islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

МУСУЛМОН ДАВЛАТЛАРИДА ФАТВОЛАРНИНГ ТАРТИБГА СОЛУВЧИ РОЛИ

Янги турмуш шароитларида юзага келадиган баъзи масалаларга ислом ҳуқуқшунослигида ҳар доим ҳам аниқ жавоб топилавермайди. Бироқ бу шариат нормалари эскирган деган хулосани билдирмайди. Олимларнинг таъкид­лашича, шариатда барча саволларга жавоб бор, фақат уларни тўғри танлаб олиш лозим. Бунинг учун ҳам диний, ҳам дунёвий билимга эга бўлиш талаб этилади.

Бугунги кунда аксарият мусулмон давлатларида ҳукумат арбоблари ва дин пешволари ўртасида ҳамкорликнинг янги шакллари йўлга қўйилган ва бу тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Мaсалан, 2017 йилнинг августида Мисрда биткоинлар савдоси учун илк майдонча очилган эди, бироқ яширин валютанинг кескин кучайиши ҳамда молиявий бўшлиқ вужудга келишидан хавотир туфайли Миср ҳукумати ушбу савдони ноқонуний деб эълон қилди. Шундай бўлса ҳам аксарият мисрликлар унинг рекламасига учиб, ўз маблағларини яширин валютага сарфлашда давом этдилар.

Мамлакат ҳукумати бу масалани ижобий ҳал қилиш ҳамда тартибга солиш учун ислом дини арбобларини жалб қилди. Бош муфтий шайх Шавқий Аллам яширин валюта савдосини тақиқловчи фатво чиқарди. Унга кўра, биткоин “исломда тақиқланган” ва “фирибгарлик, ёлғон ва нодонлик” билан ёнма-ён туради, дейилди. Муфтийнинг айтишича, “биткоинлар шариатда ман қилинган бўлиб, улар айрим шахсларга, шахслар гуруҳларига ёки муассасаларга зарар етказади”. Бундан ташқари, терроризмни молия­лаштириш воситаси сифатида яширин валютадан фойдаланиш хавфи кучайганлиги ҳақида маълум қилди.

Ушбу мисол ҳукумат ва диний уламоларнинг ўзаро ҳамкорлик механизмини кўрсатади. Демак, ислом динида фатволар маълум масалаларни тартибга солиш, мусулмон жамоатчилиги онгига «тўғри етказишда» муҳим ўрин тутади.

Фатво шариатнинг бирон-бир йўл-йўриғини тушунтириш ва амалда қўллаш учун қилинган исломий-ҳуқуқий хулосадир.

Фатволар юридик аҳамияти нуқтаи назаридан қуйидагиларга бўлинади:

– юридик аҳамиятга молик фатволар – қоида тариқасида, қонунчиликнинг барча соҳаси ислом шариатига асосланган давлатларда (мисол учун, Саудия Арабистони, Эрон, Афғонис­тонда) қўлланилади;

– тавсиянома хусусиятига эга ва юридик кучи чекланган фатволар – фатволарнинг бундай шакли шариат айрим соҳаларни (мисол учун, оила ҳуқуқини) тартибга соладиган давлатларда жорий қилинган, қонунчиликнинг бошқа қолган соҳалари дунёвий қонунчиликка асосланган (Миср, Ливан, Сурия, Африканинг баъзи давлатлари);

– тавсиянома хусусиятидаги ва юридик кучга эга бўлмаган фатволар – дин давлатдан ажратиб қўйилган, аҳолиси мусулмон бўлган кўпгина мамлакатларда тарқалган (Сурия, Ливан, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари).

Сўнгги ҳолатда фатволар ўз-ўзидан мусулмон ҳуқуқининг бевосита манбаи ҳисобланмайди, бироқ улар нуфузли диний арбобларнинг мусулмон ҳуқуқи шарҳининг маҳсули бўлиб қолаверади. Замонавий мусулмон давлатларининг аксариятида бир пайтнинг ўзида иккита ҳуқуқий тизим фаолият юритади ва ўзаро ҳамкорлик қилади (шариат ва маҳаллий/дунёвий анъаналар). Бунда муфтийнинг қарори фақат мусулмон ҳуқуқи принципларигагина эмас, балки маҳаллий анъанавий ҳуқуқ принципларига ҳам асосланади. Фатволар бир томондан муайян юридик қарорларни қайд қилишни ўзида акс эттиради, бошқа томондан эса айрим ҳолларда одатий ҳуқуққа мувофиқ масалани ўзига хос услубда ҳал этишни тавсия қилади. Ҳолбуки, аҳолининг диний даражасига қараб фатволар ҳаракат учун қўлланма сифатида қабул қилинади.

