islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Келинга ёпилган эшик, қизга очилмасин!

– Онажон, суюнчи беринг! Келинингизнинг кўзи ёриди!

– Бай, бай, бунча ваҳима қилмасанг, ҳамма аёл ҳам шу-да! Нима туғилибди?

– Қизал-о-о-о-қ! Ўғлимга сингил бўлди, онажон.

– Ҳай, қутилиб олгани рост бўлсин… Қайнонанг келдими, суюнчи олдингми?

– Она, қўйсангизчи, яна шу гапми? Ўзи зўрға…

– Нима зўрға, нима зўрға?! Одамлар кўча супуриб ҳам тўйларни жаранглатиб ташлаяпти.

Ўтган сафар ўғил кўрдик қудажон, сарполарни бақувват қилаверинг десам, ўғлингга қаердаги нарсаларни кўтариб келибди, атаганим шу, деб. На менга, на сенга тузук-қуруқ  нарса қилган… Бешик тўй оламан десам, ақиқа қилган кунимиз бешикни ўзини ташлаб кетди-ку! Бундоқ каттароқ жиҳоз олиш керак, масалан кир ювадиган машинами ё музлатгичми, ё бўлмаса газ плитами?..

– Ойи, уй жиҳозларини керагидан ортиқ қилиб олиб бераётган бўлсам, ҳамма нарса бадастур бўлса, қудадан нарса кутишимиз уят эмас-ми! Мен унда ким бўламан, эр бўлмай?

– Муҳтожликдан қилинмайди, болам. Элу юрт удуми шу. Қуда қизиникига обрўси баланд бўлсин, ён-веридагилар олдида мулзам бўлмасин деб борини тўкиб-сочади. Ана, ўтган ой синглингнинг тўйида қилган сарполарим, салом куни “сочди-сочди”ларим, “чарлар”да ҳаммага қилган патнисларимни ҳалигача гапириб юришибди, қудажонимдан айланай деб! Нима улар мен қилган нарсага қараб қолган дейсанми, йўқ! Қудам ўзига тўқ. Лекин, орзу-ҳавас, дўст-душман деган гаплар ҳам бор. Бунинг устига, синглинг ўша ерда тиниб-тинчиб кетсин, бировдан кам бўлмасин, овсинлари, қайни-бўйнилари олдида тили қисиқ бўлмасин, қайнонаси “Онанг уни қилмаган, буни қилмаган” демаслиги учун боримизни аямадим…

– Ҳа, аямадингиз… Тўғрироғи миниб юрган “Spark”имни, дадам Исмоилнинг шартнома пули учун йиғиб юрган жамғармасини, қурбонликка атаб боқилаётган новвосни, ақиқа учун олиб келган қўйимни баҳридан ўтдингиз халос… Бизку, машина ўрнига автобусга чиқармиз, қурбонлик ва ақиқага бошқа мол топармиз, Аллоҳга шукр, еб-ичаримиз тўкин-сочин, аммо бечора укам чет элда, бегона юртда мусофичиликда таълим олади. Нафас олишигача долларда пул тўлайди. Тағинам, инглиз тилини мукаммал билгани учун ишлаб, кундалик харажати, ейиш-ичиши, ижара ҳақини чиқаради. Шартнома пулини эса биздан умид қилади. Ой тугаб боряпти. Банк орқали ҳисобига пул тушириш керак. Хўш, буларни ўйламадингизми, она. Ёки фақат қизингиз бўлса-бўлдими? Ўқишига бир йил қолганда укагинам қайтиб, диплом олмай келаверсинми?

– Менга овозингни кўтарма, нодон! Нима қилсам ҳам яхши бўлсин дея қиляпман.

– Нимаси яхши, она, нимаси зўр?! Дадам шарнома тўлаш учун ошна-оғайниларидан қарз йиғиб юрибди. Мен ҳам савдодан тушган фойдамни обкелиб қўлларига тутяпман. Ишдан кейин бирор ташкилотнинг ҳисоб-китобига ёрдам беряпман. Очиғи кечки навбатчилиги бор қоравулчилик олсамми, қўшимча тушум қилсамми деб турибман. Нега, чунки отам қарзини деб қадди букилмаслиги, юраги сиқилмасли керак! – деб Иброҳим овозини баландлатиб, қўлидаги туғруқхонадан олиб келган идишларни халта-палтаси билан гулхонага улоқтириб юборди.

