islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ЭЪТИҚОД ЭРКИНЛИГИ — ДУНЁВИЙ ДАВЛАТ АСОСИ

Бугун юртимизда эътиқод эркинлиги, ҳақиқий миллий қадриятлар, улардаги динийлик ва дунёвийлик нисбати қандай бўлиши лозимлиги тўғрисида турли-туман фикрлар билдирилмоқда. Ўзбекистонни ислом республикасига айлантириш, турмуш тарзини, ижтимоий муносабатларини шариат талабларига мослаштириш тарафдорлари ҳам йўқ эмас.

Ўз турмушини онгли ташкил этиш, турли режалар тузиш, орзу-ҳавасларига кўнгли ва тафаккурига мос яшашга, комилликка интилиш инсоннинг хос белгиси. Унинг нафақат моддий-иқтисодий, шунингдек, маънавий эҳтиёжлари ҳам бор. Инсон маънавиятининг ўзагини эса эътиқод ташкил қилади. Маънавият эътиқод теварагида шаклланади. Маънавиятнинг мазмунини энг муҳим хусусиятларини эътиқод белгилайди.

Инсоннинг барча туйғулари, кечинмалари ёки барча амал қиладиган ғоялари, меъёрлари, қарашлари маънавият бўлиб қолавермайди. Туйғулар орасида нафс ва ҳирс, жаҳл ва қизиққонлик туфайли юзага келганлари, тушунчалар, ғоялар, баҳолар, фикр, мулоҳазалар, хулосалар орасида илмсизлик, адашиш, хато, нотўғри ахборот сабабли вужудга келганлари бўлиши мумкин. Хом сут эмган бандаси адашишлардан, хатолардан кафолатланмаган. Ботил туйғулар ва фикрлар эса маънавият ҳисобланмайди. Жаҳолат, золимлик, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмаслик, нафс ва ҳирс қутқусига берилиш, зўравонлик орқали ҳаммани бир хил ўйлашга, бир хил яшашга мажбурлаш маънавиятсизликдир.

Ҳар қандай адолатпеша жамият, у дунёвий бўладими ёки диний, қатъий назар, ўз аъзоларини ҳалол, тўғрисўз, одоб-ахлоқли, имон-эътиқодли этиб тарбиялашни хоҳлайди. Бунга қанчалик эриша олади — бу бошқа гап!

Эътиқод эркинлиги икки хил намоён бўлади. Биринчиси инсоннинг ички эркинлиги, тафаккур ва ижод эркинлиги, яъни позитив (ижобий) саъй-ҳаракат ва фаолият эркинлиги сифатида юзага чиқади. Иккинчиси ташқи эркинлик, яъни эътиқод эркинлигини амалга ошириш учун тегишли ҳуқуқий асослар, қонунларнинг давлат томонидан қабул қилиниши ва кафолатланиши, жамиятда қарор топган хайрихоҳлик муҳити каби эркинликлар.

Эътиқод эркинлиги учун зарур шарт-шароит яратиш, уни ҳимоя қилиш адолатли жамиятнинг талабларидан биридир. Зеро, у инсон имкониятлари ва эркинлигини юзага чиқаришнинг ахлоқий, ҳуқуқий, ижтимоий ва интеллектуал негизини ташкил қилади. Шу сабабли демократик дунёвий давлатларда эътиқод (виждон) эркинлиги, сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллиги конституция ва тегишли қонунлар орқали мустаҳкамлаб қўйилади.

Фақат дунёвий давлатгина эътиқод эркинлигини тўла таъминлашга қодир. Чунки у, аввало, сиёсий партияларда ва диний жамоалар ички ишига аралашмайди, шунингдек, бирор партия ёки дин манфаатларини кўзлаб, бошқа сиёсий ва диний жамоалар фаолиятини бевосита ёки билвосита чекламайди. Собиқ СССР давлатида коммунистик принципларга мос келмайдиган мафкуралар тақиқланган ёки чекланган эди.

