Рамазон нур ва гўзаллик ойи.
Рамазон яхшилик ва поклик ойи.
Рамазон гўзал хотиралар ойи.
Рамазон Қуръон нозил бўлган ой.
Унда минг ойданда яхши Қадр кечаси бор.
Бадр жангининг ғалабаси ҳам Рамазон ойида бўлган.
Унинг охирида чексиз шодлик улашувчи кун – Ийдул фитр бор.
Рамазон қалбларни нурга тўлдирар.
У овқатдан тийилиш ва ҳаромдан сақланиш ойидир.
Агар ҳаёт яшаш учун курашдан иборат бўлса, бу ой тирикликнинг сирини англаш ойидир.
Агар бутун умр жисм учун бўлса, бу ой руҳ учундир.
Бутун дунё бир-бирини қириш ва адоватдан иборат бўлса, бу ой дўстлик ва муҳаббат ойидир.
***
Мен уни болалик чоғим бир кўришда севиб қолганман. Дамашқнинг ҳамма жойида унинг ўта баракали изи ва таассуротларини кўриб, унинг буюклигига қойил қолгандим. Шундан кейин уни ҳеч кўрмай қўйдим. Билсам, йўқотиб қўйган эканман.
Ўша Рамазон Дамашққа қайтиб келмай қўйди. Янги Рамазон эса, мен биринчи бор бундан қирқ йил илгари кўрган Рамазоннинг номини кўтариб юрибди холос, лекин у мен билган Рамазон эмас.
***
Ўша Рамазон Дамашқнинг ҳамма томонини қамраб олар эди. Қаерга борманг, уни кўрар эдингиз: намозхон ва Қуръон ўқувчилар билан тўлиб тошган масжидларда, мударрисларнинг столлари атрофида ҳалқа бўлиб ўтирган одамлар орасида ва бозорларда… Бирорта очиқ авратни, бирор номаъқул ишни ва бирорта очиқ ошхонани тополмайсиз. Бирорта сигарет чеккан ёки ароқ ичган одамга кўзингиз тушмас эди. Хоҳлаган буюмингизни қўрқмасдан, текшириб ўтирмай, бемалол сотиб олаверар эдингиз. Чунки энг ноинсоф савдогар ҳам Рамазонда алдамас эди. Аёл киши қанча хато иш қилиб қўйса ҳам эридан ёмон сўз эшитмаслигига ишонганидан уйида хотиржам ишлар, чунки рўзадор мусулмон эркакнинг оғзидан Рамазонда бир оғиз ҳам ёмон сўз чиқмас ва ҳеч кимни сўкмас эди. Мусулмон эркак киши ҳам хотинидан бирор ёқимсиз ҳолатни кўрмаслигига ишонганидан қалби уйига ошиқарди. Чунки рўзадор муслима аёл Рамазонда эрига ҳаргиз озор бермас эди. Дарвозангизни ланг очиқ қолдирсангиз ҳам, ўғри кирмас эди. Чунки ўғрилар ҳам Рамазонда иш ташлаш қилиб, ўғирликдан тавба қилар эдилар…
***
Аммо мана бу янги Рамазонни эса, на ана у янги кўчалар ва на мана бу янги маҳаллалар танийди. Таниш у ёқда турсин, ҳалигача қандай қилиб таниш йўлини ҳам билмайди. Эски Дамашқ ҳозирда буларга бир оғиз сўзини ҳам ўтказа олмайди: масжидлар уйқучи-ю отамлашувчилар ва илмсиз мударрислар билан тўла. Бозор ошхоналари очиқ ва кўза хўрандалар билан лиммо-лим. Рамазон ойида – яна билмадим – очликданми, сигарет хумориданми рўзадорларнинг хулқлари ҳам бузилиб кетмоқда. Рамазонда шайтонлар занжирбанд қилиняпти-ку, лекин фосиқлар Рамазондан олдин қилиб юрган ишларини уялмай, юзсизларча қилишяпти…