Араб тили нуқтаи назаридан “фатво” сўзи “тушунтириш, изоҳ, шарҳ” маъноларини анг­латади. Диний соҳада эса бу атама “у ёки бу масалага доир шариат асосида қабул қилинган ҳуқуқий қарор ёки тавсиялар” маъносини билдиради.

Image result for fatwa

Қуръонда баён этилишича:

وَمَا أَرْسَلْنَا مِنْ قَبْلِكَ إِلَّا رِجَالًا نُوحِي إِلَيْهِمْ فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

“Сендан олдин ҳам фақат эр кишиларни юбориб, уларга ваҳий қилганмиз. Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар” (“Ан-Нахл” сураси, 43-оят)

Фатво мусулмон ҳуқуқшуносининг шахсий хулосаси бўлиши ёки шариат ва фиқҳ ёхуд алоҳида (махсус) орган билимдонлар гуруҳининг биргаликдаги фикрини ифодалаши мумкин.

Юзага келган саволларга жавоб сифатида илк фатволар билан Муҳаммад пайғамбарнинг чорёрларига мурожаат қилинган. Улар одамларга диннинг у ёки бу қоидаларини тушунтириб беришган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларини вакил сифатида турли минтақаларга жўнатган, улар ҳар бир кичик масала юзасидан у билан маслаҳатлаша олмаганлар. Натижада бундай вазият олим-тадқиқотчиларнинг яхлит гуруҳи (мужтаҳидлар) вужудга келишига сабаб бўлди.

Фатво институтининг янада тараққий этиши унинг тобора кенг оммалашувига олиб келди. Мусулмонлар жуда кўп саволларга дуч келдилар, уларга ҳуқуқий манбалардан аниқ жавоб топишнинг имкони бўлмаган. Қуръон ва Сунна диний таълимотнинг асосий, муҳим принципларини ўз ичига олган, уламолар уларга таянган ҳолда “таққослаб кўрадилар” ва “энг яхшисини танлаб оладилар”.

Бугунги ахборот-коммуникация технологиялари тараққий этаётган бир пайтда нотўғри ақидалардан иборат фатволарни тарқатиш ҳоллари кўпайиб бормоқда.

Мазкурҳолатларнинг жамиятга, одамлар ҳаётига салбий таъсирини аксарият уламолар ва сиёсатчилар ҳам эътироф этмоқдалар ҳамда масалаларни ўз вақтида тартибга солиш учун ислом ҳуқуқшунослиги нормаларини таҳлил қилиш ва изчил илмий тадқиқот ишлари олиб бориш зарурлигини таъкидламоқдалар.

Ислом тарихида фатво институти тарқоқ ва алоҳида шакл касб этган бўлса, бугунги даврга келиб, ҳукумат ва дин ўртасида ишлаб чиқилган ўзаро ҳамкорлик механизмлари самараси сифатида ихтисослашган марказ, кенгаш ҳамда уюшмалар ишлаб турибди. Энг муҳими ушбу муассасалар ислом нормаларини тадқиқ қилиш ва фатво бериш ваколатига эгадирлар.

Чунончи, аксарият мусулмон давлатларида расмий фатво чиқариш ҳуқуқига эга махсус органлар ташкил этилган. Фатволар барқарорликни таъминлашда, низоларнинг олдини олишда тартибга солиб турувчи нормадир.

Саудия Арабистони Қироллигида Уламолар олий кенгаши аъзолари фатво чиқариш ваколатига эга. Қиролликда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳукумат ва диний арбоблар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини бермоқда. Уламолар олий кенгаши асосан профилактика, огоҳлантириш ва тарбиявий вазифаларни бажаради.

2011 йилда Кенгаш фатво чиқарган, унда қатъий белгилаб қўйилишича, “норозилик намойиши маънавий дивиант ҳисобланади ва партизанлар билан алоқага эга. Миллатларнинг тарқоқлигига ва бўлинишига олиб келувчи намойишлар шариатда тақиқланади. Ислоҳотлар Парвардигори олам васиятларига риоя қилмай, қўрқитиш орқали имзо йиғиш ёки низо келтириб чиқарадиган арзу ҳоллар йўли билан эмас, балки тақдим этилган таклифлар ва тавсияларга асосланади”.