Яккаҳоким мафкура мавжуд бўлган давлат ҳеч қачон эътиқод эркинлигини таъминлай олмайди. Мафкуранинг яккаҳокимлиги, одатда тоталитаризмга, жамият аъзолари фикр-ўйлари, сўзларию ҳаракатлари устидан ёппасига назорат ўрнатишга интилади. Диний принципларга қурилган давлат ҳам эътиқод эркинлигини тўла таъминлай олмайди, ҳаттоки, бутун аҳолиси бир мазҳабга оид бўлганда ҳам. Чунки унда ҳукмрон диний мафкура ўрнатилади.

Диний аҳкомларни, меъёрларни ҳамма бир хил тушуниши, чалғимаслиги, адашиб кетмаслиги талаб этилади. Бу эса диний догматизм кучайишига, бир дин доирасида ҳам ўзгача фикрларга тоқатсизлик вужудга келишига сабаб бўлади. Диний аҳкомлар жамиятнинг объектив талабларига мос ривожланмай, унинг тараққиёти йўлида тўсиқ ҳосил қилади. XII аср охирида «ижтиҳод эшикларининг ёпилиши», кейинчалик эътиқодий оқимлар (шиавийлар ва суннийлар) ўртасидаги келишмовчиликлар ислом доирасида эътиқод эркинлигига катта зиён етказди. Бу аста-секин ислом мамлакатларининг тараққиётига ҳам салбий таъсир кўрсатди.

Хўш, эътиқоднинг ўзи нима?

Эътиқод, луғавий мазмунига кўра, қатъий ишонч демак. Бироқ эътиқоднинг луғавий эмас, атамавий (истилоҳий) мазмунини олсак, у жуда мураккаб тузилмага эга, кўпмазмунли тушунча эканига амин бўламиз. Эътиқод фақат диний мазмунга эмас, дунё­вий, яъни нодиний мазмунга ҳам эга.

Диний мазмунда у асосан имонни, имон талабларига, дин фарзлари ва аҳкомларига оғишмай амал қилишни англатади. Дунёвий мазмунда эса муайян ахлоқий, сиёсий, ҳуқуқий, фалсафий, илмий ғояларга, меъёрларга қатъий ишончни, уларга содиқликни, бутун куч-ғайрати, ақл-заковати, иродасини ҳалол яшашга сафарбар эта олиш, қийин­чиликлардан чўчимаслик, ютуқлардан эсанкирамасликни билдиради.

Таркибий тузилма

Эътиқоднинг мазмунини биринчи галда илм ташкил этади. Чунки киши нимага ишонаётганини, интилаётганини, ўз хулқ-атворини, яратувчилик фаолиятини, ижодини мослаштириши зарурлигини билиши лозим.

Эътиқод ҳар қандай билим (илм) эмас, балки қатъий ишончга айланган, инсон дунёқарашининг тамал тошини ҳосил қилувчи билим (илм)лардир. Бу илм диний ёки дунёвий ёхуд уларнинг маълум даражадаги қоришуви бўладими, қатъий назар, эътиқоднинг мазмунини белгилайди. Илмсиз эътиқод йўқ, бўлиши мумкин ҳам эмас.

Илмни биз, тафаккур хусусиятларидан келиб чиқиб, рационал (ақлга мантиққа хос) ва иррационал (ақлга, мантиққа унчалик мос келмайдиган) илмларга ажратамиз.

Аввало, инсон меҳнат ва ҳаёт тажрибаси, касб-кори ёрдамида рўзғор тебратиб яшаши, бошқа кишилар ва жамият билан турли-туман муносабатлар қуриши давомида орттирган билимлари рационал (оқилона)лик касб этади. Пуч, хаёлпарастликка асосланган ёки сохта билим (илм)ларга таянган киши ҳаётдан кўп панд ейди, рўзғорини ҳам дуруст эплай олмайди.