***
Авваллари диндан энг узоқ одамлар ҳам Рамазон дарагини эшитишлари билан Аллоҳга тақво қилишга ўтар, эски кийимини ечиб ташлаб, янгисини кийиб олгандек, тубан ва разил қалбини суғуриб чиқариб ташлар ва олийҳиммат, покдил, ибодатли одамга айланарди. Доим уруш-жанжал ва тўполон ҳукмрон бўлган уйлар Рамазон келди дегунча, тинчлик ва хотиржамлик уйига айланарди. Бутун шаҳар гўё бир оила ёки ҳамма бир вақтда овқатланадиган ва бир вақтда ётиб, бир вақтда турадиган мактаб-интернатга айланиб қоларди. Шом вақти яқинлашган сари одамларнинг бирови бир товоқ мудаммас (қайнатилган ловия, биздаги қайнатилган нўхот каби), яна бири нон кўтарганича уйи томон шошилаётганига кўзинг тушади. Дастурхонлар тузалган. Ҳатто энг камбағал одамнинг уйида ҳам Рамазонда гўзал бир иштаҳатортар ифторлик дастурхони ёзилади. Чунки, Рамазонда ҳар бир рўзадор қўни-қўшниси ва атрофидагиларнинг ҳолидан хабар олади. Ўзи турли ширин овқатларни еб, қўшниси қуруқ нон билан пишлоқ чайнаб ўтиришига йўл қўймайди. Оила аъзоларининг барчалари дастурхон атрофига тизилиб ўтирадилар. Уларни фақат биргина ҳис бу ерга жамлайди. Ана ўша бо-ю камбағални ҳам, бошлиғ-у ходимни ҳам жамлайдиган ягона ҳис – у очликдир. Энг бадавлат одам ҳам шомдан бироз олдин бир қошиқ шўрва ёки бир қултум бўлса-да, ичимлик ичгиси келади. Болалари балкон ва айвонлар ёки йўлларнинг четларига туриб оладилар. Масжид минорасининг чироғи ёнганини кўришлари билан ёки ифтор бўлди деган сигнални эшитишлари билан жарангдор овозлар ила басталанган қўшиқ: “Азон айтди, азон айтди, азон айтди”ни баралла айтадилар ва ҳаммалари кеч кираётганини кўрган чумчуқлар инлари томон учганидек, уйлари томон чопадилар. Йўллар бўшаб, овозлар тиниб қолади. Бироздан сўнг ҳар ердан: кулба-ю қасрдан бирдек: “Алҳамду лиллаҳ” деган сўз янграйди. Ҳамма тўйган, ҳамма мамнун, ҳамма бирдек шукр қилмоқда: бир неча хил овқат еган ҳам, нон билан фул (қайнатилган ловия) еган ҳам… Алҳамду лиллоҳ…
***
Сўнг кишилар таровеҳ намозини ўқишга масжид сари йўл оладилак ёки хонадон аҳллари, фарзандлари билан ўқийдилар. Бозорлар ёп-ёруғ, агар ёз пайти бўлса, салқин ичимлик сотувчиларга Худо беради, бозорлари чаққон, атрофида болалар гавжум, қўли қўлига тегмай савдо қилади…
Таровеҳ намозидан бироз ўтгач, чироқлар ўчар, одамлар уйига дам олишга қайтар эдилар. Саҳарликка уйғотувчи ҳам саҳар вақтига яқин вақтда келар эди. Бугунчи, бугун ярим кечаси келиб, уйқунгни бузиб, асаб касал қилади. Шунга қарамай сен уйингдан чиқиб унга ҳақ беришга ҳам мажбурсан. Аввал Рамазонда мана бу бир лаҳза ҳам тинмайдиган эшиттиришлар йўқ эди. Хонадонларда эса мана бу бошга битган бало бўлмиш радио ва магнитафонлар ҳам йўқ эди. Ҳозир ҳар қандай нодон