Миллатимиз қуёши – ҳазрат Навоий инсон умрини тўрт фаслга бўлиб назмий асарларига тўрт фаслга мос равишда тартиб бергани замирида буюк ҳақиқат борлиги барчага аён. Улар: болалик – баҳор, ёшлик – ёз, ўрта ёш – куз, кексалик – қиш.
Ана шу даврийликни инсон зоти умрининг ҳар йили давомида ҳам яшашига эътибор қилганмисиз? Масалан, ҳозир куз фасли. Келинг, шу фаслнинг кириб келишини хотирлаб кўрамиз: офтобнинг чароғон нурлари камаяди ва куйдирувчи тафти секин-аста сўниклашади… Кўп ойлар кўк юзида кўринмаган булутлар суруви қайдандир пайдо бўлиб, баъзида бир неча кунлаб қуёш юзини тўсиб қўяди. Айнан шу кезларда кўплаб инсонлар кайфияти маҳзунлашади. Ҳатто, табиатан қувноқ, шалдир-шулдир одамларнинг ҳам аллақандай мунгли туйғулар оғушида, ўйчан бўлиб қолгани кўзга ташланади. Қизиғи, ўша туйғунинг нима эканини уларнинг ўзлари ҳам тушунтириб бера олмайди. Аслида уларнинг бирор дарди ва жони сиқиладиган иши йўқ. Фақат вақт оқиб бораётир; инсонни қонини гупиртирган, жойида тек тура олмайдиган даражада ғайрат-шижоат, завқу шавқ ато этган фасллар ортда қолаётир…
Демак, бу ўйчанликнинг асл сабаби назмга, насрга, кўй-қўшиқларга мавзу бўлган, буюк шоирларимиздан бирининг таъбири билан айтганда, донишманд куз – хазон (ҳазин) фаслидир. Табиатдаги яшиллик қандай сўлишни, сарғайишни бошласа, инсон ҳам бир куни айни шундай сўлиб, сарғаяди. Ҳозир биз яшаётган куз фасли эса ана ўша томонга қараб ташланаётган қадамлардандир.
Унинг ортидан қилич қайраб келаётган қиш фасли эса гумонасини ичида тарбия қилган, каттартирган она раҳмига ҳамда инсон қайта тириладиган кун қийматга қадар ичида қоладиган қабр ҳаётига ўхшайди.
Ва ниҳоят баҳор! Туғилишнинг бошланиши… тупроқни ёриб чиққан чечаклар ер юзига жилмайиб, атрофга масрур боқадиган, шоду хуррамлик улашадиган, муаттар ҳидлар таратадиган беғубор фасл. Раббимизнинг қудратини тафаккур этмоқ учун энг ажойиб вақтлардан бири. Шип-шийдам, ўлик тупроқ қандай қилиб бирданига тирилади. Инсоннинг ҳам туғилиши бўлган баҳор, навқирон кучга тўлган ёзи, ҳаётининг сўнгги дамлари бўлган кузи, ниҳоят бу дунё ҳаётининг охири – охиратнинг остонас и бўлган қиши бор.
Бинобарин, ҳар баҳорда ер юзининг тирилиши қиёматда инсонларнинг қайта тирилишига ўхшаши бир неча оятларда ифода этилган. Хусусан:
“Яна унинг оятларидан, ерни қақраган ҳолда кўришингдир. Бас, Биз унинг устидан сув туширсак, у қимирлар ва ўсар. Уни тирилтирган Зот, албатта, ўликларни ҳам тирилтиргувчидир. Албатта, У зот ҳар нарсага қодирдир”, деб марҳамат қилинади (Фуссилат сурасининг 34-ояти).
Инсон ҳаёт кечирар экан, ҳар йили ана шу оятнинг тасдиғини ўз тимсолида кўради. Кимдир фасллар алмашувини одатий табиат ҳодисаси деб ҳисоблайди. Аммо ҳар бир ишга ҳикмат назари билан боқувчи мўминнинг яшнаган уруғни кўрганда иймони ортади. Она раҳмига тушган уруғ қандай қилиб гўзал бир чақалоқ ўлароқ бу дунёга кўзларини очса, айни шаклда бу дунёдаги ҳаётини яшаган борлиқ янги бир бошланғич учун тупроқ бағрига кўмилади.
Мевалари ғуж-ғуж бўлган дарахтларнинг мевалари тугаб, барглари сўлмоқни, сарғаймоқни бошлайди. Хушбўй ҳидли гулларнинг япроқлари тўкилади, тириклиги битади. Бу ҳол инсонни ҳазинликка ундайди. Шу туйғу уни қоплаб олади. Ўзини кучсиз ва ҳорғин ҳис қилади. кўк юзидан томган ҳар ёмғир томчиси кўзидан оққан ёшга ўхшайди. Осмоннинг ойдинлиги ўз ўрнини қора булутларга бўшатганда қалбининг завқи ҳам ўрнини сассизликка бўшатади.
Бошқа тарафдан, ёзнинг узун кунларида тиним билмай ишлаган инсон учун энди ўтириб дам олмоқ замони…
Қисқарган кунлар, узайишни бошлаган кечалар, инсон учун бир роҳатланиш, ҳордиқ чиқариш даври экан, кишининг жони нега сиқилсин… Аллоҳни севган, унга етишмоқ талабида бўлганлар узайган кечалардан янада унумли фойдаланади.
Зотан, бу дунё ҳаёти бир меҳмонлик эмасми? Меҳмонликнинг эса вақти унчалик узоқ бўлмайди. Йўлга чиқмоқ учун тайёргарлик кўриш керак. Сафар анжомларини кўздан кечириб камчиликларни тўлдириб қўйиш зарур…
Хазон фасли кишилар онгига, менимча, ана шу туйғуларни жойлайди.
Дамин ЖУМАҚУЛ muslim.uz