Рационал илмнинг юксакроқ даражаси кундалик ҳаётий тажриба ёрдамида эмас, балки ўқиш, турли фанлар асос­ларини ўрганиш, ўз соҳасига оид фан ютуқларидан хабардор бўлиш орқали шаклланади. Иррационал илм аниқ далилларни ноаниқ, тахминий далиллар билан аралаштириб юбориш, баъзан ғайритабиий, хурофот ва бидъат, мис­тика, ботил қарашлар ва бирёқлама муросасиз ҳиссиётга берилиш туфайли пайдо бўлади. Эътиқоднинг илғорлиги ёки қолоқлиги, инсонпарварлиги ёки худбинлиги, либераллиги ёки тоталитарлиги ва бошқа кўплаб хусусиятлари унинг мазмунини ташкил этувчи илмга боғлиқ. Иккиланиш ва шубҳа билан қаралган илм эътиқод эмас. Илгари инсон қаттиқ ишонган тушунчаларга, ғояларга нисбатан ҳаётий тажрибаси, билими ортиши, илм-фан тараққиёти натижасида шубҳа туғилса, улар эътиқод мақомини йўқотади.

Эътиқоднинг яна талай унсурлари бор. Эътиқод муайян ғоялар ва қадриятларни фаол қабул қилиш, севиш, ихлос қўйиш, уларга юқорида таъкидланганидек, ўз фаолиятини, ҳаётини мослаштириш, содиқлик кўрсатишдир. Унинг негизида турувчи ишончнинг ўзи муайян ғоялар, таълимот, қадриятларга ижобий эмоционал (ҳиссий) муносабатдир. Бу ҳиссий муносабат, яъни ишонч ҳам рационал ва иррационал бўлиши мумкин.

Олимларнинг фикрига кўра, рационал ишонч шахснинг фаол ҳаракатига, яратувчилигига таянади. Унинг негизида турган ғоя, таълимот, идеал тўғри ёки хато, ҳаётий ёки ҳавойи, хаёлий бўлиши мумкин. Лекин шахс унга сидқидилдан ихлос билан интилади, эришиш йўлларини излайди, ижод қилади. Натижада у ўша мақсадга етолмаса хам, маълум самарага эришади, фаолияти изсиз кетмайди.

Иррационал ишонч шахснинг ижодий пассивлигига, фармонбардорлигига, мутаассиблигига таянади. Бундай шахснинг тафаккури мустақил эмас, ўзгалар, обрўли кишилар фикрига қарам. Улар бошқаларнинг иродасига кўр-кўрона бўйсунадилар, тўғри ёки нотўғрилигини, ижобий ёки салбий оқибатларга олиб келишини ўйлаб ўтирмайди. Рационал ишонч ўз кузатишларига, мушоҳада ва хулосаларига асосланган тафаккур мустақиллигини, яъни эътиқод эркинлигини билдиради, деган эди ХХ асрнинг машҳур алломаларидан бири Эрих Фромм.

Ишончнинг, бинобарин, эътиқоднинг рационаллик ва иррационаллик мезонини тараққиёт заруратидан излаш керак. Ғоялар, меъёрлар, таълимотлар, умуман, илм тарихий тараққиёт талабларига, инсон ва жамият юксалишига қанчалик мос келса, эътиқод, ишонч шунча рационаллик касб этади, амалий самараси ижобий бўлади. Агар тарихий заруратга мос келмайдиган, ҳаётдан ортда қолган илмга қатъий ишонилса, ихлос қилинса, бундай эътиқод ижобий самара бермайди, ҳатто жамиятда, одамлар ўртасида турли заддиятларни келтириб чиқаради, тинч-тотув ҳаётга, миллий жипсликка путур етказади.

Илм эътиқоднинг ҳаётийлик мазмунини, ишонч эса унинг ҳаётийлик кучини ташкил қилади. Эътиқод дунёқарашнинг, бутун маънавият тизимининг ўзаги ўлароқ, инсоннинг борлиққа, ҳаётга муносабатини, хулқ-атвори, саъй­-ҳаракати, фаоллигини белгилайди. Фаоллик учун, айниқса, ижодкорлик учун фақат ишончга асосланган илм баъзан камлик қилади. Ижодкорлик ва самарали фаоллик ишончнинг ихлос ва ишқ билан бойитилишини тақозо этади.

