Маълумки, киши “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун расулуллоҳ” (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир) дейиш билан мусулмонга айланади. Муҳаммад алайҳиссаломни “Аллоҳнинг элчиси” деб эътироф этишнинг ўзи у зотнинг буйруқларига бўйсунишни, берган хабарларини тасдиқлашни, Аллоҳга у зот алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига кўра ибодат қилишни тақозо қилади. Шу маънода у зотни яхши кўриб улуғлаш, ибодат ҳисобланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақиқий таниш орқали у зотга нисбатан қалбда муҳаббат юзага келади. Шу муҳаббат туфайли киши у зотни ҳамма инсонлардан кўра кўпроқ яхши кўрадиган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яқиндан таниган зотлар, яъни саҳобалар у зотни улуғлаб яхши кўришда ҳам бошқаларга намуна бўлганлар. “Шарҳу шифо” асарида қуйидаги ривоят келтирилган: “Али розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳга бўлган муҳаббатларингиз қандоқ эди, деб сўраганларида у зот: “Аллоҳга қасамки, у зот бизга молларимиздан ҳам, болаларимиздан ҳам, оталаримиздан ҳам, оналаримиздан ҳам, чанқоқ кишига салқин сувдан ҳам маҳбуброқ эдилар”, дея жавоб берган”.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим