Глобаллашув жараёни авж олгани сари одамларнинг ахборот олиш, тарқатиш ва қабул қилишга бўлган талаб ва эҳтиёжлари тобора ортиб боради. Ахборот хуружларининг ёлғон ахборот тарқатиш, миллий-маънавий қадриятларни емириш, менталитетга мутлақо ёт бўлган қадриятларни тарғиб этиш, халқнинг тарихий хотирасини бузиш ва ўзгартириш, кибертерроризм каби турлари кенг тарқалмоқда. Ўзбекистонда ҳам интернетдан фойдаланувчилар сони кун сайин ўсиб бормоқда. Уларнинг аксарияти ёшлар эканини ҳисобга олсак, бу ҳолат барчамизни янада огоҳ ва сергак бўлишга ундайди.
Шу мақсадда жорий йилнинг 14 октябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 1-4 курс талабаларига институтнинг Матбуот хизмати котиби Аброр Абдуазимов томонидан “Интернет ижтимоий тармоқларида ёшларнинг ахборот психологик хавфсизлигини таъминлаш муаммолари” мавзусида маънавият соати тадбири ўтказилди.
Тадбирда Аброр Абдуазимов томонидан: “Интернетдан оқиб келаётган ахборот ва маълумотларни таҳлил қилиш лозимлигини, бирор мавзу ҳақида унинг туб моҳиятини тушуниб етмасдан, унга таъсир этувчи турли омилларни ҳисобга олмасдан шошма-шошарлик билан фикр билдириш жамият орасида турли ихтилофларга сабаб бўлиши, кишилар орасида низо келтириб чиқариши мумкинлиги, интернетдан фойдаланиш одобларига риоя этиш кераклиги”, айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, бугунги кунда баъзи бир оқимларнинг фарз ёки вожибга эмас, балки, мустаҳаб бўлган амаллар борасида фитна чиқаришга ҳаракат қилаётганини ҳисобга олсак, биз соҳа мутахассислари сифатида фарз, вожиб бўлган амаллар билан бир қаторда мустаҳаб бўлган амалларнинг ҳам илмини чуқур ўрганишимиз ўта муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, 15 октябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси биносидаги талабаларга “Интернетдан фойдаланиш одоблари” мавзусида маънавият соати тадбири бўлиб ўтди. Тадбирни кафедра ўқитувчиси И.Убайдуллаев олиб борди. Суҳбат сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга илмий ва ҳаётий мисоллар орқали жавоб олдилар.
Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи в.б. А.Олимов.