Қуръони каримнинг 4-сураси “Ан-Нисо”нинг 83-ояти бу фатвога асос қилиб олинган бўлиб, унда шундай дейилган:

وَإِذَا جَاءَهُمْ أَمْرٌ مِنَ الْأَمْنِ أَوِ الْخَوْفِ أَذَاعُوا بِهِ وَلَوْ رَدُّوهُ إِلَى الرَّسُولِ وَإِلَى أُولِي الْأَمْرِ مِنْهُمْ لَعَلِمَهُ الَّذِينَ يَسْتَنْبِطُونَهُ مِنْهُمْ وَلَوْلَا فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَتُهُ لَاتَّبَعْتُمُ الشَّيْطَانَ إِلَّا قَلِيلًا

“Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш – хабар етса, уни таратурлар. Агар уни Расулга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда, озгинангиздан бошқангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз».

Фатво институти Саудия Арабистони билан бир қаторда Мисрнинг ички ва ташқи сиёсатида тартибга солувчи муҳим орган ҳисобланади.

Image result for egypt islam

Мисрда “Араб баҳори” даврида чиқарилган фатво ва “Мусулмон биродарлар” диний-сиёсий ташкилотининг ҳокимият тепасига келиши тартибсизликларга сабаб бўлди, баъзи диний уламолар ҳамда дин тарғиботчилари ўзини ўлимга маҳкум қилиш ва экстремистик ғояларга ишонмаган ёки уларнинг ақидаларига риоя қилмаган мусулмонларни қатл этиш сингари ҳаракатларни қонунлаштирдилар.

2013 йилда Президент Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан четлатилгандан сўнг, мамлакатнинг янги раҳбарияти экстремизм ва терроризмга қарши кураш ишларини кучайтирди. Президент Абдул Фаттоҳ ал-Сиси ҳукумати диний экстремизмга икки томонлама ёндашувни қўллади. Биринчидан, террорчилар тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида ҳарбий операция­ларни амалга ошириш билан боғлиқ. Иккинчидан, Миср диний муассасалари – Ал-Азхар университети ва “Дар ул-Ифта” томонидан ишлаб чиқилган стратегия билан тартибга солинадиган аҳолини дерадикализация қилиш сиёсатидир.

Қисқа давр ичида мамлакатда фатво институти такомиллаштирилди ва замонавий шароитларга мослаштирилди. Миср “Дар ул-Ифта”си экстремизмга қарши курашда фойдаланиладиган воситаларни кенгайтирди. Фатволар бўйича онлайн хизматлар йўлга қўйилди.

2017 йил июль ойида барча матбуот дўконлари, жумладан метро станцияларида фатволар тақдим этишга мўлжалланган мониторлар ўрнатилди. Бу электрон мониторлар экстремистик ғояларнинг олдини олишга ва томошабинларга тарбиявий таъсир кўрсатишга қаратилган анимацион видеороликларни намойиш этиб туради. Ундаги лавҳаларда одамларнинг ҳаётига суиқасд қилиш оғир гуноҳ эканлиги баён қилинади. Қуръон ва Суннадан далил келтирилган ҳолда одамлар ҳаётга, мол-мулкка ва ор-номусга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишлари зарурлиги тарғиб этилади.

Миср уламолари аҳоли билан алоқа боғлашнинг бундай янги шакли экстремис­тик гуруҳларнинг жиҳодга ва халифаликни тиклашга даъват этувчи фатволарига қарши курашиш имконини беради, деб ҳисоблайдилар.

Image result for blue whale game

Миср фатво институти экстремизмга қарши кураш билан бир қаторда Интернет тармоғи билан боғлиқ “ижтимоий тармоқларда лайк босиш ножоиздир, чунки у фойдаланувчини тўғри йўлдан адаштиради” деган мазмундаги фатволар чиқармоқда. Унда Пайғамбаримизнинг қуйидаги сўзлари бунинг тасдиғи сифатида келтирилади: “Бизни алдаганлар, биздан эмас” ёки Интернетда тарқалган ўз жонига суиқасд қилишгача олиб борувчи “Кўк кит” ўйинида иштирок этишни тақиқловчи фатво шулар жумласидандир.

Қайд этиш зарурки, фатволар замонавий мусулмон давлатларининг ички сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва ташқи сиёсий фаолиятида муҳим восита ҳисобланади.

Демак, мусулмон давлатларида фатволарни ишлаб чиқиш механизмлари, уларни тарқатиш усуллари ва географияси, шунингдек, одамлар онгига таъсир кўрсатиш даражасини янада чуқур тадқиқ ва таҳлил қилиш зарур.

Баҳромжон Мамадиев, Ўзбекистон халқаро ислом академияси халқаро ҳамкорлик бўйича проректори

Манба: iiau.uz

116790cookie-checkМУСУЛМОН ДАВЛАТЛАРИДА ФАТВОЛАРНИНГ ТАРТИБГА СОЛУВЧИ РОЛИ
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!