аёл ёки ўйинқароқ бола магнитофонини данғиллатиб қўйиб олиб, юзлаб қўшни хонадонларни тинчини бузмоқда. Бу иш ундан кўп нарса талаб қилмайди. Ухлаб ётган жойидами бироз қўлини чўзиб, унинг қулоғини бураб қўйса кифоя. Ён атрофда яшайдиган ҳамма асаб касал бўлади ва охири ана у бечора покиза Рамазон ҳам бу ердан қочиб кетади. Ахир бу Рамазон нотинч, сукунатсиз жойда яшай олмайдиган бўлса, бу каби даҳшатли шовқинда қандай яшасин? Ахир ҳамма магнитофони бор одамнинг уйидан тун бўйи мусиқа товуши тинмаса, бир ўзи эшитгани етмай, қирқлаб қўшнисига тинчлик бермаса, саҳарликка уйғотувчи ярим тун соат бирда келиб олса, бечора рўзадор қандай қилиб бемалол ибодат қилсин? Қачон ухлаб, қандай саҳарликка турсин?…
***
Трамвайга чиқиб, қаршисида тамакисини тутатиб олиб, унинг юзига пуфлаётган одамни кўрган киши Рамазон келганини қаердан билсин? Ошхоналарни ланг очиқ, кўза хўрандалар билан тўла эканини кўрган одам Рамазон келганини қаердан билсин? Одамлар ейиш-ичишдан рўза тутганлари билан кўпчилиги ёлғон гапириш, бировни алдаш, ғийбат, Аллоҳдан ўзганинг номи билан қасам ичиш (нон урсин каби), ёлғон қасам ичиш каби ишлардан рўза тутмай, бемалол юришганини кўрган одам рўза кирганини қаердан билсин?
Жуда камчилик ғазаб, зўравонлик, бировга озор беришдан рўза тутади холос. Рўза фақат очлик ва ташналик дегани эмас, балки, рўза – ахлоқий малака ҳосил қилиш ҳам деганидир. Аллоҳ таоло фаришталарни ҳам, шайтонни ҳам, ваҳший йиртқичларни ҳам яратган. Фариштанинг бор вужуди яхшиликдан иборат. Шайтоннинг турган битгани ёмонликдир. Йиртқичнинг табиати зўравонлик, қопоғонликдан иборат. У шусиз туролмайди. Инсонни эса мазкур уч тоифадан яратган. Инсонда фаришта ҳам, шайтон ҳам, йирқич ҳам мужассам. Иймон, меҳр-шафқат, тоат, олийжаноблик унинг фариштаси бўлса, ҳайвоний шаҳват, ёлғон, ҳийлакорлик, бузғунчилик унинг шайтони бўлади. Қаҳр, ғазаб, зўравонлик эса унинг йиртқичлиги ҳисобланади. Ана энди “Рўза” дегани – Рамазон ойида қалбни фаришталикка бўшатиб бериш мақсадида шайтонлик ва йирқичликдан рўза тутиш (тийилиш)дир. Агар рўзадорда фаришталарга хос хулқу одоблар кўзга ташланмаса, йиртқич каби ғазабланиб, қопаверса, шайтондек бузғунчилик қилиб, ҳайвоний шаҳватга берилаверса, демак у ҳали рўзанинг моҳиятини англаб етмабди.
***
Дамашққа қирқ йил илгари келган Рамазон ҳақиқий Рамазон эди. У ўлиб қолиб, ўрнига бошқаси келяптими ёки қариб қолиб, Дамашқнинг ҳамма ерини айланишга кучи етмай қолдими, билмайман. Энди у фақат тақвимларда қолди, холосмикин? Ким билсин ёки ўзим ўзгариб кетдиммикин? Қирқ йил бурун бегуноҳ гўдакнинг кўзи билан қараганимда кўрардим-у, ёшим ўтиб, гуноҳларим кўпайиб, кўролмайдиган бўлиб қолдиммикин?
