Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аҳли сунна вал жамоанинг кўзга кўринган етук уламолари томонидан мавлиди шариф қилиш жоиз эканлиги борасида айтган сўзлари.
1. Ҳофиз Суютий раҳматуллоҳи алайҳ
Робиул аввал ойида мавлидин-набий қилиш ҳақида, унинг шаръий ҳукми, бу иш яхшими, ёмонми, қилган одамга савоб бериладими, йўқми шу ҳақида сўралганида, у киши қуйидагича жавоб берди: “Менинг жавобим шуки, аслида одамларнинг жамланишиб муяссар бўлганича Қуръон тиловати, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ишларини аввалида бўлган хабарларни, у зотнинг туғилганларида содир бўлган мўжизаларни ривоят қилишлари ва охирида уларга егулик нарса улашилиб, бунга бошқа нарсалар зиёда қилинмай тарқалиб кетадиган бўлсалар, бидъати ҳасанадир. Уни қилган одамга Набий соллаллоҳи алайҳи васалламни улуғлагани, у зотнинг мавлидлари муносабати ила хурсандчилик изҳор қилгани учун савоб берилади”.
2. Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ
Хуллас калом: “Бидаъти ҳасанани мандуб эканлигига иттифоқ қилинган. Мавлид қилиш ва инсонларнинг унга жамланиш (ҳукми) шунингдекдир. Яъни: бидъати ҳасанадир.”
3. Имом ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ
“Мавлиднинг ўзига хос хусусиятларидан бири ўша йили омонлик, орзу ва мақсадларнинг ушалиши ила нақд ҳурсандчиликга етишишдир”.
4. Имом ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ
Асрнинг Ҳофизи бўлмиш Шайхул Ислом Абул Фазл Аҳмад ибн Ҳажардан мавлид ҳақида сўралди. У киши қуйидаги жавобни берди: “Мавлиднинг асли бидъат бўлиб, у ҳақида биринчи уч асрдаги салафи солиҳлардан ҳеч нарса нақл қилинмаган. Лекин, шу билан бирга бу иш яхшиликларни ва унга зид бўлган нарсаларни ўз ичига олгандир. Бас, ким яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлса, бидъати ҳасана бўлади. Ким бундай қилмаса, бўлмайди”.
5. Имом Саховий раҳматуллоҳи алайҳ
“Дастлабки уч асрдаги салаф солиҳлардан бирортаси мавлид қилмаган. Кейин пайдо бўлган. Ер юзини турли бурчак ва шаҳарларида ислом аҳли мавлид қилиш, ўша кеча турли садақотлар ҳамда мавлид ўқишга рағбат қилишда бардавом бўлдилар. Мавлид барокатидан уларга мўл-кўл, файзу-футуҳлар зоҳир бўлди.”
6.Имом ибн ал-Ҳааж ал-Моликий раҳматуллоҳи алайҳ
“Мадхал” китоби соҳиби: “Бу муборак ойда аввалги ва охиргиларнинг саййидини бизларга неъмат қилиб берган Зот Мавломиз субҳанаҳу ва таалога бу улуғ неъматларга эга қилгани учун шукр қилиб, гарчи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда ибодатларни зиёда қилмаган бўлсаларда, ибодат ва яхшиликларни зиёда қилишимиз керак. Зиёда қилмаслиги эса умматига раҳмли ва меҳрибон бўлганлигидандир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам (кўп) амалларни умматига фарз бўлиб қолиши (натижада машаққатга дучор бўлишлари)дан хавфсираб, уларга меҳри-шафқати ўлароқ тарк қилганлар. Лекин душанба куни рўза тутишлари ҳақида сўралганларида, мен туғилган кун дея бу улуғ ойнинг фазилатига ишора қилганлар. Демак, бу куннинг улуғлиги, туғилган ойининг ҳам шарофатли эканлигини ўз ичига олади. Бу ойни Аллоҳ фазилатли қилган нарсалар билан эҳтиром қилишимиз лозим бўлади. Замон ва маконнинг фазилати Аллоҳ таоло хослаган ибодатларни қилиниши билан бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фазилатли вақтларни эзгу, яхши ишларни кўп қилиш ила хослаганлар”.