Одатда, ихлос бирор ғояга, назарияга ёхуд санъат асарига, ижтимоий қадриятга, унинг муаллифи ёки тарғиботчисига кўнгил қўйиш, интилишдир. Салбий нарсага, ботил ғояга «кўнгил қўйиш», ҳатто, ижобий нарсага ахлоқийлик чегарасидан чиқиб, меъёридан ортиқ интилиш асло ихлос эмас, у ҳирс, нафс, ёки мутаассиблик дейилади. Бировнинг тазйиқида кишида самарали, ижобий ихлос шаклланмайди. У шахснинг ўз мойиллиги, онгли ёки онгсиз эркин танлаши асосида қарор топади.

Сохта, вайронкор ихлос нотўғри тарбия ҳамда билими ва ҳаётий тажрибаси кам кишиларнинг тажоввузкор тарғибот тузоғига тушиши оқибатида шакл­ланади. Лекин бундай кимсалар ҳам ботил ғояга интилишни, адашса-да, ихтиёрий, эркин танлайдилар. Ҳақиқий ихлос кўнгил қўйган ғояси ва таълимотига холис хизмат қилишни, зарур бўлса, бутун умрини бағишлашни, шахсий фойда, манфаат изламасликни англатади. Ҳар қандай ғараз — у моддий бойлик орттиришми, юқори лавозимдан умидворликми, қатъий назар ихлосни барбод этади, эътиқодни сохта эътиқодга айлантиради.

Илм-фан, адабиёт ва санъат даҳолари, буюк файласуфлар, мутафаккирлар орасида ихлос қўйган ғоясига ўз умрини бағишлаганлар тарихда кўп ўтган. Уларнинг аксарияти жуда камтарона, баъзилари анча қашшоқ кун кечирган. Аммо танлаган йўлидан, ҳақиқатга, эзгуликка, адолатга хизмат қилишдан қайтмаган. Шу боис улар исмини, қилган ишларию ёзган асарларини дунё халқлари эъзозлаб келади, улар билан фахрланади.

Мустақил фикрлаш ва холислик асосида шаклланган эркин ихлос бутун эътиқодга, маънавиятга эркинлик ва ахлоқийлик бахш этади. Ҳақиқий эркин ихлос инсонни тарбиялайди, ўзида яхши фазилатларни шакллантиришга, фозил шахслардан ибрат олишга, ҳавас қилишга ундайди. Муте, авторитар ихлос бировга кўр-кўрона тақлид қилишга, ихлос қўйган шахсга сиғинишга, ўз қарашларига мос келмаган ҳар қандай далилларни мутаассибларча инкор қилишга, ғоявий мухолифларига нафрат ила қарашга асосланади. Эркин ихлос эътиқоднинг «инсонийлик» қиёфасини белгилайди, уни кўнгил ҳодисасига айлантиради.

Ихлос қотиб қолган тушунча эмас. У ҳам илм ва ишонч каби бойийди, қашшоқланади, ўзгаради, ривожланади. Баъзан инсоннинг ихлос қўйган нарсасидан илми кенгайиши, чуқурлашиши натижасида ёки ишончи оқланмагани, ёки бошқа сабаларга кўра, кўнгли совийди. Баъзан эса, аксинча, инсоннинг ихлоси янада ортади, кучаяди. У ихлос қўйган нарсасидан ахлоқий таянч топиши қаторида гўзаллик ва ақлий завқ-шавқ туяди. Ҳис-ҳая­жони эҳтиросга айланади.

Бу, аслида, ихлоснинг юксалиб ишққа айланишидир. Ишқ инсон маънавий дунёсини бойитади, кучайтиради. Инсонни ижодкор, яратувчи шахсга айлантиради. Ишқнинг яна бир муҳим хусусияти идеални шакллантиришдир.

Идеал инсон ва жамиятнинг мукаммаллик тўғрисидаги тасаввурларидир. Инсон ўз фаолиятини, турмушини яшаётган муҳити ва жамиятини ёки ихлос қўйган, ишқи тушган шахсни, асарни хаёлан ўзининг мукаммаллик тўғрисидаги тасаввурлари билан қиёслайди. Ўз фаолиятини, ижодини, яратаётган қад­риятини идеалга мослаштиришга ҳаракат қилади.