Измидан, сўзидан чиқмаган ўғлини она таний олмади. Ҳамма айбини била турса ҳам бўйин эккиси келмади. “Ҳақиқий айбдор” топилди:

– Ё, Олло, ё астофурулло! Ўғлим хотинингни гапига кириб онангни силталаяпсанми? Кеча келган жинғирчани деб “жаннат”ингга тош отяпсанми?  Сени бизга қайраган тиллари кесилсин. Сенга ақл ўргатган миясига қурт тушсин. Ҳали мени совунимга кир ювмабди! – деганча Раҳбархон ая ғазаб отига минганча хонасига отилди. Кўчалик кийимини дарров кийдида, қўл телефонини олганча, дарвозадан чиқиб кетди. “Қуда” деб ёзилган рақамга сим қоқди:

– Алло, Собирахон, ҳа мен. Валейкум! Набиралик бўлганингиздан хабарингиз борми, ё атай суюнчидан қочиб ўтирибсизми?

– Раҳбархон опа, суюнчи сиздан айлансин. Фақат қон босимим ошиб, тез ёрдамда шифохонага келган эдик. Қизимни кўргани боролмадим. Шунга келинимни юбордим, бориб қолади. Суюнчиларини ўзим беролмаганим учун келинимдан қабул қиласиз энди, қудажон!

– Албатта, қабул қиламиз, қилдирамиз. Гап шу: қизингиз туғруқхонадан чиқишига болага керакли анжомлар, сарполар, тоғораларни бекаму кўст қилиб олиб келинг. Мени яна уятга қўядиган бўлсангиз, қизингизнинг ўқиганига ҳам, пазандалигига ҳам, иккита туққанига ҳам, керак бўлса ўғлимни гапига қараб ҳам ўтирмайман. Ё ўзингиз уни туғруқхонадан олиб чиқинг, ё қизингизга “жавоб” бераман, у сизни шифохонадан олиб чиқади…

Алоқа узилди. Собирахон хўнг-хўнг йиғлади. Шифокорни чақириб уйга жавоб беришини, шифохонада қололмаслигини, муолажаларни уйда давом эттиражагини айтди-ю, яна йиғидан ўзини тия олмади.

Раҳбархон “баттар бўл!” дея йўл бошига чиқиб олди ва машина тўхтатиб, Сирғалидаги туғруқхона томон йўл олди. Айтиладиган гапларини рўйхат қилиб, санчиқли сўзларини миясидан ўтказиб олди. Негаки, келини шу пайтгача гап қайтарган, кўзига тик боққан эмас. “Ёмонсан” деса ўзини ёмон билган, “бефаросат” деса индамай кетаверган. Шунинг учун гапларнинг яна ҳам қаттиғини тахт қилиб олди.

Хона эшиги очилди. Ичкарида фариштадек оппоқ йўргакда қизалоқ пишиллаб ухлар, онаси тузук-қуруқ овқат емагани учун очлик аччиғига чидолмай туғруқхонадан бериладиган бўтқани базўр, иштаҳаси келмай еб турган эди. Эшикни шиддат билан очилиши уни тикка қилиб юборди:

– Сен роҳат олиб овқат еявер, ҳижолат бўлма!

– Ассалому алайкум, ойижон, яхши …

-Саломингни онанг тўлдиролмаган сандиғингга солиб қўй! Мени ойижон деб эритолмайсан.

– Тинчликми, ойижон? Уйдагилар саломатми, адажон…

– Адажон дема, тилинг узулгур. “Адажон”, “ойижон”, “Исмоил укажон” деб ҳаммани авраб олдинг. Ўғлимку, сенинг хизматкорингга айланиб бўлди. Бошига чиқиб, бошлиқлик қилишга ким сенга ҳуқуқ берди?

– Гапларингизни тушунмаяпман… Ирода дабдурустдан бунақа оҳанг, бунақа кесатиқлар сиёқини тушунмай довдиради.

– Иккиюзламачи, сохтакор! Онанг ўтган сафар бешик қилишда кимлигини кўрсатиб қўйди. Энди бу сафар орқасини беркитиш учун ўғлимни ишга солибсанда?!

– Ўғлингизга нима қилдим? – кўзларига ёш олди.