7. Ҳофиз Абдурроҳим ал-Ироқий раҳматуллоҳи алайҳ
“Валима-тўйлар, мискинларни таомлантириш ҳар доим мустаҳаб саналиб келган. Унга шодлик, робиъул аввал ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нури зоҳир бўлгани учун хурсандчилик қўшилса, қандай қилиб мустаҳаб бўлмайди?! Уни бидъат эканлигидан макруҳ ишлиги келиб чиқмайди. Бир қанча бидъатлар гоҳида вожибга айланади”.
8. Ҳофиз Шамсиддин ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳ
Имоми Суютий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Сўнгра, қорилар имоми Ҳофиз Шамсиддин ибн Жазарийнинг “Урфут таъриф бил мавлидиш шариф ” китобида ушбуларни кўрдим: Абу Лаҳаб ўлимидан сўнг тушда кўрилиб, ҳолинг қандай дейилганда, у мен ўтдаман, лекин мендан ҳар душанба куни азоб енгиллатилади. Панжам орасидан шу миқдордаги сувни сўраман деди-да, бармоғи учига ишора қилди. Сабаби чўрим Сувайбани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганлиги ҳушхабарини айтганда озод қилгандим. Қолаверса, Сувайба у зотни эмизганди.
Агар, Қуъони Карим мазаммат қилиб, сура нозил қилган Абу Лаҳабдек кофир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган кечада хурсанд бўлгани учун ўт ичида туриб яхши мукофот олса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан бўлган муслим, муваҳҳид, у зотнинг мавлидига хурсанд бўлса, яна қудрати етганича муҳаббат қилса, бу кишини ҳоли қандай бўларкин!
Умрим ҳаққи, унинг Саховатли Аллоҳдан оладиган мукофоти фақатгина ундай бандасини ўз фазли ила наъийм жаннатига киргизмоқлигидир.
(Баъзи аҳли илмлар Абу Лаҳабни тушида ёмон ҳолда кўрган киши акаси Аббос деганлар.)
9. Имом Абу Шома (Имом Нававийнинг шайхи) раҳматуллоҳи алайҳ
Замонамиздаги янги пайдо бўлган нарсаларнинг энг яхшиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидига мувофиқ кунда ҳар йили садақот, яхши ишлар, зийнат ва сурурни зоҳир қилиш (каби) қилинадиган ишлардир. Чунки унда фақирларга хайр эҳсон қилиш, ўша ишларни қилувчи қалбида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат, ҳурмат, оламларга раҳмат қилиб юборилган расулини вужудга келтирганига шукр қилиш бордир.
10. Ҳофиз Ибн Носириддин Димашқий раҳматуллоҳи алайҳ
Ўзининг “Вирдис содий фии мавлидил ҳодий” номли китобида қуйидагиларни айтади:
Саҳиҳ қовлда айтилишича, ҳар душанба куни Абу Лаҳабдан дўзахнинг азоби енгиллатилади. Чунки, у шу куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилганларидан масрур бўлиб Сувайбани озод қилган. Шеър:
إِذَا كَانَ هَـذَا كَافِرًا جَـاءَ ذِمُّـهُ وَتَبَّتْ يَـدَاهُ فِيْ الْجَحِـيْمِ مُخَـلّدَا
أَتَى أَنَّـهُ فِيْ يَـوْمِ اْلاِثْنَيْنِ دَائِـماً يُخَفَّفُ عَنْهُ لِلسُّـرُوْرِ بِأَحْــمَدَا
فَـمَا الظَّنُّ بِالْعَبْدِ الَّذِي كَانَ عُمْرُهُ بِأَحْمَدَ مَسْرُورًا وَمَاتَ مُوَحِّــدًا
“Икки қўли қурисин” деб ёмонланган кофирга.
Жаҳаннамда абадий қолдирилган кофирга.
Аҳмад туғилганига масрур бўлган кофирга.
Ҳар душанба азоб енгил бўлса бу кофирга.
Умр бўйи Аҳмаддан масрур бўлган мўминга.
Не мукофоту шараф, не мақомлар бўларкин.