Шундай қилиб, эътиқод таркибига илм, ишонч, ихлос, ишқ ва идеал киради. Улар яхлит эътиқод тизимида ўзаро узвий боғлиқ, бир-бирига таъсир кўрсатади, бойитади… ҳамда ҳар бири эътиқодга таъсир кўрсатади, маълум вазиятларда бутун эътиқоднинг ўрнини босади.

Ўзбекистон — дунёвий давлат, унда 16 диний конфессияга оид 130 дан ортиқ турли миллатлар ва элатлар яшайди. Конституциямизнинг 31, 12-моддаларида виждон эркинлиги ҳамда фикрлар хилма-хиллиги, ҳеч бир мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилмаслиги кафолатланган.

Конституциявий меъёрларни юзага чиқариш мақсадида тегишли қонунлар қабул қилинган, улар мунтазам такомиллаштириб, бойитиб, кенгайтириб берилмоқда. «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун илк бор 1991 йилнинг 14 июнида, яъни ҳали Ўзбекистон мустақиллик учун курашаётган пайтлардаёқ қабул қилинган эди. Бу қонун кейин мустақиллик йилларида янги таҳрирда қайта қабул қилинди. Ҳозир ҳам бугунги ижтимоий онг даражасини, замонавий ички тарраққиёт ва геосиёсий жараёнлар тенденцияларини, Ўзбекистоннинг халқаро аҳволи ва алоқаларини ҳисобга олиб, мазкур қонунни такомиллаштириш эҳтиёжлари мавжуд.

Конституциямиз эътиқод эркинлиги ва инсон ҳуқуқларини юзага чиқарувчи қонунлар мажмуаси умуммиллий жипсликни таъминлашга, Ўзбекистонда яшовчи барча халқларга ўз миллий-маданий, диний, инсоний эҳтиёжларини ҳеч қандай тўсиқларсиз қондириш учун зарур ҳуқуқий баъза бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистонни барқарор ривожлантириш, равнақ топтириш ва турмуш фаровонлигини юксалтиришда, миллий ғояда белгиланган мақсадларга эришиш йўлида барча фуқароларни бирлаштиради ҳамда эҳтимолдаги баъзи диний ва миллий зиддиятларнинг олдини олади.

Халқимизда доно мақол бор: «Бир кун жанжал чиққан уйдан, қирқ кун барака қочади.» Мамлакат миқёсида-чи? Айрим мамлакатлардаги низоларнинг, можароларнинг оқибатини эшитиб, ТВ орқали кўриб турибсиз!

Эътиқод эркинлиги таъминланмаган мамлакатларда инсон ҳуқуқларини, эътиқоди ва қарашларини чеклашлар, ўзгача фикрлайдиганларни таъқиб, қатағон қилишлар кузатилади.

Совет тузуми даъво қилган эътиқод эркинлиги аслида пуч нарса эди. Эътиқод совет шароитида синфий, партиявий қарашларнинг мужассам ифодасини англатарди. Фақат эски чоризм даврида шакл­ланган ва уруш йиллари яқинларини йўқотган кекса авлоднинг диний эҳтиёжларни қондириш учунгина айрим диний ташкилотлар фаолиятига рухсат бериш мумкин, аммо уларни йилдан-йил чеклаб, қисқартириб бориш лозим деган ҳулосаси ва сиёсати иккиюзламачиликнинг, вақтинчалик муросагўйликнинг ифодаси эди.