– Иброҳимга синглингни тўйидан анча тортилиб қолдик. Укангни шартнома пулига ёрдамлаш, орттирганинг бўлса, дадангга бер десам… -Раҳбархон юзини ёпиб “йиғлай” бошлади, – мени укамдан, синглимдан бошқа қиладиган ишим йўқми, қизимни туғруқхонадан дабдабали қилиб олиб чиқаман. Қайнонамга чўп ҳам олдирмайман. Хотинимни шу сафар ортиқча гапга қолдирмайман, деяпти. Мен кимман ўзи, ўғил туғиб, гапим малол, ўзим ортиқча бўлдимми?  Кун чиқса-хотингга! Сизни дабдабалик қилиб олиб чиқсину-у, укаси мусофирчиликда шарманда бўлиб юрсинми, ўқишдан хайдалсинми??? Онангиз қиз туғиб, уни аччиға чидолмас экан, бешик қилишни эплолмас экан, нима қиларди қиз туғиб, ундан кўра…

– Бўлди, етади… Ирода “дод” деб юборди. Шовқиндан тинчгина ухлаб ётган қизалоқ безовталаниб, “биғиллай” бошлади.

– Менга қара, ўтган сафар ўғил туғдинг деб, индамадим. Чилла сақласин деб кўп ишларни қизимга қилдирдим. Қўлингни совуқ сувга урдирмадим. Энди бунақаси кетмайди. Онанг бешикни жой-жойига қўяди, айтганимдай қилади. Сен эса, чиққан кунинг бешикни эртасигаёқ ҳамма ишни қўлингга оласан. Соат 5 да ҳаммаёқ супурилган, сувлар сепилаган бўлсин. Нонушта 6 га тахт турсин. Кирни машинада ювишни тушингда кўрасан энди. Ўғлим топганини ташмалаб олдингга тўкадиган кунлар ўтди. Борини ейсан, йўқ бўлса тирсагингни тишлайсан. Қизим келганда етти букилиб, кетгунча хизматида турасан. Болангни ўзим қарайман. Эмизишга бераман, қолган пайт мени тарбиямни олади. Зиқна, бефаросат, калтафаҳм бўлмаслиги керак набирам. Онангникига ҳар икки ойда борасан. Рухсат бермасам, бормай қўяверасан. Агар шартларимга кўнсанг, эшигим очиқ. Ёқмаса, онангни дарвозасини кўрсатиб юбораман. Сирғалига Қўйлиқ унча узоқ эмас!!!

“Меҳрибон буви” ўз мақсадига етди. Бир ўқ билан икки нишонни урди. Айтиладиган гаплар қолиб кетмади. Ўзича енгил торгандай, боплаб зарба бергандай бўлди. нафси ором олди. Бориб бироз дам олишини режалаштириб борар эди. Қўл телефони жиринглади, қизи экан:

– Нози, зўр гаплар бор. Писмиқ кенайинг ҳам, кесак қуда холанг ҳам бугун эшитадигани эшитди. Зўр гаплар бўлди. Сен билан гапимиз бир жойдан чиқди, келсанг, ҳаммасини бир бошдан этиб бераман. Алло, Нозима, нима гап, йиғлаяпсанми, она қизим?

– Ҳа, хавотир олманг, энди кўп ва бемалол гаплашаверамиз. Мен уйдаман, доим ёнингизда бўламан.

– Нималар деяпсан, аҳмоқ қиз?!

– Куёвингиз талоқ берди. Кўнгли менда эмас экан…

– Нима? Қайнонанг индамадими?

– Ўзлари қўшилиб хайдадилар. Машина чақириб юкларимни ҳам йўлакка қўйиб кетишди…

Бир ойлик келиннинг одобсизлиги, уйдан-уйга гап чақиши, оддий рўзғор ишларига уқуви йўқлиги, бунинг устига гап қайтариб, аразлаб юришига, ҳар ҳафта онамникига бораман деб хархаша қилишига чидолмаган “ўзига тўқ қудалар” – келиннинг ҳам, унинг сепидан ҳам, онаси қилган сарполарнинг ҳам баҳридан ўтишди. Қилинган ҳамма нарсани қизга қўшиб қайтариб беришди.

Келинга ёпилажак эшик қиз учун очиқ қолди…

Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Н.Саидакбарова

110600cookie-checkКелинга ёпилган эшик, қизга очилмасин!
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!