11. Камол ал-Удфувий ал-Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ
“Ат-толеъ ас-саъийд” китобида айтади:
“Бизга ишончли дўстимиз Носуриддин Маҳмуд ибн ал-Имоднинг ҳикоя қилишича, Абу Тоййиб Муҳаммад ибн Иброҳим ас-Сибтий ал-Моликий Қус (Мисрдаги шаҳар)нинг меҳмони, илмига амал қиладиган уламолардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлид куни мадраса олдидан ўтаркан, муаллимга: “Эй фақиҳ, бу кун хурсандчилик ва шодлик кунидир. Болаларга жавоб бер, дер эди. Сўнг муаллим бизларга жавоб бериб юборарди”. Мана шу ҳам у киши томонидан мавлидни тақрири ва инкор қилмаганига далил бўлади. У зот моликий мазҳаби фақиҳларидан, кўп илмларда моҳир, тақволи киши эди. Абу Ҳайён у зотдан таълим олган.
Солиҳлардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўриб, фақиҳларнинг мавлидларда шодиёна, байрам қилиш ҳақидаги гапларини айтганда у зот:
“Ким биз ила хурсанд бўлса, биз ҳам у ила хурсанд бўлурмиз”, деган эканлар.
МУТААХХИР УЛАМОЛАР ФИКРИ
1. Шайх Ҳасанайн Муҳаммад Махлуф (Азҳар шайхи) раҳматуллоҳи алайҳ
Мавлиду шариф кечасини ва муҳаммадий нур порлаган бу ойнинг кечаларини иҳё қилиш Аллоҳ таолонинг зикри, оламни яратилишида мавжудотларнинг энг яхшиси бўлган зотни бу умматга неъмат қилиб бергани учун шукр қилиш билан бўлади.Улар эса одоб, хушуъ- хузуъ доирасида, ҳаром, ёмон бидъат, мункар ишлардан холи бўлиш (шарти) ила бўлади. Яхши кўрган таомларидан мискин ва етимларга улашиш, муҳтожларга қийналиб турган ишларида ёрдам бериш, силаи раҳм шукрнинг бир кўринишидир. Бу тариқада (мавлид кечаларини) иҳё қилиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, салафи солиҳлар даврларида маъсур бўлмаса-да жоиз, суннати (бидъати) ҳасанадир.
2. Ал-Мубашшир ат-Торозий раҳматуллоҳи алайҳ
Набавий мавлиди шарифни байрам қилиб нишонлаш бугунги кундаги бефойда маросимлар қаршисида қилиниши керак бўлган асосий (амал) бўлиб қолди.
3. Шайх Мухаммад Алавий раҳматуллоҳи алайҳ
Биз аҳли сунна вал жамоа уламолари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини эшитмоқлик ва саловоту саломлар йўллаш,У зот ҳақларида айтилган мақтовли сўзларни тинглаш, мискинларни таомлантириш ҳамда уммат қалбига сурур бахшида қилиш мақсадида мавлиди шарифни байрам қилиб ўтказиш жоиз эканлигини айтамиз.
4. Доктор Юсуф Қарзовий
Бу фурсат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, шахсийятларини, Аллоҳ таоло оламларга раҳмат қилиб юборган, (қиёматга қадар) боқий қолувчи умумий рисолатини ёдга олишни тақдим қиларкан, бунда қандай бидъат, қандай залолат бўлсин!?
5. Доктор Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини эсга олиш мақсадида ўтказиладиган шодиёналар бу асрда ўтказилаётган диний анжуман, форумларга ўхшайди. Улар олдин маъруф бўлмаган. Шунинг учун бидъатни таърифи диний анжуман, форумларга тўғри келмаганидек, мавлид туфайли ўтказиладиган байрамга мос келмайди. Лекин бундай йиғилишлар мункар ишлардан холи бўлиши талаб этилади.
6. Шайх Абдуллоҳ ибн Биҳ
Қисқа қилиб айтганда, кимда- ким мавлиди шарифни байрам қилса, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини, муаттар маноқибларини эсга олиб, нақл қилиб, шариатда макруҳ ҳисобланган ҳар қандай амалдан четланса, суннат ёки вожиб (амал) дея ният қилмасдан, юқорида зикр қилинган шартлар асосида динга хилоф ишларни аралаштирмай, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб қилса, ишааллоҳ, ҳечқиси йўқ.(Қилган ишида) ажрга сазовор бўлади.
7.Доктор Нуҳ ал-Қузот (Ўрдуннинг собиқ муфтийси)
Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлиди шарифлари Аллоҳ таолонинг бизларга инъомлари ичида энг улуғларидандир. Бу умматга тажалли этган неъматларининг энг улуғларидан эканлигида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бизлар эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлиди шарифларига хурсанд бўлишимиз керак бўлади.
8. Доктор Али Жумъа (Миср муфтийси)
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлиди шарифлари -эсга олиш ила ўтказиладиган шодиёна, энг афзал амаллардан, энг улуғ қурбатлардандир. Сабаби у хурсандчилик Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат изҳор қилиш демакдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиш эса иймон усулларидан биридир.
9. Доктор Ваҳба аз-Зуҳайлий
Агар мавлиди набавий Қуръони Карим тиловати, Набий алайҳиссолоту ва салламнинг ахлоқларини эслаш, инсонларни Ислом таълимотларига амал қилишга тарғиб қилиш, уларни фарз ва шариат одобларига қизиқтиришга чекланса, мадҳ ва мақтовларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мени насоролар Исо ибн Марямни мақтаганларидек (муболаға билан) мақтаманглар, лекин Абдуллоҳ, Расулуллоҳ денглар” -деганларидай мадҳлар муболағали бўлмаса, воқеъликда шу йўналишда бўлсагина, бидъат бўлмайди.
Доктор Ваҳба аз-Зуҳайлий айтган гапдаги ҳадиси муборакни Имоми Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Муснад”ларида келтирганлар.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Мени насоролар Исо ибн Марям алайҳиссаломни мақтаганларидек мақтаманглар. Бас, мен ҳам бандаман. Аллоҳнинг бандаси ва расули денглар”,-дедилар”.
Имоми Аҳмад ривояти 10.Шайх Муҳаммад ибн Абдул Ғаффор аш-Шариф (Қувайт Вақф ишлари бош котиби)
Мавжудотлар Саййиди (у зотнинг аҳли байтларига салоту саломнинг энг афзали бўлсин) соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлиди шарифларини нишонлаш жумҳур уламолар наздида мустаҳаб ва бидъати ҳасанадир.
11. Шайх Муҳаммад Ротиб ан- Набилисий
Мавлидни байрам қилиш ибодат эмас. Лекин инсонларни Аллоҳга чақиришга киради. Йил давомида робиъул аввал ва бошқа ойларда масжидларда, уйларда мавлидни ёдга олиш ила байрам қилмоқ жоиздир.
12.Ҳабиб Умар ибн Ҳофиз
Мавлид мажлислари бошқа мажлислар кабидир. Қуръон тиловати, Раҳмонни эслаш, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар йўллаш, мискинларни таомлантириш, Аллоҳ таолога ҳамд айтиш, Расулуллоҳ ни (муболағасиз) мадҳ қилиш, инсонларни Ҳақ субҳонаҳу ва таолога чақириш, панду-насиҳат, ислом таълимотлари ҳамда шариат буюрган ва тарғиб қилган эзгу амаллар, хайрли ишлар жорий бўлса (динда) матлуб, шаръан мандуб амалдир.
УЛАМОЛАРНИНГ СЎЗЛАРИДАН ОЛИНАДИГАН ФОИДАЛАР:
1. Одамларнинг жамланишиб, муяссар бўлганича Қуръон тиловати қилишлари, агар пайғамбаримиз ҳақида нозил бўлган оятлар ўқилиб, тафсир қилиниб шарҳланса, яна ҳам аъло бўлади.
2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ишларининг аввалида бўлган хабарларни, у зотнинг туғилганларида содир бўлган мўжизаларни ривоят қилишлари. Мана шу ривоятлар мўътабар сийрат китобларида келган саҳиҳ маълумотларга таянган бўлиши керак.
3. Охирида уларга егулик нарсаларнинг улашилиши жоизлиги.
4. Бошқа нарсалар зиёда қилинмай, тарқалиб кетадиган бўлсалар, бидъати ҳасана бўлиши.
5. Бу амални қилган одамга Набий соллаллоҳи алайҳи васалламни улуғлагани, у зотнинг мавлидлари муносабати ила хурсандчилик изҳор қилгани учун савоб берилиши.
6. Мавлиднинг ўзига хос хусусиятларидан бири ўша йили омонлик, орзу ва мақсадларнинг ушалиши ила нақд ҳурсандчиликка етиш.
7. Мавлидлар яхшиликларни ва унга зид бўлган нарсаларни ўз ичига олганлиги.Ким яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлса, бидъати ҳасана бўлиши. Ким бундай қилмаса, бўлмаслиги.
8. Дастлабки уч асрдаги салаф солиҳлардан бирортаси мавлид қилмаганлиги, кейин пайдо бўлган амал эканлиги.
9. Мавлид баракотидан мўл-кўл, файзу-футуҳлар зоҳир бўлганлиги.
10. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда ибодатларни зиёда қилмаган бўлсаларда, ибодат ва яхшиликларни зиёда қилишимиз кераклиги.
Зиёда қилмаслиги эса умматларига раҳмли ва меҳрибон бўлганлигидан.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп амалларни умматига фарз бўлиб қолиши, натижада машаққатга дучор бўлишларидан хавфсираб, уларга меҳри-шафқати ўлароқ тарк қилганлар.
11. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фазилатли вақтларни эзгу, яхши ишларни кўп қилиш ила хослаганлари.
12. Валима-тўйлар, мискинларни таомлантириш ҳар доим мустаҳаб саналиб келгани. Унга шодлик ва робиъул аввал ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нури зоҳир бўлгани учун хурсандчилик қўшилса, мустаҳаб бўлиши.
13. Уни бидъат эканлигидан макруҳ ишлиги келиб чиқмайди. Бир қанча бидъатлар гоҳида вожибга айланиши.
14. Қуъони Каримда мазаммат қилинган Абу Лаҳабдек кофир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган кечада хурсанд бўлгани сабабидан ўт ичида туриб яхши мукофот олгани.
15. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларидан бўлган муслим муваҳҳид, у зот туғилишларига хурсанд бўлса, яна қудрати етганича у зотга муҳаббат қилса, бундай кишининг мукофоти Ўз фазли ила жаннати наъиймга киргизмоқлиги.
16. Замонамиздаги янги пайдо бўлган нарсаларнинг энг яхшиси мавлиди шариф амали эканлиги.
17. Мавлиди шарифларни байрам қилиб нишонлаш бугунги кундаги бефойда маросимлар қаршисида қилиниши керак бўлган асосий амал бўлиб қолди.
18. Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг кўплари наздида мавлиди шарифни байрам қилиш жоиз эканлиги.
19. Бу фурсат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, шахсийятларини, рисолатини ёдга олишни тақдим қиларкан, бидъат ва залолат бўлмаслиги.
20. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини эсга олиш мақсадида ўтказиладиган шодиёналар бу асрда ўтказилаётган диний анжуман, форумларга ўхшаши. Улар олдин маъруф бўлмаган. Шунинг учун бидъатнинг таърифи диний анжуман, форумларга тўғри келмаганидек, мавлид туфайли ўтказиладиган байрамга мос келмаслиги. Шарти- мункар ишлардан холи бўлиши.
21. Мавлидларни суннат ёки вожиб амал деб ният қилмаслик.
22. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиш иймон усулларидан бири эканлиги.
23. Мадҳ ва мақтовлар муболағали бўлмаслиги.
24. Масжид ва уйларда мавлид қилиш жоизлиги.
25. Қуръон тиловати, Раҳмонни эслаш, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар йўллаш, мискинларни таомлантириш, Аллоҳ таолога ҳамд айтиш, Расулуллоҳ ни муболағасиз мадҳ қилиш, инсонларни Ҳақ субҳанаҳу ва таолога чақириш, панду насиҳат, ислом таълимотлари ҳамда шариат буюрган ва тарғиб қилган эзгу амаллар, хайрли ишлар жорий бўлса, динда матлуб, шаръан мандуб амал бўлиши. Демак, мавлидларда бошқа мавзуларни ҳам гапириш мумкин экан.
Манба: Islom.uz