***
Авваллари Дамашқ аҳолиси худди гўдак сингари покиза қалбли эди. Европача маданиятнинг сохта бўёқлари уларнинг соф табиатларини ҳали булғамаган, ҳаё пардаларини йиртиб улгурмаган эди. Аёл фақат эри ва боласиники, эр ҳам хотини ва боласиники эди. Шу пайтлар ҳамма Рамазонни ҳар жойда кўрар эдилар: осмонда ойини, қалбларда нурини, хонадон, бозор, мадраса ва масжидларда Рамазоннинг таъсири, файзу футуҳига гувоҳ бўлишар эди. Рамазон келишидан олдин (яъни ўн бир ой) умр карвони уларни ортиб, худди қуп-қуруқ саҳрода кетаётгандай, Рамазон келгач эса, бамисоли хушбўй гуллар ифори уфуриб турган воҳалар узра олиб кетаётгандай бўлар эди. Шунинг учун уни ёқтирар, у келса, қалблари роҳатланар эди…
***
Қани ўша Рамазон, қани? Менга кўрсатинглар уни! Кўрсатинглар, бир маза қилиб, ўтмишимни ёдга олай. У Рамазонда ҳамма гуноҳкорлар тавба қилар, алоқаси бузилганлар тузатар, камбағалларнинг ҳолидан доимгидан кўпроқ хабар олинар, ҳамманинг қалбида илоҳий нурлар порлар, ҳамма ҳаётдан мамнун, хотаржамлик ва муҳаббат ҳукм сурар эди. Одамлар Аллоҳ таоло бутун борлиққа раҳмат ва мағфират назари билан қараб: “Сўрайдиган борми, сўраганини бераман? Гуноҳининг кечирилишини сўраган борми, кечираман?”, деб нидо қиладиган бир вақтда туришиб, чин қалбларидан: “Эй, раҳмлилар Раҳмлиси”, дея муножот қилиб, эҳтиёжларини сўрар, гуноҳларига истиғфор айтишар ва шу заҳотиёқ бу муборак вақт файзидан руҳлари билан осмоннинг бутун ер юзи ва ундаги нарсаларни фазода учиб юрган бир заррадек жойига кўтарилишар ва дунёнинг ҳамма нарсалари: тамалари, кек-адоват, гина-кудуратлари ва қопқон-у қармоқларигача қалб ила ҳис этардилар.
Дунёдаги энг буюк лаззат – Аллоҳ таоло билан боғланиш, тун сукунати ва саҳар оғушида У зот билан роз айтишиш лаззатини тотиш бахтига муяссар бўлар эдилар. Қалбларда иймон нурлари порлар, кўнгиллар ҳаёдан розилик, муҳаббат ва хотиржамлик ҳисси тўлиб тошар эди. Қалб самода икки қаноти ила парвоз қилаётган қушга ўхшайди. Лекин биз уни моддийлик кишанлари билан боғлаганмиз-да кейин уни тама ва турли хоҳиш-истаклар гирдобига чўктириб юборганмиз. Ўзингиз ўйланг, қаноти боғлоқ ёки лойга ботиб ётган бургут қандай парвоз қилиши мумкин?!
Ана, Рамазон қаршингизда! Уни кўриш учун қалбингиз кишанларини ечинг-да, уни ботқоқ доғларидан тозалаб ювиб ташланг ва у бечорани ҳам бироз ўз ҳолига қўйинг! У ҳам бир самога парвоз қилиб, борлиққа боқиб, Рамазоннинг жамолидан баҳраманд бўлсин!…
Ҳа азизлар, ҳамма гап ўзимизда, қалбимизда. Рамазон ўша-ўша, ўз вақтида келиб, вақтида кетяпти. Бироқ бизнинг қалбимизда дунё ташвишларидан бошқа нарсага жой қолмаган. Шунинг учун биз Рамазонни келиб-кетаётганидан бехабар қолмоқдамиз…
Шайх Али Тантовийнинг “Сувар ва Хавотир” китобидаги “Рамазон” мақоласи.
Таржимон: Баҳодир Баҳромжон ўғли