islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИ ЯХШИ КЎРИШНИНГ АҲАМИЯТИ (олтинчи мақола)

6. У зотни ҳимоя қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш у зотга бўлган муҳаббатнинг энг улкан аломатларидан ҳисобланади. Тарих китобларида саҳобаларнинг у зотни душман ўқларидан таналари билан тўсганлари баён қилинган. У зот вафотларидан кейин эса душманларнинг бўҳтонларидан у зотнинг пок сийратларини ҳимоя қилиш ҳар бир мусулмонга лозим бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш тушунчаси бир қанча ишларни тақозо қилади:

– Расулуллоҳни ҳимоя қилиш у зотнинг саҳобаларини ҳам ҳимоя қилишни тақозо қилади. Шунинг учун саҳобаларни пайғамбарлардан кейинги инсонларнинг энг афзаллари, деб эътиқод қилиб, уларни фақат яхши сифатлар билан ёдга олиш лозим.

– Расулуллоҳни ҳимоя қилиш у зотнинг аёлларини ҳам ҳимоя қилишни тақозо қилади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламниннг аёлларини Аллоҳ таоло охири замон пайғамбарига жуфт бўлишини ихтиёр қилган энг афзал аёллар, деб эътиқод қилиш ва улар ҳақидаги турли бўҳтонларни рад қилиш лозим.

7. У зотнинг суннатларини ҳимоя қилиш.

Расулуллоҳнинг суннатларини ҳимоя қилиш, деганда уларни ёдлаш ҳамда бузғунчи ва жоҳилларнинг нотўғри талқин қилишларига қарши курашиш тушунилади.

8. У зотнинг суннатларини ёйиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини инсонларга таълим бериб, уларнинг ёйилишига хизмат қилиш, у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зотнинг ўзлари суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳақларига дуо қилганлар:

عَن ابْنِ مَسْعُودٍ قَالَ : سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيهِ وَ سَلَّمَ يَقُولُ: « نَضَّرَ اللهُ امْرَأً سَمِعَ مِنَّا شَيْئاً، فَبَلَّغَهُ كَمَا سَمِعَهُ ، فَرُبَّ مُبَلَّغٍ أوْعَى مِنْ سَامِعٍ ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Биздан бир нарсани эшитиб, эшитганидек етказган кишини Аллоҳ неъматлантирсин. Эҳтимол хабар етказилган киши эшитувчидан кўра фаҳмловчироқдир”, деяётганларини эшитганман”. Термизий ривоят қилган.

Хулоса қилиб айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва суннатларини муҳаббат билан ўрганиш асосий мақсадга элтувчи восита ҳисобланади. Асосий мақсад эса ўрганган суннатларни ҳаётга татбиқ этиш ва одатга айлантириб олишдир.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

130500cookie-checkМУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИ ЯХШИ КЎРИШНИНГ АҲАМИЯТИ (олтинчи мақола)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: