қандай чалинади?”. Уламолар бу саволга жавоб бериб шундай деганлар: Ҳасад қуйидаги сабабларга кўра юзага келади: Кўра олмаслик; Кибр; Мақсадга эришолмай қолишдан қўрқиш; Мансабпарастлик ва шуҳратпарастлик; Одамларга яхшиликни раво кўрмайдиган табиати бузуқ бўлиш. “Ҳар дарднинг даъвоси бор, деганларидек, ҳасад аталмиш бу дарднинг ҳам даъвоси борми?”- деган саволга уламолар шундай жавоб берганлар: Ҳасад икки йўл билан даволанади: Илм билан; Амал билан. Яъни, ҳасадчи инсон дастлаб ҳасаднинг нима экани ва унинг зарарларини ўрганади, сўнгра ҳасади буюрган ишни аксини қилади. Ана шунда иншааллоҳ бу иллатдан халос бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни турли маънавий ва жисмоний иллатлардан саломат сақласин. 3-курс талабаси Комилжонова Фотимахон 916
Аввал хабар берганимиздек, 24-25 июль кунлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Кундузги таълим бўлимига 2018-2019 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Унга кўра, жами 202 нафар абитуриент ҳужжат топширган эди. Жорий йилнинг 26 июль куни натижалар эълон қилиниб, унда 50 нафар абитуриент шулардан 8 нафар аёл-қизлар ижодий ва тест имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, талаба бўлиш бахтига муяссар бўлдилар. Эслатиб ўтамиз, 24 июль куни абитуриентлар Араб тилидан ижодий, ҳамда 25 июль куни Ақоид, Фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанидан тест имтиҳонлари бўйича баҳоландилар. 968