Амалда эътиқод эркинлиги СССРда таъминланмади. Совет давлати дунё­вий давлат деб ўзини эълон қилиб, расман черковни (масжидни) давлатдан, мактабни (таълимни) черковдан ажратган бўлса-да, аслида диний мафкурани сохталаштирилган комунистик мафкура билан алмаштирди. Ҳатто, мафкуравий-тарғибий ташкилотнинг оммавий шаклларини рус проваслав черковидан олди. Православларда, хусусан, русларда оддий кишилар уйида асосий истиқомат қиладиган хонасининг ўнг бурчаги «красный кут» – «қизил бурчак » деб аталган. Унда икона осилиб, пастида тахта жавончада чироқ ёқиб қўйилган. Икона Исо Масиҳ, Биби Марьям ёки христиан динининг улуғ фариштаси Гавриил (Жаброил) ёки машҳур авлиёларидан бирининг образини, шакли-шамойилини акс эттирувчи мойбўёқда тахтага ишланган суратдир. Хонага кирган киши иконага таъзим қилиб, чўқинган. Совет даврида ҳар бир ўқув муассасаси, корхона ва ташкилотларда, ҳарбий қисмларда «қизил бурчак» бўларди. Уларда икона эмас, Ленин ва Сталиннинг суратлари осиб қўйиларди. 50-йилларнинг иккинчи ярмида Сталин шахсига сиғиниш қоралангандан кейин, имкони бор жойларда алоҳида «Ленин хоналари» ташкил этилди. Қизил бурчаклардан Сталин суратлари олиб ташланди. Ўзингиз хулоса қилинг, атеистик совет давлати Худо, Биби Марьям, фаришталар ва авлиёлар образини доҳийлар образи билан алмаштирди, холос. Чўқиниш ва дуо ўрнини улар шаънига маддоҳлик қилиш эгаллади. Бундай эътиқодни эркин эътиқод деб бўладими? Ҳатто, бундай эътиқодни атеистик дейиш ҳам қийин, чунки унда сиғинишнинг самимий диний шакли сохта дунёвий шакли билан алмашди. Моҳиятан ўзгарган эмас.

Мустақил Ўзбекистон эътиқод эркинлигига эришишга интилмоқда. Бугун мулкчиликнинг турли шакллари ривожланаётган, истаймизми-йўқми ижтимоий табақалашуви юз бераётган, ахборот хуружи ва маънавият хавф-хатарлари ортиб бораётган шароитда, қатор зиддиятли, оғриқли масалалар олдимизда кўндалак бўлмоқда: ижтимоий конфронтация (қарама-қаршилик)ми ё ижтимоий шериклик, хурофот устун келадими ё илмий қарашлар, жаҳолатми ё маърифат, муттаассибликми ё бағрикенглик, билим ва ақл-заковат ўсишими ё деинтеллекуаллизация (ақл заковатнинг пасайиши, емирилиши)ми?

Биз бу саволларни, ижтимоий муаммоларни четлаб ўтаолмаймиз. Ўзимизни уларни билиб, билмасликка, кўриб, кўрмасликка солишимиз, уларнинг бизга дахли йўқ, биз ўзбеклар, кўнгли очиқ, хайрихоҳ, болажон, меҳмондўст, меҳнаткаш ва тинчликсевар халқ, деб ҳисоблашимиз мумкин. Аммо барча ўзбекистонликлар ўзининг турмушидан, ижтимоий аҳволидан, рўзғорининг рўшнолигидан бирдек мамнунми? Айниқса ёшлар?! Халқимизнинг барча қатламлари эътиқод эркинлигини, бу борадаги давлатимиз, жамиятимиз, илғор зиёлиларимиз ва ақли расо, ватанпарвар ҳамюртларимиз саъй­-ҳаракатларини тўғри тушуняптими? Мавжуд қийинчиликлар, ечилмаган муаммолар айримларимизни чалғитмаяптими? Масала шунда! Эътиқод масаласида ҳеч биримиз чалғимаслигимиз керак. Ҳеч ким келиб бизга мамлакатимизни ва турмушимизни юксалтириб бермайди. Фақат ўз ақл-заковатимиз ҳамда кучимизга таяниб, эътиқодда собитлик билан бунга эришамиз!

Абдураҳим Эркаев

Манба: Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

110200cookie-checkЭЪТИҚОД ЭРКИНЛИГИ — ДУНЁВИЙ ДАВЛАТ АСОСИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: